Жаҳон чемпионати мукофотлари

0
1146
марта кўрилган.

“Олтин тўп”

Жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчисига берилади. Финал арафасида  ФИФАнинг махсус комиссияси энг яхши футболчилар рўйхатини тузади, бу асосда оммавий ахборот воситалари ходимлари ғолибни аниқлайди. Биринчи ўрин эгасига “Олтин тўп”, иккинчи ва учинчи ўрин эгаларига эса “Кумуш тўп” ва “Бронза тўп”лар топширилади.

Сўнгги жаҳон чемпионатида (2010) Диего Форлан “Олтин тўп”га муносиб топилган.

 

“Олтин бутса”

Жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурарига берилади. Номзодлар киритган голлар сони тенг келиб қолса, голли ҳолатларда тўп оширишлар сони эътиборга олинади. Агар бу натижалар ҳам тенг келадиган бўлса, мукофотни майдонда камроқ вақт бўлган футболчи қўлга киритади. Ушбу совринга “Олтин бутса” номи 1982 йили берилган.

Сўнгги жаҳон чемпионатида Германия термаси аъзоси Томас Мюллер “Олтин бутса”, Испания термаси ҳужумчиси Давид Виля “Кумуш бутса” ва Нидерландия термаси аъзоси Уэсли Снейдер “Бронза бутса” билан тақдирланган.

 

“Олтин қўлқоплар”

Мусобақанинг энг яхши дарвозабонига берилади. 2010 йилгача мукофот дарвозабон Лев Яшин номида бўлган. Лев Яшин номидаги соврин 1994 йили таъсис этилган. Унгача ҳам чемпионатнинг энг яхши дарвозабонлари аниқланган. Ғолибни ФИФАнинг махсус комиссияси номзоднинг турнирдаги ўйинларига қараб аниқлайди. Дарвозабонлар ўз махсус мукофотига – “Олтин қўлқоплар”га эга бўлса-да, “Олтин тўп” номзоди бўлиб қолаверади. Яъни улар бир пайтнинг ўзида энг яхши дарвозабон ва энг яхши футболчи мақомига даъвогарлик қилиши мумкин. Ҳар икки мукофотни бир пайтда қўлга киритган ягона дарвозабон германиялик Оливер Кандир. У 2002 йилги жаҳон чемпионатида шундай кўрсатгичга эриша олган.

“Олтин қўлқоплар”нинг амалдаги эгаси Испания термаси дарвозабони Икер Касилясдир.

 

Энг яхши ёш футболчи

Кимга берилиши номидан ҳам кўриниб турган бу мукофотга 2006 йили асос солинган. Биринчи ғолиб германиялик  Лукас Подолски бўлган.

Совриндорни ФИФАнинг махсус комисссияси 21 ёшгача бўлган футболчилар орасидан танлаб олади.

Сўнгги жаҳон чемпионатида германиялик Томас Мюллер ушбу мукофотга лойиқ кўрилган.

 

Ҳалол ўйин мукофоти

Жаҳон чемпионатида “Fair Play” қоидаларига энг яхши амал қилган жамоага топширилади. Биринчиликнинг финал қисмида иккинчи босқичдан ўта олган жамоалар мукофотга номзод бўлиши мумкин. Ғолиб бўлган жамоанинг ҳамма вакилларига медал, мақтов ёрлиғи ва эллик минг АҚШ доллари баҳосидаги футбол жиҳозлари топширилади.

Дастлаб мукофот ғолибларига фақат эсдалик совғалари берилган. Лекин 1982 йилдан совриндорлар “Спорт Билли” компанияси ясаган зарҳалли медал-нишон билан тақдирлана бошлаган. 1998 йилдан нишон ўрнини футболчи сувратидаги ҳайкалча эгаллаган.

Мукофотнинг илк ғолиби 1970 йили Перу термаси бўлган. 2010 йилги жаҳон чемпионатида биринчиликни қўлга киритган Испания термаси ҳалол ўйин мукофотига ҳам эгалик қилди.

 

Энг қизиқарли жамоа

Ўз ўйинлари билан томошабинларда жуда катта қизиқиш уйғотган жамоага берилади.

Ғолиблар:

Чемпионат

Ғолиб

1994 йилги ЖЧ

Бразилия

1998 йилги ЖЧ

Франция

2002 йилги ЖЧ

Корея Республикаси (Жанубий Корея)

2006 йилги ЖЧ

Португалия

2010 йилги ЖЧ

Ғолиб аниқланмаган.

 

Юлдузлар жамоаси

Жаҳон биринчилигининг энг яхши футболчиларидан тузиладиган рамзий жамоа. Ҳозир жамоа номига амалдаги ҳомий – “MasterCard” номи ҳам қўшиб айтилади. Дастлаб ушбу терма 11 кишидан иборат бўлган, кейинчалик футболчилар сони 16 нафарга етказилган. 2006 йили эса рамзий терма аъзолари 26 та қилиб белгиланди. 2010 йили ФИФА рамзий жамоа аъзолари рўйхатини энди эълон қилмаслиги ҳақида хабар берди.

2010 йилги чемпионат рамзий термаси:

Дарвозабон

Ҳимоячилар

Ярим ҳимоячилар

Ҳужумчилар

Икер Касиляс (Испания)

Филипп Лам (Германия)

Серхио Рамос (Испания)

Карлес Пуйол (Испания)

Майкон (Бразилия)

Андрес Инеста (Испания)

Бастиан Швайнштайгер (Германия)

Уэсли Снейдер (Нидерландия)

Хави (Испания)

Давид Виля (Испания)

Диего Форлан (Уругвай)

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

2013 йил март

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.