Қуёнча

0
452
марта кўрилган.

Тўртинчи қаватда, устига-устак иккита каталакдек хонада қуён боқиб бўларканми? Албатта, бунинг ҳечам иложи йўқ. Лекин нимаям дердик. Боланинг кўнгли-да! Ҳаммамиз ҳам болалик давримизда бирон жониворга меҳр қўйганмиз. Масалан, мен ҳам ит боққанман, каптарга ишқибоз бўлганман. Гапнинг индаллоси, айни саратон кезлари кичик қизимни тоққа – туғилиб ўсган қишлоғимга, ота-онамнинг ёнига жўнатгандик. Чамаси бир ойларда у қайтди. Ўзи билан бирга мушук боласидан сал йирикроқ қуёнчани олиб келибди. Қишлоқда кимнингдир қуёни болалаган экан, қизим ўша миттивойлардан биттасини шаҳарга олиб кетаман, деб туриб олибди. Оч малла ранг кўзлари худди шишадан ясалганга ўхшайди. Майин жунлари оппоқ, узун қулоқларининг томири қизаринқираган. Бурни негадир бетўхтов қимирлайди.

Аввалига энди қуёнчани нима қиламиз, деб бошимиз қотди. Муаммо шундаки, қуён ҳам тирик жон – яшаши учун жой, шароит керак. Ўйлай-ўйлай унга ваннахонани ажратдик. Эрталаб ҳамма кетади. Мен ва хотиним ишга, ўғлим коллежга, катта қизим мактабга, кичиги – қуёнбоқари боғчага. Қуёнча қамалиб ёлғиз қолади. Тушликка яқин қайтган ўғлим ёки қизим унинг қорнини тўйғазади. Кичик қизим боғчадан келгач, шалпангқулоқ тамоман эркинликка чиқади. Иккиси кўп қаватли уй олдидаги майдончада ўйнайди. Уларга қўни-қўшнининг фарзандлари қўшилиб, қуёнчани роса эрмак қилишади.

Ҳайронман, биз ўқиган эртакларда, кўрган мултфилмларимизда қуён сабзи, карам ерди. Аслида, бу жониворнинг таъби жуда нозик бўларкан. Биринчидан, умуман сув ичмайди. Иккинчидан, сабзиниям, карамниям номига қитирлатиб, таъмини тотади, ёлчитиб емайди. Барра ўтни эса жуда хуш кўради. Шу боисдан бозордаги ошкўкатлардан олиб келиб берадиган бўлдик. Бу қуён деганлари, айниқса, райҳон баргига ўч бўларкан. Битта донасини ҳам қолдирмай паққос туширади. Хуллас, оиламизнинг “янги аъзоси” нимани кўпроқ еса ўшани муҳайё қилавердик. Натижада танаси катталашиб семирди, бунинг баробарида ёқимли қилиқлар ҳам чиқара бошлади.

Очиғи, айёрликда қуён азалий рақиби тулкидан сира қолишмас экан. Дастлабки кунлари у бир четда тортинибгина бегонасираб турарди. Қараса, уйдаги шарт-шароитга кўникмаса бўлмайди. Ахир, одамлар билан бир хонадонда яшагандан кейин эмин-эркин ҳаракат ҳам қилиши керак-да. Энди қуёнча гоҳ дастурхон атрофига келиб, хонтахта остидан мўралайди, гоҳ у хонадан бу хонага диконглаб, барчанинг эътиборини ўзига тортади. Чапдастлигини қаранг, югуриб бораётиб шартда йўналишини ўзгартиради. У ҳам меҳрни, ким қандай муносабатда бўлаётганини тушунади чоғи, кўпроқ кичик қизимга ўзини яқин олади. Берса печени, шоколад ҳам еяверади. Қулоқчасидан тортиб қийнаса-да, оёқчасидан ушлаб тик туришга мажбур қилса-да, қизимнинг ёнидан жилгиси келмайди. Қуён ҳам қизимни одамзоднинг қуёнчаси деб билади, шекилли. Биз учаламиз – мен, ўғлим ва катта қизим ҳам қуёнчага хайрихоҳмиз. Хонадонимизда шалпангқулоқни ёқтирмайдиган бирдан-бир киши бу – хотиним. У ҳар куни қуёнчанинг дастидан дод дейди. Ошхонада овқат қилаётганида оёғи остида ўралашиб таъзирини еган бўлса керак, у ҳам хотинимга хавфсираб қараб-қараб қўяди.

