Хотира – юрак армони

0
214
марта кўрилган.

Инсонни қадрлаш, меҳр-мурувват кўрсатиш, ўтганларни эслаш, ёд этиш одамийликнинг энг гўзал фазалатларидан биридир. Токи, бу улуғ туйғу барҳаёт экан, инсоният ҳаёти бардавомдир. Хотира – юрак армони, хайрли ҳамда эзгу ишлар марҳамати. Бундай иборалар шоир Исмоил Тўхтамишев қаламига мансуб шеърларда кўп бора қайд этилган. Мен хўрсиниш билан буни у ҳақда ёзаётган битикларимга ишлатаяпман.

Исмоил Тўхтамишев содда ва меҳнаткаш, сўзга меҳри ҳамда ихлоси баланд, элнинг корига ўзини мададкор айлаган Қашқадарёнинг муносиб фарзанди эди. Мен у киши билан Самарқанд давлат университетига ҳужжат топширган бир минг тўққиз юз олтмиш олтинчи йилдан танишман. Танишлигимиз беғубор, катта дўстликка айланганди. Кейинчалик у кўплаб китоблар муаллифига айланиб, таниқли шоир, жамоат арбоби бўлганида ҳам ўз самимиятини йўқотмади. Исмоил Тўхтамишев жуда одамохун, кўнгли бўш, нозик дидли одам эди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Исмоил Тўхтамишев раҳбарлик қилган вилоят бўлинмаси жойлашган иккинчи қаватдаги хонада (умуман олганда, қайси хонада умри давомида ишлаган бўлса, чиройли пахта гулли, ўртачароқ чойнак, дид билан тикилган ялтироқ чойнакпўши билан тўрт дона тоза янги пиёла) доим қайноқ чой тайёр турар эди (раҳматлининг қандли диабет касали бўлиб, кўп чой ичар эди.) Қачон қарамай, бир бориб қолсам, ниманидир ёзиш, ниманидир ўйлови билан банд бўлиб ўтирарди. Қорароқ буғдой нонми, яхши навли пишлоқми, айниқса, чилонжийдани унга илиниб олиб борсам хурсанд бўлар, эътибордан кўнгли кўтарилиб кетар эди. У ёш боладек кўнгил одами эди.

Мен ва менинг оилам учун жуда қадрли инсонлар бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тожиддин Муродов ва унинг укаси хонанда Пўлатжонларнинг вафоти барча санъат мухлисларини чуқур ларзага солди. Мен Пўлатжон вафот этган кун эрталаб таъзияга Жейновга жўнаш олдидан Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлинмасига кирдим, шоир газета титкилаб ўтирган экан. Мен йиғлаб юборсам, шошиб қолди. “Пўлатжондан айрилиб қолдик”, – дея олдим, холос. Қип-қизариб, жуда мазаси қочиб қолди, кўзидан селдек ёш оқди. Мен пастда машина кутаётганини айтиб чиқиб кетдим. Орқаларингиздан беш-ўн киши бўлиб борамиз, деб қолди. Орадан тўрт-беш кун ўтгач, қўнғироқ қилиб уюшмага чақирди. Борсам, папирос чекиб, ғуссага ботиб ўтирибди, кўзлари қизариб кетган. Қўлимга қораланган қоғозни узатди. Қоғоз: “Бу гулшан саҳнида” китобига киритилган “Орзулари юксак эди” мақоласи ва “Нима бўлди сенга, Пўлат?” деган марсияси эди. Қарши педагогика коллежида дарс бериб юрган кезларим, ўқув даргоҳимизда чиройли тадбирлар ўтказилар эди. Уларнинг пухта режа асосида яхши ўтишига олим, билимдон раҳбаримиз Рустам Ражабов бевосита раҳбарлик қилар ва режани тузиш ҳамда амалга ошириш ишларида Исмоил Тўхтамишевнинг зукко шогирдлари: шоира, “Шуҳрат” медали соҳибаси Нилуфар Умарова, тил ва адабиёт фани ўқитувчилари Ораста Тошева, Умида Абдуллаевалар жонбозлик кўрсатишар эди. Тадбирларда Исмоил Тўхтамишев шеърларидан, маслаҳатларидан қизларимиз унумли фойдаланишарди. Умуман, шоир бизнинг коллежимиз тадбирларига ўзгача бир эътибор билан қарар, мунтазам келиб қатнашарди. Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят театрида ўтказилган республика миқёсидаги “Темурий баҳодирлар” деб номланган кўрик-танловга режиссёр Исоқ Тўраев билан келиб сидқидилдан ёрдам берган эди. Бу тантаналарга Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар, республика газеталарининг бош муҳаррирлари қатнашиб, юқори баҳо беришганди. Айниқса, кўрик-танлов якунида бахмал матода Ўзбекистон мадҳияси ва байроғини темурий баҳодирлар кўтариб чиқиши кутилмаган ҳодиса бўлиб, ҳаммани лол қолдирганди. Бу кўрик-танловнинг муваффақиятли чиқишида Исмоил Тўхтамишевнинг катта ҳиссаси бор. Мусобақага тайёрланишда ўзини ҳам, вақтини ҳам аямади. Юқори савияда ўтган бу тадбир ҳужжатли фильм тасвирига туширилди. Тадбирдан сўнг, миннатдорлик билдириш учун шоир ҳузурига бордим. Не кўз билан кўрайки, шоирнинг олдида бир боғлам газета тахлами. Устида турган газета бети ҳўл, ўзи эса руҳан эзилиб бир аҳволда ўтирибди. Чой қайнаб ётибди, тушлик ҳам ўтиб кетган. Мени кўриб бошини оғир кўтарди. “Яна бир қадрдон дўстимдан айрилибман” деди эзилиб, газетага ишора қиларкан.

