“Яна борми?” “Кимлар?!”

0
97
марта кўрилган.

Гоҳида теварак атрофга назар солиб, инсофу диёнат, меҳру мурувват, саховат камайиб кетаётганига бевосита гувоҳ бўласан. Ёрдам бериш қўлидан келсада, ўзини билмаганга солиш, ўзини ниқоблаб дўст қилиб кўрсатишу, зимдан пайт пойлаб чоҳ қазувчилар кўпайганига ҳам шоҳид бўлаяпмиз. Айниқса ўзини зиёли сановчи кишилар орасида бунақанги ҳолатлар учраб туриши ғоят афсусланарлидир. Шуларни кўриб, кузатиб “наҳотки инсофу диёнатли зиёли замондошларимиз ҳам камайиб кетаяпти?” деб ўйга толишга мажбурсан. Шукрки, марҳум профессорлар Ғайбулла ас-Салом (1932–2003) ва Бегали Қосимов(1942–2004)лар билан боғлиқ ҳаётий воқеаларни эшитиб яқин даврда ҳам шу каби саховатли, ҳалолликни ҳаётий мезон қилиб олган замондошларимиз яшаганига шукр қиламиз. Дастлаб улар билан боғлиқ воқеаларга назар солсак.

Таниқли ижодкор Шерали Сокин бир суҳбатида профессор Ғайбулла ас-Саломнинг инсоний фазилатларидан сўз очиб у кишини шундай хотирлагандилар:

–… Ўша кезлари, гапнинг очиғи, моддий жиҳатдан қийналиб юргандим. Дўстим, шоир Рауф Парфи маслаҳат берди:

– Яхшиси, устоз Ғайбулла ас-Саломдан қарз сўрагин. Қулай йўли – шу. Юрасанми қийналиб?

“Қалай бўларкин?” дея андак тараддудланиб охири юрак ютганча Устоздан қарз сўрадим. Ул зоти шариф ўнг қўлидаги ҳассасини чап қўлига олиб ҳамёнидаги ҳамма пулларни санамасдан-нетмасдан каминага узатарканлар, меҳрибонлик билан дедилар:

– Тушунаман, мирзам. Сизга ҳозир жуда қийин. Оғир операцияни бошдан кечиришнинг ўзи бўлмайди. Жўжабирдай жонсиз. Устига устак, Иво Андричнинг “Дрина кўприги” романини таржима қилдингиз. Таржима ўта машаққатталаб юмуш: кишини жувоздан чиққан отдай қилиб қўяди. Ҳа, модомики шундай экан, бу пулларни ишлатинг. Бадавлат бўлиб кетганингизда қайтарарсиз.

Иттифоқо, ўша куни биродарим Олимжон Ҳакимов ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб қолди:

– Негадир Ғайбулла ас-Салом домла бугун “Шарқ” концерни ошхонасидаги таниш ошпаздан насияга таом олиб тушлик қилдилар…

Мен мулзам бўлиб қолдим.

Фарғона вилояти Бешариқ туманилик Ҳанифа Суярқулов эса ижодкорлар орасида “сўнгги жадид” номини олган Бегали Қосимов билан боғлиқ ибратли бир воқеани шундай сўзлайдилар:

– Ўғлимни институтга имтиҳон топшириш учун Тошкентга олиб бордим. Тошкентга кам борганмиз, шаҳарни билмаймиз. Бир узоқ қариндошимизни қора қилиб, 2-3 кун яшашга жой топиб берар деган умидда уйини топиб бордик. Албатта, бизнинг ташрифимиз уларга ёқмади. Суҳбатлашиб ўтирганимизда уйнинг бекаси: “Ўғлинг мунча ювош, устига камгап, уятчан экан. Шу туриши бўлса институтга киролмайди, “х” вариант сотиб олгин”, деди масхараомуз оҳангда. Устимдан совуқ сув қуйгандек бўлиб кетдим. Ўғлимни билмайман, лекин менинг юрагим эзилиб, кўзёшимни аранг тўхтатдим.

Кечки пайт ўғлимнинг ўртоқлари турадиган жойни дараклаб топдик, бир амаллаб тонг орттирдик. Эртаси куни бир қариндош талаба йигит келиб, бизни Бегали Қосимов уйига таклиф қилаётганини айтди. Ўз қариндошимиздан илтифот кўрмаганимиз учун у кишиникига боришга истиҳола қилдик, тўғриси қўрқдик. Лекин у йигит домла тайинлаганини айтиб, бизни олиб кетди. Кўчада қолганимизни болалардан эшитиб, уйига чақирган экан.

