Илк ва ўрта асрлар туркий тилдаги расмий васиқалар

0
1638
марта кўрилган.

Ўзбек тили расмий услубининг илдизлари узоқ ўтмишга эга. Бу теран илдизлар туркий давлатчилик тарихи билан узвий боғлиқ; ҳужжатчилик иши – давлатчилик тарихи билан изма-из юради. Ҳар бир давлат ўз ҳудудида иш юритиш қоғозлари ҳамда бошқарув ишлари, қолаверса, ёндош эллар билан қўшничилик алоқаларини ўз тилида бўлишини истайди. Айни ҳолат, давлатнинг ўзлигини намоён этувчи муҳим белгилардан бири саналади. Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳам ҳужжатчилик ишларининг кўпроқ она тилида олиб борилганлигининг сабаби ҳам ана шунда. Ушбу сиёсий, тарихий ва лингвистик жараёнлар туркий ҳужжатлар услубининг тўла-тўкис, мукаммал бир қолипда шакллануви, туркий расмий ёзмалари услубнинг равнақига кенг йўл очиб берган.

Аждодларимиз ўзаро ҳуқуқий муносабатларини қайд этишга алоҳида эътибор берганлар. Шу боис, ўтмиш ёзма меросимизнинг анчайин катта қисмини расмий матнлар ташкил этади.

Илк ва ўрта асрлардан бизга қадар етиб келган расмий матнлар, аждодларимизнинг иш юритувчилик соҳасидаги ёзма нутқ маданияти ҳамда расмий доираларда қўлланилган адабий меъёр ва уларнинг ҳуқуқий онгини кўрсатувчи энг ишончли далиллардир.

Расмий матн услуби йўналишида тадқиқот олиб бориш, аввало, унинг лексикасига эътибор қаратишни таққозо этади. Аёнки, сўз матн англашнинг ўзагидир.

Сўзга услуб жиҳатдан ёндашув фикрни аниқ ифодалашга кўмак берувчи сўз танлаш заруриятини пайдо этади. Муаллиф томонидан сўзнинг тўғри танлангани фақат услуб аломатлари бўлиб қолмай, матннинг ахборот ташиш қимматини ошириб, мазмун таъсирини кучайтиради. Сўзни ўринсиз танлаш эса, фикрни англатишда қийинчилик келтириб чиқариш баробарида, мантиқий хатоликларга ҳам сабаб бўлади. Бу масалада аждодларимиз томонидан расмий матнларда сўз қатъий ўз англамида ишлатилганини кўрамиз. Агар матндаги сўзни ўзгартиришга ҳаракат қилинса, матн ташиган маъно бутунлай ўзгаргандай таассурот қолдиради.

Расмий матнда сўз танлашда катта аҳамият берилган. Давлат институтлари – девонга тегишли иш ёзмалари билан шуғулланувчи масъул ходимлар “алимға”, “ёзғучи” ва “битигчи” деб аталган. Уларнинг машаққатли меҳнатидан дарак берувчи айрим матнларни кўздан кечирганда, ҳужжат тузувчилар матн битиш жараёнида ҳар бир сўзни ўрнида, керакли қуршовда ишлатилишига катта эътибор қилишганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, бизга қадар етиб келган тегишли васиқаларнинг айримлари ҳужжат тузиш ишини ўрганаётган ўқувчиларнинг битикларидир. Улар диққат билан кўздан кечирилса, ҳужжат матнида кўп қайтарилувчи бўлимлар, канцеляризм, қолипли бирликлар, формулярларни машқ қилинганини, айрим сўз ва бирликлар ўчириб ташланганини кўриш мумкин.

Чунончи, айни кезда, Берлин фанлар академиясининг фондида U белгиси остида ўн мингга яқин туркийда битилган матнлар сақланади. Ана шу матнларнинг аксариятини ҳуқуқий ёзмалар ташкил этади. Айни фонддаги U 5534 рақам остида сақланаётган ёзмада васиқаларнинг бошланмасидан ўрин олувчи киши отлари ёзилиши керак бўлган қатор ўчириб ташланган.

Шунингдек, кишилар ўртасидаги олди-берди муносабатларни қайд этиш мақсадида тузилган ҳужжатларнинг мазмуни ва улардаги сўз танлаш меъёрига ҳужжат битган киши ҳамда ҳуқуқий муносабатни амалга ошираётган томонлар, унга гувоҳ сифатида қатнашган шахслар масъул бўлган. Одатда, ҳужжатда амалга оширилаётган олди-берди муносабатига ҳуқуқий тус бериш учун икки киши гувоҳ сифатида қатнашган. Бироқ, алоҳида ҳолатларда тўрт кишигача холис сифатида иштирок этиши мумкин ҳисобланади. Шу боис, ҳужжат тугалланмасида уни битган кишининг оти, гувоҳлар номи, ёзма расмий томонлардан кимнинг сўзи билан ёзилгани ва неча қайта томонларга ўқиб берилгани қайд этилган банд мавжуд бўлади. Шу ўринда, ер олди-сотдисига бағишланган U 5239 сонли васиқанинг тугалланмасига эътибор қаратсак:

Бу нишон мен Тўлак Темурнинг-ул.

Бу нишон мен Буян Темурнинг-ул.

Бу нишон мен тануқ Карайнинг-ул.

Бу нишон мен тануқ Темур Буқанинг-ул.

Бу битигни мен Буян Темур ўз илигин битийу тегинтим.

