Шеърият шуъласи

0
260
марта кўрилган.

Ёш ижодкорларнинг “Шуъла” тўгараги ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёш адабиёт мухлислари орасидагина эмас, пойтахт адабий муҳитида ҳам алоҳида ўринга эга эди. Равшан Файз, Чори Аваз, Аъзам Ўктам, Замира Эгамбердиева, Зафар Комилов (тўгарак етакчиси), Фахриёр, Рауф Субҳон, Ҳол Муҳаммад Ҳасан, Ўктам Мирзаёр, Абдумажид Азим, Зулфия Мўминова, Меҳринисо Қурбонова, Муҳаббат Йўлдошева каби ўнлаб ижодкорлар ана шу тўгаракнинг ядросини ташкил қилганди. Тўгаракни эса саксонинчи йиллар авлодига мансуб шоира Мукаррама Муродова ўн йилга яқин бошқарди.

* * *

Мукаррама Муродова ўша пайтда Низомий номидаги педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетида дарс берарди. Шоирага ёш ижодкорларнинг республика миқёсидаги тўгарагига раҳбарилик қилиши ҳам осон, ҳам мурракаб эди. Осон томони, тўгаракни йўқ жойдан тузиш ва унга қатнашчиларни излаш кўпам мушкул масала эмасди. Негаки, ўша пайтда ёшлар, айниқса, талабалар орасида бадиий ижод билан шуғулланиш урфга кира бошлаганди.

Тўгаракка ном топишда Мукаррама опа туғишган опасидек бўлиб қолган устози Саида Зуннунованинг ижодига мурожаат қилиб, “Шуъла”ни танлаганди:

 

Олислардан келар бу дарё,

Шуъла ўйнар унинг юзида…

 

… Дарвоқе, Саида Зуннунова ҳамда Мукаррама опанинг қадрдонлиги ҳақида айтмасак бўлмас…

Бир сафар тўгарак машғулотига опамиз ўша даврда Шавкат Раҳмону Усмон Азимлар каби ўктам шеърлари билан ажралиб турган шоира Қутлибека Раҳимбоева билан кириб келди. Опанинг эгнидаги кўз олгудек ёрқин атлас кўйлакни кўриб, бугун қандай тантанали кун эканлигини сўрадик.

– Бугун менинг туғилган куним! – деди Мукаррама опа ва бизларни ҳайрон қолдирганча гапида давом этди. – Аслида бугун менинг эмас, бизларнинг, мана Қутлибеканинг ҳам мунис устози Саида опамнинг туғилган куни. Ўзи бўлганида-ку, меҳмонга чақирардик ёки ўзимиз кўплашиб уйига ўтиб келардик. Эгнимдаги марғилон атлас кўйлакни Саида опам совға қилган. Адашмасам, ўн йиллардан бери авайлаб, Саида опамнинг туғилган кунидагина кияман.

Бир куни водийга қандайдир тадбирга бориб, Тошкентга қайтиб келдик. Саида опам ўзларига совға сифатида берилган бир кийимлик марғилон хонаталасини елкамга ташларкан: “Энди рўзғорли келин бўлдингиз! Шуни аямасдан, тиззангиздан бир қарич тушириб, кенг-мўлгина тиктириб, мени эслаб кийиб юринг, майлими?! Менинг келинлигимда булар буюрмаган, поччангиз атлас оберишгаям ҳоллари бўлмай қочиб кетган”, – деганди. Саид Аҳмад домла янги куёвлигида “сталинча қатағон машинаси”га илиниб қолганча қамалиб, ёшгина келинчак Саида опам беш-олти йил қайнонасининг ёнидан кетмай домлани кутиб ўтирган. “Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай!” каби байтларни ўз ҳаётидан олиб ёзган.

Мен айни шундай ажойиб кунга Қутлибекани бежиз таклиф қилмадим. Саида опам мени шогирдликдан ҳам кўра юртдошлик меҳри билан синглим деган бўлса, Қутлибеканинг ижодини, одобини ҳурмат қилиб, ёнларига олганди.

