“Қабрда ҳам Қорабоғнинг ўзиман…”

0
148
марта кўрилган.

Яқинда хизмат сафари билан Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлдим. Сафаримиз давомида бу шаҳарнинг энг чиройли ва кўркам жойларини, тарихий обидаларини томоша қилдик. Боку мени ўзига мафтун этди. Денгиз соҳилида қад кўтарган чиройли бинолар, сўлим боғлар дилингизни яйратади. Шаҳарнинг қоқ марказидаги “Шаҳидлар майдони”ни ҳам зиёрат қилдик. Хиёбондаги қабр тошларига ёзилган битиклар қалбимда бир умрга муҳрланди, десам муболағага йўймассиз. Чунки бу ерда ётганларнинг барчаси менинг тенгдошларим эди… Озарбайжонлик ҳамроҳим бу хиёбоннинг тарихи ҳақида сўзлаб берганида кўзларимдаги ёшни тўхтата олмадим. Бу майдон 18-20 ёшдаги бўз йигитларнинг ҳақиқий қабрлари эди. Бу ерга 1990 йил 20 январь куни Боку шаҳрида ўтказилган тинч намойишни шафқатсизларча Шўро қўшинлари томонидан бостирилганида фожеали ҳалок бўлган озар ўғлонлари дафн қилинганди. Қабрларнинг барчасида вафот санаси 1990 йил 20 январь, деб ёзилганди. Ҳайратимни оширган, кўзларимдаги халқа ёшнинг шашқатор бўлиб оқишига сабаб бўлган биринчи суратли қабр ёш келин-куёвларнинг қўш қабри эди. Кечагина осмонларча орзулари билан гўшангага кирган келин-куёв эртасига бир қабрга киришибди. Эшитганга афсонадек туюлган бу каби тақдирлар майдонни икки-уч қаватли қабрлари билан тўлдириб турибди. Дуога қўл очиб яратгандан уларга жаннатингдан жой бер, дея сўрайман. Мезбон ҳамроҳим менга тарихда “Қонли январь” номи билан қолган ўша мудҳиш кун воқеалари ҳақида сўзлаб кетар, баъзи бирлари ҳақида маълумотлар берарди. Бир қабр ёнига келганимизда хўрсиниб: Бу менинг амакиваччам, эндигина ўн тўққизга тўлганди, талаба эди, деди-ю, изтиробли кўз ёшларини артди. Мен жим уни тинглардим. Майдонни тўлдириб турган совуқ қора тошлардаги суратлар остига битилган рақамларга боқаман, 19-20 ёшлилар. Яна бир суратнинг ёнида тўхтадик. Иккимиз ҳам адабиётшунос эканлигимиз учунми, бу сурат олдида бироз узоқроқ туриб, у ҳақда сўзлаб берди. Унинг остига “Улви Юсуф ўғли Бунёдзода, 1969–1990 йиллар”, дея битилган эди.

У 1990 йилда эндигина талабалик олтин даврини сураётган эди. Шу маънода биз тенгдош эканмиз, дедим секингина. “Ҳа, тенгдошимиз эди. 20 ёшида бу оламни тарк этди. Ватан учун жонини фидо қилди. У уйланмаган бўз йигит эди, ундан зурриёд қолмади, аммо уни доим эслатиб турувчи нафис шеърияти, гўзал ҳикоялари қолди, ажойиб таржималари қолди”, деди ҳамроҳим. Ҳайратланиб унга қарадим. “Ҳа, Улви яхшигина шоир эди. У чет тиллар институтида таҳсил олганди. Араб, форс, рус, ўзбек тилларини мукаммал биларди. Ўқувчилик йилларидаёқ шеър, ҳикоялари билан танилганди, кейинчалик таржималари билан ҳам кўзга кўринаётган эди”, деди. Иккимиз ҳам бироз жим қолдик.

