Туйғулар дунёсида

0
185
марта кўрилган.

Нобел мукофоти лауреати, атоқли инглиз адиби Томас Стернз Элиот(1888–1965)нинг адабий қарашлари “Адабиётнинг вазифаси ва танқидчиликнинг мақсади” номли китобига киритилган маърузаларида яққол ифодасини топган. “Ўзининг адабий меросига ғамхўрлик қилишдан тўхтаган халқ ёввойилашиб боради, – деб ёзади Элиот мазкур тўпламида. – Ўзининг адабиётини яратишдан тўхтаган халқ эса, тафаккур ривожи ва идрок этишдан тўхтайди. Халқ шеърияти халқ тили билан барҳаёт ва ўз навбатида унга ҳам ҳаёт бахш этади. У ўзида халқ тафаккурининг олий босқичини, унинг буюк куч-қудратини, унинг нозик идрокини намоён этади”. Бу фикрлар дунёдаги барча халқлар ва ижодкорларга дахлдорлиги шубҳасиз. Қуйида ушбу тўпламдан олинган китоб мутолааси ҳақидаги парчада адибнинг ўз ижодий тажрибаларидан келиб чиқиб билдирган хулосалари билан танишасиз.

 

Томас ЭЛИОТ

Балки аввалги бобларда илгари сурилган масалаларга боғлиқ равишда, Бадиий Дидни ўстириш борасидаги айрим фикр-мулоҳазаларимни умумлаштириш ўринли бўлар. Умид қиламанки, ушбу хулосалар мактаб ва коллежларда адабиётни ўқитиш масаласига муайян даражада алоқадор.

Балки, бадиий дид масаласида мен ўз тажрибаларимнинг умумий характерини қайд этишим нотўғридир ёки, бошқа томондан, эҳтимол аксарият ўқувчилар, чамаси, ўн икки-ўн тўрт ёшларга борганда бадиий адабиётдан маълум маънода ўзига яраша завқ олишга лаёқатли бўлишади деганимда ўқитувчи ва руҳшунослар орасида ҳаммага аён бўлган ҳақиқатни такрорларман; тахминан балоғатга етиш арафасида эса бу болаларнинг аксарияти китоб ўқишга қизиқишини йўқотади, бироқ камдан-кам ўсмирларгина адабиётга аввал ҳис этган завқидан ҳам кучлироқ, жўшқинроқ эҳтиёж туядилар. Бадиий дид масаласида қизлар ўғил болалардан фарқланадими, йўқми, билмайман, аммо ўғил болаларнинг бир хил бўлишига ишончим комил. Улар Теннисоннинг “Гораций”, “Жаноб Жон Мурнинг дафн маросими”, “Баннокбэрн”, “Қасос” сингари айрим ҳарбий мавзудаги балладаларини – жанговар ва ур-йиқит асарларни маънисиз ўйинчоқ аскарчалар ва қуролчалардан кам севмасликлари аниқ. Бу ёшда менинг Шекспирдан олган биргина ҳузурим – уни ўқиётганим учун мақтов эшитганим эди…

Хотирам тез-тез панд бериб туришини тан олиб айтсам, менинг шеъриятга ошнолигим барча ўсмирлар сингари ўн икки ёшда бошланганини, орадан икки йил ўтгач, умуман китоб мутолаасига қизиқишим сўнганини эслайман. Ёдимда, ўн тўрт ёшимда тасодифан қўлимга тушган Фицджеральднинг Умар Хайёмдан таржималар китобини варақлаганимни ва ундаги шеърларни ўқиб, туйғуларнинг янги дунёсига тушиб қолганимни аниқ-тиниқ эслайман. Бу худди туйқусдан янги эътиқодга юз бургандек: олам яшариб, ярқираб, ёрқин ва қийноқли рангларда намоён бўлди. Кейин мен ўсмирларга хос кетма-кетликда Байрон, Шелли, Китс, Росетти, Суинбернга юзландим.

Бу давр, эслашимча, ўн тўққиз ёки йигирма йилча давом этди. Бу давр шиддатли ўқиш-уқиш билан ўтдики – унинг охирида ибтидосини қандай кечганини эслаш қийин – ҳақиқатан дид тубдан ўзгаришга юз тутади. Худди болаликдагидай, бу даврда кўплар ўқиган китобларининг таъсиридан чиқиб кета олмайди, аслида уларнинг йиллар давомида шаклланган бадиий диди бошқа эзгин хотиралари замирига сингиган ўсмирлик завқу шавқининг изларидан ўзга нарса эмас. Шубҳасиз, бу паллалар чиндан-да жўшқин кечади, аммо биз ўсмирликнинг ёрқин бадиий таассуротларини бадиий асарни туб моҳиятига етиб, диққат-эътибор билан тушуниш тажрибасидан фарқлай билишимиз лозим. Одатда, маълум бир шоирнинг асари (ёки бутун ижоди) ўсмир онгини эгаллаб олади ва маълум муддат унинг қалбини сеҳрлаб қўяди. Биз асарга ўзимиздан ташқарида бўлган нарсага қарагандай қарамаймиз, худди ўсмир муҳаббати авжланган паллада холис туриб фикрлай олмагандай унинг таъсирига тушиб, янги ва ажойиб туйғулар оғушида қоламиз. Айрим ҳолларда тақлид деб аташ мумкин бўлган шундай қоғоз қоралашнинг оқибатида содир бўладиган бу жараён ҳақиқий ижодкорнинг онгли танлови эмас, балки тақлидчи қаламкашга телбаларча эргашишдир.

