Шароф Рашидов ҳаётидан лавҳалар

0
354
марта кўрилган.

Шароф Рашидовнинг асл танлаган касби журналист бўлган. У киши 1939 йили Самарқанд университетини битириб, вилоят газетасига ишга келганлар.

Кўп ўтмай, уруш бошлангач, фронтга чақирилган. Зарур ҳарбий тайёргарликдан сўнг, Москва яқинида, Калинин фронтида жанг қилган.

Жангларнинг бирида оғир жароҳатланиб, узоқ вақт госпиталда даволанган. Ҳарбий комиссия у кишини бундан буён жангларда қатнашишга рухсат этмай, уйга қайтариб юборган.

Демак, жароҳат жиддий бўлган экан.

Урушдан ўз юртига, Жиззах шаҳри яқинидаги колхозга қайтгач, уйида даволанишни давом эттирган. Ниҳоят, ҳассага таяниб, ҳамма қатори далага чиқиб, ишлай бошлаганлар. Ногирон жангчи бригада ҳисобчиси этиб тайинланган.

Уруш вақтидаги аҳвол фронт ортида ҳам ниҳоятда оғир кечган.

Кетмон чопган йигитларнинг аксарияти фронтда, пахта ташвиши аёллар ва кексалар зиммасига тушган. Ҳамма иш кетмон билан бажарилар, трактор деган нарса йўқ, бори ҳам фронт эҳтиёжи учун олинган. Унинг устига озиқ-овқат тақчил, колхоз меҳнатчиларга иш ҳақига ҳеч нима беролмас, одамлар кичкина томорқасидан кун кўрар эди.

Пахта – уруш учун энг зарур хомашё эканини ҳамма тушунарди.

Пахтадан порох тайёрланишини ҳамма биларди.

Шароф ака эл қатори эрта тонгда далага чиқар, ҳассасини бир четга қўйиб, ҳисоб-китобини қиларди. Жароҳати бошқа бирор жисмоний иш қилишга имкон бермасди. Унинг устига дори-дармон йўқ, жароҳатни ўрайдиган бинт ҳам анқонинг уруғи эди. Ҳамма ногиронлар қатори Шароф ака госпиталда ишлатган эски бинтни ҳар гал ювдириб, қайта-қайта ишлатарди.

У киши далага ҳарбий либос – гимнастерка ва галифе шимда чиқар эканлар. Бир куни Шароф ака ишлаб турган далага машина келиб тўхтайди. Ундан бир амалдор тушиб, у билан кўришади, жароҳатини кўздан кечиради.

– Ука, урушга кетгунча, қаерда ишлагансиз? – деб сўрайди.

– Вилоят газетасида, – деб жавоб қилади Шароф ака.

– Ия, шундайми? Газетачимисиз? Эртага эрталаб Самарқандга бориб, тўғри менинг олдимга келинг. Газетани чиқарасиз.

Бу одам вилоят раҳбари Носир Маҳмудов эди.

Эртасига Шароф ака айтилган жойга етиб борганлар. Қўлларида кичкина тугунча – бор кийимлари, дори-дармонлар, у киши учун уйда атайлаб ёпилган бир нечта нон бор эди.

Шароф ака вилоят раҳбарига учрашган. Раҳбар дарҳол бир одамни чақириб, керакли топшириқларни берган. Бу одам энг муҳим нарса – Шароф акага ётадиган жой топиб бериши ва кундалик таомини ҳал қилиши керак эди.

Ўша пайтда Самарқандда бирорта меҳмонхона ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Нафақат шифохоналар ва меҳмонхоналар, ҳатто, мактаблар, идоралар – госпиталларга айлантирилган бўлиб, уларда урушда мажруҳ бўлган, оғир ярадорлар ётарди. Ҳамма уй-жойлар зичлаштирилиб, юртимизга ғарбдан, душман босиб олган жойлардан эвакуатсия қилинган одамлар жойлаштирилган эди. Баъзан, бир хонада икки оила, уй соҳиби бола-чақаси билан ва кўчиб келган оила бола-чақаси билан яшарди. Кўчиб келганларни жойлаштириш бир муаммо бўлса, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, ишга жойлаштириш яна ҳам оғирроқ муаммо бўлган эди.

Собиқ ва айни пайтда янги муҳаррирнинг масаласи ҳарқалай ҳал қилинди.