Шу кеча биз Мукаррама опа ва Қутлибека Раҳимбоеванинг хотиралари орқали ажойиб шоира, ўзбек халқининг мунис фарзанди Саида Зуннуновани ўзимиз учун кашф қилдик (ўша пайтлари ҳали ўтган асрнинг ўттизинчи-эллигинчи йилларидаги қатағонлар ҳақида ошкора гапириладиган даврлар эмасди).

* * *

…“Шу кеча” деган сўзнинг тўгаракка тўғри маънода боғлиқлиги бор. Машғулотлар ҳафтанинг сешанба куни кечки соат олтига белгиланган бўлиб, ўқийдиганлару ишлайдиган қатнашчиларнинг асосий машғулотига халал бермаслик назарда тутилганди. Кечкида ўқийдиган талабалар эса шу кеча асосий ўқишидан жавоб олишарди. Табиат бағрига ёки бирор музейга сайрлар дам олиш кунларига белгиланиб, қатнашиш мажбурий эмас, ўн-ўн беш киши шуни хоҳласа бас, йўлга чиқилаверарди. Тўгаракнинг мақоми республика миқёсидалигининг сабаби, унда юртимизнинг турли тарафларидан Тошкентга ўқишга келган талабаларнинг иштирокидан ташқари, бошқа вилоятлардагилар вақти-вақти билан пойтахтга сафарларини сешанбага тўғрилаб, тўгарак машғулотида қатнашиб, бу вақт оралиғида ёзган машқлари ҳақида ҳисобот бериб кетишарди. Бундай қатнашчилар худди олий ўқув юртининг сиртқи бўлим талабалари мақомида эди. Тўгарак аъзоларининг бошқа вилоятларга тўй ёки учрашув сафарлари кўпинча ана шу “сиртқи”лар ташаббуси билан амалга ошарди.

Тўгарак машғулотининг бошланиш соати аниқ бўлса-да, тугаш пайти ҳар гал ҳар хил вақтга тўғри келарди. Машғулот бошланишида залда ўттизтача қатнашчи ўтирган бўлса, бирор соатдан сўнг йигирматача, яна бирор соатдан сўнг ўнтача киши қоларди. Иши зарурлар опага имо-ишора билан хайр-маъзур қилганча, залдан киши билмас чиқиб кетарди. Ҳар ойда албатта бирор таниқли адиб билан учрашув белгиланарди. Бундай кунлар, тўғрироғи, кечаларда залдаги ўриндиқлар камлик қилганидан бошқа хоналардаги курсилар ҳам шу залга ташиб келинар, жой етмаганлар учрашув охиригача эшик яқинида тикка турган ҳоллар бўларди. Ортиқча пайдо бўлганлар тўгарак аъзолари бўлишмаса-да, машҳур адиблар билан учрашиш имкони туғилгандан фойдаланиб қолишар, айримлари келгусида тўгарак иштирокчисига айланиб кетишарди. Учрашув ниҳояланганидан сўнг зал деярли бўшаб қолгач, тўгарак ўз машғулотини давом эттирар, кечки ўн бирларга бориб тарқалишга тушардик. Бу пайтда кўчалар санжоблашиб, жамоат транспорти аҳён-аҳёнда қатнарди. Опа йўл-йўлакай ҳамроҳлар бўлса, биргалашиб таксида жўнаб кетгач, ўнтача йигит-қиз тунги Тошкент кўчаларида шеър айтишганча анча жойгача пою пиёда юрардик.

