Оталар юртида

0
171
марта кўрилган.

Бахмал туманидаги осмонўпар тоғлар орасида жойлашган Алдашмон қишлоғини танти табиатнинг саккизинчи мўъжизаси деса ҳеч кимнинг ҳаққи кетмайди. Бу кентни биргина равзага менгзаш мумкин. Анов-манов сухандоннинг бу гўшани таърифлай олишига кўз етмайди. Бу ерга келиб об-ҳавосидан, турфа ўт-ўланларнинг бўйларидан баҳраманд бўлишдан сози йўқ. Узоқ ва яқин ўтмишни билиш учун эса Миср ака мисоли қуйма қулоқ қариялари билан қишнинг узун тунларини тонгга улаб ё жавзо ойларида қирга чиқиб майса-қатронлар қўйнида гурунг қилишга тўғри келади. Унингсиз ҳам фавқулодда йўлингиз тушиб истаган уйнинг қопқасини қоқиб, меҳмонмиз, мусофирмиз, ёки бўлмасам, йўловчи, йўқловчимиз, десангиз бас, сизнинг амал-тамалингизни, султон ё сулаймонлигингизни суриштириб ўтирмай оёғи билан эмас, бошлари билан хизматингизда бўлишади. Фақат ўзингизни катта чоғлаб, осмондан келмасангиз, сипо-сатанглик қилмасангиз бўлгани. Ишлари ҳам, яшашлари ҳам, феъл-атворлари ҳам, тиллари ҳам даштийча. Қўйинг-чи, бу ерда – меҳмон атойи худо, деган гап – гап. Шундай қилиб отдан ҳам тушдингиз. Ана энди сиз – иззатда. Уй эгалари хизматда. Қўйлар сўйилган. Дошқозонлар осилган. Меҳмонхонага банорас, беқасам кўрпачалар тўшалган. Шимингизнинг тахи бузилмаслик учун ёнингизга барқут ёстиқлар тахлами билан қўйилган. Дастурхонлари ҳам даштга хос: қозон патир (устида қорин ёғи билан), қаймоқ, ўз боғларида етиштирилган қирмизи олма, ёнғоқ, бу – нонушталик. Тушлик ҳам бир гап бўлар. Кечликни ҳам айтиб ўтармиз.

– Қани, миймон, уялмай жеб ўтиринг!

– Қани, миймон, дастурхонга қараб ўтиринг!

– Жўл журиб келгансиз. Пича дам оласизми?

Бу ҳали кундузги илтифот. Кеч кириши билан қишлоқнинг ёши кексаси чорланиб тонг отар базм бошланади. Ёз чоғи қимиз қуйруқ бовири билан. Қиш бўлса қуртоба, қази-қартаси билан. Базм оёқлай бошлаши билан даврадагилардан бири: “Эртага жаппа биздикига,” деган бўлади.

Шундай қилиб, меҳмоннавозликдан бошингиз аримай қўлма-қўл ҳам бўлдингиз. Тоғ табиатли атворлари даштийча одамлар билан эллашиб, тиллашиб ҳам олдингиз. Энди, хойнаҳой, кўнглингиз сайр-саёҳатни қўмсаётгандир. Бош устига. Фақат латифагўй, шаҳар кўрган, эл кезган, энг муҳими, бу тоғларни беш қўлдай биладиган, керак бўлса косагуллик қиладиган бир киши керак.

Ўнгар Тилов ўғли. Бу киши тоғлар беги. Шароф Рашидовнинг назари тушган.

Санақул бегали ўғли. Кўпни кўрган. Эл кезган. Авлод-аждоди бек бўла келган.

Мухтор оға Дўстмурод ўғли. Тилида ҳам бол, дилида ҳам.

Мулла Равшан Худоёр ўғли. Аравани эскичасига ҳам, янгичасига ҳам тенг торта беради. Дуторни гапиртириш бу кишига отамерос. Ўзи ҳам алдашмонликларнинг ман-ман деган сара ва сайроқи қизларидан бирини танлаб олган. Гўрўғли Султонга ўхшаб.

