Қадри баланд қадрдон

0
354
марта кўрилган.

Олтин, пул, бойлик тушунчалари бир-бирини эслатади. Масалан, олтин деганда катта бойлик, кўшку саройлар кўз олдимизга келади. Бу нодир метални деярли ҳаммамиз кўрганмиз, у билан боғлиқ ҳар хил воқеалар, афсона, ривоятларни эшитганмиз.

“Олтин” сўзи қулоққа хуш ёқади, ўзига оҳанрабодек тортади. Бу сўз туркийча “ал” – қизил, хитойча “тун”, “тунг” сўзлари қўшилишидан ҳосил бўлган. “Қизил мис” деган маънони беради. Аслида, олтин ҳам мис ёки темир каби оддий металл. Бироқ баъзи ўзига хосликлар унинг қадрини оширади, одамларнинг қадрдонига айлантиради.

Тоза олтин сариқ рангда бўлади. Бошқа рангли металлар, кўпинча, мис қўшилиши натижасида қизғиш тус олади. Қадимда тилло тангалар худди шундай кўринишда бўлган. Иссиқлик ўтказиш даражаси юқори, электр ўтказиш қаршилиги паст. Зичлиги жуда баланд – 19621 кг метр куб. 1 кг оғирликдаги олтин 46 мм диаметрли шарга жо бўлади. Бошқачароқ айтганда, ёш қизчалар ўйнайдиган тўпча ҳажмидаги олтин бир кило чиқади. Тилло зарралари билан тўлдирилган бир литрли бутилка 16 кг тош босади. Оғирлик олтиннинг ижобий хусусиятларидан биридир. Чунки шу сабабли олтинни ажратиб олиш, бошқа жинслардан тозалаш осон кечади.

Бу металл жуда чўзилувчан. Бир грамм тиллони уч километргача чўзиш мумкин. Ана шу чўзилувчанлик сабабли одамлар соф олтинни бармоғида эзиб ёки тишлаб кўриб синайди.

Олтин энг инерт, яъни фаолиятсиз металл ҳисобланади. Одатий шароитда жуда кўп кислоталар унга таъсир кўрсатолмайди. Тилло оксидлар ҳам ҳосил қилмайди. Бошқа оддий металлар каби атроф-муҳит таъсирида ўзгаравермагани учун ҳам қимматбаҳо саналади.

Олтин айрим ҳолларда заҳарга айланади. Масалан, буйрак, жигар ва талоқда йиғилиши яллиғланиш билан боғлиқ турли касалликларни келтириб чиқаради. Ундан тиббиётда ҳам фойдаланилади. Асосан иммун тизимини мустаҳкамлаш мақсадида қўлланилади.

Бу металл Ер қобиғида жуда кам тарқалган. Бироқ олтин билан бойиган ер майдонлари, конлар жуда кўп. Олтин сув таркибида ҳам бор. Бир километр куб дарё ёки денгиз сувида 4 кг тилло бўлади. Тирик организмларнинг ҳужайраси ва қонида килограммига 0,01-0,05 миллиграмм олтин учрайди. Ўзбекистонда тилло маккажўхори дони ва попугида (тоннасига 2-4 грамм) ва Қизилқумда шувоқ ўсимлигида борлиги аниқланган.

Олтин одамларга жуда қадим замонлардан маълум. Чунки у табиий ҳолатда ҳам учраган, қазиб олиш шарт бўлмаган. Археологлар фикрича, тилло илк бор Яқин Шарқда қазиб олинган. Айниқса, Мисрда олтинга ишлов бериш ривожланган. У ердан топилган тилло тақинчоқлар Шумер тамаддуни даврига оид, милоддан уч минг йил олдин ишланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, инсоният тарихи давомида 140 минг тонна олтин қазиб олинган. Уни бир жойга йиғилса, томонлари 19 метрли куб ҳосил бўлади. Дунёда ҳар йили икки минг тоннадан кўпроқ тилло қазиб олинади. Хитой, ЖАР, АҚШ, Австралия, Перу, Россия, Канада, Индонезия, Ўзбекистон, Гана каби мамлакатлар олтин қазиб олишда етакчилик қилади.

