Расул Ҳамзатовнинг оқ турналари

0
1763
марта кўрилган.

Одатий кунларнинг бири. Тушдан сўнг мактабдан келиб уйда ўтиргандим. Отам қўлтиғида қандайдир бир китоб билан уйга кириб келди. Ва менга бошқача қилиб қараб қўйдида, китобни узатди. Китоб муқовасига “Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним” деб ёзилганди. Бу ном менга нотаниш эмасди. Муаллифнинг исмини дарсликдаги шеърларидан билардим. Аммо “Менинг Доғистоним” китоби кузнинг ўша сўлим кунларида менга чинакам совға бўлди. Тушуниб-тушунмай ўқирканман, китобнинг равон тили, оддий, бир яқин одаминг билан гурунг қилиб ўтиргандай жумлалар мени сеҳрлаб олди. Энди мактаб дарслигидаги Расул Ҳамзатов деган шоир менга жуда бошқача бўлиб кўринадиган бўлди. Шу менинг Расул бобо ва Доғистон билан илк бора юзма-юз бўлганим. Китобни варақлаган сари ҳаяжоним ошгандан ошиб, Доғистон деган юртни кўргиларим келаверди, келаверди…

Ниманики чин дилдан хоҳласанг бир куни албатта ниятинг етилади, деган гап бежизга айтилмаган экан. Мана, қўлимизда Доғистон Республикасига чипта. Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси Маданият вазири Зарина Бўтаева ва Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Магомед Аҳмедовлар номидан юборилган таклифномага асосан, Расул Ҳамзатов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган XXXII Халқаро “Оқ турналар куни” фестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан уюшма раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, таниқли шоир ва таржимон Минҳожиддин Мирзо ва менинг боришимга имкон туғилганини эшитиб севинчим ичимга сиғмай кетди.

Ниҳоят биз орзиқиб кутган дамлар ҳам етиб келди. 2018 йилнинг

5 сентябрь куни қайдасан Доғистон деб йўлга чиқдик. Кўксимдаги юрагим самолётнинг моторига ҳамоҳанг ураётир. Машҳур шоирнинг “Гар қўшиқ куйласам авар тилида…” деган сатрлари беихтиёр тилимда айланади. Ниҳоят учоқнинг ғилдираги ердан узилди. Бу ҳол худди кузги Ўзбекистонга хайр-хўш қилиб, иссиқ юртларга кетаётган оқ турналарнинг қанотини йиғиб олаётганга ўхшаб кетарди. Ойнадан пастга қарайман. Азим Тошкентнинг қиёфаси ястаниб кўзга ташланади. Бироздан сўнг қишлоқ уйларининг томлари, ўз юмушлари билан андармон одамларнинг митти-миқти сумбатлари кўзга чалинади. Беихтиёр хаёлимга яна уйимиз, ота-онамнинг азиз чеҳралари келади. Сурхондарёнинг қайноқ кузагида дала-дашт юмушлари билан юрган ота-онам ойнадан кўринаётган одамларга нақадар ўхшаш…

Уйдан илк марта узоққа – Тошкентга катта ниятларни дилга жойлаб чиққаётганимда отам қўлларини дуога очиб шундай деган эди: Қайда бўлсанг ҳам омон бўл, йигит бошинг хам бўлмасин. Кимлигингни, ота-боболарингни унутма, ҳеч қачон юзимизни ерга қаратадиган иш қилма.

Самолёт кўтарилган сайин шу гаплар қайтадан қулоқларим остида жаранглай бошлайди: Кимлигингни, қандай буюк юртнинг фарзанди, қандай улуғ даҳоларнинг авлоди эканингни унутма. Элу-юртинг юзини ерга қаратадиган иш қилма.

Беихтиёр хаёлимга шеър келди:

Ҳар доим ёдингда тут,

Ўзбеклар улуғ халқдир.

Энди сенга буюк юрт –

Ўзбекистон ҳужжатдир.

 

Сенга қараб тўн бичар,

Бутун бошли миллатга.

Элнинг фазилатларин,

Айлантирма иллатга.

 

Ёлғиз жонинг ўйлама,

Ўттиз миллионли жонсан.