Қай бирларининг вақтлари бўлса бўлди. Хизматларингизда бўлишади. Ё чек ташлаймиз! Мана чек. Мухтор оғага тушди.

Ўркач-ўркач бўлиб ётган бу силсилали тоғларнинг ҳар ўнгир, ҳар қир, ҳар адирини у кишичалик яхши билар киши Сангзор-Сой бўйида камдан-кам. Қани бўлмасам, энди ҳамма от-отига минсин. Йўлга тушдик. Мухтор оға йўл-йўлакай меҳмонларни бу тоғ, бу дараларнинг тарихи балан таништириб боради:

– Анави элас-элас кўриниб, қор қоплаб жатқан қоянинг терскай томони Бозорхоним, бу жер Бибихонимнинг ёзлик оромгоҳи бўлган экан. Минови жалғизоёқ жўл туври Қирққизға олиб боради. Қирққиз ҳақидаги афсона ўзи бир китоб. Тоғларнинг сири-синотини ўз кўзимиз минан кўрайлик. Шаҳарда жура бериб эшакни хачирдан, оҳуни олқордан ажараталмай қолипмиз, десаларингиз Гўролосга ўтамиз. Бир оқшом тунайдиган бўлиб. Худонинг қудратини кўраман десаларингиз жўлди Оқчепкан минан Оқтовга соламиз. Наржоғи Тожикистон. Уйга қуруқ қўл билан бормайлик десаларингиз Панжикент минан Ҳурметан кентларига ўтиб таъми болдан ошиб тушадиган тутталқон минан тутмайиздан, ҳар қайси Намангоннинг нокидай келадиган офтоби ўригидан ола қайтамиз. У жерда ота-боболаримиз минан борди-келди қила келган жон аямас тожик ошналаримиз бор. Фақат шу атрофдаги азиз-авлиёларди зиёрат қилмай туриб тоғма-тоғ, овулма-овул журишди қариялар яхши айтмайди. Шунинг учун биринчи ишди Муртазахон Али минан Хожа Шоқосим Анвар ҳазратларини зиёрат қилиб, тиловат туширишдан бошласак. Садағанг кетай бу кишилар Исмоил Бухорийнинг насабларидан.

– Мухтор оға, – деймиз биз, – гапингизга қараганда бу ерларнинг тарихи минг йил нари билан боғлиққа ўхшайди.

– Худди шундай. Суриштира берсангиз ундан ҳам нарига бориб тақалади. Бегали бобо бўлганларида у киши бу саволларингизга бошдан-оёқ жавоб берган бўларди. У кишининг ҳам ўтганларига ўн йилдан ошиб қолди.

Биз учун Мухтор оғанинг гапи – гап. Сайру саёҳатимиз уч кечаю уч кундузга айланиб кетди. Тоғ ҳавоси. Тиш қақшатар чашмабулоқ сувлари. Қўйчибонларнинг қатиғи. Йилқичиларнинг қимизи. Туякашларнинг қимрони. Не бир уй бекаларининг беш бармоғи. Бу тоғларнинг писта, бодомлари. Минг бир дарга даво туман-турли гиёҳлари.

Алҳол, сафаримиз қариб ўша ўзимиз қўниб, қўноқ бўлган Алдашмонга қайтар ҳам бўлдик. Кела-келгунча шерикларимиз кўрган, билганларини айта-айта келишди.

– Боболаримиз пул топгунча ҳисоб топ, деб бекорга айтишмаган экан. Пул топишга топар эканмиз, қайга бориб дам олиб, ҳордиқ чиқаришни билмас эканмиз. Ҳали Сочи деб, ҳали Ялта деб…

– Бизлар ҳам юрган эканмизда, шаҳар бизники деб. Катта яшаб, катта умр ўтказишни энди билвопман. Вот, манзара. Вот, табиат. Насиб қилса янаги йили бола-чақаларни олиб, албатта келамиз.

