Индамас малика

0
385
марта кўрилган.

Чех эртаги

 

Бир ерда ариқ бўлган экан. Устига энсизгина кўприк қўйилган экан. Шундай тор эканки, икки киши сира ўта олмас экан.

Кунларнинг бирида Бахт кўприкнинг бир томонидан, Ақл кўприкнинг иккинчи томонидан оёқ қўнибди. Бир қадамдан юришгач, иккаласи ҳам тўхтаб қолибди.

– Менга йўл бер, – дебди Бахт.

– Нега сенга йўл берар эканман? – дебди Ақл.

– Чунки мен инсон учун зарурроқман. Мен, Бахтнинг олдида ҳатто Ғам ҳам бош эгади.

– Мен сен ҳақингда ёмон гап айтмоқчи эмасман. Балки ҳақиқатан ҳам инсон сен туфайли яхши яшар. Лекин Ақл бўлмаса, унинг ҳолига вой. Мен билан барча жумбоқларни ҳал қилади, ҳамма чигалларни ечади. Сен бунда керак бўлмайсан.

Бахт кулиб, шундай дебди:

– Сен Ақлсан-у, лекин жуда соддасан. Кел, жанжалимизни ишда синаб кўрайлпк. Қара! Кўряпсанми, бир йигит ер ҳайдаяпти. Энди балоғатга етяпти. Ўз ақли, ўз бахти йўқ. Шу пайтгача отасининг ақли, бахти билан яшаган. Қани ишга кириш. Кейин ким ҳақ эканлигини гаплашамиз.

– Сен айтганингча бўлсин! – дебди Ақл ва кўприкдан тушибди.

Бошқа киши бўлганда қайсарлик қилган бўлармиди, аммо у Ақл-да, бекордан-бекорга жанжаллашмайди.

Йигит эрталабдан бери отаси айтганидек, сўқани тўғри босиб ер ҳайдар, ҳеч нарсани ўйламас экан. Бирдан ўйланиб қолибди.

Кечгача ер ҳайдаб, уйга қайтиб келибди-да, отасига шундай дебди:

– Ўн етти йил яшадим, дала билан қишлоқдан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим. Рухсат беринг, жаҳонни кезиб ўз кучимни синаб кўрай.

Йигит уйида охирги кеча тунабди. Тонг отиши билан катта йўлга чиқиб, боши оққан томонга кетаверибди.

Қанча юргани, йўлда кимларни учратгани тўғрисида эртакда айтилмаган. Биз ҳам сўрамаганмиз.

Ниҳоят у қирол яшайдиган катта шаҳарга келибди.

“Кўп юриб, кўп нарсани кўрдим. Деҳҳонларни ҳам, савдогарларни ҳам, косибларни ҳам кўрдим… Энди қиролни кўрсам яхши бўлар эди. Лекин қиролнинг ҳузурига шундоқ киролмайсан! Қирол саройига ишга кираман. Ошхонадами, отхонадами ишлайман…” деб ўйлабди йигит.

Қирол ошхонасидан ошпаз ҳайдабди, отхонадан унга иш топилмабди, боғбонга бўлса дастёр керак экан, йигитни ишга олибди.

Йигит буғдой экишу сабзавот етиштиришни билар экан, холос. Лекин боғни парвариш қилиш, дарахтларни кесишу гулларни ўстириш унинг тушига ҳам кирмаган экан. Лекин йигит Ақл билан ошна бўлганидан, боғбоннинг ишига разм солиб нима иш қилиш кераклигини дарров билиб олибди.

Бир йил бир зумда ўтиб кетибди. Боғбон ҳамма ишни унга топшириб қўйибди. Бунақа дастёрни умрида кўрмаган экан. Боғ яна ҳам обод бўлиб кетибди.

Қирол ҳар куни севикли қизи билан боғда сайр қилар экан. Малика афсоналардагидек гўзал экан! Нилуфар олдига келса юзлари ундан оқроқ экан, қизил гул олдига келганда эса яноқлари гулдан ҳам ёрқинроқ ёнар экан. Сочлари бўлса гўё олтиндек, тонг ёғдусига ўхшар, кўзлари шохлар орасидан кўринадиган мусаффо осмонии эслатар экан.

Лекин боғбоннинг дастёри унинг овозини сира эшитмаган экан. Қирол унинг ишини мақтар, ундан баъзи нарсаларни сўрар экан-у, лекин малика оғзига сўк солгандек ҳеч нарса демас экан.

