Инсон ва одам

0
1250
марта кўрилган.

Баъзи маънодош сўзларнинг жуда нозик маъно фарқлари бор. Бирининг ўрнида бошқасини қўллаш тўғри эмас. Бу қоида инсон, одам, киши, шахс, кимса сўзларига ҳам тегишли. Ушбу мақолачада асосий эътиборни инсон сўзига қаратамиз.

Бу маънодошлардан кимса сўзи салбий маънода қўлланиши мумкин. “Изоҳли луғат”да берилган мисолларда ижобий-нейтрал маънода ишлатилган. Инсон сўзида бошқа маънодошларига нисбатан улуғворлик, юксаклик бор. Аммо уни ҳам салбий маънода қўллаш мумкин: “Хў, инсон, бу нима номаъқулчилик, тилсиз жониворда нима қасдингиз бор?!”

Инсон сўзи ўрнида кўп ҳолларда одам сўзини ишлатиш мумин. Лекин киши, шахс, кимса сўзларининг ўз хос ўринлари бор (Дейлик, шахс жамият билан боғлиқ ҳолларда, кишининг ўзлигини намоён этиши каби вазиятларда қўлланади). Масалан:

  1. Инсон зоти (одамзот) қадам қўймаган оролча топилди.
  2. Ҳар бир инсон (одам, киши) таълим-тарбияга жиддий эътибор қаратиши керак. (Бу ўринда инсон ёки одамдан кўра киши сўзини ишлатган маъқул. Аммо инсон ва одам сўзини ишлатиш ҳам хато эмас.)
  3. Инсон – азиз, инсон – мукаррам. (Бу ўринда ҳатто одам сўзини ишлатиш ҳам унчалик тўғри эмас. Бошқа синонимларни эса мутлақо ишлатиб бўлмайди.)

 

Инсон сўзини қўллаш хато бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан:

  1. Алп Эр Тўнга – тарихий шахс. (Бу ўринда маънодошлардан фақат шахс сўзини ишлатиш мумкин.)
  2. Эр киши аёлига юмшоқ муомала қилиши керак. (Бу ўринда бошқа синонимларни қўллаб бўлмайди.)
  3. Фақат жиғилдонини ўйлайдиган кимсалар дарахтларни кесиб, пуллаб юборди. (Бу ўринда кимса сўзини қўллаш энг тўғрисидир.)

 

Энди ҳозир муомалада йўл қўйилаётган хатоларга эътибор қаратамиз:

  1. Айни дамда бир инсонимиз қўнғироқ қилиб, бизга боғландилар.

Бу гапни “Ҳозир бир мухлисимиз (тингловчимиз, томошабинларимиздан бири) қўнғироқ қилиб, бизга боғландилар”, деб ишлатиш тўғри бўлади.

Шу ифоданинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Масалан, “Бир инсонимиз келдилар”, “Тежамкорликнинг аҳамиятини тўғри англаган инсонларимиз исрофдан тийиладилар”. Биринчи мисолда бир сўзини ҳам олиб ташлаб, меҳмонимиз, биз кутган киши, иккинчи мисолда эса кишилар ёки сўзни тўла қисқартириб тўғри англаганлар дейиш мумкин.

Изоҳ: инсон ҳеч кимники бўлмайди. Шундай экан, инсоним, инсонинг, инсони, инсонимиз, инсонингиз, инсонлари дейиш хато. Қадрдли инсоним деб ёзиш ўрнига қадрдоним ёки азизам дейиш тўғри ва мантиқли.

  1. Тадбирга жуда кўп инсонлар келди. Бу жумлада энг мос сўз кишидир. -лар қўшимчаси ҳам ортиқча, чунки кўп сўзида кўплик маъноси ифодалаб бўлинган. Ёки одам сўзини ҳам ишлатиш мумкин.

Энди шу жумланинг сал ўзгарган шаклига эътибор қаратамиз: Тадбирга жуда кўп таниқли инсонлар келди. Бу ўринда ҳам энг тўғри танлов киши сўзидир: Тадбирга жуда кўп таниқли кишилар келди.

 

Ориф Толиб

 

oriftolib.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.