Дунё деган майдонда

Юрган Ўзбекистонсан…

 

“Менинг Доғистоним” китобида шундай сўзлар бор: Агар сендан кимлигингни сўрашса, барча маълумотларинг ёзилган паспортингни кўрсатишинг мумкин. Агар халқдан кимлигини сўрашса, у шундай ҳужжат ўрнига ўзининг олимини, шоирини, рассомини, бастакорини, саркардасини кўрсатади.

***

Доғистон Республикасининг жаҳоний нуфузига, кам сонли авар халқининг эзгу рамзига айланган Расул Ҳамзатов туғилиб ўсган заминга қадам қўярканмиз, мени қаттиқ ҳаяжон чулғаб олади. Мендаги қувончу ҳайратнинг бирор белгисини излаб ҳамроҳимга секин кўз ташлайман. Минҳожиддин ака ҳам аллақандай ҳаяжон, туғёнли ўйлар қуршовида эканини сезаман.

Сўз ва унга ошуфталик пайдо бўлгандан буён бу кекса дунё не-не шоирларнинг қўшиғини тингламаган, не-не даҳо истеъдодларга бешик бўлмаган. Ер юзида оламшумул шоирларга кўплаб ҳайкаллар, ёдгорлик ва монументлар ўрнатилган.

Аммо Доғистоннинг улуғ шоири Расул Ҳамзатовдан бошқа ҳеч бир шоирнинг шеърига ўзиникидан ҳам кўпроқ ҳайкал ўрнатилмаган бўлса керак. Мана, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси биносининг шундоқ кириш қисмининг чап томонидан “Турналар” шеърига жаҳоннинг қаерларида ҳайкал ўрнатилганидан сўзловчи бурчак. Тикилиб қарайман: Лос-Анжелос, Хиросима, Москва, Луганск, Киславодск, Полоцк, Махачқалъа, Алексеева, Ивантеевка, Красноярск сингари йигирмадан ортиқ шаҳарлар орасида тилга ва дилга яқин ном “Чирчик, Узбекистан” деган ёзувни учратишим билан баданим алланечук жимирлаб кетади.

Шу чоққача Чирчиқ шаҳридаги машҳур ҳайкал ёнидан юз марталаб ўтиб қайтгандирман, аммо унинг қаршисида ҳозиргидек ҳаяжонланмаганим аниқ. Ватандан олисда ўз туғилган тупроғинг билан боғлиқ ҳар қандай нарса одамни титратиб юбораркан. Тошкент билан Махачқалъанинг ораси

2 900 километрлик масофа, қолаверса Каспий денгизидек улкан уммон чайқалиб ётибди.

Чирчиқ шаҳрига ўрнатилган “Турналар” ҳайкали нафақат Расул Ҳамзатовнинг шеърига қўйилган ҳайкал балки, шу шаҳарнинг рамзига ҳам айланган. Бу жойга оила қуриш остонасида турган ёшлар келиб гуллар қўйишади. Дунёда уруш бўлмаслигини, бутун ер юзида тинчлик ва осойишталик бўлишини, оналар қон йиғлаб фарзандларини, келинлар эса зор қақшаб мард эрларини жанг майдонларига юбормасликларини Яратгандан сўраб дуолар, эзгу ниятлар қилишади.

Аслида бу дунёни эзгуликка бўлган талпиниш ва унга талпинаётган юраклардаги рамзлар асраб тургандек. Расул Ҳамзатовнинг “Турналар”и замирида ҳам худди шундай буюк рамз бор. Бу шеърни ўқиганлар, унга қўйилган ҳайкал пойида бир зум тўхтаб ўтганлар, албатта самовотнинг доимо яхшиликка тимсол бўлган бу қушларидан эзгулик излайдилар ва топадилар. Шоирнинг бутун умри ва ижоди ана шундай эзгуликларга тўлуғдир. Унинг таъбир жоиз бўлса қуйидаги шеъри ҳам миллионалаб юраклар тўридан жой олган:

 

Одамзод яратган учта қўшиқ бор*,

Уларда жам – шодлик ва ғамли палла.

Улар бир-бирини қилишмас такрор,

Биринчиси – она куйлаган алла!

 

Иккинчисини ҳам оналар айтар,

Ўғлин сўнгги йўлга кузатган пайтлар.

Унинг фиғонидан титрар бўшлиқлар…

Учинчиси – қолган барча қўшиқлар.

 

***

Буюк сўз устасининг дунёга келган диёридаги ўтган сермазмун сафарлар чоғида кўнгилни ғурурга тўлдирадиган кечинмалар, суҳбатларга ҳам шерик бўлдим.

