Тирик тоғлар

0
207
марта кўрилган.

Оқтов этагидаги қишлоқларда қиш қаттиқ келади. Қор кураб, қўлимиз толади. Тунги бўрон бола юрагимизга қўрқув солади. Шундай кунларда қишлоққа бўри оралайди, деб эшитганман. Миш-мишларга кўра, кимнингдир қўйини бўғизлаб кетибди, палончига ҳужум қилибди…

Уч қир наридаги қўшни қишлоқ мактабининг биринчи синфига қатнай бошлаганимда бўрилар ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Қорли кунларда улар мени пойлаб тургандек, овлоқда ҳамла қиладигандек гўё.

Отамдан бўрилар ҳақида сўрайман.

– Ҳозир тоғда бўри қолмаган. Бир-иккитаси бўлса ҳам қорни тўқ. Қишлоққа тушмайди, – дейди отам қўрқувимни сезиб. Жим ухлаб қоламан.

Биринчи соат ўқиш дарси. Унда Ватанимиз ҳақида гапириб беришимиз керак. У бизнинг қишлоғимиз, қир-адирлар, баҳорда тўлиб оқувчи сой, сўқмоқлари баланд чўққиларга элтувчи буюк тоғ…

– Бизнинг тоғда бўрилар борми? Бўрини кўрганмисиз? – сўрайман Сафар муаллимдан. Ҳамма жимланади. Синф совуқ, ёнимдаги дўстим қуруқ йўталиб, жундан тўқилган шарфининг ўрамини тўғрилайди.

– Анча йиллар бўлди, узоқдан кўрган эдим. Кейинги йилларда тоғдаги чўпонлар бўриларни отиб ташлади. Ҳозир уларни топиш амримаҳол.

Савол-жавоб анча давом этди.

– Тоғдан қўрқманг, – деди муаллим. – Бу тоғлар тирик. Улар бизни доим қўллаб-қувватлаб туради, ёмонликдан асрайди.

Энди кўнглим буткул хотиржам тортган эди. Шу-шу биринчи ўқитувчим Сафар муаллимга меҳримиз янада ортди…

Дунёда ҳамма илк устозини жуда ҳурмат қилади.

 

* * *

Адабиёт ўқитувчимизнинг бошига белбоғ ўраб, эгнида чопон билан ўт ташиётганини кўриб таажжубга тушганман.

“Муаллим ҳам шунақа иш қиладими?”, деган ўй кечган бола шууримда. Яна йиллар ўтиб, бизга сабоқ берган ўқитувчиларнинг далаларда ишлаётгани, ҳатто мардикорлик қилаётганига ҳам гувоҳ бўлдим.

Бир куни қишлоқда ўша адабиёт муаллими – Фармон ака билан учрашиб қолдик. Суҳбатимиз мактаб, таълим-тарбия, устоз ва ёшлар ҳақида қўр олди.

– Ўқитувчиларга ҳам осон бўлмаяпти, – деди устоз. – Маошимиз оила тебратишга етмайди. Маиший муаммоларга ўралашиб қолдик. Ахир ҳаёт фақат шеърий лаҳзалардан иборат эмас-ку. Кун кўриш ҳам керак.

Ўқитувчи аҳлига қийин дамлар бўлди. Кўпчилик эркак ўқитувчилар ўзини бошқа соҳага урди, савдогарлик қилди.

Али муаллим уйида дўкон очди. Ароқ, сигаретга қўшиб бензин ҳам сотди. Ўқувчилари келиб ундан нарса харид қила бошлади. Эҳтимол, дарсда ҳам бу муаллимдан бензин ҳиди анқиб тургандир…

 

* * *

Доим пўрим кийиниб юргувчи Абдураҳмон ака ҳозир нафақада. Мактабда узоқ йиллар математикадан дарс берди.

Яқинда, Мустақиллик байрамида домланинг уйига бордик. Дастурхон атрофида суҳбат бугунги ислоҳотлар ҳақида кечди.

– Президентга минг раҳмат-эй, – деди домла. – Халқ дардини тушунар экан. Нимаки қилса, қарор ва фармон чиқарса фақат халқ кўнглидагини топади. Биз-ку нафақадамиз, лекин ўқитувчиларнинг ойлигини ошириб, обрўсини тиклаётгани заб иш бўлди-да.

Даврада яқинда университетни битириб, мактабда иш бошлаган ёш ўқитувчи дўстимиз ҳам бор эди.

– Ҳозир ҳам мутахассис етишмайди. Айниқса, чет тиллари, жисмоний тарбия, информатика каби фанлардан ўқитувчи йўқ. Бу фанларни номутахассис ўқитувчилар ўтяпти, – деди ёш ўқитувчи. – Маошимиз ошганидан, бизга алоҳида эътибор қаратилаётганидан хурсандмиз. Эндиги вазифамиз қишлоқ мактабларини кадрлар билан таъминлаш. Бунинг учун оширилган маошимиз ҳали камлик қилади. Ўқитувчи кўнглини хотиржам қилиб ишлаши учун бугунги кунда камида 4-5 миллион сўм ойлик олиши керак.

Кўп фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳими, бугун ўқитувчиларимизда яна ўз касбига қизиқиш ортмоқда. Таълим бериш ва иқтидорли шогирд етиштириш иштиёқи кучайган.

 

* * *

Кўнгил доим болалик сари талпинади. Синфдошлар билан чопиб-чопиб ўйнаган, мусиқа дарсида футболни орзу қилган думбул чоғлар, ўқитувчиларимиз дилини оғритган дақиқалар соғинчи доим ҳамроҳимиз.

Ҳар сафар қайси бир устозимиз билан учрашсак, юрак қурғур улар меҳрига талпиниб кетади.

…Мактабимиз ўқитувчилари уйимизга тез-тез келиб турарди. Отамнинг ёнида ўтириб, уларнинг тонготар суҳбатларини кўп тинглаганман. Уларга дастёр эдим – чой, яна ул-бул нарсалар ташиб турардим.

Бир сафар суҳбат мавзуси ўқувчилар ҳақида бўлди. Бу ўқувчи жуда иқтидорли, унисининг ўқишга иштиёқи бору уйидаги муҳит имкон бермайди. Бирининг онаси келиб тўполон қилибди. Уй вазифасини бажармаганлиги, дарсда қизларга сўкингани учун ўқитувчиси бир тарсаки туширган экан.

Шунда Абдусаттор муаллимнинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди.

– Ҳар кимнинг кўнгил дарёси бор. У оқиб туриши керак. Абдуназарни нима учун урдим? Онаси нимага мактабга келди? Бу оила дарёлари қуриб боряпти. Уларга ёрдам керак. Мен шуни вазифам, деб билдим. Энди бошқа урмайман. Аммо жамиятнинг юксалиш тарафдори – биз-ку. Болаларимиз яхши ўқиса, деймиз-да…

Синфдошим Абдуназар билан учрашиб қолсак, доим шу тарсакини эслатамиз. Кулиб-кулиб ёдга оламиз. Дўстимизнинг келажак ҳаётида фаровонликка асос бўлган бу воқеа ҳаммамизга ҳам ўрнак бўлиб келмоқда. Унинг, бизнинг, барчамизнинг қалбимиздаги ҳаёт дарёси азиз устозларимиз сабоғи билан янада мазмунли оқмоқда.

 

Улуғбек АСРОРОВ

 

“Ижод олами”, 2018-5

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.