Шафтоли

0
252
марта кўрилган.

Бу сўз қадимги ёзма манбаларда учрамади. Ҳаттоки, Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур луғатида ҳам ўрин берилмаган. Алишер Навоий асарида шафтолу тарзида қўлланган:

Очилур олу гули, ўртада шафтолу гули,

Ваҳки, шафтолу гулидур ё эрур олу гули.

Ушбу сўз ўзбек ва бошқа туркий тилларнинг деярли барчасида фаол қўлланади, яна форс, тожик, афғон тилларида ҳам мавжуд. Сўзнинг манбаси форс-тожик тиллари бўлиб, ўзбек ва бошқа туркий тилларга ўзлашган.

Ҳозирги форс тилида ҳолу-шафталу, тожик тилида шафтолу, афғон тилида шафталу, ўзбек тилида шафтоли, нўғай тилида шапдал, озарбайжон тилида шафтали-ҳулу, уйғур тилида шаптула, уйғур шеваларида шаптол, шаптул, шаптол, шептол, қирғиз тилида шабдалы-шапталы, қозоқ тилида шапдалы, қўмиқ тилида шаптал, туркман тилида шепдалы, урду тилида ару-шафталу шаклида қўлланади.

XII аср луғати “Муқаддимат ал-адаб”да шофтолу (Боровков, 1971,107), қипчоқ луғатида шафтоли (Муталлибов, 1968,51), “Бобурнома”да шафтолу (Бобур, 1960,39), “Туркий тиллар луғат”ида шифталу (Будагов, I, 1869,669), шаптул (Радлов, I–IV, 1911,985) формаларида келади.

Сўзнинг биринчи қисми шафт бўлиб, у оқ рангни билдирувчи сифат, иккинчи қисми олу-оли эса форс-тожик тилларида меваларни атовчи умумномдир.

Шафт сўзи ҳам тарихий тараққиёт босқичларида турлича товуш ўзгаришларига учраб, ҳозирги форс, тожик тилларида сафед-сафид формаларида қўлланади. У қадимги эрон тилидаги spita, spaita – оқ, оқлиқ, оқ ранг сўзидир.

Олу-оли эса қўшма сўз таркибида келганида кўпгина тилларда турлича формаларда келади. Мева тури орқали мева номини атовчи бу сўз дастлаб икки мустақил сўздан иборат бўлиб, даврлар ўтиши билан қисмлар орасидаги грамматик муносабат кучсизлана бориб, натижада сўз-ўзаклар бирлашган.

Шафтолу сўзи охиридаги лабланган у унли товушининг лабланмаган и га ўтиши ҳозирги ўзбек тилининг ўзига хос ички фонетик хусусиятидир.

Шафтоли сўзи форс-тожик тили воситасида эски ўзбек тилига ўтиб ўзлашган. Бир тилдан иккинчи қардош бўлмаган тилга ўтиб ўзлашган сўз, кўпинча, шу ўзлашган тилнинг ички фонетик конуниятларига мослашади.

Шафтолу сўзи XV асрларгача яратилган туркий бадиий, илмий асарларда учрамай, унинг ўрнига умумном ўрик билан номланган.

Аммо баъзи тадқиқотчилар шафтоли сўзининг биринчи қисмида шефт-шифт – қаттиқ маъноси бор деб тахмин қиладилар.

 

Баҳром Бавоефнинг “Кўҳна сўзлар тарихи” (Тошкент, “ФАН” нашриёти,1991) китоби асосида тайёрланди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.