Биз ийманиб, зўрға дарвозадан кириб борганимизда, ҳовлидаги сўрида ўтирган эр-хотин шошилиб ўринларидан туриб, пешвоз чиқишди. Юрагимга кеча ўрнашган дард бу меҳрдан эриб, кўзёшларим билан оқиб тушиб, жисмимни тарк этгандек бўлди. Мен ўзга бир оламга, сув ўрнига меҳр тўлдирилган денгизга тушиб қолгандек эдим.

Бизни Бегали аканинг иш хонаси ёнидаги меҳмонлар кутиладиган хонага жойлаштиришди.

Эртаси куни Матлуба опа домланинг хонасини кўрсатди. Хонада минглаб китоблар, гўё бу инсон умри давомида топган-тутганларининг ҳаммасига китоб сотиб олгандай туюлди менга.

Биз бу ерда уч кун турган бўлсак, домланинг қачон уйқуга ётгани-қачон турганини билолмадим. Фақат тинмай ишлаб ўтирганини кўрдим. Энди ўйласам, бу ҳазрати инсон саломатлиги ёмонлашганига қарамай, умри тугаб қолмасдан ишларини охирига етказишга шошилган экан.

Домла нонуштани ҳам, тушки, кечки овқатни ҳам биз билан бирга қилиб, бир оз суҳбатлашарди. Ўта камтар бу инсон билим қайнаб чиқаётган бир булоққа ўхшарди. Ўғлим иқтисодчи бўлмоқчилигини эшитиб, фаннинг турли соҳаларидан саволлар бериб, маслаҳатлар берди. Имтиҳондан бир кун олдин у кишига миннатдочилик билдириб, институт яқинидан бирорта жой топмоқчи эканимизни айтганимда, бизга рухсат бермади. Ўғлимга бугун кечқурун яхшилаб дам олишни, имтиҳонга ортиқча нарса олиб кирмасликни, акс ҳолда вақтдан ютқазиб қўйиши мумкинлигини айтди. Эртаси эрталаб бизни Матлуба опа билан бирга ўз машинасида имтиҳон бўладиган жойга олиб бориб қўйди, ўғлимнинг кўнглини кўтариб: “Сиз албатта институтга кирасиз. Келажакда молия вазири бўласиз, яхши топшириб олишингиз учун омад тилайман”, деб ўғлимнинг қўлини қисди. Бу табаррук инсоннинг тилаклари ижобат бўлиб, ўғлим ўқишга кирди, ҳозир вазирликда фаолият юритмоқда.

Ҳа, Ҳанифа айтган воқеага ҳам 15 йилдан ортиқ йил бўлди. Бу орада 2004 йили Бегали ака ҳам афсуски вафот қилиб кетдилар. Бироқ ундан адабиётшунослик ва тарихга оид кўплаб тадқиқот асарлари, энг асосийси яхши ном ёдгор бўлиб қолди. Бегали ака ҳалолликни умрининг асосий мезони қилиб қаътий белгилаб олганидан ҳаттоки ўғлининг хорижга ўқишга кетишига ҳам аралашмаган эканлар.

Бу ҳақда ўғли Беҳзод Қосимов отасининг қаътиятлиги тўғрисидаги бир воқеани шундай хотирлайди:

– Хорижда ўқишга йўл очилган пайтлар эди. Ўқишни Америкада давом эттирмоқчи бўлдим. Ҳужжатлар тайёрладим, айрим синовлардан ўтдим. Сейтл университетига борадиган бўлдим. Энди ТошДУ ташқи алоқалар бўлимининг рухсатини олиш керак экан. Дадам ўшанда университетда проректор эди. Менга: Любов Максимовна (ташқи алоқалар бўлими бошлиғи)га ўзинг киргин. Мақсадингни тушунтир, лекин менинг ўғлим эканингни айтма, деди. Кирдим, тушунтирдим. Рад жавобини олдим. Ўшанда дадам аралашганларида Америкага кетар эканман. Шундай қилиб хорижда ўқиш орзуси орзулигича қолиб кетди.

Ҳа, Ғайбулла ва Бегали акалар афсуски бугун орамизда йўқ… Хўш, улар каби саховатли, ҳалолликни умр безаги деб билган яна қанча зиёлимиз бор бугун орамизда? Агар бўлса ўзини атайин инсофли қилиб кўрсатишга уринмай, тўқима воқеани келтирмай юқоридаги каби мисолларни аниқ келтираоладими? Балки бордир… Хўш, қани улар?!

 

Умид БЕКМУҲАММАД

 

kh-davron.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.