Инсон: машаққат, матонат, муваффақият

0
368
марта кўрилган.

Агар инсоният тарихига назар ташласак, унинг ҳеч бир даври силлиқ кечмаганига амин бўламиз. Шу ўринда ҳаётни “танаффуссиз дарс” деб аташ мумкин. Чунки ҳар қадамда муаммо ва ташвишлар бисёр. Эҳтимол, ҳаёт доим қийинчилик ва заҳматлардан иборат бўлгани учун ҳам инсоният шу бугунги тараққиёт даражасига етиб келгандир.

Руҳиятшуносларнинг таъкидлашича, инсон қийинчиликларга дуч келиб, уларни енгиб ўтиш жараёнида руҳан юксалади. Халқ тили билан айтганда, пишади, чиниқади, тобланади.

Бу ҳолатни наботот оламида ҳам кузатиш мумкин.

Бир танишим “Йўлсоз” ташкилотида кўп йиллардан бери муҳандис бўлиб ишлайди. Уни ўтгап йили айни ёз чилласида “Жиззах – Ғаллаорол” йўналишидаги катта йўл бўйида учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, асфальтнинг қоқ ўртасидан ёриб чиқиб, ҳар томонга қулоч ёза бошлаган ажриққа ишора қилиб деди:

– Қаранг, бошқа жой қуриб қолганда, келиб-келиб шу ердан чиқади-я. Мана шу арзимаган ажриқнинг дастидан ҳар гал раҳбарлардан дашном эшитаман. Йўқса, яқингинада, ундан аввал ҳам йўлни ярим метр кавлаб, шу ўсимликни олиб ташлаган, устидан қайноқ асфальт ётқизиб юборган эдик. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, яна эски аҳвол. Бу асфальт тугул, тошни ҳам ёриб чиқаверади.

– Энди нима қилмоқчи бўлаяпсиз? – деб сўрадим.

– Нима қилардик, ажриқнинг томири қаерга бошласа, ўша ергача қазиймиз. Бутунлай қуритишнинг биргина йўли шу, – деди танишим ўсимликка қўлини бигиз қилиб.

Муҳандис билан хайрлашарканман, табиатнинг бундай ақл бовар қилмас ишларидан ҳайратим ортди. Эҳтимол, бунда ҳам бир сир-синоат яшириндир. Балки, миттигина ўсимликнинг яшаш учун жон-жаҳди билан интилиши ожиз, иродаси бўш баъзи кимсаларга ибрат тариқасида кўрсатилаётгандир. Тағин ким билсин.

Масаланинг қизиқ томони шундаки, яқинда ўша йўлдан ўтишимга тўғри келиб қолди. Атайин машинадан тушиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, муҳандис ковлаб, устини асфальтлаб ташлаган жойнинг ён-атрофидан яна ажриқлар ям-яшил бўлиб бўй кўрсатиб турарди. Тавба, дедим ўзимга ўзим. Кўз олдимда терга ботиб, чўкир билан ажриқ илдизини ковлаётган ишчилар намоён бўлиб, муҳандисга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим-у, негадир кулгим қистади…

Бу воқеа бежиз баён этилмади. Ўсимликдан фарқли ўлароқ, она табиатнинг гултожи саналмиш Инсонга ҳаёт синовларидан муваффақиятли ўтиш учун ақл-идрок, ирода ва бошқа хусусиятлар берилган.

 

Инсон характерининг ўзаги

 

Замонавий илмий қарашларда ирода инсоннинг фаолият жараёнида юзага келадиган ички ва ташқи тўсиқларни, қийинчиликларни кўра олиш ва уларни енгиш учун ўз ҳаракатларини онгли равишда бошқариш сифатида талқин этилади. Ирода бўлмаганда эди инсон ё бошлаган ҳар қандай ишини охирига етказа олмаган бўларди ёки умуман, ҳеч қандай ишни бошламаган бўларди.

Ирода туфайли инсон энг қийин ишларни ҳам уддалай олади, ирода кучи ёрдамида энг баланд чўққиларни ҳам, энг чуқур ботиқларни ҳам забт этаверади.

