Леонардо да Винчининг ижодий сирлари

0
716
марта кўрилган.

Леонардо да Винчи деганда кўз олдимизга бирини галда рассом келади. Бироқ бу буюк шахснинг ҳаёти ва фаолиятидан хабардор киши унинг ихтирочи, меъмор, математик, ёзувчи, олим каби қатор қирралари борлигини, у бу соҳаларда ҳам муваффақият қозона олганини яхши билади.

Ижодий иқтидорни камол топтиришга қаратилган қатор китоблар муаллифи Майкл Глеб улуғ олимнинг ҳаётини ўрганиб, “Да Винчининг ечилган коди”, “Леонардо да Винчи каби фикрлаш ва тасвирлаш: маҳорат сари етти қадам” асарларини ёзди. Бир қанча тилларда нашр этилиб, бестселлер бўлган ушбу китобларда муаллиф улуғ олимнинг қўлёзмаларини тадқиқ этиб, маҳорат сирларини аниқлашга уринган. Қуйида ижодий етукликка етакловчи ана шу жиҳатлар билан танишасиз. У сизга ҳам кўмак берса ажаб эмас.

 

  1. Қизиқувчанлик.

Қизиқувчанлик одамнинг табиатига хос. Айниқса, болалар ҳаддан ташқари қизиқувчан бўлади. “Осмон нега кўк?”, “Нимага ёмғир ёғади?”, “Нимага барглар сарғаяди?” каби саволларни ёғдириб ташлайди. Аниқланишича, бола беш ёшгача ўта сўровчан бўлади. У шу орқали оламни идрок этади.

Аммо, Глебнинг фикрича, бола мактабга боргач, саволлардан кўра жавоблар муҳимроқ эканини англайди ва ундаги юқори қизиқувчанлик сўнади. Буюкларда эса бу хусусият бир умр сақланиб қолади.

Савол беришдан чарчаманг. Жавоб қидириш инсонни олға етаклайдиган муҳим жиҳатдир.

  1. Мустақил фикрлаш.

Кишининг тафаккури ошгани сари ўз қарашлари шаклланади. Бу жуда аҳамиятли. Бироқ баъзида унинг салбий таъсири ҳам кузатилади. Одам бошқа хил фикрларга эътибор бермай қўяди.

Глебнинг фикрича, ижодийлик учун турли кўз қарашларига эга бўлиш, масалага ҳар томонлама ёндаша олиш зарур.

  1. Ҳассослик.

Энг нозик нуқтани ҳис эта билиш шахсдаги иқтидорнинг даражасини белгилайдиган омиллардан биридир. Ижодда арзимасдай кўринадиган майда деталларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Чунки айни шу майда деталлар масаланинг моҳиятини очиб бериши мумкин. Бу хусусиятни ривожлантиришнинг энг мақбул йўли эса кўп фикрлаш, ҳис қилишга уринишдир.

  1. Янгиликка интилиш.

Номаълумлик қўрқитади. Одамлар янгилик қаршисида кўпинча хавфсирайди. Чунки янги вазиятда ўзини қандай тутиш кўникмасига ҳали эга эмас. Аммо ноаниқлик ҳолатида ҳам ўзини йўқотмаслик, ишонч билан ҳаракатланиш ижодий жараённинг муҳим қисмидир.

Глебнинг фикрича, ижоднинг моҳияти ҳайратдадир. Одам ўзи учун янги нарсани кашф қилгани сари ҳайрат-ҳаяжони ортиб бораверади. Ҳар куни бир хил иш қилишга одатланган, янгиликка интилмайдиган одам ижод соҳасида муваффақият қозониши амримаҳол.

  1. Мантиқ ва тасаввур.

Тадқиқотларга кўра, миянинг ўнг яримшари ижодийлик, чапи эса таҳлилий тафаккур майдони. Кўпинча, кишиларда у ёки бу жиҳат ривожланган бўлади. Аммо янги ғоялар юзага келиши учун иккала яримшар ҳам бирдай ишлаши керак.

Глебнинг фикрича, хаёлга келадиган фикрларни қоғозда чизиб кўриш, уни шу орқали ифодалашга ҳаракат қилиш зарур. Янги ғоя ўйлаш ва уни ҳаётга қандай татбиқ этишни таҳлил қилиш мия фаолияти самарадорлигини оширади.

  1. Онг ва вужуд мувозанати.

Леонардо да Винчи жисмоний бақувват киши бўлганини кўпчилик билмайди. У Флоренциянинг энг кучли кишиларидан бири саналган, тажрибали қиличбоз ва чавандоз бўлган.

Глебнинг фикрича, ижод – катта энергия талаб қилувчи интеллектуал машқдир. Жисмоний заиф кишида ижодга куч бўлмайди. Шу сабабли спорт билан шуғулланиш, баданни тарбия қилиб бориш ижодий фаолиятнинг ажралмас қисми бўлиши зарур..

  1. Фикрлар шажараси.

Глебнинг сўзларига кўра, фикрлашнинг умумий тизимини майда бўлак­лар асосида ташкил этиш янги ғоялар туғилишига катта туртки беради. Яъни асосий тушунчани унга яқин тушунчалар асосида англаш, улар орасидаги боғлиқликларни топиш орқали янги хулосаларга келинади. Бундай фикрлаш тизими худди шажара харитасини эслатади.

 

Улуғ олим ва мутафаккирларга, жумладан, Леонардо да Винчига хос бўлган яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш зарур: янги туғилган ғоялар ёки мияда ярқ этган фикрларга ишончсизлик билдириб, уларни ярим йўлда ташлаб кетиш уларнинг заволидир. Аксинча, ғояларни муттасил ривожлантириб бориш керак.

 

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 

“Ёшлик”, 2018/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.