Саодатли келажак умиди

0
375
марта кўрилган.

Мустақилликнинг илк йиллари бир фотосурат диққатимни тортиб, ғоят тўлқинлантирган эди. Муҳтарам Президентимиз шодликдан кулиб турган болани меҳр билан қучиб турганларида фотомухбир бу ҳаяжонли манзарани тарихга муҳрлаган эди. Мен бу суратда ажиб бир рамз кўрган эдим: мамлакат тақдири масъулиятини зиммасига олган раҳбар гўё Ватаннинг нурли келажагини эъзозлаб тургандай эди. Бу сурат гўё узоқ йилларга мўлжалланган муҳим режанинг байроғи, шиори эди. Айни ўша дамларда “соғлом авлод” ибораси тилга олинди, мустақил Ўзбекистоннинг илк мукофоти – ордени ҳам шу ном билан аталди. Иккинчи ҳаётбахш шиор – “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” соғлом авлод режасининг амалга ошиши билан чамбарчас боғлиқ эди. Чунки Ўзбекистон келажагининг пойдевори ўша кунларда қўйилгани билан, “Буюк давлат” деб аталмиш муҳташам саройни қуришда ёш авлод ҳам фаол иштирок этади ва яшайди. Соғлом авлод сиёсати кун тартибига қўйилган кунларда туғилган авлод ҳозир йигит ёшига етиб, бу қурилишнинг фаолларига айланаётганлари мазкур режанинг нақадар ҳаётий эканига далолатдир.

“Фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”, дейилиши бежиз эмас. Одам йигитлик ва қизлик чоқлари ўзи учун яшаса, оила қуриб, фарзанд кўрганидан кейин фарзанди учун яшай бошлайди. Фарзанди учун жонини беришга тайёр бўлади. Ҳамонки, жамият оилалардан таркиб топган экан, давлатнинг ёш авлодга бўлган меҳри ҳам ота-оналар меҳридан қувват олади.

Ривоят қилурларким, ҳазрати Умар (р. а.) бир мўътабар одамни шаҳар амири этиб тайинламоқчи бўлдилар. Котиб фармонни ёзишга киришган онда бир гўдак кириб ҳазрати Умарнинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Ҳазрат болакайни ўпиб, эркаладилар.

Юқори мансабга тайинланаётган киши буни кўриб:

– Бу гўдак ўз ўғлингизми? – деб сўради.

– Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман, – дедилар ҳазрати Умар.

У киши ҳазратнинг мулойим қалбли, аъло даражадаги шафқатли, марҳаматли эканликларига ажабланиб, деди:

– Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?

Ҳазрати Умар бу сўзларни эшитиб, ёзилган фармонни олиб йиртиб ташладилар-да, дедилар:

– Бу одамни мансабдор этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?

Мамлакатимизда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб аталиши тасодифий эмас. Аввали шуки, Ватанимизда ҳар бир йил аниқ бир режага қаратилади. Бу режаларни йўлга қиёс этсак, нурли тоғ чўққисига элтувчи йўллардир. Аҳамиятлиси шундаки, бу йил бир йўлдан, иккинчи йил яна бошқа йўлдан юрилмайди. Балки бу сиёсатда аниқ изчиллик мавжуд. Жамиятда ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар бирин-сирин кун тартибига қўйилади. Ўтган йилларга қарасак: оила йили, баркамол авлод йили… обод турмуш йили. Булар занжир ҳалқалари каби боғлангандир. Демак, баркамол авлод ва обод турмуш йилларида бошланган хайрли ишлар тўхтамайди, балки давом этади, янги босқичларга кўтарилади. Яна муҳими шуки, муҳтарам Президентимиз ёш авлоднинг биздан-да кўра бахтлироқ бўлишини таъкидлаганлар. “Соғлом бола йили” бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Бошқача таъбир айтилса, бу йўналишда иш олиб борилиши сўз ва иш бирлигининг амалдаги кўринишидир.

