Ибрат оламизми ё ўрнак?

0
146
марта кўрилган.

Кўпинча ибрат ва ўрнак сўзларини бир-бирининг ўрнида бемалол қўллаб кетаверамиз. Аслида, уларнинг нозик маъно фарқлари бор. Маълумот излаб, “Изоҳли луғат”га қарадим. Лекин унда ҳам маъно фарқланмаган. “Ибрат” сўзи араб тилидан олингани, аслиятда ўгит, панд-насиҳат; намуна, ўрнак маъноларига эгалиги таъкидланган. Аммо у араб тилида ҳам намуна ёки ўрнак маъносида қўлланилмайди. Бирор гуноҳ-маъсияти сабаб азоб ёки жазога учраган қавмлар ҳақида Қуръони карим оятларида “бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар (ёки белги-аломатлар) бор” деган мазмунда эслатмалар келади. Ўзбек тилида ҳам ибрат олиш асосан хулоса ясаш, фикр қилиб, тўғри тўхтамга келиш маъносида қўлланади. Ўрнак эса тўласича эргашиш керак бўлган, намунали кишилар, ҳолатларга нисбатан қўлланади. “Изоҳли луғат”да унга “Бошқалар эргашса, тақлид қилса арзийдиган иш ёки ҳаракат намунаси” дея таъриф берилган. Лекин ибратли кишилар ёки ишларга эргашиш, тақлид қилиш кўп ҳолларда хато.

“Изоҳли луғат”даги мисолдан фойдалана қолайлик. Унда “Қутлуғ қон”дан парча берилган экан. Парчани асарнинг ўзидан, кенгроқ шаклда олдим:

– Мен кўрдим театрни, – ҳовлиқиб, пихиллаб сўзга киришди пахтачи Жамолбой, – Абдишукур қизиқтирган эди, борсам борай, дедим… Сиз уни мактаб дейсиз, Абдишукур, қандай қилиб мактаб бўлади у? Домла қани, шогирд қани? Мен борганимда бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетганини кўрсатишди, холос.

– Мактаб эмас, ибрат денг, – кимдир изоҳ берди.

Ойбек домла сўзни жуда ўрнида қўллаганини шу мисол кўрсатиб турибди. “Бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетгани” ўрнак эмас, ибратдир. Чунки бировнинг хатоси ёки айбидан намуна олинмайди, кўриб, эшитиб, хулоса қилинади, бир тўхтам ёки қарорга келинади.

Яхши ишлардан ҳам ибрат олиниши мумкин. Шу ишни қилиш ёки унинг зиддини қилмаслик ибратдир. Лекин намуна бўладиган ҳолатларда ё тўла ижобий маъно кўзланганда ибрат сўзини қўлламаслик керак. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапирганда ибрат сўзини ишлатиш мутлақо ўринсиз. Чунки у киши бутун инсониятга ўрнак, намунадирлар.

Баъзи мумтоз адибларимиз ўзларига ўта камтар тахаллуслар танлаганлар. Фоний (ўткинчи), Гадоий, Мужрим (гуноҳкор) Обид, Қул Убайдий каби. Улар қаторига Исҳоқхон Ибратни ҳам қўшиш мумкин. Кўп тил билишда ҳозирги кун кишиларига ҳам ўрнак бўла оладиган Исҳоқхон тўра ўзига бежиз Ибрат тахаллусини олмаган. Агар бу сўз ўрнак маъносида бўлса, адиб мақтанчоқ, манманга айланиб қолади. Аксинча, тахаллусдан “Менинг ҳолимни кўриб, ибратланинглар” деган маънони уқиш мумкин. Бу шахсиятига бино қўймаган, чинакам камтар мутафаккирнинг танловидир.

Демак, қай ўринда ўрнак олиш, қай ўринда ибратланишни билиш ҳам ўта муҳим. Бу уқув одамнинг сўзини, ҳатто ўзини ҳам ўзгартириб юборади.

 

Ориф Толиб

 

oriftolib.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.