Кўнглимиз кенг бўлгани билан барибир уйимиз торлиги ноқулайликлар туғдирди. Масалан, ярим кечаси қитир-қитир қилиб нималарнидир кемиради. Бир пайт хотинимнинг норози оҳангдаги овози эшитилади.

Ҳақиқатан, қуён кемирувчилар оиласига кираркан, қўл телефоннинг “зарядниг”ини ишдан чиқарди, девордаги гулқоғозга ҳам ҳужумга ўтди. Бунга қарши эҳтиёт чорасини кўрдик. Қўшнимиздан қушқафасини сўраб олиб, ичига қуёнчани солиб қўядиган бўлдик. Бечора тор жойда уёқ-буёққа бурилолмай қийналди. Ичимиз ачиб дам ваннахонага қамаймиз, дам яна қафасга тиқамиз, баъзан оёғининг чигали ёзилсин, деб уй ичига қўйиб юборамиз. Хуллас, бир киши у билан овора.

Албатта, бировга уйда қуён боқаётганимиз ҳақида гапириш кулгили. Аммо менинг ичимда гап ётмайди. Бир танишимга айтгандим, “Бунинг йўли осон. Сўйиб қозонга босиш керак, – деб маслаҳат берди. – Қуён гўшти жуда мазали бўлади…” Этим жимирлаб кетди. Ахир, бизга қадрдон бўлиб қолган қуённинг гўштини ейиш…

– Бу қуённинг дастидан ваннахона ҳидланиб кетди, – деб ёзғирди бир куни хотиним. – Ортиқ бу аҳволга чидаб бўлмайди. Қуённи қўшнилардан ким олса, ўшанга бериб юбораман. Хоҳласа, сўйиб есин, хоҳласа…

– Яхшиси, мен уни “зоомагазин”га топшириб кела қолай, – деб таклиф киритди ўғлим. – Ҳарна бир-икки сўм пул беради.

– Йўқ, қуёнча бегонанинг қўлига тушса, сўйиб еб қўяди. – деди катта қизим. – Менинг бир дугонам ота-онаси билан ҳовлида яшайди. Қуёнчани вақтинча уларникига қўйиб турайлик, баҳоргача.

Улар қуёнчадан қутилишнинг мақбул чорасини айтишаркан, мен секин кичик қизимга қарадим. Кўзлари жиққа ёшга тўлган, мунғайибгина ўтирибди. Жажжи қўлчалари билан оҳиста қуёнчасини силаб-силаб қўйди. Буни кўриб ғалати бўлиб кетдим. Болаларимнинг қизиқишига яраша шароит яратиб беролмаганимдан ичимда ўкиндим. Назаримда, энг тўғри йўл – қуённи қишлоққа олиб бориб қўйиш. Шундагина қизимнинг қалбига озор етмайди. Қишлоққа борганида меҳр қўйган жониворини кўриб туради…

Мен шу фикрни билдириб, йўл тадоригини бошлаганимда қизимни онаси, акаси ва опаси ўртага олиб, унга қуёнча нега қишлоққа кетаётганини тушунтиришди. Шунда ҳам осонгина рози бўлмади кичигимиз. Соғинганида расмини кўриб туриши учун иккисини суратга туширдик. Ҳатто қуёнчанинг алоҳида белгиларини битта дафтарчага ёзиб қўйдик. Ахийри кўнди…

Мана, орадан бир неча ой ўтди. Ҳали ҳам қизим, қуёнчам қандай юрган экан-а, деб тез-тез эслайди. Қишлоқдан телефон қилиб қолишса, биринчи навбатда, уни сўрайди. Дарвоқе, яқин қуёнчасини йўқлаб тоққа бормоқчи бўлиб, ҳозир кун санаб ўтирибди.

Менинг кўз ўнгимдан эса қизим қуёнчасини қандай эркалагани, қулоқларига шивирлаганида у худди сўзларига тушунгандек киприкларини юмиб, ҳузур қилиб ётгани сира кетмайди…

 

Суюндик Мамиров.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.