2014 йилни “Соғлом бола” йили деб номланиши бу борада йигирма икки йил муқаддам бошланган ишларнинг янги босқичга кўтарилганига далолатдир. Ҳеч кимга сир эмаски, ўтмиш жамиятда чақалоқларнинг ўлими кўп учрарди. Ҳатто бу қайғудан эзилган айрим оилалар туғилган фарзандларига “Тўхтасин”, “Тўхтамурод” ёки “Тўхтаой” деб исм берардилар. Мустақил ватанимизда гўдак ҳали туғилмасиданоқ врачлар назоратида бўлади. Туғилгач, турли хасталикларга чалинмаслик чоралари кўрилади. Сўнг эса бақувват бўлиши учун спорт ишларига жалб қилинади. Буларнинг барчаси давлатнинг ғамхўрлигида, барчаси бепул. Бу ғамхўрликларнинг қадрига тўлароқ етиш учун дунё мамлакатларидаги болаларнинг аянчли аҳволига бир назар ташласак кифоя. Ёшга етмай ўлаётган гўдаклар, очликдан этлари суякларига ёпишган болалар… Буларни телеэкран орқали кўриб турамиз ва ўз аҳволимиздан шодланамиз, шукрлар қиламиз.

Тиббий ва бошқа зарур йўналишларда давлат моддий ва ташкилий томонлардан ғамхўрлигини ошириб боряпти. Лекин “бу – давлатнинг иши” деб четдан томоша қилиб туриш ноўрин. Бу ишларда фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Маълумингизким, одамнинг соғломлиги ҳам тиббий-жисмоний, ҳам маънавий-руҳий томондан бўлади. Ўтган йилимиз “Обод турмуш йили” деб номланганида “Ободлик – кўнгилдан бошланади” деган изоҳ ҳам берилди. Шунга кўра, боланинг соғлом бўлиши учун фақат тиббий кўрик ва назоратлар кифоя эмас. Жисмонан ва руҳан соғлом бўлиши учун оила аъзоларининг, устозларнинг иштироки муҳимдир. Айниқса, улғайиб келаётган бола онгининг ташқи мамлакатларда пайдо бўлиб, биз томон оқиб келаётган зарарли тарбия таъсирлардан ҳимоя қилиш бугуннинг муҳим вазифаси ҳисобланади ва бу иш жамият аъзоларининг аҳил равишдаги доимий, кундалик ишлари бўлиши керак. Хусусан, мактаб ёшидаги болаларнинг кашандалик, майхўрлик, гиёҳвандлик иллатига яқинлашиб қолмасликлари чораларини кўришда жамият аъзоларининг аҳиллиги, зийраклиги муҳим. Агар бола мактаб ёшида ножўя таъсирга тушиб қолишдан асралмас экан, кейинроқ гиёҳвандларга аралашганини ҳатто ота-оналари ҳам сезмай қолишлари мумкин.

Саломатлик – гўзаллик демак. Абу Райҳон Беруний ҳазратлари гўзалликни “ташқи ва ички” деб бўлиб, шундай фикр билдирганлар: “Ташқи гўзаллик, қиёфадаги жамол – булар иккови ҳам ёқимли бўлиши керак, одамлар ўзаро учрашганларида ушбу гўзал жамолни кўришга рағбат қиладилар. Лекин шакл чиройи она қорнида ато қилинади, уни ўзгартиришга ҳеч бир зот қодир эмас. Аммо хулқ-атворга келсак, уни одамийлик талабларига мувофиқ даволаб, тарбиялаб, гўзал – покиза тутиб, ёмон ҳолларга туширмаслик мумкин”.

Ота-она фарзандини гулхан оловидан қанчалик ҳимоя қилса, иллатлар оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинлик, исрофгарчиликка одатлантирмаслик, зийнатга бениҳоя муҳаббат уйғотмаслик билан ота-она фарзандини саодат саройи томон бошлайди. Аксинча, бола дунё талабида уйғонса, абадий ҳалокатга юз тутади.

Болани тўкин-сочинликда, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўсган эрка-тантиқ болалардан, бундай дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асрамоқ керак. Чунки вояга етаётган болани эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда бу – ахлоқнинг тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада, бола улғайгач, каззоб, ҳасадгўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадана, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин. Ватан хоинлари айнан шу каби иллатлар таъсирида улғайганлардан чиқади.

Бола тарбиясида отанинг қатъияти, сўзидан қайтмаслиги муҳим аҳамиятга эга. У ўзининг бу табиатини фарзандига доимо сездириб туриши зарур. Она ҳам ўз навбатида отанинг айнан шу хусусиятини боланинг ёдига солиб туриши, шу тарзда фарзандини ёмонликлардан қайтариши лозим.