Бадиий адабиётга ошуфталикнинг учинчи ёки баркамоллик босқичи асарини ўқиётган адиб ўрнида ўзимизни кўришни бас қилганимизда, таҳлилий-танқидий қарашларимиз шаклланганда, муаллифдан қандай асар кутиш мумкинлигини – у нимага қодир ва нимага қодир эмас – билганимизда бошланади. Зеро, бадиий асар ўз ҳолича, биздан ташқаридаги нарса-ҳодиса: у биздан аввал ҳам бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Фақат шу босқичдагина ўқувчи асарнинг бадиий қиммати қай даражадалигини фарқлашга тайёр бўлади; энди унинг ҳақиқий асарни сохтасидан ажрата олишига ишониш мумкин. Бундай фарқлашни уддалай билиш биринчи галдаги вазифа бўлиши керак. Биз ёшликда яхши кўрган шоирларга иқтидорига яраша холисона баҳо беролмаймиз, уларни ўз дунёқарашимиздан келиб чиқиб, азалий боғлиқликка асосланиб жойлаштирамиз: аслида шундай бўлиши лозим. Мен мактаб ўқувчиларига, ҳатто талабаларга ҳам адабиёт намояндалари ўртасидаги фарқни тушунтириш мумкинлигига шубҳа билан қарайман ва бундай ҳаракат самара келтиришига ҳам шубҳаланаман: уларнинг ҳаётий тажрибалари бу масаланинг аҳамиятини англаш даражасида эмас. Шунинг учун Шекспир, Данте ёки Софокл ижоди нақадар юксаклигини англаш аста-секин, бутун умр мобайнида давом этадиган жараён ҳисобланади. Бундай адабиётни уқишга онгли ҳаракат табиий мойилликсиз амалга ошмайди, шунда ҳам, барибир асарнинг бир қисми тушунилмай қолаверади ва бу аслида комил онгнинг вазифаси бўлиши керак; натижа эса, сарф этилган кучга арзийди. Аммо сабр ва тажриба билан эгалланадиган бу вазифа ёшларга оғирлик қилади, мажбурлаш эса, охир-оқибат ёшларнинг бадиий адабиётга мойиллигини, иштиёқини йўқотади ва ҳақиқий бадиий дидни ўстириш ўрнига шунчаки арзимаган натижани беради.

Маълумки, “бадиий дидни ўстириш” – мавҳум тушунча. Ўз олдига бадиий юксак адабиётдан завқланишни (унинг бадиий қимматига мувофиқ, холисона) мақсад қилиб қўйиш, демак, шарпа ортидан қувишдай гап, бундай қувиш орзусида юрганлар – “маданиятли” ва “назокатли” бўлишни истайдиганлардир, яъни улар учун санъат – дабдаба, асарни тушуниш эса – ғолиблик. Чин туйғулар негизида ҳақиқий бадиий дидни ўстириш шахс ва характер ривожидан ажралмас ҳодиса (Мен бу мулоҳаза билан аниқ бир “шахс” ва “характер” борасида қандайдир муҳокамага аралашмоқчимасман). Чинакам бадиий дид – ҳар доим ҳам номукаммал бўлади, ахир биз ҳаммамиз ҳам, моҳиятан, мукаммал эмасмиз; инсонда ва унинг бадиий дидида шахснинг ўзига хосликлари акс этмаса, ўхшашлик ва фарқларда бўлмаса, у биз севган нарсаларни севса ва ҳоказо – бундай одамлар билан адабиёт ҳақидаги суҳбатлар зерикарли бўларди.

Ҳатто айтиш мумкинки, сизнинг савиянгизга мувофиқ яхши адабий “дид”га эга бўлиш, демак, бошқа нарсага нисбатан “дид”га эга бўлмасликдир. Адабиётдаги бадиий дидингиз қизиқишларингиз ва эҳтиросларингиз билан муштарак, улар ўзаро бир-бирига таъсир кўрсатиши мумкин, бу таъсирлар идрок этилади ва шахс имкониятлари даражасида чегараланиши керак.

Моҳиятан, юқорида таъкидланган фикр-мулоҳазалар улкан ва мураккаб саволни ўртага ташлайди: умуман, талабаларни инглиз адабиётини англашга ўргатиш керакми ва шундай бўлса, университетнинг ўқув дастурларига инглиз адабиёти таълимини қай даражада киритиш лозим, агарда, умуман, киритилса?..

 

1932 йил, ноябр

 

Рус тилидан Ҳумоюн АКБАР таржимаси

 

“ЎзАС”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.