Ҳурметандан қайтишда Мухтор оға бизни бошқа йўлдан бошлаб, йўл-йўлакай ҳар дара, ҳар қишлоқ, ҳар сой, ҳар қоя билан таништира келди:

– Қайтар жўлимиз қадам-бақадам эниш. Анави кўриниб турған жакка арча. Алдашмонликларнинг жонлиқ моли тушда шу арча атрофида соялайди. Манови катта қирдинг чор атрофи экин-тикинлик жерлар. Арпа, бувдай, нўхат, кунжут, зиғир дегандай. Қибла томондағи кўриниб турган – Қизилжар. Ўттизинчи жиллари бу жерда эллик-олтмиш хўжалик жашар эди. Бири қулоқ, бири халқ душмани, бири басмачи, бири… Қув-қув, ушла-ушла, терга-терга бошланиб қишлоққа ит тегди. Бири жон сақлаш учун чўлга кўчди, бири қурама элига кетди. Шуйтиб бутун бошлиқ бир қишлоқ жўқ бўп кетди. Анави Сойбўйидаги жаккатол. Айланасига дийқончилик қилган киши бир жилда ўзини тиклаб олади. Жерлари қора тупроқли, қумлоқли. Тўбалида битган қовун-тарвузнинг мазаси шарбатдан ошиб тушади. Ҳали-ҳамон бу жерларга селитар-пелитар деган нарса жўлағанча жўқ. Бу жерларда питган картишканинг мазаликда маякдинг сариғидан парқи жўқ. Айниқса, тандирнинг қўриға кўмсангиз борма. Эҳа! Маккайисини айтмайсизми! Арпа минан бувдайнинг боши чўлда битган маккайининг сўтасидай келади.

Гап билан бўлиб Алдашмоннинг мирза тераклари билан қора толлари кўзга чалиниб қолганини билмай қолибмиз. Бир маҳал сайҳонликда қўш ҳайдаётган бир кишининг хиргойиси эътиборимизни тортди.

– Ҳа, бу Мустафоқул гўянда, – деди Мухтор оға. – Дийқонлиги шойирлигидан, шойирлиги дийқончилигидан устувор. Узанги жўлдошлари ҳазиллашиб Жўқийман деган шойирлардинг бари Мустафоқулдан тарқаган дейишади.

– Айтганлари, тўқиганлари ҳеч қаерда чиққанми? – сўраймиз оғадан.

– Жўғе, қаёқда дейсиз. Ўзи ишлаб, ўзи айтиб журади. Шойир зотини жаман кўради ўзи. Шиғир ҳам, шойир ҳам ит жузумидай кўпайиб кетди, деб. Айниқса, ҳозирги жашларимиз айтадиган суюқдан суюқ, жаланғоч, пардасиз қўшиқларди эшитса жон-пони чиқиб кетади. Ҳе, ўша, айтган сени ҳам, сенга жазиб берган шоирди ҳам… деб.

Йўлимизни ўша қўшчи томон бурмоқчи бўлган эдик. Шериклармиз кўнмади.

– Ўзи чарчаб келяпмиз. Шу вақти гўянда тугул булбулнинг овози кишига малол келиб турибди, – дейишди.

Қўйинг-чи, Ойботганга келганда бўлинар бўлдик. Сафардошлар қишлоққа, мен эса ҳалиги қўшчи томонга. Ўша Мустафоқул гўянда деган кишимиз хиргойи қилиб қўш ҳайдамоқда эди:

 

Ўтган қиш қорли келди,

Кўклам ёмғирли келди.

Асад ҳовурли келди,

Кузин берсин илоҳим.

 

Ҳозир авжи қўш вақти,

Тиним билмас иш вақти,

Келса дам олиш вақти,

Рўзин берсин илоҳим.

 

Тошни боссанг ун бўлсин,

Нонимиз бутун бўлсин,

Зироат дуркун бўлсин,

Жазм берсин илоҳим.

 

Бир кун ўтар ҳар ерда,

Бир бурда нон бор ерда,

Кун кечириш ор ерда,

Изом берсин илоҳим.