Янги йил учун ишлаб чиқилган давлат дастурини фақатгина вазирликлар ёки ҳокимликлар ёки турли жамиятлар амалга оширмайдилар. Бу дастурни амалга оширишда шу Ватан келажаги учун қайғурувчи ҳар бир одам иштирок этиши шарт. Саломатлик фақат жисм офияти эмас, руҳий поклик эканини биламиз. Руҳ кирланганда, маънавий қашшоқлик бошланади, жисм хасталиги айни шу ҳолатда бошланади. “Соғлом бола йили” дастурини амалга ошириш аввалида ҳар биримиз ўз оиламизга, яқинларимиз хонадонларига назар ташласак, бу борадаги хато-камчиликларимизни кўрамиз. Жисм саломатлигига доир камчиликлар шундан иборатки, айрим хонадонларда боланинг озодалигига лоқайд қарашни кузатамиз. Ҳатто оддий нарсалар – эрталаб ювиниш (айниқса, тиш ювиш), бадантарбия қилишга одатлантириш тарбияси эътибордан четда қолади. Баъзиларга бу борада танбеҳ берсангиз, “Одам тупроқдан яралган, тупроқда юмалаб-юмалаб катта бўлаверади”, деган “доно” гапни эшитасиз.

“Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур, – деб таъкид этганлар устоз Абдулла Авлоний. – Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Соғ баданга эга бўлмаган инсонлар амалларинда, ишларинда… камчилик қилурлар. Маишатимизнинг роҳатда бўлмоғи жасадимизнинг соғлом бўлмоғига боғлиқдур. Биз сиҳатимизни сақламак ила амр ўлинганмиз, шунинг учун вужудимизни ҳифзи сиҳатга зид бўлғон ёмон одатлар ила чурутмакдан сақланмаклиғимиз лозимдур.

Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордур. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни устини қўюб, астарини ювуб, овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур… “

Маънавий қашшоқликдан асрашга доир ишларда эса кўпгина хато-камчиликларни кузатамиз.

Ҳаёт имтиҳондир, имтиҳон бор жойда бурч, жавобгарлик, масъулият бўлади. Инсон ана шу масъулият билан дунёга келади. Барчамиз зиммамизга омонат юклатилган, имтиҳонда турган инсонлармиз. Биз фарзандларимиз тақдири учун ҳужайраларнинг энг олис нуқтасигача, вужуднинг ҳар бир заррасига қадар жавобгар бўлган кишилармиз.

Афсусларким, айримларимизнинг кўнгилларимиз кўчага боғланган. Ишга, улфатга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан ортиқ. Чойхоналарда, ресторанларда, турли зиёфатларда яйрашга умримизнинг ҳисобсиз соатларини беҳуда сарфлаймиз. Бола тарбиясига эса вақтни қизғанамиз. Сариқ чақага арзимас матоҳларимиз фарзандларимизга нисбатан қийматлироқ. Пиёлани синдириб қўйса аямай урамиз, гулдонни синдирса дўппослаймиз. Агар ака укасини урса, яна жазолаймиз. Ҳолбуки, каттанинг кичик, кучлининг кучсиз устидан ҳоким эканини ўзимизнинг айнан шу ҳаракатимиз билан ўргатяпмиз: гапга кирмаган кичикни ёки кучсизни уриш мумкин! Бола шўхлик қилса “ҳали қараб тур, дадангга айтаман”, деб қўрқитамиз. Ота келганда бола ёмонланади. Айни шу ҳолатда ота-бола орасига душманлик уруғи сочилганини фаҳм этмаймиз. Отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатмай, ота келганда уни иззат-ҳурмат билан кутиб олишни ўргатиш афзалроқ эмасмикин?

Абдурауф Фитрат ҳазратларининг бизга бироз кескинроқ, ҳатто қўполроқ туюлиши мумкин бўлган баёнлари бор. Бирга ўқийлик: “… кўрайлик-чи, биз мусулмонлар, хусусан, туркистонликлар, ўз фарзандларимизга тарбия беряпмизми ёки йўқми? Саволнинг охиридаги сўз бунга жавоб бўла олади, яъни “йўқ!” Мен буни шундай исбот қиламан: биз, туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз. Эшак ва қўйларимизни фарзандларимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз, деб айтмаяпман. Йўқ-йўқ, болаларимиз жонимиздан ҳам азиз. Улар, назаримизда, ҳаммадан суюкли ва ардоқли. Лекин бахтимизга қарши шуни эътироф қилиш лозимки, шунча муҳаббат ва меҳрга қарамасдан, эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз!

Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган. Бас, маълум бўладики, у киши молининг касал бўлмаслигига кўпроқ эътибор берар экан. Сўзингиз тўғри бўлса ҳам менинг даъвойимга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. Ҳақиқатдан агар одам қўй ва эшакка ўхшаб камол топиши, соғлиқ, билакларининг кучлилиги билан чегараланиб қолганида эди, биз ҳам фарзанд соғлиғи учун бўлган ҳаракатни, фарзанд тарбияси, деб атардик. Тану тўшли ва соғлом болани камолга етишган, деб қабул қилардик.

Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат. Одамнинг жисми, ақли ва ахлоқи турли касаллик ва нуқсонлардан узоқ бўлиши лозим. Одам ҳам ўз манфаатини ўйлаб, ҳам яқинларини бахтиёр қилишга қодир бўлиб ўсиши лозим. Зотан, бу мантиқий олишувларга нима ҳожат бор?”

Бу фикрлар ўтган аср бошларида баён этилган, лекин айрим жиҳатларидан бугун айтилаётганга ўхшайди, шундай эмасми? Демак, тарбияда ҳали етарли илгарилаб кетолмабмиз. Бугун биз бола тарбияси деганда, уни яхши кийинтиришни тушуняпмиз, катта пул сарфлаб ўқишга киритишни англаяпмиз… Агар автомашинамиз бузилиб қолса, устахонада бир кун ёки бир ҳафта ўтиришимиз мумкин, аммо фарзандимиз билан бир соат ёнма-ён ўтириб, дарс тайёрлашга тоқатимиз етмайди.

Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир, чунки у фарзандини ўз суратидан кўчирилган нусха, деб англайди. Зотан, отанинг тасаввури тўғридир. Фарзанд отанинг бир жузви, суратда, хулқ-атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Шу мақсад йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. Фарзанди ҳақида халқдан: “Тарбия қилган отасига раҳмат!” деган олқишни эшитса, севинади. Фарзанди орқали кўзлаган мақсадига етишни истайди, невара, эваралар кўриб, наслининг давом этишини орзу қилади. Бу ўринда отанинг ўғил кўрганда қувониши сабабига изоҳ бериб ўтсак: албатта, ота учун қиз фарзанд ҳам ўғил фарзанд ҳам бирдай суюмли. Иккови ҳам Оллоҳ берган улуғ неъмат саналади. Аммо ўғил фарзанд насл-насабни давом эттирувчи бўлгани учун ҳам отада алоҳида қувонч уйғонади. Қувонч сабабини қизларни камситишда, деб англамаслик керак. Чунки одамийликда болаларни ажратиш, яъни бирини кўпроқ, иккинчисини камроқ яхши кўриш дуруст ҳисобланмайди.

Шу ўринда “Бобурнома”нинг сўнгги сатрларини эслайлик:

“… Муҳаммад Ҳумоюн хасталангач, ҳакиму ҳозиқлар дардига даво қила олмадилар. “Мир Абулқосимким, улуғ киши эрди, арзға еткурдиким, “Ушмундоқ дардларга даво будурким, яхши нимарсалардан тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки Тенгри-таоло сиҳҳат бергай”. Менинг кўнглумга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин, Худой қабул қилсун. Хожа Халифа, ўзга муқарраблардин арзга тегурдиларким, Муҳаммад Ҳумоюн сиҳҳат топар, сиз бу сўзи нечун тилингизга келтурасиз? Ғараз будирким, дунё молидин яхшисини тасаддуқ қилмоқ керак. Бас, ўша олмоским, Иброҳимни урушида тушуб эрди, Муҳаммад Иброҳимға иноят қилиб эрдингиз, тасаддуқ қилмоқ керак”.

Улар “ўзингизни эмас, шу қимматбаҳо буюмни садақа қилсангиз ҳам етар”, деб маслаҳат берганларида Бобурнинг аҳди ёдингиздами: “Тилга келдиким, дунё моли анинг эвазига нечук бўлгай, мен анинг фидоси қилурменким, ҳол анга мушкул бўлубдур. Ва андин ўтубтурким, мен анинг бетоқатлигини тоқат келтурғаймен. Ўшал ҳолатга кириб, уч қатла бошидин ўргулуб, дедимким, мен кўтардим ҳар не дардинг бор. Ўшал замон мен оғир бўлдум, ул енгил бўлди. Ул сиҳҳат бўлуб қўпти. Мен нохуш бўлуб йиқилдим…” Хўш, бунга нима деймиз? Ота меҳри хусусинда бизга яна қандай мисол керак? Афсуски, бу борада акс мисоллар ҳам мавжуд. Мўмин Мирзо фожиасини эслайлик: темурзодалардан бири, жонини ўғлига ҳадя этди, иккинчиси эса, набирасини ўлдиртирди…

