Ўз замони билан ўтган замонни тарозу қилиб

0
422
марта кўрилган.

Бу замин улгағайтирган йирик аллома, мутафаккир, шоиру адибларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини гапириб адо қилолмаймиз. Биргина, Наманганнинг ўзи қанчадан қанча улуғ зотлар – Махдуми Аъзам, Мавлоно Лутфулло Чустий, Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода, Исҳоқхон тўра Ибрат, Чустий домла, Усмон Носир, Зафар Диёрга бешик бўлган. Уларнинг барчаси элни маърифатга етаклаган.

Исҳоқхон тўра Ибрат 1862 йилда Наманган яқинидаги Тўрақўрғон қишлоғида дунёга келган. Онаси Ҳурибиби мактабдор бўлган, унинг мактабида қишлоқ қизлари ўқиш, ёзиш, ҳуснихатдан таълим олишган. Ибратнинг ҳам илк саводи онасининг қўлида чиқди. Шу боис, бир умр ўз асарларида волидаи муҳтарамасини биринчи устози сифатида эҳтиром билан эслаб ўтади.

Ибратни XIX аср бошларида Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига беришади. Мадраса таҳсили йилларида у Муқимий, Фурқат, Завқий, Нодим, Ҳазинийлар билан яқин мулоқотда бўлади. Шарқу ғарб олимлари асарларини мутолаа қилади. Рус ва ўзбек тилларида чоп этилган “Туркистон вилоятининг газети” ҳамда Исмоилбек Гаспиралининг “Таржимон” газетаси билан мунтазам танишиб боради. У мадрасани тугатгач, ўз қишлоғида мактаб очади. Мактаб янгича таълим асосида фаолият юритгани учун маҳаллий ҳукмдорлар қаршилигига учраб, тезда ёпилади.

Кейинчалик Ибрат домла онаси билан ҳаж зиёратига жўнайди. Онаси Жидда шаҳрида вафот этади. Онасини дафн этиб, Ҳаж зиёратини ўтагач, сафарини давом эттиради. Истанбул, София, Афина, Рим каби Европа шаҳарларида бўлди. Жидда, Кобул, Бомбей, Калкутта шаҳарларида яшайди. Шу тариқа у араб, форс, турк, ҳинд-урду, инглиз, рус тилларини мукаммал ўрганади. Шарқ ва Европа халқлари маданияти, санъати, умуман олганда, ҳаёти билан танишиб келажакда ёзиладиган асарлари учун маълумотлар тўплайди.

Ибрат домла қаерда бўлмасин, ўша ерлик олиму уламолар билан танишади. “Ҳар бир заввор ва аҳли фазл кишини кўрсам, кайфият ва таълимот маолларини андин сўрадим”, деб ёзади кейинчалик бу ҳақда ўз эсдаликларида.

Жаҳонгашта олим сафар давомида шарқ ва ғарб мамлакатларидаги илм-фан, илғор техника ютуқларидан баҳраманд бўлиб, уларни халқимизга ҳам илинади. Унинг янгича ўқув услубига эга мактаб, кутубхона, босмахоналар ташкил этгани юқоридаги фикримизни исботлайди. Саёҳатлар, илму ҳунар ўрганишга бўлган ғайрат-шижоат Исҳоқхон тўра Ибратни замонасининг энг пешқадам маърифатпарвар шоири, олими, илғор маорифчиси, публитсисти бўлиб етишишига сабаб бўлди.

Ибрат домла тарихчи олим сифатида “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Меъзун ул замон” асарларини яратди. Бу асарларни яратишдан олдин Шарқу ғарб тарихнавислари асарларини синчиклаб ўрганди. Эътиборли жиҳати, у ҳаққонийлик матлаби билан ёзди. Муаррих тарихий воқеаларнинг фақат ҳикоячисига айланиб қолмасдан ҳар бир ҳодисага ўз муносабатини билдиради. Шунингдек, олдин ёзилган тарих китобларидаги бир ёқламачилик, асоссиз мақтов ёхуд танқидларга нисбатан қарашларини ифода этди. Олимнинг ўз сўзлари билан айтадиган бўлсак, “Тарихи Фарғона” асари “изҳори ҳунар ёки мусаннифлар қаторига кирмак” учун эмас, балки “ўз замони билан ўтган замонни тарозу қилиб, вазнини билсун учун” ёзганлигини дарж этди. Тарихий асарларга бундай муносабатда бўлиш халқ ҳаётини ҳаққоний акс этишига мезон бўлиб хизмат қилади.

