Шарондознинг тўбичоқ сўзи

0
235
марта кўрилган.

Гоҳида шаҳардан олис овул ва қишлоқларда кўзга илинадиган, эътиборимизни тортадиган бирор жиҳат йўқдек кўринади. Аслида, ана шундай манзилларда яшовчи юртдошларимизнинг луғат бойлиги кишини ҳайратлантирди.

Бекорга улуғларимиз: “Эли бойнинг тили бой”, деб айтишмайди. Ростдан ҳам, элнинг тил бойлиги аввало унинг ҳаёт тарзи, турмуш шароити, қолаверса, чечанларининг ифода тарзи билан боғлиқ. Бу сафарги луғатимизни Деҳқонобод шевасига хос сўзлардан туздик.

 

Бовурламоқ – бағрига олмоқ, қўриқламоқ.

Бўчаламоқ – уй ҳайвонлари туғиш учун ўзига қулай жой танлаб кетиши.

Бўрбой – маҳси, этик қўнжи.

Ганг – кана, сурувчи ҳашорат.

Гум – чуқур.

Мисол: Ай, бола, гум жойга чўмилма чўкиб кетасан.

Дагар – насл олиш учун боқилган қўчқор.

Дўррай – қўлтиғидан тарвузи тушмаган, тетик ўспирин.

Мисол: Бу мақтаган шоирларинг ҳали дўррай бола-ку!

Жумур – мол (қўй) қорнидан тайёрланган, мой солинадиган идиш.

Мисол: Овулдагилар болалар биргаликда жумурларни ғорга қўйиб келдик.

Зот – соврин, солим, насл.

Ийламоқ – ошламоқ, ишлов бермоқ.

Мисол: Пўстак тайёрлаш осонми, терини ийлагунча она сутинг оғзингдан келади.

Ирганак – ўтовнинг эшиги.

Мисол: Сенга Элёрнинг ирганагида нима бор?

Иқ – 1) таъб 2) пана жой.

Мисол: 1. Ҳар кимни Ғиёсиддиннинг иқи суймайди.

  1. Ёмғир ёғадигандек, буғдойни иқроқ жойга олинглар.

Кармак – ўрик, олхўри илдизидан тайёрланадиган қизартирувчи, ошловчи модда.

Каллак – кичик қоп.

Керага – ўтовнинг асоси, суяги.

Кияк – қўчқор ва такаларнинг белига боғланадиган махсус тери бўлаги.

Кирмав – чилвирни илгакли боғлаш.

Кўнарги – ачитқи, оқлиқ.

Мисол: Ойсулув сутга кўнарги солганмисан, эрталаб қатиқсиз қолмайлик!

Лукиби – ёғочдан ясалган идиш.

Мингак – кичкина ари.

Мўғжа – гулнинг ғунчаси. Мисол: Наъматакнинг мўғжаси чиройли.

Мўнди – синиқ кўза.

Мисол: Кулол мўндида сув ичади.

Напрамач – гилам сандиқ, тўрт бўрчакли бўғча.

Пуштон – от эгарининг

тагидан тортиладиган айил.

Силт – қиём, қуйқа.

Олчангламоқ – қилиқсиб юрган, ўзини катта олган.

Онгсармоқ – фаҳмламоқ, эшитмоқ.

Орлон – итнинг эркаги.

Орувлаб – тарбиялаб, тозалаб олиш.

Орқовул – кун ботиш, қибла.

Мисол: Бизнинг овулга қиш орқовулдан келади.

Оққува – оқ юзли, оқ бадан.

Мисол: Қўзигул кампир ҳам бир замонлар оққувадан келган қиз бўлган.

Саза – шавқ.

Сирри – қўли ишга бормайдиган, ношуд одам.

Мисол: Бегали деганларинг ҳам бир сирри-да.

Сон тегса – амал тегса.

Сўм – тоза, асл, юмшоқ.

Тайтув – гўл, аҳмоқ.

Томоқсов – очкўз.

Тўбичоқ – югурак той.

Мисол: Қиш келяпти, тўбичоқни арқонга ўргатиш керак.

Тўқолак – эри ўлган ёш келин.

Мисол: Уруш йиллар кўп аёллар қатори момомиз ҳам тўқол қолган.

Урт – оғиз, лўнж.

Мисол: Эрбўл, бу ҳўкизга яхши қарамасанг семирмайди, урти катта экан.

Ушоқ мол, ушоқ жонлиқ – қўй-қўзи, эчки-улоқ.

Чибжинг – сиркаси сув кўтармайдиган одам.

Мисол: Уни ҳеч гапирманг, жуда чибжинг экан.

Чорана – уй ҳайвонларининг йўлдоши.

Чумчуқтор – чумчуқнинг ичагидан ясалган тор.

Чўлиқ – чўпоннинг ёрдамчиси.

Шарондоз – гапга чечан.

Мисол: Мен Қодир бахшидек шарондозни кўрмадим.

Шунғирт – кал одам.

Ўмганламоқ – ўзини ташлаб эмакламоқ.

Мисол: У замонлар оғир эди-да, эл энди-энди ўмганини кўтарди.

Ўрдай – тоғдай, баланд.

Қонтармоқ – югани тортиб эгар қошига боғланган, емиш ейиши тақиқланган от.

Мисол: Кўрдингизми, Зиёдулла тарлонини қонтариб қўйибди.

Қимрон – моянинг сутидан тайёрланган ичимлик.

Мисол: Шу сафар меҳмонлар роса қимрон ичишди.

Қосоға – тош қоя ўртасидан ўтадиган сўқмоқ.

Мисол: Бойқўрғондан ўтгандан сўнг қосоға бошланади.

Қуйруқ – думба.

Мисол: Тўй ҳайдагандан сўнг, қуйруғи катта қўчқор олиб келади-да, жўра!

Қулун – бир ёшга тўлмаган тойчоқ.

Қур – давра, қатор.

Қуралпа – тенгдош.

Қурдош – даврадош.

Ғужир – ор-номус.

Мисол: Ғужири бор одам бундай ўтирмайди.

Ғўлча – кичик кўза, сув идиш.

Мисол: Бунинг ғўлчасида сув бормикан?

 

Нурилла Чориев тузди.

 

Yoshlik”, 2017–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.