Ота ўз фарзандларига мерос этиб молу дунё эмас, одоб-ахлоқ қолдириши керак. Мол-дунё мероси кундан кун камайиб, одоб-ахлоқ мероси эса ошиб боради. Бу ривоят фикримизнинг далили:

Миср ҳукмдори билан Рум ҳукмдори ўзаро келишиб, дўстлик аҳдини туздилар ва орадаги адоватга барҳам бердилар. Ҳатто Миср ҳукмдори Рум ҳукмдорининг қизини ўғлига никоҳлаб, қизини эса Рум шаҳзодасига узатди. Уларнинг дўстлик ва қариндошлик алоқалари узоқ давом этди. Бир куни Рум ҳукмдори қудасига бу мазмундаги мактубни йўллади:

– Кўзларимизнинг нурлари бўлмиш азиз фарзандларимизнинг бизлардан кейин ҳам фароғатда яшамоқликлари учун ҳозирдан чора-тадбир кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп олтин жамладим. Чиройли боғ ва сарой барпо эттирдим. Сиз ҳам шундай қилгандирсиз?

Миср ҳукмдори мактубни ўқиб табассум қилди ва бу жавобни йўллади:

– Азизим, мен сиздан кўра сал бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё ва матоҳларига илтифот этмаганим туфайли ўғлимга олтину жавҳарлар эмас, илм, ҳунар, одоб, ахлоқни мерос этиб қолдиришни истадим. Уни илмли, ҳунарли, хушахлоқли қилиб тарбияладим. Уни яхши адаб либоси билан безадим. Мол-дунёга қачондир завол етади, аммо мен қолдираётган меросга ҳеч замон завол етмайди. Бу мерос фарзандимни ҳар қандай бало-офатлардан омон сақлагай…

Бирга ўйлайлик: тарбиясиз одам жонсиз жасад каби эмасми?

Фарзанднинг ҳаётига сабаб бўладиган биринчи қувват – она жисмидаги қондир. Чақалоқ шу қондан озиқланиб, ҳаётини сақлайди. (“Сут билан кирган жон билан чиқади” деган мақолни “Қон билан кирган, жон билан чиқади”, деганимиз тўғрироқ бўлади.) Бола биринчи сўзни онадан эшитади ва ундан ўрганади. Шунинг учун ҳам биз “ота тили” демай, “она тили” деб сифатлаймиз. Болани ўстиришда, тарбия қилишда отага қараганда она кўпроқ ҳисса қўшади. Шунинг учун бўлса керак, ёш болалар отадан кўра онага кўпроқ майл этадилар. Улғайганларидан кейин ҳам сирларини, аввало, онага айтиб, маслаҳат сўрайдилар. Она фарзанди учун ўзини фидо қилишга тайёр туради.

Анас ибн Молик (р. а.) айтадилар: “Ҳазрати Оишага (р. а.) бир бечора хотин тиланиб келди. Оиша унга учта хурмо берган эдилар, у ёнидаги икки боласига биттадан хурмо берди-да, биттасини ўзи учун олиб қолди. Болалар хурмоларини еб бўлишиб, яна оналарига умид билан қарашди. Она қўлида ушлаб турган хурмони иккига бўлди-да, болаларига узатди. Расулуллоҳ (с. а. в.) келганларида Оиша бу воқеани ул жанобга айтиб берган эдилар, Сарвари коинот (с. а. в.) дедилар: “Сен бунга нима учун ажабланасан? Икки боласига марҳамат, меҳр-шафқат қилгани учун Оллоҳ таоло ҳам унга марҳамат қилади”.

