“Ўтарчи” – “вақтинча яшовчи”(ми?)

0
137
марта кўрилган.

Ўтарчи асли этнонимдир. Бу сўз уруғ номи бўлиб, кейинчалик шу уруғлар яшайдиган жой номи, яъни топонимларнинг бир шаклига (этнотопонимга) айланган. Ўтарчи уруғ номи сифатида ХIII-ХIX асарларгача Ўзбекистон аҳолиси орасида мавжуд бўлган 92 бовли ўзбек уруғ-қабилалари рўйхатидан ўрин олган. ХIX-ХХ асрларда ўтарчи уруғи 92 уруғ-қабилалар қатори ўзбек халқи таркибига сингиб кетган.

Бу уруғ номи Мулла Сайфиддин Ахсикандийнинг “Мажмуа ат-таворих” асарида қайд қилинган. Ушбу асарда ҳам “ўтарчи” этноними қадимий туркий тилда “вақтинча яшовчи” (кўчманчи) маъносини англатганлиги айтилган. Улар табобат билан шуғулланганлар, яъни ўт-ўланлар орасида тарқалган доривор ўсимликларни йиғувчи халқ табиблари бўлишган ва шу туфайли тоғу даштларда вақтинча яшаб келганлар.

Н. Ханиковнинг “Бухоро хонлигининг тавсифи” номли китобида ўтарчи уруғи 32-ўринда қайд этилган.

Таниқли олим Суюн Қораевнинг “Ўзбекистон вилоятлари топонимлари” номли китобида ўтарчи уруғи ҳақида махсус маълумот берилган. Олимнинг ёзишича, ўтарчи уруғи қипчоқ-ўзбеклари таркибида бўлган. Аниқроғи, даставвал Даштиқипчоқ ўзбеклари таркибида бўлган ўтарчи уруғи XV-XVI асрларда Мовароуннаҳрга келиб, Фарғона водийси, Зарафшон воҳасида тарқоқ ҳолда яшаган. Ўтарчи – “вақтинча яшовчи” (кўчманчи) маъносини англатган. Ўтарчи ҳақидаги ушбу изоҳдан ҳам маълумки, улар ўз касблари талабига кўра, аввал кўчиб юришган ва кейинчалик ўтроқ ҳолда ҳам яшаб қолишган. Вақт ўтиши билан ўтарчи уруғлари ўзбек халқи ёки миллати таркибига сингиб кетгач, улар номи яшаб келган ҳудудлардагина топоним сифатида сақланиб қолган. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида “ўтарчи” номини олган топонимлар ҳозир ҳам мавжуд. Чунончи, ҳозирги вақтда Каттақўрғон, Иштихон, Оқдарё, Нуробод туманлари ва бошқа ҳудудларда ҳам ўтарчи уруғининг номи билан аталган қишлоқлар бор.

 

Усмон САНАҚУЛОВ,

филология фанлари доктори

 

zarnews.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.