Қўлнинг қадоғи уялтирмас

0
180
марта кўрилган.

Испан халқ мақолларидан

Мақоллар халқ ижодий тафаккурининг қуйма, таъсирли ифодасидир. Йиллар, асрлар оша шаклланган, сайқалланган бу лўнда фикрларда бутун бир халқ ёки элатнинг фикрлаш тарзи, дунёқараши, урф-одату қадриятлари ўз аксини топади. Баъзида катта бир китобга сиғмаган фикр ёки ғоя тўрт-беш сўздан иборат мақолга жо бўлади. Бу – халқ донолигидан далолат.

 

  • Рангларда ҳасад бўлганида, дунё қоп-қорага бўяларди.
  • Аҳмоқ балиқнинг душмани балиқчи эмас, хўрак.
  • Хо-холаб кулган аҳмоқни узоқдан танийсан.
  • Берган, жим тур! Олган, гапир!
  • Бир пайтда ухлаш ва қоровуллик қилишнинг иложи йўқ.
  • Битта ёлғоннинг нечталаб кийими бор.
  • Бодомга етишгандим, чақаман деб тишдан айрилдим.
  • Бошмоғи сиқаётганини ҳар ким билади.
  • Бугун омбор тўлса, эртага тўрванг тўлади.
  • Виждонинг пок бўлса, пар тўшакда ётгандай ухлайсан.
  • Гуноҳкор одам кўп гапиради.
  • Ёлғончи афтидан маълум.
  • Ёмон камончи ўзиникини яралайди.
  • Заиф оёқ йўлда пишади.
  • Йўлга тушдинг, ярим йўлни босиб ўтдинг.
  • Кўйлагинг битта бўлса, қўрқувсиз яшайсан.
  • Кўнгил тортган жойга оёқ тортади.
  • Кунни ёмонлама, ҳали тун чўккани йўқ.
  • Кўр ҳам, кўзи очиқ ҳам адашар.
  • Қилган бозоринг тўрвангдан маълум.
  • Қочаётган душманга қочгани ўзим ёрдам бераман.
  • Қуён овлаётганда ноғора чалинмайди.
  • Қўлнинг қадоғи уялтирмас.
  • Мўйнага ярайдиган тулки тезда йўқолади.
  • Мунофиқ дўст ханжардан хавфли.
  • Овда илдам бўлган ўлжасиз қолмайди.
  • От сулини хаёл қилди, хўжайин эгар келтирди.
  • Оч бўри тинч турмайди.
  • Сўзда ҳар қандай йўл яқин кўринади.
  • Тўлган қорин билан илдам бўлолмайсан.
  • Увада кийим ичида яхши одам бор.
  • Ўлимдан қўрққан ярим-ёрти яшайди.
  • Хасис бойнинг на қариндоши бор, на дўсти.
  • Ҳатто юз йил ўтмай туриб, дунёдан изимиз ўчади.
  • Шошилишни севадиган ҳаммадан ортда қолар.
  • Шудгор қилишни билсанг, ҳамма ер яхши.
  • Эл билан чекилган ташвиш асалдан ширин.
  • Эски тўнка яхши ёнади.
  • Ялқов иш бошласа, кун чўзилади.

 

Ориф Толиб тайёрлади.

 


“Ҳидоят” журналининг 2014 йил 8-сонида чоп этилган.


 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.