Исмоил Тўхтамишев онасига жуда меҳрибон ва жуда суяниб қолган эди. Онасининг вафотидан сўнг, онаизори хотирасига бағишлаб кўп шеърлар ёзди:

 

Онамсиз ҳам ўтди олти ой,

Хаёлимда дунё торайди.

Ҳаёт қайта очмади чирой,

Пештоқлари нурсиз, қорайди.

 

Сиз бор учун ғамим йўқ эди,

Ҳаётимдан кўнглим тўқ эди.

Дилни ёққан оташ, чўғ эди,

Дунё сизсиз мунғайган, Она!..

 

Исмоил Тўхтамишев одамлардаги самимийлик, ростгўйлик ва эзгуликни жуда қадрларди. “Ростгўй одамнинг юзидан нур ёғилиб туради”, дерди. Ва, ўзида шу инсоний фазилатлар мужассам эди. Ёлғонни, ғийбатни эплолмасди. Бир куни мендан бир муҳим ҳужжатни тахтлаб, келтириб беришни илтимос этиб, қўнғироқ қилди. Бу ҳужжат ҳисобхона билан боғлиқ бўлгани учун мен уйга бориб паспортимни олиб келгунча ҳужжат бироз кечикди. Уюшмада ҳужжатни кутиб, сиқилиб (ҳузурида адиба Шарофат Ашурова бор экан) ўзича мени койиб, диққат бўлиб турган экан, лоп этиб мен кириб келдим. Шоир бирдан қип-қизариб, ўзича стол тортмасидан бир боғлам қоғоз олиб титкилайверди. Шарофат Ашурова эса менга қараб, кўзини катта очиб пирпиратаяпти. Индамай ҳужжатни топширдим, ҳар доимгидек тайёр турадиган чойдан сузиб ичдим ва “Шарофат кетмаймизми?” десам, “Кетамиз!” деди.

Хайрлашиб йўлга чиқдик. Йўлда Шарофат Ашуровага тўғрисини айт, мен ҳақимда гапираётган эдими, десам, у кулиб ким ҳақида гапирилаётганини ҳам билмай қолдим. Кирсам шоирнинг жаҳли чиқиб турган экан, нуқул: “Бу кампир мени асабимни ўйнайди”, дейди. “Қайси кампир”, деб сўраб турганимда, сиз кирдингиз… Менинг эса кекчироқ одатим бор, бировни дарров кечира олмайман. Ўчимни оламан, деб, дилимга тугиб қўйдим. Уч-тўрт кундан сўнг, бир неча ижодкорлар тўпланишиб, қайсидир тадбирга гурунглашиб кетаётган эдик.

