Оқибат кўчаларида нима гап?!

0
261
марта кўрилган.

Ҳаёт шиддат билан давом этяпти…

Дунёқарашлар ўзгаряпти…

Инсон ўзидан ўзини излаган сари қайсидир қирраларда мунозарага сабаб бўладиган жиҳатлари намоён бўлиб қоляпти.

Шу ўринда азалдан аждодларимиз эъзозлаб келаётган миллий қадриятларимизнинг қаеридадир кемтиклик сезилиб қолгандай…

Очиқроқ айтадиган бўлсак оқибат кўчаларида беоқибат қусурлар кўриниб қоляпти…

Қишлоқда туғилганман.

Эсимни танибманки, синчи боболаримиз, меҳридарё момоларимизнинг ибратли чашмаларидан қониқиб ичганмиз.

Уларнинг ҳар бири бир ҳикмат эди.

Қишлоғимизда қовунчи Ҳасанбобо бўларди.

Умри полизда ўтди. Тилни ёрар “бўрикалла”, “кўккаллапўш”,”босволди”ларни эшагининг хуржунига солиб текинга ҳамқишлоқларига тарқатиб чиқарди.

Нурматбобо боғидаги ҳусайни, беҳишти, тойфи, офтоби, туркмани узумлар қишлоқ болаларининг қиши билан хушхўр емиши эди.

Қишлоқ одамлари бир – бирига меҳрли, оқибатли эди.

Пирназар бобо ўша пайтлари қишлоққа биринчи телевезор олиб келганда бутун қўшнилар бир ҳовлида ойинаи жаҳон ажойиботларини кўриб, ҳангу манг бўлганди.

Оқибат қўрғони бутун, оқибатли одамлар бисёр эди.

Хосиятли уйларга хосиятли қалдирғочлар ин қурарди.

Бир қўшни хўроз сўйса ҳамма дастурхон атрофида жамулжам эди…

Ланг очиқ дарвозалар зулфаги қулф кўрмасди.

Ҳовлилар ўртасида девор йўқ эди.

Бир-бириникига кўнгил сўраб чиқиб туришарди.

Тандирида нон ёпулгудек бўлса албатта қўшнисига илинарди.

Шумтакаларни боболар терговчи эди.

Момолар пинжига олиб эртак сўзловчи эди…

Булар менинг болалик хотираларим.

Улғайдик. Ўқидик. Уйландик. Фарзандли бўлдик.

Қарабсизки, бобо ҳам бўлдик.

Болалик карвонлари олислаб, кетиб қолибди.

Ўша қишлоқ. Ўша одамлар…

Шакли шамойили ҳам ўша-ўша.

Кунлар ўтган сайин, замонлар ўзгарган сайин билмадим одамлар ҳам ўзгардими?!.

Оқибатнинг янги замон шакллари пайдо бўлдими?!.

Ё оқибат деган тушунчалар… бироз занг босдими?!.

Янги одатлар пайдо бўлдими?!.

Ё, бу “изм”лар таъсирими?!.

Во ажаб, деб ёқа ушлайсиз.

Дарвоза, эшикларга отнинг калласидай қулфлар илинган.

Яна баъзилари “чет элнинг қиммат қулфидан қурдим” деб мақтаниб ҳам қўйишади.

Пахсали, ғиштли деворлар пайдо бўлди.

Оқибат кўчаларига шайтон ораладими?!.

Нега бир-биримиздан йироқлашяпмиз?!.

Ҳатто ўзимизни ўзимиз тоифаларга бўлиб, “борчилик”, “йўқчилик”ка айиряпмиз.

Нега?!.

Бирови бировининг томидан баландроқ уй қурса… хурсанд.

Ҳатто дарвозаси ҳам жилла қўшнисиникидан баланд бўлса… тинч ухлайди.

Қўшниларнинг кимўзар томошаси қизиб кетган. Яна бир қўшни қўшнисини бир қарич ерига девори кириб қолса, кўнгил қарочилик.

Бу ёғи судгача боради.

Яна бир воқеа: Қари онахон кенг ҳовлида бир ўзи яшарди.

Фарзандлари уйли-жойли, чиқиб кетишган.

Вақт ўтиб, кампирнинг қазоси етди.

Маҳалла-кўй, фарзандлари биргалашиб жойига қўйишди.

Буни қарангки, ҳали қабри совуб улгурмай тўнғич ўғил маҳаллага раҳматли онасининг васият хатини олиб бориб, кенг ҳовлини ўз номига расмийлаштиришни сўради.

Раис эса ҳайратдан ёқа ушлаб, тўнғич ўғилга шу мазмунда ёзилган яна учта васият хатини кўрсатди.

Оқибатли ҳовлининг ўртасидан баланд девор урилди.

Ҳатто бу девордан дарахтлар ҳам ташқарига мўралаб қаролмайдиган бўлишди.