Ўқувчи “Тарихи Фарғона” асари орқали Нодира, Муҳаммад Алихон, Фазлий Намангоний, Гулханий, Махмур, Ҳозиқ каби қатор тарихий шахслар ҳамда улар билан боғлиқ воқеалардан ҳам бохабар бўлади. Ибрат географ олим сифатида Фарғона водийсининг географик тавсифномасини ҳам беради. Водийнинг тоғлари, дарёлари, ҳайвонот ва наботот олами, иқлими, табиати, ерлик аҳоли, уларнинг касбу корлари – ҳунармандчилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ ишлари хусусида батафсил ҳикоя қилинган. Шунингдек, муаррих жой номлари билан боғлиқ аниқ маълумотлар ҳам бериб ўтадики, бу ҳам ўқувчи эътиборини ўзига жалб этади. Масалан, Наманган ва Тўрақўрғон жой номларини олайлик.

Ҳамма ҳам бу жой номларининг асл ўзаги – маъносини билмайди. Асардан бир парча келтирамиз: “… Намангон асли намангон эмасдур. Форсий лафзи бирла намакон – намак кондур. Мунинг маъниси шул эканки, бизни Чиғатой тилида асли гон йўқ, бу шеваи форсийдур. Чиғатойда “кон” ёки “ғон” ё “қон” бўладур. Бу лафзи “гон” “кон”ни осон қилиб, “гон” дейдур. Ёки форсийлар ихтилоти ва ҳам бу боний лафзи форсий учун “гон” деб машҳур ва бу лафзда мазкур бўлди.” Яна бир иқтибос келтирамиз, “… Тўрақўрғон деб машҳур бўлмоғи боний Шиғайхоннинг (Шиғайхон номи билан машҳур бўлган дашти қипчоқ хонларидан Аҳмадхон назарда тутилган. – изоҳ ў. М) Яъқуб тўра ва Юсуф тўра деган икки ўғли. Бу қалъа хонга қўрғон қилган жиҳатдин Тўрақўрғон деб нисбат бўлган. Асл исми Қалъаи хондур, туркийси – Тўрақўрғон”. Англашиладики, бу жиҳатдан Ибрат домла улуғ темурийзода аллома Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асари анъаналарини ўзига хос тарзда давом эттирган.

“Тарихи маданият” ва “Меъзун ул замон” асарларида таълим, мактаблар фаолияти ҳақида сўз юритди. Шаҳар ва қишлоқларда эркак ва аёл, ўғил ва қиз болалар мактаби очиш долзарблигини билдирди. Таълим-тарбияга оид янги-янги дарсликлар, рисолалар ёзиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Газета ва журналлар чиқариб халқнинг онгу шуурини ошириш ишлари унинг диққат марказида бўлди. У бу фикрларини илғор мамлакатларда кўрган-билганлари билан уйғун ҳолда ифода этди. Қиёс ва таклифлар муштараклигида ёзилган асар ҳар қандай китобхон эътиборини тортади. Ушбу асарлар орқали Ибрат домла бу юртни ва унинг аҳлини жаҳон саҳнида айтадиган сўзи бўлишига катта умид боғлади.

Тилшунослик соҳасида фаолият юритиш, луғат тузиш ишлари жуда мураккаб. У кишидан катта меҳнат, билим ва тажрибани талаб этади. Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”) ҳамда “Жомеъ ул хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) асарлари ана шундай машаққатларга қилинган сабру тоқат мевасидир. “Луғати ситта ал-сина” – ўзбекча, арабча, форсча, туркча, ҳиндча, русча сўзларни ўз ичига олган. Бу китоб шарқ ва ғарб тилларини мукаммал билган олимдан муносиб туҳфа дейиш мумкин. Исҳоқхон тўра Ибратнинг луғати жонли тилда қўлланиладиган фаол сўзлардан таркиб топгани сабаб, фарзандларини янги мактабга берган кишилар учун ғоят муҳим қўлланма бўлган. Шу боис, у нашр этилишидан аввал қўлёзма тарзида кўчирилиб, эл орасига тарқалган. Ана шундан кейин тилшунос уни нашр этишга ҳаракат қила бошлаган. Бу китоб 1901 босмадан чиққан.