Айтишларича, малика ўн олти ёшгача дугоналари билан гаплашар, улар билан қўшиқ айтишар экан. Кулганда овози қўнгироқдек жаранглар экан. Ўн олти ёшга тўлгандан кейин гапирмайдиган бўлиб қолибди. Ҳамма мамлакатлардан шаҳзодалар, аслзодалар унга совчи бўлиб келишар экан. Малика уларнинг гапларини тинглар экан-у, бошини қимирлатиб рад қилар экан. Қирол унга ялинар, табиб ва сеҳргарларга кўрсатар экан. Ниҳоят у, кимки қизимни гапиртирса, ўзимга куёв қиламан, деб фармон чиқарибди.

Аслзодалар ҳам, савдогарзодалар ҳам бахтларини синаб кўришибди. Лекин уддасидан чиқишолмабди. Малика оғзи елимлаб қўйилгандек товушини чиқармабди.

Ёш боғбон уни бир кўргандаёқ тинчлигини йўқотибди. Хаёлида фақат малика бўлиб қолибди. Ниҳоят:

“Маликани гапиртиришга уриниб кўраман”, – деган қарорга келибди.

Бир куни Малика боққа ёлғиз ўзи кучуги билан сайрга чиқибди.

Шу пайт ёш боғбон гул кўчати ўтқазаётган экан. Малика унинг ишини томоша қилмоқчи бўлиб тўхтабди. Ити ҳам унинг оёғи остида чўққайиб ўтирибди. Йигит итга шундай дебди:

– Қани, кучук, айт-чи, қанақа гап бизга ёқади?

Кучук бир қулоғини кўтарибди, бошини эгибди, турган гапки, ҳеч нарса деёлмабди. Малика ҳам ўзини эшитмаганга солиб индамабди. Лекин кетмай тураверибди.

– Билмайсанми? – дебди йигит. – Билмасанг мен айтиб бераман. Бизга ҳаммадан ҳам маъноли ва эркаловчи гап ёқади. Энди иккинчи жумбоқни эшит: қайси нарса доимо бир-бири билан бирга бўлади? Бири иккинчисисиз бир иш қилолмайди?

Кучук думиии ликиллатибди. Маликанинг лаби қимирлабди-ю, лекин очилмабди.

– Вой сени қара-ю! – дебди ёш боғбон. – Шуни ҳам билмадинг-а! Фикр билан сўз бирга юради. Фикрсиз сўз шақилдоққа ўхшайди. Сўзсиз фикрни эса денгиз тубидаги чпғаноқдаги маржон деявер.

Малика қошини чимирибди, бошини мағрур кўтарибди. Лекин барибир кетиб қолмабди.

Ёш боғбон кучукнинг момиқ жунини силаб, яна гап бошлабди:

– Бу жумбоқларни топиш осон. Ҳозир сенга эртак десанг, эртак эмас, масал десанг масал эмас, яқинда бўлган бир воқеани айтиб бераман. Ҳақиқатга ўхшайди-ю, лекин ўзинг хулоса чиқарарсан. Уч ўртоқ бир томонга кетишаётган экан. Биттаси ўймакорнинг шогирди, иккинчиси тикувчининг шогирди, учинчнси, ростини айтсам, қирол боғбонининг ёрдамчиси экан. Юриб-юриб кунни кеч қилишибди. Ўрмонда тунаб қолишга мажбур бўлишибди.