Илгари Шароф ака ишлаган таҳририят ҳам оғир шароитда бўлган. Бутун жамоа атиги битта кичкина хонага жойлашган.

Газета эса чиқмай, тўхтаб қолган экан.

Хонани яна сиқиштириб, битта кроват жойлаштирилган. Бу жой – ҳам таҳририят, ҳам Шароф аканинг иш жойи ва ётоқхонасига айланган.

Ишхонада эркаклар қолмапти. Ҳаммаси урушга сафарбар этилган.

Газета фаолияти учун мавжуд бошқа камчиликларни айтмаса ҳам бўлади. Уруш даврини бошидан кечирганлар буни яхши тушунадилар.

Вилоят раҳбари Шароф аканинг озиқ-овқат таъминоти масаласини ҳам ҳал қилибди. Ҳар ҳафтада унги 2 килограмм ун ва 200 грамм ёғ ажратиладиган бўлибди.

Ниҳоят, ташкилий ишлар шу билан якунланган.

Энди навбат газета чиқаришни йўлга қўйиш эди.

Газета чиқариш нима эканини матбуотчилар яхши билади. Уруш вақтида эса, фронтдан ногирон бўлиб қайтган Шароф ака учун ниҳоят даражада қийин бўлганини таъкидлаш керак.

Ниҳоят, газета чиқариш йўлга қўйилган.

Одамлар билан тил топиб ишлаш, ташкилотчилик, масъулиятни ўз зиммасига олиш, фидойилик, касб маҳорати, сабр-тоқат каби сифатлари Шароф акага бу вазифани аъло даражада бажаришига ёрдам берган.

У киши уруш тугагунча, мамлакат ўзини бироз тиклаб олгунга қадар шу аҳволда яшаб, ишлаган.

Уруш тугаши билан Шароф ака (1947 йил) республиканинг отахон газетаси – “Қизил Ўзбекистон”га бош муҳаррир этиб тайинланган.

1949 йили республика Ёзувчилар уюшмасига раҳбар этиб сайланди.

1951 йили эса Ўзбекистон Олий Совети Президиумига раис бўлди!

1959 йилдан умрининг охиригача республикамизга раҳбарлик қилди.

Шароф Рашидов бошчилик қилган вақтда Ўзбекистон иқтисодиёти беқиёс даражада ўсди, маданий-маърифий соҳаларда катта тадбирлар амалга оширилди. Республика халқаро миқёсда катта мавқега эришди. Йирик халқаро йиғинларнинг Ўзбекистонда, Тошкентда ўтказилиши оддий ҳолга айланди.

1965 йилги Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув дунёни жиддий ташвишга солган эди. Тўқнашув иккала мамлакат раҳбарларининг Тошкент шаҳрида учрашувини ташкил этиш ва улар ўртасида сулҳ ҳақидаги битим имзоланиши билан якунланди.

“Тошкент руҳи” номи билан тарихга кирган бу учрашувни ташкил этишда Шароф Рашидов катта жонбозлик кўрсатган эди.

У кишининг халқаро соҳадаги фаолияти алоҳида мавзу.

Шароф ака ўз ҳамкасблари – журналистларни жуда эъзозлар, уларнинг иши ниҳоятда масъулиятли эканини доим таъкидлар эди. Мен (чорак аср давомида Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” дастурининг раҳбари сифатида) республикамизда бўлган деярли барча муҳим тадбирларда иштирок этганман ва уларни ёритиш юзасидан Шароф Рашидов билан мунтазам мулоқотда бўлганман.

Ҳар гал тадбир бошланиши арафасида Шароф ака журналистлар билан учрашар, самимий кайфиятда “Ҳар қачонгидек, “Ахборотчилар биздан олдин келишипти, офарин!” дердилар. Тележурналистлар билан кўришиб, “Қалай, тайёрмисизлар? Бизга қандай хизмат бор?” деб сўрар эдилар. Мазкур воқеани матбуот ёки телевидение орқали ёритилиши у кишига маъқул келган бўлса, дарҳол журналистни ёнларига чақириб, миннатдорчилик билдирар эдилар.

Бу йил Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланиши Шароф аканинг руҳини шод этиш билан бирга, унинг сафдошлари ва шогирдларининг кўнглини кўтаради, халқимизнинг адолатга, келажакка бўлган ишончини яна ҳам мустаҳкамлайди.

 

Анвар ТОЖИЕВ,

фахрий журналист

 

“Ҳуррият”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.