 

Хизр дориб хирмонга,

Ўралар тўлсин донга.

Тиним билмас бу жонга,

Тўзим берсин илоҳим.

 

Қиз турибди бўй етиб,

Ўғил эса эр етиб –

Мени ғам аср этиб

Ўзим берсин илоҳим.

 

Умр ўтди хорланиб,

Сир бой бермай орланиб,

Дилда армон қаланиб,

Арзим берсин илоҳим.

 

Олдинда ойдин тунлар,

Бундан-да ёруғ кунлар,

Ризқи рўзи бутунлар,

Рамзин берсин илоҳим.

 

Кушойиш ҳар кунига,

Хотиржамлик тунига

Бирига ўн, ўнига

Юзин берсин илоҳим.

 

Ниятнинг холислигини қаранг, Мустафоқул аканинг қўлини олиб, ҳорманг-бор бўл, салом-алик қилиб улгурмасимдан бурун у киши ҳўкизларини омочдан айириб – “озодлик” бериб, тушлик тараддудини кўрмоқда эди. Аввал гапимиз кўпам қовуша бермади. Чунки ишлаётган одамнинг кўзига “санқиб” юрган одам бало-қазодай кўринади.

– Келинглар? Бу томонларга қандай шамол учирди? Ўзи ҳам шаҳарликка ўхшайсиз? (у киши аслида, олифтага ўхшайсиз, демоқчи эди шеклли) – дея гапни ўзи бошлаб қолди қўшчининг.

– Мен Сулаймонқулнинг ўғли Тўрақулман, Мустафоқул ака.

– Ҳа, мулла Бойбекнинг набирасиман денг. Эшитганим бор. Ҳалиги Тўра Сулаймон деган шойир?

– Шундай.

– Боболарингиз Сангзор-Сой бўйининг энг иззатли кишилари эди. Эна томондан бобонгиз Нурмат полвон. Зиёда уста эди. Раҳматли. Яна Иброҳим чўян. Бу кишининг бир чўбири бўлган. Ўзи чарчаганда чўбири, чўбири чарчаганда ўзи кўтариб кета берган. Куч ҳам худонинг бандасига берган бир неъмати. Саидазим тоғангиз босмачиларнинг бошлиғи бўлиб…

– Ҳаммаларини биласиз экан.

– Нега билмас эканмиз, ошна. Отангиз раҳматли ҳам қулоқ бўлиб… Қамоқдан келгандан сўнг Мирзачўлга кўчирма хўжалик қилинди. У вақтлари сизлар этагини кўтариб журган бола эдиларингиз.

– Қисмат-да, қисмат, Мустафоқул ака. Шундай беҳиштга бергусиз элимиз туриб Мирзачўлда жавлон уриб юрибмиз…

– Жавлон уриб денг. Туври айтдингиз. Насиб-да насиб. Ҳай, энди ишлар яхшими ахир? Келган экансизлар-да? Кеча эшитган эдим Тўрақуллар кепти, деб. Яхши. Кеп туриш керак. Меҳр икки кўзда, дейдилар…

Бизнинг ҳангомамиз кўпроқ яқин ўтмишга кетгани учун гапни қўшчининг ўзига қаратиб бурдим:

– Мустафоқул ака дейман?

– Лаббай.

– Юрган эканмизда, биз ҳам шоирмиз, деб.

– Нима эди?

– Қўш ҳайдай туриб айтган қўшиқларингиз менинг учун қуймалига, туғмалига, суймалига ўхшаб туюлди? Шу айтганларингизни менга кўтарасига сотмайсизми?