Бу ўрмонда бўрилар, силовсинлар бўлар экан. Уч ўртоқ гулхан ёқиб, навбат билан қоровуллик қилмоқчи бўлишибди. Биринчи бўлиб ўймакорнинг шогирди пойлоқчилик қилибди. Иккн ўртоқ ухлабди, у бўлса гулханга шох ташлаб ўтирибди. Ниҳоят зерикиб, қўлига бир ёғочни олибди-да, вақтни ўтказиш учун йўна бошлабди ва бир қўғирчоқ ясаб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолибди. У ўз ишидан мамнун бўлиб, ўртоғини уйғотибди. “Тур, – дебди, – сенинг галинг келди. Ухлаб қолмаслигинг учун мана сенга иш, – у ёғоч қўғирчоқни кўрсатибди. – Халтангда парча-пурча латталаринг бор, нинанг қалпоғингга тўғналган, дангасалик қилма!” Ўймакорнинг шогирди уйқуга кетибди. Тикувчинниг шогирди бўлса ишга тушиб кетибди. Қўғирчоққа шунақа чиройли кўйлак тикибдики, бунақасини маликалар ҳам киймаган экан. Шунда унинг пойлоқчилик вақти тугабди. Тикувчининг шогирди учинчи ўртоғини уйғотиб, унга: “Буни қара, ўймакор қўғирчоқ ясади, мен унга кийим тикдим. Сен энди нима қилсанг, ўзинг биласан!” – дебди. У ерга узала тушиб, хуррак ота бошлабди. Боғбоннинг дастёри ёғоч қиз билан гаплаша бошлабди. Унга эртак айтибди, қўшиқ куйлабди, топишмоқ сўзлабди. У эртак айтса, қўғирчоқ кулибди, қўшиқ куйласа, қўғирчоқ чапак чалибди. Топишмоқ айтганда эса қўғирчоқ тилга кириб, ҳамма топишмоқларни топибди. Тонг отибди, ўртоқлари уйғонибди. Қейин жанжал бошланибди. “Қиз меники! – дебди ўймакор. – Уни мен ясаганман”. “Меники, – дебди тикувчи, – мен уни кийинтирганман”. “Қиз меники, – дебди боғбон. – Мен уни гапиришга ўргатдим”. Ҳозиргача улар жанжаллашаётган эмиш. Лекин қизнинг ўзидан сўраш ақлларига келмасмиш.

– Сўрашнинг нима кераги бор! – дебди бирданига малика. – Унга гап ўргатган, унга ҳаёт бахш этган кишига тегиши керак.

– Эсингда бўлсин, тағин гапингдан тонма! – дебди боғбоннинг шогирди. – Сен ўзинг шундай ҳукм чиқардинг! Мен сени ҳеч кимга бермайман, сен меники бўласан.

Малика лоладек қизариб кетибди. Бир нарса демоқчи бўлибди-ю, лекин буталар орасида турган отаси билан биринчи министрни кўриб қолибди. Чўчитилган қушдек сергак тортиб, қочиб кетибди.

Боғбоннинг дастёри ҳам қиролни кўрибди. Қирол севинганидан оғзи қулоғида, ёш боғбоннинг олдига келиб, унинг елкасига қоқиб шундай дебди:

– Мен ҳаммасини эшитдим, ёш бўлсанг ҳам ақлли, тадбиркор экансан. Маликани гапиртиришга муваффақ бўлдинг. Қани айт, сенга қандай мукофот берай.

– Мукофотни сен ўзинг белгилагансан-ку, шоҳим, – дебди йигит. – Ваъда қилганингдек қизингни менга бер.

Қирол қовоғини солиб жим бўлиб қолибди. Шунда қиролнинг министри гап бошлабди:

– Ҳой, йигит, – дебди у, – ёш бўлсанг ҳам жиззаки ва қўпол экансан-ку. Ахир сен зоти паст, маликага қандай қилиб куёв бўласан!

– Лекин қирол ўзининг қироллик сўзини берган-ку! – деб туриб олибди йигит.

– Сен аҳмоқ, бу сўз қачон берилганини биласаими? У вақтда малика оғзига сўк солгандек индамас эди!

– Гап шунда-да, – дебди йигит. – Мен уни гапиртирдим.

– Ким эътироз билдиряпти? – дебди министр. – Малика гапирди. Энди унга ҳар қанақа шаҳзода ёки, масалан, биринчи министр уйланиб, ўзини бахтли ҳисоблайди. Гапига қулоқ солиб ўтирасизми! Ҳандаб юборинг уни, жаноб олийлари!

– Йўқ, бу яхши бўлмайди, – дебди қирол. – Унга истаган нарсасини бериб мукофотлаш керак. Пул сўрасин ёки унга ер берамиз…

– Менга пул ҳам керак эмас, ер ҳам, – дебди йигит. – Қирол сўзининг устидан чиқишга мажбур. Қиролнинг сўзи қонун. Шоҳлик шу туфайли барқарор.

Биринчи министр қулоғини бекитиб бақирибди:

– Шоҳимизни ҳақоратлайдиган бундай гапларни эшитишни истамайман. Қирол мажбур деган одам уни ҳақорат қилган бўлади. Қиролни ҳақорат қилганнинг боши кетади! Жаноблари, уни қатл қилдиринг!

– Нима ҳам дердим, – дебди қирол қизишиб. – Шундай экан, бошқа ҳукмга у лойиқ эмас.