Дунёда йиғилган олтин захираси тахминан 100 минг тоннага тенг.

Олтин дунё молия тизимининг ажралмас қисмларидан бири. Чунки у зангламайди ва шу билан бирга захиралари кўп эмас. Тилло ўтмишдаги алғов-далғовлар, иқтисодий бўҳронлар чоғида ҳам йўқолмади. Аксинча, жамланиб, кўпайиб борди. Ҳозир бутун дунё банклари захирасида 32 минг тонна олтин сақланади. Ана шу олтин бир жойга йиғилса, томонлари бор-йўғи 12 метрли куб пайдо бўлади, холос.

Тилло жуда қадим замонлардан пул ўрнида ишлатиб келинган. Бироқ у XIX асрга келибгина асосий пул воситасига айланди. Биринчи жаҳон урушига қадар барча валюталар тилло стандартига асосланди. Шу сабабли 1870 – 1914 йиллар “олтин асри” деб аталди. Бу вақтда қоғоз купюралар тилло олиш гувоҳномаси вазифасини ўтаган.

Олтиндан саноатда, айниқса техника ва микроэлектроникада кенг фойдаланилади. Бироқ унинг асосий истеъмолчиси заргарлик саноатидир. Заргарлик маҳсулотларида соф олтин ишлатилмайди. Тиллога керакли металл қотишмалари аралаштирилади. Шундай қилинса, тақинчоқ мустаҳкам, пишиқ чиқади. Ранг ҳосил қилишда кумуш ва мис ишлатилади.

Тиллодан ясалган заргарлик молларини сотиб олишда софлик даражасини кўрсатувчи рақам – пробага эътибор бериш лозим. Проба Россия ва МДҲ мамлакатларида кўп қўлланадиган ўлчов тури. Бунда тиллонинг софлиги 0 дан 1000 гача улушда ҳисобланади. Заргарлик маҳсулотларида 375, 500, 585, 750, 900, 916 ва 958 пробали олтин ишлатилади.

375 проба. Асосий қўшилмалар – кумуш ва мис; олтин 38 фоиз. Сариқ-қизғиш рангда бўлади. Салбий хусусияти – ҳавода хиралашади.

500 проба. Асосий қўшилмалар – кумуш ва мис; олтин 50,5 фоиз. Ранги кумуш миқдорига боғлиқ. Салбий хусусияти – қуйилиши қийин.

585 проба. Асосий қўшилмалар – кумуш, мис, палладий, никел; олтин 59 фоиз. Проба етарли миқдорда бўлгани сабабли маҳсулот мустаҳкам, пишиқ ва ташқи таъсирга чидамли бўлади. Заргарлик саноатида шу проба кенг қўлланилади.

750 проба. Асосий қўшилмалар – кумуш, платина, мис, палладий, никел; олтин 75,5 фоиз. Жило бериш қулай, пишиқ, мустаҳкам, қайта ишлаш осон. Рангги яшил-оч сариқ, пушти ёки қизил бўлиши мумкин.

958 проба. 96,3 фоиз соф олтинга эга. Кам қўлланади. Ўта юмшоқ, нақш ва жилоларни ушлаб турмайди, рангги тўйинмаган.

999 проба. Соф олтин.

750 дан юқори пробали тақинчоқлар ранги ҳавода хиралашмайди.

Европада эса тиллонинг софлиги британия каратида ўлчанади. 1 британия карати аралашма металнинг йигирма тўртдан бир (1/24) қисмини ташкил этади. 24 каратли олтин бутунлай соф, унга бошқа ҳеч қандай металл аралашмаган.

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

 


“Овоза” газетасининг 2012 йил 1 ноябр (№41-42) сонида чоп этилган.


 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.