Ҳазил аралаш айтган бу гапим гўянданинг кўнглини оғритиб қўйди-ёв деб юрагим орқага тортиб кетди. Хайрият, Мустафоқул ака ҳазилга ҳазил билан жавоб берди:

– Кўтаролмайсиз-да. Чўлликларнинг суяги мўрт бўлади. Ундан ташқари мен сизларга ўхшаб сотиб тирикчилик қилишга ҳали ўтганимча жўқ. Худо мени жердан, ўз касб-коримдан айирмаса бўғани. Ана шу омоч минан қўш ҳўкизим – менинг трактирим. Бир гектарча жерим бор. Кузда бир ҳайдайман. Кўкламда бир. Оған ҳосилим, кўтарган хирмоним бир жилға жетиб ортади. Трактирди бирон марта жеримға киритганимча жўқ. Трактир кирган жер жер бўлмайди. Қора жер бўлади. Одамларимиз трактирга ўрганиб жалқов бўп кетди. Буни билган билади. Кейин дийирмоннинг уни минан заводнинг уни ўртасидадаги фарқ – жер минан кўкча. Жувоздинг мойи қайдаю, магазиннинг оқмойи қайда…

Мен гапни яна “ҳайда-ё, ҳайда”га бурмоқчи бўламан.

– Мустафоқул ака, ёзиш-чизишни биларсиз?

– Хат-пат ёзиш қўлдан келади.

– Айтган байту бандларингизни ёзиб берасизми, ё…

– Э-ҳа, бунга вақт қайда дейсиз. Кейин нима қиламан жазиб. Ҳар ким ўз касбидан қолмаслиги керак.

– Боя айтган “Ҳайдаё, ҳайда”нгизни бирон бир газит, ё журналга чиқарайлик.

– Ўзингиз биласиз. Лекин менинг номимди кўрсатманг. Одамлар яна, бу Мустафоқул туппа-тузук одам эди. Бундай чақа ҳунари борлигини билмас эканмиз… Шўрликнинг пешонасида бор экан-да, деб журмасин яна… Эшитганим бор, кўпчилик шойирлар орқали бўлади, деб…

Тушлик ҳам тугаб, Мустафоқул ака қўшини қўшишга чоғланиши билан хайр-хўшлашиб, қўниб-қўноқлаб юрган ерим Ўразали фермерники қайдасан, деб… Йўл-йўлакай келатуриб ўзимиз ёзиб юрган (неча ўчириб, неча кўчириб) шеърлар билан Мустафоқул ака айтган “Ҳайда, жоним, ҳайда”ни солиштирган бўламан. Бизнинг эшик-тешикни бекитиб олиб, илҳом парисининг кела қолишини тунлаб кутганларимиз, кунлаб кутганларимиз ёдимга тушади. Ана энди не машаққатлар билан битилган шеърларимизни нашрма-нашр кезиб бир ўтказиб, бир ўтказа олмаганимиз ёдимга тушади. Баҳоуддин Балогардон пирим “дил ба ёру даст ба кор,”, деган ўлмас гаплари ёдга тушади. Аслида ўша Мустафоқул аканинг қўш ҳайдаб юриб айтганлари соф халқ қўшиқлари эмасми? Ахир халқ қўшиқларини халқ бир ерга йиғилиб, хор-капеллага ўхшаб айтмайдилар, ёзмайдилар. Ана шундай қуйма сатрлар тилдан-тилга ўтиб халқ қўшиқларига айланмайдими? Бундай қўшиқлар ўз куйи, ўз оҳанги билан яралиб халқнинг маънавий мулкига айланмайдими? Менинг бу гапларим ҳукммас, албатта. Бу менинг қўшиқ ҳақидаги даштликларга хос ўз фалсафам. Халқ қўшиқларига, унинг ижодкорларига бўлган меҳру муҳаббатим. Яна денг, ҳар иккаласи ўртасидаги тафовутни билиб-билмай, ажратиб-ажрата олмай болишдай-болишдай илмий нашр қилиб, илмий даражалар олиб яна ўзимизни осмон қадар чоғлашимиз ҳақидаги изтиробларим.

Алалхусус, дам олишимиз ҳам, сайру саёҳатимиз ҳам даштликларга хос эди. Олган таассуротларимиз эса ўзгача бўлди.

 

Тўра СУЛАЙМОН

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.