Халқаро футбол мукофотлари

0
525
марта кўрилган.

Олтин тўп (France Football)

Йиллик футбол мукофоти. Европанинг энг яхши йил ўйинчисига бериладиган мукофот сифатида ҳам машҳур. 1956 йили “France Football” газетаси муҳаррири Габриэл Ано таъсис этган. У ҳамкасбларидан Европанинг жорий йилдаги энг яхши футболчисига овоз беришларини сўраган. Шундай қилиб, илк совриндор “Блэкпула” жамоаси аъзоси Стэнли Мэтюз бўлган.

Бошида журналистлар фақат Европа жамоаларида фаолият юритадиган европалик футболчилар учунгина овоз берарди. Шу сабабли Диего Марадона, Пеле каби афсонавий футболчилар бу мукофотни ололмаган.

1995 йили қоидаларга ўзгартириш киритилган. Энди совринга исталган миллатга мансуб футболчи эгалик қилиши мумкин. Лекин бир шарти бор: у Европа жамоаларида тўп суриши керак. Худди шу йили европалик бўлмаган футболчи ­– “Милан” клуби аъзоси Жорж Веа мукофот соҳибига айланган. 2007 йили қоидаларга яна ўзгартириш киритилди. Бу пайтдан бошлаб совринга исталган миллатга мансуб ва дунёнинг исталган клубида фаолият олиб бораётган футболчи даъвогарлик қилиши мумкин. Шу муносабат билан ғолибларни аниқловчи журналистлар сони ҳам кўпайтирилди. Олдин улар 52 нафар фақат европалик журналистдан иборат бўлса, энди ҳакамлар сони 96 нафарга етди ва журналистлар бутун дунёдан таклиф этиладиган бўлди. Уларга йилнинг энг яхши беш нафар футболчисини аниқлаб бериш вазифаси топиширилди.

Уч нафар футболчи – Йохан Кройф, Мишел Платини ва Марко ван Бастен “Олтин тўп” мукофотини уч мартадан қўлга киритган. Платини мукофотга уч йил кетма-кет (1983, 1984, 1985) эгалик қилган ягона футболчидир. 1997 йили ушбу совринга муносиб топилган Роналдо “Олтин тўп” олган илк бразилиялик бўлди. Мукофотни энг кўп германияликлар олган. Жами беш нафар олмон футболчиси етти бор энг яхши дея эътироф этилган. Лев Яшин ушбу мукофотга лойиқ топилган ягона дарвозабон ҳисобланади. У 1963 йили ғолиб бўлган. “Олтин тўп”нинг энг сўнгги совриндори аргентиналик Леонел Мессидир.

 

ФИФА Йил ўйинчиси

2009 йилгача энг яхши футболчи эркак ва аёлга берилган мукофот. Ғолиб терма жамоалар мураббийлари ва сардорларининг овоз бериши орқали аниқланган. Ҳар бир сайловчи беш, уч ва бир очкодан иборат учта овозга эга бўлган. Энг кўп балл йиққан футболчи ғолибга айланган ва ФИФА Бриллиант тўпи билан тақдирланган.

Мукофот 1991 йили таъсис этилган, 2001 йилдан аёл футболчилар ўртасида ҳам ғолиблар аниқланади.

Ушбу совринни энг ёш қўлга киритган футболчи – Роналдо. У 1996 йили йигирма ёшида дунёнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган. Роналдо кетма-кетига икки йил “Йил ўйинчиси” дея эътироф этилган биринчи футболчи ҳамдир. Роналдо ва Зайниддин Зидан уч мартадан ушбу мукофотга лойиқ топилган. Кучли учликка кириш бўйича рекорд Зайниддин Зиданга тегишли – у бу шарафли сафдан жами олти марта жой олган.

Олтин, кумуш ва бронза тўпларнинг тўлиқ тўпламини Роналдо (олтин – 1996, 1997 ва 2002, кумуш – 1998, бронза – 2003), Зидан (олтин – 1998, 2000, 2003, кумуш – 2006, бронза – 1997, 2002) ва Криштиану Роналду (олтин – 2008, кумуш – 2009, бронза – 2007) йиға олган.

Мукофотнинг сўнгги совриндори 2009 йили Аргентина термаси ва “Барселона” жамоаси ҳужумчиси Леонел Месси бўлган. 2010 йили “France Football” нашрининг “Олтин тўп” ва ФИФАнинг “Йил ўйинчиси” мукофотлари бирлашиб, ФИФА Олтин тўпи мукофотига айланган.

 

ФИФА Олтин тўпи

Ҳар йили йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган мукофот. У дунё терма жамоалари мураббийлари ва сардорлари ҳамда журналистларнинг овоз бериши йўли орқали аниқланади. Ушбу соврин 2010 йили “France Football”нинг “Олтин тўп” ва ФИФАнинг “Йил ўйинчиси” мукофотлари бирлашишидан ташкил топган. ФИФА Олтин тўпининг илк эгаси Лионел Месси бўлган. Шундан кейин мукофот кетма-кет яна икки йил шу футболчига насиб этди. Месси ҳозирча мукофотнинг ягона ва мутлоқ эгаси бўлиб турибди.

Шунингдек, 2010 йили “Йил мураббийи” соврини ҳам таъсис этилган. Унга 2010 йили Жозе Моуринйо, 2011 йили Хосеп Гвардиола, 2012 йили эса Висенте дел Боске сазовор бўлган.

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

2013 йил март

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.