Йигирма ёш. Инсон ҳаётининг айни баҳор палласи. Ҳаётдан завқланиб, муҳаббатдан сармаст, юрак севгига ошно бўладиган, ҳаётий режаларингни бирма-бир чизадиган дам. Айниқса, бу ёшда йигитларнинг шавқи, завқи, муҳаббати, шижоату жасорати ўзгача бўлади. Йўл-йўлакай Улвининг ижоди ҳақида суҳбатлашдик. Ҳамроҳим унинг ижоди билан таништириб, шеърларидан намуналар ўқиб берди. Мен унинг суҳбатини тингларканман, шундай истеъдод соҳибининг асарларини топиб ўқиш истаги пайдо бўлганлигини унга айтдим. Эртаси куни Озарбайжон ФА Низомий номидаги Адабиёт институтида бўлган учрашувдан сўнг, у менга Улви Юсуф ўғлининг бир китобчасини совға қилди. Улвининг шеърларини ўқидим. У 1982 йилда синфдошларига бағишлаб ёзган шеърини “Ватан учун ўлмоқ керак” деб номлабди. Эндигина 12-13 ёшдаги ўспириннинг бу қадар ватан ҳақида жўшиб шеър ёзиши кишини ҳайратлантиради. “Умр йўли” деб номланган яна бир шеъри, ёш шоирнинг ватан ҳақидаги туйғуларини янада кенгроқ очишга имкон беради.

 

Қорабоғдир менинг жоним-имоним,

Шу тупроқнинг нишонаси, изиман.

Мени ожиз, дея кўрманг қабрда,

Қабрда ҳам Қорабоғнинг ўзиман.

 

Улви бу шеърни ёзганида эндигина 18 ёшга тўлганди. Бу ёш инсон учун ўлим ҳақида эмас, яшаш завқи ҳақида ўйлайдиган пайт. Лекин Ватанининг бир қарич ерини ҳам муқаддас деб билган ҳар бир инсон учун унинг учун жонини фидо қилиш шарафлидир. Ёш Улви ана шу йўлда шаҳид кетди.

У шеърларидан ташқари бир қанча ҳикоялар ҳам ёзди. “Садоқат”, “Инсон” каби ҳикояларида у инсонга хос бўлган самимият, муҳаббат, донишмандлик, орият, садоқат, ғурур ҳақида ёзди. Ота-боболаримиздан қолган ривоятлар билан бошланадиган “Садоқат” ҳикоясида ёнимизда турган яқинларимизнинг меҳру муҳаббати, дарду ҳасратини ҳис қилмаслигимиз ҳақида ёзса, “Инсон” ҳикоясида, мансаб, мартаба, туфайли инсонийлигини йўқотиб, кейин унинг орқасидан фарёд-ла термулиб қолаётган ношуд кимсаларнинг бадиий образини яратади. Унинг топилмалари ўқувчини ўйга толдиради. “Инсон”даги “… Кекса файласуф ҳукмни қайта тинглаётгандек бўлди. У сесканиб бошини кўтарди. Бола онасининг оқасидан кетиб борарди.

– Инсон! – кекса файласуфнинг овози соҳил бўйлаб ёйилди…

У она-болани орқага қайтариш учун ҳамма нарсага ҳозир эди. Лекин, Наргиздан ҳам, Инсондан ҳам у анча илгари, бундан саккиз йил муқаддам ИНСОНлигини йўқотган дамдаёқ жудо бўлган эди”, каби жумлалар ўқувчини ўзлигидан жудо бўлиб, пушаймонлар гирдобида қолмасликка чорлайди.

Мана, сафардан қайтганимизга ҳам анча бўлибди. Ўша кунларда бу тенгдошимнинг асарларини ўқиб, улар ҳақида мулоҳазаларимни ёзишим керак, деган фикр билан Ватанга қайтгандим. Улви ижоди билан танишиш, уни ўзбек китобхонларига таништиришни ўзимнинг бурчим деб билдим. Улви Бунёдзода асарларидан бадиий жиҳатдан ўта мукаммаллик, шеърларида гўзал ташбеҳлар излаб ўқимадим. Аммо уларнинг ҳар бирида унинг содда ва беғубор қалби, Ватанга, халқига, инсонга муҳаббати акс этган самимиятни кўрдим. Уларни сиз ўқувчиларга ҳам илиндим.

 

Гулноз Сатторова,

филология фанлари номзоди

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.