* * *

Мукаррама опага бошида тўгаракни бошқариш бироз қийин бўлди. Чунки иштирокчилар бошланғич синф ўқувчиларимаски, қаттиқроқ тикилсанг жойида индамай ўтиришса. Олди деярли ўзи билан тенгдош, салкам олий маълумотли талабалар, кўпчилигининг шеърлари марказий нашрларда эълон қилиниб, “юлдузлик касали”га чалинган… Опа ана шундайлар билан эндигина шеър ёзишни бошлаган ҳаваскорларнинг бошини қовуштириши, ҳар ойда бирор номдор шоиру адиблар, танқидчиларни учрашувга кўндириши, марказий нашрлар, радио-телевидениеда тўгарак аъзоларининг чиқишини уюштириши керак бўларди. Опанинг жонкуярлиги оқибатида 1984 йили ўтказилган ёш ижодкорларнинг тўртинчи семинар-кенгашида тўгарак аъзоларининг ўнтача тўплами муҳокамага қўйилди. Бу анжуман тўгарак миқёсида “юлдуз” бўлиб юрган биздек “тилла балиқча”ларга “ким аслида ким”лигини кўрсатиб қўйди ва тўгаракдан ташқарида ҳам, воҳаю водийларда ҳам зўр-зўр шоирлар етишиб келаётганини билиб олдик ва отни қамчилаш кераклигини тушуниб етдик…

* * *

1990 йилнинг март ойида бир неча йиллик тақиқдан сўнг Наврўзга бағишланган илк сумалак сайли Фанлар академияси ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида академик ёзувчи Ойбек уй-музейида ўтадиган бўлди. 1989 йили Марказқўмнинг биринчи котиблигига Ислом Каримов тайинланган бўлиб, шу пайтгача миллий қадриятларга паст назар билан қараш, таҳқирлашу тақиқлашга ўрганиб қолган ҳукмрон тоифаларнинг илдизига сув кета бошлаганди. Шунинг учун Наврўзни нишонлаш ташаббуси кўтарилганда бунга эътироз билдирилмади – ташаббус оммадан чиқиши керак, дейилди.

Бу овоза телефон орқали ишхоналарга тарқалди. Илк Сумалак сайлига боришни истайдиган ташкилотлар (ўзларида буни ўтказишга ҳали юраклари бетламасди – билиб бўладими…) кўпчилик эди. Келди-кетдиларда ўзимизнинг опамиз – Мукаррама Муродова ҳамда у кишининг умр йўлдоши, ўша пайтдаги ёшлар газетаси маъсул котиби Мирзакарим Пирматов хизматда бўлишганди. “Шуъла”нинг иккинчи босқич аъзолари дастёрлик қилишар, ўнлаб тузалган столларни тез-тез янги меҳмонларга тайёрлаш лозим бўларди. Уй-музей дарвозаси ўша куни оқшомдан кейинги оқшомгача очиқ бўлди. Келганлар ярим соатдан ошиқ ўтириша олишмас, дарвоза олдида турган фан ва маданият намояндаларидан тортиб оддий ходимларгача бўлган зиёратчилар қаторининг охири катта кўчага қадар чўзилиб кетганди. Мукаррама опа аёлларни бенавбат ичкарига бошлаб кирарди. Созандаю хонандалар галма-гал қўшиқ куйларди. Наврўз тақиқланган йиллари бу мавзуда шеърлар ёзилмай, қўшиқлар айтилмай қўйилгани боис илк сумалак сайлининг қаҳрамони шоир Нормурод Нарзуллаев бўлиб чиқди. Шоирнинг шеърига басталанган қўшиқ шу куни қайта-қайта янгради:

 

Кўкда кулди камалак,

Наврўздан у нишона!

Дошқозонда сумалак,

Ўчоқ бошида она!

 

Меҳмонлар дил сўзларини изҳор қилишар, “Шу кунларга етказганига шукр!” дея тўртта дошқозонда қайнаётган сумалакни ковлаш учун капгиру чўмичларга навбатда туришарди… Бу сумалак сайли мамлакатдаги биринчиси бўлди. Кейинги – 1991 йили эса бундай сайиллар бутун юртимиз бўйлаб ўтказилди, марказий телевидениеда эса бир кеча-кундузлик “Наврўз марафони” намойиш қилинди!