Бу белги мен Тўлак Темурнингдир.

Бу белги мен Буян Темурнингдир.

Бу белги мен, гувоҳ Карайнингдир.

Бу белги мен, гувоҳ Темур Буқанингдир.

Бу ҳужжатни мен Буян Темур ўз қўлим билан ёздим.

Бу сингари тугалланма барча васиқаларнинг ажралмас компоненти сифатида доимо мавжуд бўлган.

Баъзи фуқароларга тегишли ҳужжатларда айрим сўзлар ўчирилиб, ўрнига бошқаси ёзилган, таҳрир қилинган, тузатилган расмий матнлар ҳам учрайди. Масалан, U 5260 рақамли ҳужжат қарзга шароб олингани тўғрисидадир. Ана шу ёзманинг учинчи қаторида қарзга олинган шаробнинг миқдори ярим бўр ҳажмида кўрсатилган бирикма мавжуд бўлиб, устида яна ҳам аниқ бўлишини таъминлаш мақсадида қап ҳисоб сўзи киритилган ва ярим қап бўр кўринишига келтирилиб таҳрир этилган:

Ана шу тузатишдан сўнг шаробнинг миқдори аниқлашиб, Турин Бақшидин ярим қап бўр кўринишига келган. Ёки U 3907 сонли васиқада жумла таҳрир қилингандан сўнг унинг устига тамға босилган:

Буни ҳужжат битилаётган вақтнинг ўзида тузатиш киритилганига ишора сифатида қабул қилиш мумкин.

Бизнингча, бу хил ҳужжатларнинг борлиги матн якунлангандан сўнг томонларга ўқиб бериш жараёнида, айрим сўз ва жумлалар томонларнинг эътирозига сабаб бўлганини кўрсатади. Ана шу сўз ва жумлалар ўчирилиб бошқаси билан алмаштирилган бўлиши мумкин. Шундан сўнг ҳужжат имзоланиб, тасдиқланган ва олди-берди муносабатига ҳуқуқий тус берилган. Фуқароларга тегишли ҳужжатлар билан боғлиқ ушбу далиллар аждодларимиз расмий ёзмалари таҳрири билан ўзлари шуғулланганини, ўша кезларда расмий ёзишмаларнинг муайян меъёри яхши шакллангани, расмий ёзмалар услуби жамиятга ўрнашгани, кишиларнинг аксари фақат ўқиш ва ёзиш саводидан ташқари, расмий ёзишмалар тузиш лаёқатини, яъни, ҳуқуқий саводхонликни ҳам ўзлаштирганини кўрсатмоқда. Буларнинг бари ўша кезларда ҳужжат битиш қонун-қоидаларидан сабоқ беруви муайян мактаблар фаолият олиб борган бўлиши мумкин, деган мулоҳазага асос бўлади.

Шу ўринда, аждодларимизнинг ҳуқуқий тафаккури тўғрисида немис шарқшуноси Ле Кокнинг фикрини келтириш ўринли бўлади. У ёзади: “Расмий ёзмаларнинг салмоқли бўлагида олди-берди муносабатига киришаётган кишилардан бири шахсан, ўз қўли билан ҳужжатни тузганлиги очиқ кўрсатилган. Ҳужжатларнинг тузиш жараёнини бирор-бир ҳуқуқшунос ёки нотариус назорат қилгани расмий матннинг ҳеч қаерда қайд этилмайди. Бундан келиб чиқадиган муҳим хулоса шуки, ҳужжат тузишнинг йўл-йўриқлари ва унда қўлланилувчи ҳуқуқий формулярлар жамиятнинг барча қатлами кишилари томонидан ўзлаштирилган кўринади. Туркий ҳужжатларнинг битилган вақти Европадаги салб юришларидан олдинги ва кейинги даврга тўғри келади. Ўша кезларда европалик олийнасаб феодаллардан қанчаси бунинг сингари расмий ёзмаларни рисоладагидек туза олиш лаёқатига эга бўлган. Шундай қилиб, айни туркийлар, ўша чоғларда ҳуқуқий саводхонлик жиҳатидан устун экани ҳаммага аён бўлмоқда”.

Илк ўрта асрларнинг расмий ёзмалари нашри билан боғлиқ ўта муҳим масала хусусида бир оғиз сўз. Тарихимизда кечган давлатларнинг бошқарув тизими, қонунчилиги, ижтимоий-иқтисодий, хўжалик ва сиёсий ҳаётидан сўзловчи нодир ҳужжатларнинг катта қисми ўтган асрнинг биринчи чорагида нашр этилган. Эндиликда, қадимги расмий матнларни тадқиқ этиш соҳасида тўпланган тажрибаларни қўллаган ҳолда, қадимий ёзувларимизда битилган кўҳна расмий ёзмаларнинг барини мужассамлаштириб, бир тадқиқот доирасида жамлаб қайта чоп этишнинг вақти келди. Ана шундай йўналишдаги илмий иш – илк ва ўрта асрлардаги ўзбек давлатчилигининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тарихи, қўшни эллар билан дипломатик муносабатлар кечмиши, қонунчилик тизимининг шаклланиши, ўлкамизда божхона ва солиқ хизматларининг юзага келиш тарихини ўрганишда, шунингдек, аждодларимиз бунёд этган салтанатларда она тилимизнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда қимматли маълумотлар беради.

 

Қудратулла ОМОНОВ,

филология фанлари номзоди

 

“Шарқ юлдузи”, 2011–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.