“Раҳматни жойига айтинг…”

0
165
марта кўрилган.

Ибн Сино дала-даштда доривор гиёҳларни териб юриб, шу орага қўниб ётган бир подшо қўшини устидан чиқиб қолибди. Подшонинг ўзи оғир касал бўлиб, ҳеч қайси табиб тузата олмаган экан. Ибн Синони кўрган подшо кишилари:

– Нега бу ерларда санқиб юрибсан, ё жосусмисан? – деб сўроққа тутишибди.

– Йўқ, табибман, доривор гиёҳлар териб юрибман, – жавоб берибди Ибн Сино.

– Табиб бўлсанг подшоҳимизни тузатасан. У мана бир неча йилдирки бетоб, ҳакимларнинг даволай олмай бошлари қотган. Сен тузатсанг-тузатганинг, йўқса у дунёга жўнайсан, дейишиб уни подшоҳга рўбарў қилишибди. Подшоҳни обдон кўрган Ибн Сино унинг касалини аниқлай олмапти. “Нима бўлса бўлар, қирқ кун муҳлат сўрайман. Рози бўлса шу вақт ичида касалини аниқлаб даволарман. Бу орада барча гиёҳларни йиғиб, улар устидаги кузатувларимни якунлаб олишга ўлгурарман. Кейин нима қилса, қилар”, деб ўйлабди-да, подшоҳга қараб:

– Олампаноҳ, шу ерда қирқ кун туришингизга тўғри келади. Мен ҳар куни сиздан хабардор бўлиб тураман, зора Худо шифо берса, – дебди. Подшоҳ рози бўлибди. Ибн Сино гиёҳлар тўплашда давом этибди. Ҳар куни, подшоҳни тоғнинг ҳу анаву жойига олиб боринглар, ҳу манаву қоясига олиб ўтинглар, деб кўрсатма бериб, ўзи гиёҳлар устидаги кузатувларини канда қилмабди. Нима бўлибди-ю, ҳаво ёқибми, сув ёқибми – подшоҳ кундан-кунга ўзини яхши сеза бошлабди, бир кам қирқ кун бўлганда соппа-соғайиб кетибди. Ибн Синони йўқлатиб:

– Сен мўъжизакор табиб экансан, тузалиб қолдим, раҳмат, – дебди подшоҳ. Ибн Сино:

– Султоним, раҳматни менга эмас, ён-атрофингиздаги манаву жойга, тоғу тошларга айтинг. Шу жой, ҳаво ва доривор гиёҳлар ҳиди бўлмаганда, икковимизнинг ҳам ҳолимиз вой эди, – деб жавоб берибди.

– Нечун ундай, фикрингни очиқроқ англат, – дебди подшоҳ.

– Бу ернинг ҳавоси ҳам, суви ҳам, гиёҳи ҳам доривор. Йўқса, сиз тузалмас эдингиз, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди. Подшоҳимизни тузата олмадинг, деб теримни шилиб олишар эди. Ҳа, асалсимон сувию доривор ҳавоси, қолаверса умидингиз сизни сақлаб қолди. Шунда менинг ҳеч қандай ёрдамим бўлмади. Ростини айтганим учун буюринг, нима қилишса-қилишаверсин.

Соғайиб қолганидан хурсанд бўлган подшоҳ Ибн Синонинг тўғрисўзлиги учун унга бир от билан бошдан-оёқ сарпо ҳадя қилибди.

 

“Алломалар ибрати” (Алломалар ва шоирлар ҳақидаги халқ афсона ва ривоятлари. Ёзиб олувчи ва нашрга тайёрловчи: филология фанлари доктори Малик Муродов. Тошкент, “Ёш гвардия” нашриёти, 1982) китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.