Истироҳат боғининг йўлагида иккита лўли хотин: “Бизларга хайр қилинг”, деди. Ўшанда энди янги минг сўмлик чиққан эди. Мен дарҳол сумкамдан пул чиқариб узатдим-да, мени ва манави “чол”ни дуо қилинг, дедим. Лўли ҳайрон бўлиб бизга қаради-да, илоҳим, шу акажонимни умри узоқ бўлсин, мартабалари янада баланд бўлсин. Сиз ҳам ёнгиналарида соғ-омон юринг, деб дуо қилди. Ўшанда шоир оппоқ кўйлак, яп-янги, кўк костюм-шимда башанг кийиниб, сочларини тараб олиб, шахдам қадамлар билан кетаётган эди. Менга қараб “Ўчингни олдинг-а!” деди беғаразгина кулиб.

Қарши туманининг Араловул қишлоғида таваллуд топган Исмоил Тўхтамишев қалбига шеър ёзиш ишқи тушган талабалик йилларидан бошлаб бетиним қалам тебратди. Унинг “Чўл бойчечаги”, “Жоним Муҳаббат”, “Онам тилаклари”, “Ўчмас хотиралар”, “Сийпантош”, икки томлик “Сайланма” китоблари, етмишдан ортиқ вилоятимиз санъаткорлари ҳақидаги мақолаларини жамлаган икки жилдлик “Бу гулшан саҳнида” тўпламлари нашр этилган. Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тадбирини нишонлаш арафасида “Ерқўрғон” номли шеърий китобини “Ўқитувчи” нашриётида чоп эттирди. Байрам тантаналари сценарийсининг муаллифларидан бири бўлди.

Исмоил Тўхтамишев Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлинмаси раҳбари ҳамда ижодкор сифатида кўп ва хўб ишлар қилди. Бўлинмага раҳбар пайтида жуда кўп ёзувчи ва шоирларнинг таваллуд айёмларини ўтказишда бош-қош бўлди. Жамоадошларининг ҳурматини қадрлади, жойига қўйди. Ҳадиси шарифда айтилишича, кимки ўзидан кейин солиҳ шогирдлар, яхши обид фарзандлар ва эл юрти учун ёзилган китоблар қолдирса, унинг иккинчи умри уларда давом этаркан.

Шу маънода Исмоил ака ёш ижодкорларга ҳар доим эътибор бериб келарди. Унинг ташаббуси билан ёшларнинг ижод намуналаридан тўпланган қатор баёзлар чоп этилган ва бу нарса ижод аҳлининг кўнглини кўтарган. Дўстинг учун бир кунда бир соат яша деган гапга эътибор бермаганмиз, деб, куйиниб қоламан, баъзан. Хулоса қилиб айтганда, Исмоил Тўхтамишевнинг ёзувидаги бир-биридан сара, бир-биридан яхши, ўқишли шеърлари, бадиалари ўйлайманки, дилларга ҳали узоқ йиллар завқ беради. “Маънавият сарчашмаси”, “Насафнинг ҳадис мактаби”, “Абадият йўли”, “Тўй”, “Маданият иймондан бошланади”, “Мунофиқлик манзаралари”, “Ихлос”, “Виждон тарозуси”, “Таъқиб”, “Топиб, дўст тутинаман”, “Аросат” сингари бадиалари маданият ва маънавиятга йўғрилган манбалардир.

Исмоил Тўхтамишевнинг “Сайланма”сини варақлар эканман, биринчи бетдан жой олган сурати, бир мақоласида айтилгандек, беозоргина жилмайиб туриб: “Яхшиликни асранг, одамлар!”, деяётгандек бўлади.

 

Бўритош НОСИРОВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2017–2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.