Махачқалъадан Расул Ҳамзатовнинг туғилган овули Хунзах туманидаги Цада қишлоғига бораётганимизда Минҳожиддин ака билан суҳбатлашиб кетаётган Доғистон халқ шоираси Залму Батированинг сўзлари беихтиёр қулоғимга киради:

– Уч марта ҳаж сафарида бўлдим. Энди ягона орзум Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш…

***

“Қаердансизлар?”, деб сўраб қолди Астрахан Ёзувилар уюшмаси раиси Юрий Щербаков. “Ўзбекистондан” дедим. Жавобимдан унинг чеҳраси ёришиб, “Алишер Навоий” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Боиси Юрий ака Навоий бобо ғазалларидан кўплаб таржималар қилган экан. Унинг таржималаридан намуналарни “Звезда Востока” журналида эълон қилишни ният қилдик.

***

Уфадан келган Камил Зиганшинга Ўзбекистонданмиз дейишим билан буюк бобомиз Амир Темур ҳақида сўзлаб кетди. Соҳибқироннинг улуғ хизматлари қаторида адабиёт ва илм-фан аҳлига қилган саховатию юксак эътиборини мисоллар билан жўшиб гапирардики, ўз-ўзимдан ҳайрон бўлдим. Чунки ўзга миллат вакили сенинг боболаринг ҳақида илиқ фикрлар билдириши, бу қадар самимий яхши кўриши кўксингни чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдириб юборади. Шу дамда Зиганшинни ўз туғушганимдек бағримга қаттиқ босгиларим келиб кетди.

Дарвоқе, бу суҳбатлар Доғистон Ёзувчилар уюшмасидаги меҳмонлар билан танишув маросимида бўлаётган гаплар. Расул Ҳамзатовнинг 95 йиллик санасига дунёнинг турли гўшаларидан ўттизга яқин иштирокчилар ташриф буюрган бўлиб, уларнинг барчаси ўзбек, Ўзбекистон номини эшитиши билан, албатта, қайсидир ўзига қадрли бўлган воқеа ёки бирон оламшумул бобокалонимиз ҳақида сўзлаб кетаберади.

Айниқса, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Доғистон халқ шоири Магамед Аҳмедовнинг мамлакатимизда ижодкорларга кўрсатилаётган шарт-шароитлар, қарор ва фармонлар ҳақида тўлқинланиб, ҳавас ва ҳаяжон билан фестивал иштирокчиларига гапириб берганию, Россия Федерацияси Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Ивановнинг “Барчамизнинг номимиздан Президент Шавкат Мирзиёевга адабиёт ривожига кўрсатаётган эътибори учун раҳматимиз ва миннатдорчилигимизни етказишингизни сўраймиз. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида адабиётга бунчалик катта эътибор қаратилмаётган бўлса керак. Омадларинг бор экан!..”, деган гапларидан бениҳоя хурсанд бўлдик.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан анжуман иштирокчиларига, ёзувчи ва шоирларга Алишер Навоийнинг рус тилидаги “Сокровишница мислей” ҳамда беш тилдаги “Ҳикматлар” китобини, адабий нашрларимиз бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларини тақдим қилдик. Расул Ҳамзатов шеърларининг шоир Минҳожиддин Мирзо таржимасида чоп этилган, ҳали сиёҳи қуримаган “Оқ турналар” китобини Доғистон Ёзувчилар уюшмасига совға қилдик.

Кечки пайт Рус драма театрида шоирнинг 95 йиллигига бағишланган катта адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Кеча дастурига мувофиқ Минҳожиддин Мирзо сўзга чиқиб, йиғилгандарни адабиёт байрами билан қутларкан Ватанимизда бу борада қилинаётган кенг кўламдаги ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

***

Ҳар йили доғистонлик минглаб шеърият мухлислари Тарки-Таудаги қабристонга Расул Ҳамзатовнинг туғилган куни муносабати билан унинг қабрини зиёрат этгани келишади. Бу ерда ўша куни Доғистон давлат раҳбарини, турли вазирлик ва идоралар вакилларини, қолаверса дунёнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган меҳмонларни ҳам учратиш мумкин. Ҳархолда мен шунга гувоҳ бўлдим.