Шу ўринда инглиз ёзувчиси Даниэль Дефонинг “Робинзон Крузо” романи эслашимиз жоиз. Бу асарни деярли барчамиз ўқиганмиз, ҳеч бўлмаса, икки кўринишдаги киноталқинини неча бор томоша қилгансиз. Робинзон Крузо эса 28 йил оролда яшаб инсоний хислатларини йўқотмайди. Бу романнинг асосий қисми ёлғиз инсоннинг кимсасиз оролда ёвуз табиат кучлари билан юзма-юз олушувига бағишланган. Бу курашда қаҳрамон ғалаба қозонади, ёввойи оролни инсон яшайдиган ажойиб маконга айлантиради. У оғир шароитда фақат ўз кучи, ақл-иродасига ишониб иш кўради. Асарда Робинзон бажараётган меҳнат жараёнининг батафсил ҳикоя қилиниши китобхонларда алоҳида ҳавас ўйғотади. Қаҳрамон ўқувчи кўз ўнгида гоҳ тошйўнар, гоҳ деҳқон, гоҳ дурадгор, гоҳ кемасоз, гоҳ ер ҳайдовчи, гоҳ овчи сифатида гавдаланади. Робинзон бу хилдаги ишларни бажарар экан, жуда катта қийинчиликларга дуч келади. Аммо иродаси кучли бўлган Робинзон ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай қийинчиликларни енгади.

 

Буюкларни буюк қилган куч

 

Биласизми, оламга машҳур Д. Менделеев ўз даврида университетга кириш учун кимиё фанидан имтиҳондан ўтолмаган. К. Линей эса этикдўзликдан бошқасига ярамайди, дея инкор қилинган эди. А. Эйнштейи ўн беш ёшида қобилиятсизга чиқарилиб, гимназиядан ҳайдалган. Б. Паскал уч ёшида, Р. Декард бир ёшида ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дуч келган экан. Ч. Чаплинни ота-онаси беш ёшида етимлар уйига ташлаб кетишган. Хўш, бу инсонлар буюклик даражасига қандай қилиб ва ниманинг эвазига эришди? Ирода кучи ва яна бир бор ирода кучи ҳисобига десак, муболаға бўлмайди.

И. Ньютон бир куни шундай деган экан: “Охирги пайтлари жуда дангаса бўлиб кетаяпман-да, кеча, шу десангиз, кечқурун соат ўн бирда уйқуга ётиб, эрталаб саккиз деганда ўрнимдан турибман”. Бу гапларни буюк олим 85 ёшида, вафотидан бир неча ҳафта аввал айтган эди.

Астрономлар Иоҳан Кеплернинг номини чуқур ҳурмат билан тилга оладилар. Бу инсоннинг ҳаёт йўли ҳар биримиз учун ибрат мактабидир. И. Кеплер қийин ҳаётни бошдан кечирди. 4 ёшида чечак билан касалланиб, мўжиза туфайлигина тирик қолади. 13 ёнида яна бир бор ўлим ёқасидан қайтади. Отаси майхона соҳиби бўлиб, уни ўша ерда мажбуран ишлатарди. Бундай отадан қандай тарбия олиш мумкин?!

Кеплер 26 ёшга кирганида уйланади, бироқ тез орада хотинининг тутқаноқ касали борлиги маълум бўлади. Янада ачинарлиси, у ота сифатида ўз фарзандини қабрга қўйишдек оғир мусибатни бошдан кечиради. Ана шундай синовлар Кеплер пешонасига битилган экан-да. Бироқ бу кўргиликларга қарамай, у ўз мақсади сари олдинга интилди. Сайёраларнинг ҳаракатланиш қонунларини кашф этган буюк олим бўлиб етишди. Унинг номи абадулабад тарих зарварақларига битилди.

Бундан шуни англаш мумкинки, биз ҳурмат қиладиган ана шундай буюкларнинг ҳаёти ҳам силлиққина кечмаган. Улар қийинчиликларни енгиш учун ўзларида куч топа олишган, руҳан жуда кучли бўлишган. Хўш, биз-чи? Арзимаган қийинчиликлар олдида қачонгача довдираб қоламиз? Ҳар қандай вазиятда ўзимизда куч, ирода топа билиш ва олға интилиб яшаш зарурлигини қачон англаб етамиз!

 

Меҳринисо РАСУЛОВА

 

“Ижод олами”, 2017–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.