Соқчиларни чақириб, ёш боғбоннинг қўлини боғлашибди ва маҳтал турган шаҳар майдонига олиб кетишибди.

Шу пайт Бахт келиб Ақлга таъна қилибди:

– Йигитни қай аҳволга солганингни кўрдингми?!

Ақл гарданини қашибди.

– Ҳамма иш яхши кетаётган эди! Лекин ҳозир баҳслашиш вақти эмас. Энди унга ёрдам беролмайман. Агар қўлингдан келса, унга ёрдам бер.

– Осон иш эмас, – дебди Бахт. – Лекин ҳаракат қиламан.

У шундай дейиши билан араванинг ғилдираги чиқиб кетибди.

Уни тузатгунча анча вақт ўтибди. Озми, кўпми вақт ўтгандан кейин ниҳоят йигитни қатл майдонига олиб келишибди.

Йигит тахтасупага чиқа бошлаган экан, пиллапоя синиб кетибди. Усталар янги пиллапоя ясай бошлашибди.

Қирол бўлса, ёш боғбонни эсидан ҳам чиқариб юборибди. Қизининг хосхонасига югурибди. Тезроқ унинг товушини эшнтгиси, у билан гаплашгиси келибди.

– Нега бир йилгача гапирмадинг, қизим? – дебди у.

– Аҳмоқ куёвлар менга уйланмоқчи бўлишди, – дебди малика. – Улар менинг ҳусним билан ўзларининг бойлигию мартабаларини мақташдан бошҳа нарсани билишмайди. Уларнинг гаплари жонимга тегди, жавоб бериш эмас, эшитишни ҳам истамасдим. Шунда, бирор ақлли гап эшитмагунимча, кўнглимга ёқадиган суҳбат қиладиган одам топилмагунча индамасликка қарор ҳилдим. Мана ниятимга етдим. Тўйга ҳозирлик кўринг, ота! Қизингизни ёш боғбонга беринг!

Отаси бошини чангаллабди.

– Ахир у қора халқдан-ку, у сенинг тенгинг эмас…

– Лекин барча шаҳзодаю бекзодалардан, министрларингиздан ақлли, – дебди малика. – Ахир сўз бергансиз, бажаришингиз керак.

– Анави одобсиз йигит ҳам шундай деган эди! – деб бақирибди ҳирол. – Шунинг учун уни биринчи министр иккаламиз қатл этишга ҳукм ҳилдик.

Малика йиғлаб юборибди.

– Агар шундай бўлса, мен ҳеч кимга тегмайман! Яна индамас бўлиб оламан. Ўлгунимча ҳеч ким менинг товушимни эшитмайди.

Қирол қўрқиб кетибди. Қизи қиламан деган ишини қилмай қўймас экан.

– Менинг айбим йўқ, – деб бақирибди. – Биринчи министр мени йўлдан оздирди.

Қизи ҳеч нарса демай йиғлайверибди.

– Нима қилай?! – дебди қирол қўлларнни силкитиб. – Балки кеч эмасдир. Майдонга чопар юборайчи.

Чопар бор кучи билан майдонга югурибди. Ёш боғбон эса мақталга бошини қўйибди. Чопар улгуролмайди!

Жаллод қиличини кўтарибди. Шунда Бахт учинчи марта унга ёрдам берибди. Жаллоднинг қўлини туртиб юборибди, қилич кундага тегиб синиб кетибди.

Шунда чопар ҳам етиб келибди. Узоқдан оқ рўмолини силкитиб, бақирибди.

– Қатлни тўхтатинг! Йигитни зах ертўлага эмас, иззат билан саройга олиб боринг.

Гапни чўзиб нима қиламиз! Ёш боғбон қиролнинг куёви, гўзал маликанинг эри бўлибди.

Министрни, бундан буён бемаъни маслаҳат бермасин деб, ҳайдаб юборишибди. Эрди ёш куёв, боғбоннинг собиқ дастёри қиролга маслаҳат берадиган бўлибди. Унинг ҳамма маслаҳатлари оқилона экан.

Ақл билан Бахт ўртасидаги баҳс нима бўлибди дерсиз? Улар инсонга Ақл ҳам, Бахт ҳам керак, деган қарорга келишибди. Бахт бўлмаса битта Ақл билан ташвишдан қутула олмайсан. Ақл бўлмаса, Бахтга ҳам ёмон бўлади. Аҳмоқлик билан барча ишни барбод қилиш мумкин.

 

Русчадан В. Йўлдошев таржимаси

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.