Мазкур ҳадиснинг мағзини чақсак, Оллоҳ таолонинг марҳамати дейилганда, Унинг ажри, яъни ота-онанинг қариганида фарзандлари туфайли кўрадиган роҳат-фароғати назарда тутилган, деган маъно чиқади. Мен шу каби ҳикматларни ўқиганимда “Сен етим эмассан” фильмидаги бир лавҳа хаёлимга келади. Сиз ҳам эсласангиз керак: асранди болалар ўртага кесиб қўйилган нон бўлакларини битта-битта олишади. Онага ушоғи қолади…

Гўзал хулқ ва тарбияли онанинг хислатлари, яхши феъл-атвори фарзандларида ҳам намоёндир. Улар ҳам оналарининг гўзал хислатларига эга бўладилар. Табобат фани онадаги турли ички хасталиклар болада ҳам бўлишини исботлади. Ирсият фани онадаги ички хасталиклар билан бирга ундаги руҳий, маънавий жиҳатларнинг ҳам болада такрорланишини исботлаган. Бу тарбияни бола туғилмасидан олдин, ҳатто оила қурмасдан олдин бошлаш керак, дегани эмасми?

Тарбияга доир масалаларни ҳал этишга неча-неча асрлардан бери дониш аҳли, хусусан, қалам аҳли эътиборларини қаратганлар. Бадиий адабиётнинг вазифаларидан бири айнан адаб ўргатишдан иборат бўлган. Асрлар ўтаверди, аммо тарбияга доир вазифаларнинг масъулияти камайгани йўқ. Ҳар бир аср, ҳатто ҳар бир йил ўзининг янги муаммолари билан жамият диққатини тортиб келган. Бу борадаги шакл ўзгарган, мазмун эса ўша-ўша. Шунга кўра, адабиётнинг бугунги тарбияга доир бажарадиган ишлари кўп. Аниқроқ айтилса, ота-оналар ва устозлар тарбияга доир масалаларни ҳал этишда албатта бадиий адабиётга мурожаат этишади. Шундай экан, ёзувчиларнинг “Соғлом бола йили”даги вазифалари ғоят масъулиятлидир. Айниқса, болалар адабиёти зиммасидага вазифаларга алоҳида эътибор қаратмоққа эҳтиёж бор. Биз – ёзувчилар ёш авлод олдидаги қарзимизни унутмаслигимиз керак. Фарзандларимизнинг Буратино, Чипполино, Винни Пух, Карлсон… каби ўз қаҳрамонлари йўқлиги бизнинг уятли камчилигимиз. Биз тарбия ҳақида гапирганда, “Болалар интернетга, телефонга, телевизорга боғланиб қолди, уларни китоб ўқишга ўргатишимиз керак”, деб кўп гапирамиз. Хўш, болани интернетдан ажратиб олиб, қўлига берадиган китобларимиз етарлими? Бола десаки: “Хўп, ота-оналар, хўп, устозлар, хўп, жонажон ёзувчилар, мен интернетдан ҳам, телефондан ҳам кечдим. Ҳар ҳафтада битта китоб ўқий оламан, беринг менга ўша китобларингизни!” Жавобимиз борми, қайси китобларни тавсия қиламиз?

Албатта, бу масала бир йилда ҳал этилмайди. Балки бу муаммоларни бугун адабиёт гулшанига кириб келаётган азиз ёшларимиз ҳал этишар. Биз учун бугунги муҳим вазифа – лоқайд бўлмаслик. Мактаб, лицей-коллежларда ўтказиладиган китоб байрамларида фаолроқ иштирок этиш, жамоатчилик асосида адабиёт тўгараклари очиш, мактаб муаллимлари билан биргаликда адабиёт дарслари ўтиш… каби ижодий-ташкилий ишлар фаоллашса, бизнинг “Соғлом бола йили”да амалга ошириладиган хайрли ишлардаги ҳиссамиз баракали бўлар эди.

Ҳаммамиз биламизки, гўдак туғилганида йиғлайди. Атрофдагилар эса қувончдан ханда отадилар. Бир-бирларини қутлайдилар. Инсон шундай яшаши керакки, ўлар вақтида ўзи кулсину, унинг бу дунёни ташлаб кетишидан афсусда қолаётган олам кўз ёшларидан бўғилсин. Оқибатнинг бундай гўзал бўлиши гўдакка тарбия бериши лозим бўлган ота ва онанинг ҳаракатига боғлиқ.

Биз фарзандларимизни эркалаб “Умидимиз юлдузлари”, деб эъзозлаймиз. Бу эъзоз фақат тилда эмас, амалда ҳам кўриниши зарур. Келажакда Ватанимиз осмонидаги юлдузлар янада порлоқ ва мусаффо бўлиши умиди билан янги йилга қадам қўйдик. Ватанимизнинг бу қадами ҳам аввалгилари каби қутлуғ ва муборак бўлажак!

 

Тоҳир МАЛИК

 

“Шарқ юлдузи”, 2014-1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.