Нурли хонадон

0
241
марта кўрилган.

– Бугуннинг ўзида Айтматовнинг “Қиёмат”ини сўраган тўртинчи талабасиз, – дея жилмайди кутубхоначи аёл ва ўқув залига ишора қилди: – Ана, биздаги нусхаларнинг барини ўқишяпти.

Қарасам, мук тушиб мутолаа қилаётганларнинг ярми ўзимнинг сабоқдошларим. Нима қилсам экан, икки кундан кейин Муҳаббат Шарафиддинованинг дарси. Романни ўқиб тугатишим керак…

Устознинг методи шундай: ҳар бир дарсга биттадан китоб ўқишни топширади – “Анна Каренина”, “Омон бўлсанг, унутма!”, “Қизил ва қора”…

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида Муҳаббат опа Шарафиддинова (охирати обод бўлсин) қўлида сабоқ олган авлод вакиллари ўша “уйга вазифа”лар учун бугун устоздан миннатдор бўлсалар арзийди.

Заҳматкаш олим, мунаққид, публицист, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновни хотирлаш, домла яшаган хонадонни зиёрат қилиш ниятида борарканман, беихтиёр талабалик йилларимни эсладим. Мана ўша Озод Шарафиддинов тунларни тонгга улаб мутолаа қилган, асарларни синчиклаб таҳлил этган, қизлари – устоз Муҳаббат опанинг жамалаксоч ёшлик дамлари ўтган хонадон.

– Келинглар, болалар, ассалому алайкум! – дея очиқ чеҳра билан кутиб олади адибнинг келини Замира Мадалиева ҳамда хонадоннинг улуғ бекаси – “Ўзбекфильм” киностудиясининг дубляж бўлимида муҳаррир, таржимонлик вазифаларида хизмат қилган, Озод Шарафиддиновнинг ҳам ҳаётдаги, ҳам ижоддаги ҳамкор-ҳамроҳи Шарофат момо Қўшбоева ҳузурига бошлайди.

Саксон олти баҳорни қаршилаган ая билан суҳбатлашиш мароқли.

– Опа, сиз таржима қилган киноларни яйраб томоша қиламиз, айниқса, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильми қаҳрамонларини ўзбекчада зўр гапиртиргансиз! – дея лутф қиламиз.

– Худога беҳисоб шукр, болам, – дейди момо. – Ўзим таржима қилган киноларни телевизорда берса, ҳар гал мамнун бўламан. Дубляжда ўнта муҳаррир ишлар эдик. Мен таржимонлик ёки муҳаррирлик қилган киноларни кўрса, ўша ҳамкасбларим: “Нега фақат сизнинг ишингизни кўрсатишади, сиз телевидениедагилар билан келишиб қўйгансиз-да!”, – деб ҳазиллашади. Кўп қўйилгани учун шундай туюлса керак-да. Оилада икки қиз ўсганмиз, ўғил йўқ эди. Биз қиз бола бўлсак, отамга ўғил керак, ака-укамиз йўқ, отамнинг номи ўчиб кетади, деб кўп куйинардик. Йиғлаб-йиғлаб олардик. Бугун киноларда отамнинг номини эшитганда тўлиқиб кетаман. Раҳматли отамни Мулла Қўш дейишарди. Бечора мол-дунёси туфайли сургунларга учраб, кўп азоб еди. У замонларда давлатли билан илмли одамга кун бормиди. Ҳасратга тўлиб кетган вақтларда кўзлари намланарди. “Эркак киши йиғламайди-ю, нима қилай, шу оқиб кетаверади-да…” дерди кўз ёшини яширишга уриниб…

Шарофат ая сўзлар экан, ўша дубляж қилинган фильмлардаги “Муҳаррир (ёки таржимон) Шарофат Қўшбоева!” деган тантанавор оҳангли жумла қулоғим остида жаранглагандек бўлади. Бу камтарин, мунис онахоннинг ўзининг исми эмас, фамилияси янграшидан (унда меҳридарё падарининг номи бор! ) шунчалар қувонишини кўриб, кўнглим бузилади. Бир қиз фарзанд бўлса, шунча бўлади-да!..

– Дубляжга ниҳоятда жиддий ёндашиларди, – бу ҳақдаги саволимизга жавоб беради опа. – Масалан, баъзи фильмларни бир ойда дубляж қилиб тугатардик.