Миср фиръавнларидан бири ўғлига шундай мазмунда мактуб қолдирган экан: “Ўғлим, темирчилар оғир меҳнат остида кун кечирадилар. Косалари оқармайди. Этикдўзлар этик тикиб, рўшнолик кўрмай ўтиб кетадилар. Тош йўнувчилар тинмай ишласалар ҳам камбағалликдан бошлари чиқмайди. Шунинг учун сен хат ёзишни ўрган, саводли бўл, хат ёзишни билган одам бахтли бўлади.” Хат-савод чиқариш ўша даврда ҳам, бугун ҳам долзарб. Пиктографик ёзувлардан сўнгги давр ёзувларига қадар бўлган жараён, тарих барча учун қизиқарли мавзу. “Жомеъ ул хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) асари эса ёзувлар тарихига бағишланган бебаҳо рисоладир.

Ибрат домла 1908 йил Оренбургдан литографик жиҳозлар тўпламини олиб келиб, “Матбааи Ишоқия” босмахонасига асос солди. Фарғона водийси матбаачилигининг илк корхонаси бўлмиш босмахонада ташаббускорнинг асарлари, дарсликларидан ташқари газеталар чоп этиш йўлга қўйилди. Ибрат домла даврнинг энг илғор публитсисти ҳам бўлган. Унинг мақолалари, шеърларининг асосий қисми “Туркистон вилояти газети” саҳифаларидан эълон қилинган. Шунингдек, журналист сифатида у “Садои Туркистон”, “Садойи Фарғона” нашрларида ўз ижоди билан мунтазам қатнашиб турди.

Ибрат домланинг яна бир улуғ хизмати у янги услубларда сабоқ беришга асосланган мактаб очди. Унда шу ерлик болалар бепул таълим олдилар. Ўз уйида очилган ушбу мактаб парта, стол-стул, доска, глобус кабилар билан жиҳозланган. У мактабда бир ҳафталик дарс жадвали жорий этган. Дарслик сифатида “Устоди аввал”, “Адаби аввал”, “Муаллимус соний” дарслик-қўлланмалар ҳамда ўзининг “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий”, “Луғати ситта ал-сина” асарларидан фойдаланди. Улуғ маърифатпарвар кутубхона ташкил этиб, уни “Кутубхонаи Ишоқия” деб номлади. Ушбу зиё маскани мактаб ўқувчилари билан бир қаторда, водий китобхонларининг севимли даргоҳига айланди.

Исҳоқхон тўра Ибрат ўз шеърларини жамлади ва уни “Девони Ибрат” деб атади. Унинг “Кўргони келдим соғиниб”, “Хуш келдингиз”, “Қалайсизлар”, “Чаман ичра”, “Адо қиласиз”, “Газета хусусида”, “Қарз”, “Туркистон аҳлига хитоб” каби манзумалари мавзу кўлами, бадиий жиҳатдан мукаммаллиги билан алоҳида эътиборга молик. “Газета хусусида” шеърида шундай мисралар бор:

Газет кўрмаган, бехабар халқлар

Мисли ўлгандур ва ё ухлаган.

Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Кишиларнинг ахборотларга бўлган эҳтиёжи борган сари ортиб бормоқда. Шу маънода, газет сўзини интернет деган гап билан ҳам боғлаш мумкин. Мавзуга ана шу жиҳатдан ёндошсак, бу мисралар бугунимиз учун ҳам аҳамиятли. Шоирнинг бундай маърифатпарварлик руҳида ёзилган асарлари кўп.

Улуғ маърифатпарвар шоир, олим, педагог, публитсист, саёҳатчи, бир сўз билан айтсак, қомусий билимлар соҳиби бўлган аллома Исҳоқхон Ибрат бутун ҳаёт ва фаолиятини заҳматкаш, меҳнаткаш халқига бағишлади. Мустақиллик орзуси билан яшади. Бу элни, юртни озод ва обод кўриш истаги унинг ҳар бир асарида акс этди. Бироқ умрининг сўнгги йилларида 75 ёшни қоралаган кекса донишмандни “халқ душмани” сифатида ҳисбга олишди. Қамоқдаги жисмоний ва руҳий азоблар бу улуғ зотнинг дунёни тарк этишига сабаб бўлди.

Президентимиз Наманган вилоятига ташриф буюрган чоғида у зотнинг шахсиятига алоҳида эътибор қаратгани, бу ерда махсус Ибрат мактаби очиш зарурлиги ва бу мактабга нафақат вилоят, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшларни ўқишга жалб қилиш кераклигини таъкидлагани бежиз эмас. Шоир, ношир, муаррих, муаллим, публитсист, луғатшунос, элшунос, табиатшунос ва энг аввало, миллатпарвар инсон Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳаёт ва ижод йўли йиллар ўтган сари халқимизга ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

 

Ғайрат МАЖИД

 

uzhurriyat.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.