Оқибат қўрғонига зил кетди.

Ҳаволатиб қурилган данғиллама уйларга қалдирғочлар ин қурмай қўйишди.

Ҳализамон битта хўроз сўйса ҳам қишлоқда байрам бўлган кезларини хотирлагандим.

Эндичи?!. Туя сўйишса ҳам билишмайди… Туя кўрдингми?!. Йўқ!..

Қадимда арабларнинг той қабиласидан бўлган Ҳотам сафарда бир ерга тўхтаб, етимчанинг уйига кириб қолади. Унинг бисотида ўн беш қўйи бор эди.

Дарҳол меҳмонга бир қўйни сўйди.

Ҳотам Той “Худо ҳаққи, мазали экан” дейди.

Йигит ташқари чиқиб бирин-кетин қўйларини сўйиб, Ҳотамга маъқул тушган жойини пишириб беради.

Меҳмондорлик тугаб, Ҳотам Той ташқари чиқса, ҳовлида кўп қон тўкилганлини кўриб, сабабини сўрайди.

– Сизга ёққан жойини сўйиб пишириб бердим, – дейди йигит.

Хотам унинг кўрсатган оқибатини кўриб, эвазига уч юзта саман туя, беш юз бош қўй инъом этган экан.

– Сиз ундан-да олийҳимматлик қилдингиз, – дейишибди карвон аҳли бу ҳолни кўриб.

– Йўқ!.. У борининг ҳаммасини менга берган эди, мен эсам беҳисоб бойлигимдан бир қатрасинигина бердим, – дебди Ҳотам Той.

Ривоятнинг мағзи шуки, оқибат кўрсатган минг ҳисса мукофотини олади…

Оқибатсизлик касали ҳатто амал курсисида ўтирган баъзи кимсаларга ҳам юққан кўринади.

Шундайлардан бири ходимига “Тилла тухум туғиб берган бўлсанг ҳам, жойни бўшат!” деб турса, яна бири “Оёғинг ердан узилдими, энағар?” деб турса, яна бири отасидан катта кишига сенсираб “Ҳолинг бўлса ишла, бўлмаса уйда ўтир бобой”, деса.

Оқибат кўчаларида нима бўлаяпти?!.

Аслида ғарбликлар комилликни шарқдан ўрганган, ҳатто тан олишиб, тарихларга ўз сўзларини муҳрлаб кетишган: “Нур Шарқдан!” Тан олиб айтилган гап.

Германия давлатининг собиқ Канцлери Гельмут Коль шундай деганди: “Ҳали ХV асрдаёқ, яъни герман қабилалари ўз маданияти асосларига эга бўлмаган бир пайтда Самарқандда яшаган буюк олим ва подшоҳ Мирзо Улуғбек юлдузлар жадвалини тузди”.

Биз нима қиляпмиз?!. Аждодларимиз қолдирган меросни давом эттириш бизнинг бурчимиз эмасми?!.

Ардоқли шоиримиз, севги, муҳаббат куйчиси Муҳаммад Юсуф оқибатсизлардан ранжиб, куюнганча бор:

 

Меҳр юракларда қотса ичикиб,

Оқибат ҳам бўлгай анқо уруғи.

Элнинг кичигини ғажир кичиги,

Улуғини эса улуғи…

 

Ўйлаб қоламан, буюк адибларимиз Асқад Мухтор “Уйқу қочганда”ни қоралаётганда, Ўткир Хошимов “Дафтар хошиясидаги битиклар” ни битаётганда, Ашурали Жўраевнинг “Саҳифага сиғмаган сатрлар”и дунёга келаётганда, Ўроз Ҳайдарнинг “Зарралар”и кўз ёрганда, Мурод Хидирнинг “Тафаккур туғёнлари” қоғозга тизилаётганда оқибат ҳақида бизларга нимадир демоқчи, бизлар майда деб ўйлаган “яра”лар маддалаб кетмаслигининг олдини олиб бонг ураётгандай туюлади менга.

Бўлмаса, адиб Ашурали Жўраев “Ҳаёт ўйини қизиқ: яхшилар ва ёмонлар бир-бирларидан қусур излаш билан умрларини ўтказадилар” деб ўкинмасди.

Шоир Ўроз Ҳайдар “Одам пайдо бўлгандан бери ўзи ўтирган дарахт илдизини чопиш билан банд”, дея афсус чекиб ёзмасди.

Мурод Хидир “Қани эди бола тарбияси етти пушт наридан бошланган бўлса!..” деб надомат чекмасди.

Шундай экан, келинг, бир-биримизга меҳр оқибатли бўлайлик.

Аждодларимиз бунёд этган оқибат уйига путур етмасин.

 

Шойим ШЕРНАЗАР

 

“Ижод олами”, 2017–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.