Шоирнинг қабри. Қабртошда “Расул Ҳамзатов. 1923–2003” ёзувлари битилган халос. Улуғ шоирнинг қабрини зиёрат қилиб, қалбимиз ёришиб, енгил тортгандай бўлдик. Ҳудди шу куни – 8 сентябрда шаҳардаги Расул Ҳамзатов ҳайкали пойига ҳам гуллар қўйилди, Иккинчи жаҳон уришида қаҳрамонлик кўрсатган аскарлар хотирасига ўрнатилган манумент қаршисида шеърхонлик бўлди.

Кечки пайт меҳмонхонага қайтиб келдик. Биз жойлашган “Приморская” меҳмонхонаси шундоқ Касбий денгизи соҳилида қад ростлаган. Ойнадан денгиз, олис-олисларда сузаётган кемаларнинг чироқлари милтиллаб кўринади. Тўлқинларнинг шовқини ҳам Расул Ҳамзатовнинг шеъри билан айтилган ажиб бир қўшиқни куйлаётгандек туюлади.

Эртаси куни Расул бобонинг Махачқалъадаги хонадонига бордик. Шоир номидаги уй-музейнинг директори, Расул Ҳамзатовнинг қизи Салихат Ҳамзатова бизларни очиқ юз билан қарши олди. Бу хонадонда ўзбекистонлик Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф сингари хақ шоирлари, қолаверса дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатидан келган катта ижодкорлар меҳмон бўлишган. Расул Ҳамзатов билан юзма-юз ўтириб суҳбат қуришган. Бундай қутлуғ даргоҳга келиш бизни ҳам ҳаяжонга солди, албатта.

Расул Ҳамзатовнинг қизи Салихат Ҳамзатова билан

Анъанага кўра тўкин дастурхон атрофида бошланган суҳбатлар тилакларга, мушоирага айланди. Салихат Ҳамзатова отасининг Ўзбекистон хақидаги фикрларини, ўзбек ижодкорлари билан доимо дўстона алоқада бўлганлигини, Чирчиқ шаҳрида “Турналар” шеърига ўрнатилган ҳайкал ҳақида эҳтиром бидан кўп гапирганларини бизларга сўзлаб берди.

Сафаримиз ижодий учрашувлар, тадбирлар, шеърият кечаларига бой бўлди. Универитетдаги журналистика ва филология факултети талабалари билан суҳбат, Расул Ҳамзатов номидаги 50-мактабда ўқувчилар билан бўлган учрашув, Доғистонда ташкил этилган “Шеърият театри”даги шеърхонлик кечаларидан катта таассуротлар олдик. Она тилимизда шеърлар ўқидик.

Шеърият театрини барпо этиш, унда шеърият кечаларини ўтказиш Расул Ҳамзатовнинг энг катта орзуси бўлган экан. Шоир вафотидан кейин унинг орзуси ушалиб, Махачқалъанинг қоқ марказида икки қаватли, шинам ва озода, кўркам кошона қурилиб унга “Шеърият театри” номи берилибди. Эшикдан кираверишда Расул Ҳамзатов ва Александр Пушкиннинг ҳайкаллари ўрнатилган.

“Овул ва бутун жаҳон шоири” мавзусида Россия шеърият кечаси бошланишидан олдин икки улуғ шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Сўнг кўргазмалар залида ташкил этилган мактаб ўқувчилари томонидан Шоир шеърларига чизилган суратлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 7 ёшдан

14 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг ўз дунёқараши, тасаввуридан келиб чиқиб чизган суратлари кишида ажиб туйғуларни уйғотади.

***

Сафаримизнинг тўртинчи куни мезбонлар учта йўналиш бўйича Доғистон бўйлаб сафар тайёргарлиги кўрилганини айтишди. Учаласи ҳам тарихий жойлар – Дарбанд, Гуним ва Хунзах. Биз Расул Ҳамзатов туғилган Хунзасга, Цада овулига боришимизни айтдик. Чунки, шоир туғилиб ўсган, болалиги кечган жойларни, “Менинг Доғистоним” китобида кўп бора тилга олган, қалбимизда шу масканларга меҳр уйғотган гўшаларни ўз кўзимиз билан кўргимиз келди. Шаҳар марказидан деярли тўрт соатлик йўл бўйи Доғистон халқ шоири Залму Батирова, Карачеев-Черкас Республикаси халқ шоири Лариса Шебзухова, таниқли россиялик шоирлар Доғистон шеърияти таржимонлари Юрий Шчербаков, Виктор Петров, Валерий Латинин ва бошқалар билан қизғин суҳбат қурдик.