– Бир ярим соатлик кинони бир ойда? – шундоқ ҳам қизиб бораётган гурунгга яна ҳам чўғ ташлагим келади. Ая тушунтиради:

– Таржима қилиш – фильмни ўзбекчалаштиришнинг дастлабки босқичи, ҳар бир актёр-персонажга тўғри келадиган ўзимизнинг актёрларни топиш, таржима устида қайта ишлаш каби мураккабликлар ҳали олдинда бўлади. Овоз бераётганда ўзбекча сўз актёрнинг оғиз ҳаракатларига мос тушиши керак. Бу сўзни топиш учун экранга тикилганча, изланиш талаб қилинади. Экранга кўп тикилаверибман, мана бугун кўзларим анча хира тортиб қолган, болам.

– Домла билан ярим асрдан кўпроқ бирга яшадингиз, нафақат ҳаётда, балки ижодда ҳам ҳамкору ҳамфикр, ҳамроҳ бўлгансиз, – дейман яна лутф билан.

– Домла – энг улуғ устозимиз бўладилар, у кишига етишга йўл бўлсин, – дейди опа нурли табассуми нуроний чеҳрасини ёритиб. Бу иқрорда момонинг умр йўлдошига садоқати, меҳри, чуқур эҳтироми шундоққина жилваланиб туради.

Ўзбекнинг мунис аёли…

 

Кутубхонада

Адабиётшунос олим, танқидчи, моҳир таржимон, адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов номи, адабий қарашлари, бадиий диди акс этган китоблари, публицистик асарлари қанчалик машҳур бўлса, толиби илмлар орасида унинг китобсеварлиги, шахсий кутубхонаси довруғи ҳам шунчалар баланд десак, муболаға бўлмайди. Мана ўша донғи кетган кутубхонадамиз.

Тўрт тарафини жавонлар эгаллаган кенггина хона.

“Китоб йиғаверибман, йиғаверибман, Мана, ҳаммаёқ китоб… Буларнинг тақдирини ўйлайман… Ҳозирги ақлим бўлганида, китобни танлаб-танлаб ўқирдим…”, – деган экан устоз суҳбатларининг бирида. Жавонларда тартиб билан терилган китобларга қараймиз. Эшикдан кирганда ўнг тарафда Шарқ мумтоз адабиётига оид нодир китобларга кўзингиз тушади. Навоий, Бобур, Фурқат, Муқимий, Қодирий, Чўлпон, Низомий Ганжавий, Ҳофиз Шерозий китоблари. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”и… Бир тарафда жаҳон адабиётининг нодир намуналари: Лев Толстой, Александр Дюма, Чехов, Эрих Мария Ремарк, Чингиз Айтматов, Азиз Несин, Нозим Ҳикмат… Яна бир тарафда ХХ асар ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари: Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев. Шунингдек, турли луғатлар, энциклопедиялар, Ўзбек адабиёти библиографияси, “Қозоқ ҳикоялари”, “Белинский ва замонавийлик”, Т. Қораев ҳамда Р. Воҳидовнинг тахаллуслар ҳақидаги рисоласи (қизиқ китобга ўхшайди), Европа ёзувчиларининг юмористик асарлари тўплами “Юмор наших друзей”, ёш публицистлар учун тайёр ўқув-амалий қўлланма бўлишга арзирли “Ҳикоя ва очерклар” тўплами (китоб 1955 йилда чоп этилган, қаҳрамонлари ким бўлишидан қатъи назар, очерклар зўр ёзилган). Тағин мен номини умримда эшитмаган муаллифларнинг китоблари ҳам кўп. Масалан, Леон Спрег де Кампнинг “Башня Занида” китобига ўхшаган…

– Дадам қайси шаҳарга борсалар, биринчи бўлиб у ердаги китоб дўконларини суриштираркан, – дейди Замира Мадалиева. – Баъзан бир енгил машина тўла китоб билан уйга кириб келардилар.

