“Қалбан қорабоғликман!”

0
849
марта кўрилган.

Озарбойжонга сафарим “учишдан” бошланди. Ҳам руҳим, ҳам қалбим, ҳам жисмим учди, осмонларни бўйлади, кўкда ўзини бир қадар эркин, ҳур ҳис қилди, қувонди, шодланди, бахт билан учрашди. Бу хушнудликнинг бошланиши эканини сезиб турардим. Биринчи навбатда, мен Озарбойжон халқидан, Ўзбекистоннинг қадрли дўстлари, Озарбойжон Ёшлар Демоқратик Ҳаракати Иттифоқи асосчиси Вусала Ҳусейнлидан, шоир ва таржимон Акбар Қўшалидан миннатдорман. Уларнинг Ўзбекистонга, ўзбек ёшларига бўлган эътибори учун ташаккур айтаман. Бир-бирига азал-азалдан қардош икки милатнинг бугунги кундаги аълоқалари, янада яқинлашувида “Китоб дунёси” газетасининг бош муҳаррири Хосият Рустамованинг алоҳида ҳизматлари борлиги ҳаммамизни мамнун қилади. Қадрли Хосият опага ҳам алоҳида ташаккур!

Озарбойжонга сафарим жуда мароқли ўтди. Озарбойжон халқининг меҳмондўстлиги, очиқ кўнгил одамлари, айниқса Боку шаҳрининг шамолли тонглари менда ўзгача таассурот қолдирди. Тонгда осмонга боқар экансиз, бошинггиз узра мовий, оқ булутлар учоқлар мисоли учиб ўтади. Қай инсоннинг чеҳрасига боқсанг, аввалдан танишдай, қадрдонингдай туюлаверади, кўнгиллар яқинлигини сезасан киши.

Озарбойжонда меҳмон бўлишимдан асосий мақсад “Ёшлар форуми”да Ўзбекистон номидан қатнашиш, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, янгиликлар ҳақида сўз юритишдан иборат. Ёшлар муаммоларини ўрганиш, ҳал қилиш, уларга яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш ҳақида уч кунлик форум ташкил этилди. Форумда ўнга яқин: Иордания, Ироқ, Беларуссия, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Ўзбекистон каби мамлакатлардан биттадан вакил иштирок этди. Ҳар миллат вакили ўз юртидаги ёшларга берилаётган эътибор, имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб, ёшлар шароитларини янада яхшилаш учун ўз таклифларини билдирди. Мен ҳам давлатимизда ёшлар учун яратилган имкониятлар, жумладан юртбошимиз ташаббуси билан ташкил қилинган “Ёш китобхон” танлови ва унинг ғолибига автомашина берилиши, “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилгани ва унинг соҳиблари олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилиниши ҳақида гапирдим.

Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар билан Озарбойжоннинг хусусий медиа-марказида меҳмон бўлдик. Бу медиа-марказда хусусий телеканаллар, радиоканаллар, интернет сайтлари фаолият юритар экан. Фирма раҳбарининг сўзлари мени ҳайрон қолдирди: “Мен бу фирмани очган пайтимда битта телеканалимиз, битта сайтимиз, битта газетамиз, бор-ёғи еттита ишчимиз бор эди. Мана ҳозирги кунда ўзингиз кўриб турганингиздек фаолиятимизни кенгайтирдик, сайтларимиз, телеканалларимиз тинимсиз ишлаб турибди, ишчиларимиз сони эса 350 тадан ошди.”

Мен Ўзбекистонда пайтим “Kulis.az” сайтини кузатардим, буни қарангки шу сайт ҳам бу фирмага тегишли экан. “Kulis.az” сайтининг муҳаррирлари ва ишчилари билан яқиндан танишдим. Танишганимдан мамнун ва миннатдорлигимни, Озарбойжон сайтларнинг доимий кузатувчиси эканимни уларга билдирдим.

Учинчи кун эса Озарбойжонлик шоир оғаларимиз, қардошларимиз билан учрашдик. Акбар Қўшали, Интиқом Яшар, Канан Ҳажи, Сулаймон Абдулла, Турол Турон, Эмил Расимўғли, Нижот Ҳошимзода каби шоир ва ёзувчилар билан бўлган суҳбатларимиз ҳақида алоҳида тўхталмоғим лозим. Уларнинг ўзбек адабиётига бўлган қизиқиши, икки қардош халқнинг адабий аълоқалари, таржима тўғрисидаги фикрлари ҳам менда илиқ таассуротлар қолдирди. Бокунинг салқин оқшомида кичик чойхонада гурунглашиб ўтирар эканмиз, бир озарбойжонлик бегона одам суҳбатимизга қўшилди: “Мен бу даврадигиларнинг зиёли одамлар эканини аниқ биламан. Сизлар шунчаки сўзлаётганингиз йўқ. Аввало узр, суҳбатингизга қулоқ солмоқчи эмасдим, аммо бирдан эшитиб қолдим, сизлар миллат ҳақида гапирдингиз, адабиёт, ёшлар ҳақида сўзладингиз, – деди ва менга қаради – Сиз Қорабоғликмисиз, юзингиз, кўзингиз, айниқса бурнингиз жуда ўхшаяпти?!”

Ёнимдагилар “Йўқ-йўқ, бу ўзбек шоири, меҳмон бўлиб келган”, дейишди. Ҳалиги одам жилмайди: “Хуш келибсиз! Бироқ жуда Қорабоғликларга ўхшар экансиз!“

“Раҳмат! – дедим қўлимни кўксимга қўйиб, – қалбан Қорабоғликман, руҳан Қорабоғликман, оға!”. У яна жилмайди ва кетар чоғида: “Ўзбек қардошларимизга биздан салом денг!”, – деди қўлини силкиб.

Учинчи кун оқшомида форум якунланди ва иштирокчиларга эсдалик совғаларини топширишди. Мен ўз туғилган маконимдан қанчалик узоқда эканимни, “Соғиндим!” дейиш осон, бироқ соғинч аслида қандай бўлишини Ўзбекистонга қайтар чоғимда тушундим. Учоқда пайтим “Ўзбекистонга борсам, ҳамма яқинларимни маҳкам қучаман, ерга тушишим билан ерни ўпаман, керак бўлса…” қабилидаги фикрлар миямдан ўтарди.

Мен форум ташкилотчиларига, озар қардошларимизга яна бир бор раҳмат айтаман! Ажойиб форум учун, меҳмондўстлик учун, соғинч учун раҳмат, азизлар!

 

Раҳмат Бобожон,

ёш ижодкор,

“Китоб дунёси” газетаси мухбири

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.