Кета-кетгунча қир-адирлару тоғ манзаралари, дарёлар мавжланишидан завқланиб узоқ йўл босганимз ҳам билинмади. Олисдан, мактаб ўқувчилари, туманда яшовчи ёшу-қари тўпланиб турганию икки ёнига Россия ва Доғистон байроқлари ўрнатилган машиналарнинг ҳаракатланаётганини кўриб билдикки, байрам авжида. Бу ерда Хунзах тумани ҳокими, турли идоралар бошлиқлари бизни қарши олишди. Кейин билишимизча, шу ерлик аҳоли ҳар байрамни нафақат Доғистонни, балки Цада овулини бутун дунёга танитган шоири Расул Ҳамзатовнинг барча дўстлари ва меҳмонларини шу жойда кутиб олиб, яна шу жойдан кузатишар экан. Хунзах тумани нимаси биландир ўзимизнинг Бойсунни эслатади. Яна бир қизиқ жойи Доғистоннинг машҳур кишилари, олимлар, ёзувчи ва адибларининг кўпчилиги шу ҳудуддан етишиб чиққан экан. Тоғликлар одати бўйича меҳмонлар миллий таомлар ва ширинликлар билан иззат қилинди. Шундан сўнг яна ўн беш дақиқалик йўл босиб Расул Ҳамзатов туғилган Цада овулига кириб келдик. Овулнинг ҳар тўрт тарафи Баланд тоғлар, адирлар билан ўраб олинган экан. Бу ерда ҳам байрам авжида. Шу атрофдаги бутун овуллар вакиллари байрамга чиқишган. Худди бизда бўладиган халқ сайларию Наврўз байрамини ёдга солади.

***

Овулдан сал узоқроқда жаҳон уруши қатнашчиларига бағишлаб, шоирнинг машҳур шеъри асосида “Оқ турналар” ёдгорлиги ўрнатилган. Ёдгорликнинг икки томонига хотира лавҳалари ўрнатилган. Атрофда оппоқ турналар либосидаги болалар. Лавҳалардан маълум бўладики, Иккинчи жаҳон уруши даврида биргина мана шу тоғли Хунзах туманидан 2634 нафар йигит урушга чақирилиб, улардан 1227 нафари тирик қайтади. 1407 нафаридан эса қора хат келади. Шоирни “Турналар” шеъри буутун дунёга машҳур қилади. Таниқли санъаткор Марк Бернес ижросидаги қўшиқ миллионлаб кишилар қалбидан жой олади. Қанчадан-қанча юртларда, жумладан шоир туғилган Цада овулида ҳам “Оқ турналар” ёдгорлиги ўрнатилади. 1986 йилда Гуним ҳудудида биринчи марта жангчи аскарлар хотирасига “Турналар” ёдгорлиги ўрнатилади. Ёдгорлик пойидаги мангу оловни ёқиш учун Иккинчи жаҳон урушида тўртта ўғлидан жудо бўлган она хонадонидан олов олиб келинган экан.

“Турналар” монументи пойида Расул Ҳамзатовга бағишланган музей бунёд қилиниб, унда ушбу шеърнинг жаҳоннинг турли тиллардаги таржималари ўрин олган. Цада қишлоғидаги Расул Ҳамзатов туғилган ва болалиги ўтган, шоирнинг отаси Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса уйига, тўғрироғи уй-музейига йўл оламиз.

Паст шифтли, икки қаватдан иборат уй. Оддий хонадон, тарихий расмлар, ашёлар, шоирнинг отаси, онаси, овулдошлари билан тушган суратлари, Ҳамзат Цадаса ҳаёти ва ижодидан сўйловчи нодир намуналар. Девордаги бир сурат эътиборимизни тортди. Унда Ҳамзат Цадаса минбарда, ортида улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг муҳташам портрети турарди. Яқинроқ бориб ўқиймиз: “Алишер Навоийнинг 500 йиллиги, Тошкент, 1948 йил”, “Ҳамзат Цадаса ва ёзувчи Кравченко, Тошкент, 1948 йил”. Расул Ҳамзатовнинг Ўзбекистонга кўп бора келганидан хабардормиз, лекин у кишининг отаси ҳам Ватанимизга келгани биз учун кутилмаган янгилик бўлди.