Нозик нарса эмасми, йиллар ўтгани сайин қоғозлар ўзининг асл ҳолатини йўқотиб бориши табиий. Энг замонавий матбаа технологиялари асосида нашр этилса-да, китобларнинг физик сифатига вақт ўз ҳукмини ўтказади. Шу боис барча замонавий кутубхоналарда китобларни сақлаш учун махсус мўътадил иқлим ҳосил қилинади. Бу хазинани сақлашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бўлиши табиий. Бир-икки жавон бўлса ҳам майли, амаллаб сақлаб, фойдаланиш мумкиндир. Минглаб китобларни зарур муҳитда яхши сақлаш учун бу ерда етарли шароит яратилганмикан?

Бу ҳақдаги саволимизга Замира опа: “Озод Шарафиддинов кутубхонасини замонавий профессионал кутубхона-музейга айлантириш ниятимиз бор, афсуски, ҳозирча бунга эришолмадик”, дея жавоб берди.

Китобларни олиб варақлашда давом этамиз. Ҳар бирига устознинг қўллари теккан, кўз нури тўкилган китоблар. Тилсиз-забонсиз туюлган, аммо қалб кўзи билан кўрилган каби, юракдан қулоқ тутсангиз, ўз соҳиби ҳақида мамнунлик билан шивирлаётган мунис китоблар. Баъзиларига муаллифларнинг дилсўзлари-дастхатлари битилган гўзал хотираларни ёдга солувчи китоблар.

“Азиз Озодхон! Бу китобни чин кўнгилдан тақдим этиб, ҳаёт, ижод ва ижтимоий фаолиятингизда улуғ муваффақиятлар тилайман. Муаллиф М. Шайхзода. 1959. 3. I.”. Бу дастхатни Мақсуд Шайхзода 1958 йилда нашр қилинган “Чорак аср девони” китобига битиб тақдим этган. Эллик ёшли улуғ ижодкорнинг йигирма тўққиз яшар ёш дўстига билдирган самимий тилакларини ўқиб, ўзингни ажиб бир дунёга тушиб қолгандек ҳис этасан. Бу қалби тоза, виждони пок, аъмоли эзгулик бўлган инсонлар олами. Унда сен ҳам ўша оламга муносиб бўлишга интиласан.

 

Бобомнинг армони

Адибнинг невараси Камола Шарафиддинова ҳикоя қилади:

“Бобомнинг кутубхоналари жуда бой. Ўзбек мумтоз адабиётидан дейсизми, жаҳон адабиётидан энг сара асарлар дейсизми, барчасидан топилади. Бобомдан: “Шу-унча китобни қандай қилиб ўқиб чиққансиз?” деб сўраганим ёдимда.

– Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиқишга бир инсоннинг умри етмайди, – дегандилар. – Мен ҳам ўзим йиққан китобларимнинг барини ўқий олмадим… Шунинг учун одам ҳаёти давомида имкони борича энг зўр китобларни ўқиб қолиши керак. Шоҳ асарлар, дунё тан олган ёзувчиларнинг сара китобларини вақтида мутолаа қилиб қолиш керак…

Бугун бобомнинг ушбу сўзлари мен учун, барча набиралари, тенгдошларим, умуман, биз, ёш авлод учун васият янглиғ айтилганини ҳис этяпман”.

 

Мактубларда юрак зарби…

Учта хонада жойлашган кутубхонанинг иккита жавони Озод Шарафиддиновнинг қўлёзмалари учун ажратилган. Жилд-жилд қўлёзмалар. Папкаларда адибнинг турли йилларда ёзилган адабий-танқидий мақолалари, очерк ва эсселари, бошқа публицистик асарлари, жаҳон адабиётидан қилган таржималарининг қўлёзмалари сақланмоқда. Бир ёнда эса домла Шарафиддинов номига келган хатлар…

– Устоз баракали ижод қилган, у кишининг адабиётшунослик ёки таржимонлик фаолиятига оид бирор-бир илмий иш (ҳеч бўлмаганда диплом иши) қилинганми? – деб сўрайман Замира Мадалиевадан.

– Бу ҳақда хабарим йўқ, лекин ҳали бирор талаба ёки тадқиқотчи бизга мурожаат қилгани йўқ, – дейди у киши.

Ўйлаб қолдим: баъзи китобларни олим қалам билан чизиб ўқиган, бу албатта тадқиқот учун бўлса керак. Уларни ўрганиб чиқиш ҳам ўқувчига кўп нарса беради. Қўлёзмалар эса алоҳида тадқиқот объекти бўлиши аниқ. Улуғ олимнинг иш услуби, тадқиқотчилик маҳорати илм йўлини танлаган ёшлар учун тайёр мактаб-ку! Устоз ўттиз беш ёшида номзодлик диссертациясини чет тилида ёзиб, шу тилда ёқлаган! Бу катта натижа эмасми?