* * *

Шеъриятимиз мактаби узоқ тарихий илдизларга, умрбоқий анъаналарига эга. Шеъриятимиз машъали – Мир Алишер Навоийнинг тўгаракчилик мактаби, ул зотнинг ҳовлисида ўтадиган “мажолисун нафоис”да шоирлару машшоқлар, рассомлару хаттотларнинг йиллар мобайнида шаклланган тўгаракларидан маданиятимиз, маънавиятимизга кўп хизматлари сингган устазодалар етишиб чиққан. Хоразм хонларидан Муҳаммад Раҳимхон Феруз ҳомийлигида ташкил топган Огаҳий тўгараги, Қўқон хони Умархон – Амирий ҳомийлигидаги Увайсий тўгараги буларга мисолдир.

Тўгарак раҳбарлари худди мактаб муаллимларидек икки-уч умрга эга кишилардир. Уларнинг номлари тарбиялаган шогирду ўқувчилари билан бирга яшайди, эсланади. Ғайратий домла гарчи Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ҳабибий домлаларга замондош бўлсада, эллигинчи йиллар бошида тузган адабиёт тўгарагидан етишиб чиққан Эркин Воҳидов, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Салоҳ каби шоир ва адибларнинг устози сифатида уларга тенгдошу замондошдек вақти-вақти билан эсланади.

* * *

Мукаррама опа билан тўгарак таҳсиллари тугаганидан сўнг ҳам яхши муносабатларни сақлаб қолдик. Аммо тузилганига ўн йил тўлар-тўлмас, тўқсонинчи йиллар бошида “Шуъла” тўгараги ҳам ўз-ўзидан ишини тўхтатди. Одамлар бозор иқтисодиётнинг янгича қадриятлари, янги орзу-ташвишлари билан яшай бошлади.

Ёш шогирдлар даврасидан, мулоқотидан давр тақозосига кўра айрилган шоирага умр йўлдоши Мирзакарим Пирматовнинг вафоти (1993 йил) қаттиқ таъсир қилди. 2004 йилга келиб ёлғиз ўғли, ёшлар газетасида ишлаётган Музаффардан жудо бўлгани… Бир йилнинг нари-берисида Мукаррама опа бирор ўн йилларга қариб қолгандек, сочлари оқариб, кўзларидаги қувонч шуъласи хиралашди.

…Ана шу кунларда опа билан Матбуотчилар уйи ҳовлисида кўришиб қолдим. Ўз хаёлларига андармон бўлганча ўтиб кетаётган опанинг йўлини тўсиб чиқдим. Мени таниб, кафтлари билан оғизларини беркитганча, тез-тез сўрашиб ўтиб кетмоқчи бўлди. Мен уларни шундай қўйиб юборгим келмай, нимага оғзини беркитиб гапираётганини сўрадим. “Ҳаммаси асабдан, – деди Мукаррама опа жавобан. – Тишларим ўз-ўзидан тўкилиб кетяпти. Ясама тиш тайёрлатишга улгуролмаяпман. Ойма-ой тўкиляпти…” Орадан сал ўтмай, 2005 йилнинг июлида Мукаррама Муродова қайтиш қилди.

Шайхзода домланинг қуйма тўртликларидан бирида шундай дейилади:

 

Шеърият диёрин шоирларимиз,

Ҳар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр.

Элга дастёр бўлса шеърларимиз,

Демакки, умримиз ўтмабди бекор.

 

Ўз даврида шеърлари билан элнинг беминнат дастёрига айланган, меҳри билан шеърпарастлар қалбига шуъла сочган Мукаррама Муродовадан ижодга, элга ўзи каби дастёр шогирдлари қолганлиги халқимизнинг, адабиётимизнинг бахтидир.

 

Оллоёр БЕГАЛИЕВ

 

“Ёшлик”, 2017 йил 10-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.