Қайтишимизда кимдир Махачқалъада маҳаллий халқ тилида “Узбек городок” деб аталадиган жой борлиги айтиб қолди. Мен Минҳожиддин акага, у киши менга ҳайрат ва таажжуб билан қараймиз. Кейин, эртаси куни ўша “гарадокка” борганимизда биламизки, 1970 йилда Доғистонда зилзила содир бўлади. Қурилиш-тиклаш ишларида ватандошларимиз ҳам иштирок этади. Бу ҳудуддаги бир қанча беш қаватли уйларни тошкентлик бинокорлар қуриб беришган экан. Барча қурилиш материаллари ҳам Ўзбекистондан келтирилади. Айланамиз, қатор уйлар, унга ёндош жойда бозор, унинг ёнида “Тошкент” номли савдо магазини. “Тошкент” номли ресторонни, сал нарида баланд бино тепасидаги катта ҳарфлар билан ёзилган “Узбекистан” деган мўътабар сўзга кўзимиз тушиши билан жонимизга яна жон киргандай бўлади. Барибир, Ватандан олисда Она юртинг, давлатинг пойтахти номи ёзилган жойларни кўриш кишига ўзгача руҳ ва ифтихор бағишлайди.

Бир пайтлар Расул Ҳамзатовдан овулдошлари томнинг устидаги гурунгларда “Ўзга мамлакатларда бизнинг борлигимизни, шу заминда яшаётганимизни билишадими” деб сўрашар экан. Бугун Цада овулини ҳамма билади. Адабиётнинг кучини кўрингки, бугун Доғистон деса Расул Ҳамзатов, Расул Ҳамзатов деса Доғистон кўз олдимизга келади.

Сафаримиз давомида Ҳамзат Цадаса, Абутолиб Ғофуров, Маҳмуд сингари доғистонлик шоирларнинг ёдгорликларини ҳам зиёрат қилдик. Хунзахда бўлганимизда кўнглимиздан бир фикр ўтди, Расул Ҳамзатов мана шу тоғлар бағридаги овулда, оддий хонадонда дунёга келди. Шу ердан бориб ўз сўзи, шеърияти билан дунёни забт этди.

Адабиёт, шеъриятнинг бирлаштирувчи кучи бор, дейдилар. Ҳар йили “Оқ турналар куни” фестивалида Расул Ҳамзатов шеърияти дунёнинг қанчадан-қанча мамлакатларидан келган шоир ва ёзувчиларни Доғистон заминида бирлаштиради. Қалбларни қалбларга, элларни элларга боғлайди. Дунёда дўстликдан ортиқроқ яна нима, қандай неъмат бор?!.

Ниҳоят, сафаримиз қариб она Ватанимизга қайтадиган кун келди! Ҳаяжоним бу ўлкаларга келаётганимдаги ҳаяжондан минг, юз минг балким ундан ҳам ўн чандон ортиқроқ. Ватандан олисда хаттоки хизмат сафари билан ўзинг кўришни орзу қилган жойларга ошиқиб борсанг ҳам ҳеч нарса туғилган тупроғингга тенг тенг келмас, уч кун ўтмай юртингни соғинар экансан. Бу туйғу барча қалбларни бирдек эгаллаши бежиз эмас. Сабаби, табиатга ошифта бўлиб, инсонийликка, улуғ гуманистик ғояларга хизмат қилган Расул Ҳамзатов юртида одамнинг ёдига онаси, она тупроғи келаверади. Шу азиз ҳислар турналар ташлаб кетмайдиган замин шоирининг машҳур шеърларини беихтиёр ёдга солади:

 

Ханжарлар сопига ёзинг, одамлар,

Фарзандлар исмини, шунда қай куни

Жиззакилик қилиб тутсангиз ханжар,

Улар эсга солар буюк туйғуни.

 

Милтиқлар устига чизинг, одамлар,

Оналар расмини, шунда қай куни

Кимдир ўқ узишга чоғланса агар,

Мунис сурат йўлдан қайтарар уни.

 

Жўрабек ЖАҲОН

 

2018 йил, 5-11 сентябрь.

Тошкент – Доғистон – Тошкент

 

* Р. Ҳамзатов шеърларини Асрор Мўмин таржима қилган.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.