Кутубхонада авайлаб сақланаётган мактублар ҳам бирор изланувчи ёш олимга анча-мунча материал беришига шубҳа йўқ. “Озод Шарафиддинов мактублари” дея сарлавҳа қўйиб, устознинг яқинларига, шогирдларига, дўст-биродарларига, адабиёт мухлисларига ва ўз навбатида уларнинг Озод Шарафиддинов номига ёзган номаларини ўрганиб, мақола ва ҳатто, каттароқ бирор нарса қоралаш ҳам мумкин. Биз, ушбу зиё масканида бўлган вақтимиз давомида устоз номига келган мактубларнинг айримлари билан танишиб, билдикки, уларда адабиёт, илм, тадқиқотлар ҳақида сўз боради. Муаллифлар ўз адабий-бадиий қарашларини ифода этганидан англаш мумкинки, уларга берилган жавоблар ҳам шунга яраша, балки ундан-да салмоқли бўлган.

Мактублардан бирига 1964 йил 6 сентябрь санаси битилган. Муаллиф ўзини Ўш педагогика институти ҳузурида очилган бошланғич синфлар учун бир йиллик рус тили ўқитувчилари тайёрлов курси талабаси деб таништирган ҳолда, баъзи ўқиган китоблари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиради. Тушунмаган жойлари тўғрисида сўрайди. Бу кейинчалик ўзи ҳам таниқли ижодкор бўлиб камол топган, кўплаб журналист-ижодкорларни тарбиялаган устоз муҳаррир Аҳмаджон Мелибоевнинг мактуби эди. Озод домла узоқдаги ғойибона шогирдига қандай жавоб ёзган, етук адабиётшунос олим ва бўлажак адиб ўртасидаги бу янглиғ фикр алмашишлар, мусоҳабалар, дўстона муносабатлар қай тариқа ривож топгани ўз йўлига, бизнинг диққатимизни тортгани алломанинг оддий халқ билан, ёшлар билан, адабиёт муҳиблари билан мана шундай самимий алоқаларни йўлга қўйганидир.

“Ассалому алайкум, муҳтарам Озод ака!” деб бошланади Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғидан келган мактуб. Мазмунидан англашиладики, 1971 йилнинг кириб келиши муносабати билан Озод Шарафиддинов ғилонликларга янги йил қутловини ёзиб юборган. Уста Икром исмли ғилонлик юртдошимиз бу табрикка жавобан қишлоқдошлари номидан ташаккур айтиб, ўз ўрнида домлани ҳам байрам билан чин кўнгилдан қутлайди. Хат 1971 йилнинг 6 январида битилган.

Устоз номига келган хатлар орасида бир аскар мактуби ҳам бор. “Йироқдаги шогирдингиз У. Қосимов” деб имзо қўйилганига қараганда, хат эгаси адабиётга яқин одам. У мактубида домланинг бир нечта мақоласи номини келтириб, уларда “ҳақиқий Озод Шарафиддиновга хос талқинлар борлиги”ни айтиб, “Домла, нега мана бу мақолангизда ана шундай руҳ камроқ? Уни ҳам ўшандай қилиб ёзишингиз мумкин эди-ку?” дея айрим эътирозли мулоҳазаларини ҳам билдиради. Улуғ олимнинг ижодий ва илмий ишларини мана шу тахлит ўз илми ва савияси даражасида эркин, холис баҳолаётганига қараганда, у Озод муаллим билан олдин ҳам адабиёт мавзусида фикрлашганини тахминласа бўлади.

Мактублар ичида юртимизнинг деярли барча вилоятларидан ташқари, Берлин, Бухарест, Москва, Қозон, Уфа шаҳарларидан келганлари ҳам бор. Бу – олимнинг халқ билан яқинлиги, самимий, дўстона яқин муносабатлар ўрнатганидан нишонадир.

Чин олимлар эл фарзанди бўлади деганлари рост-да!

 

 

Элмурод Нишонов.

“Hurriyat” газетасининг 2015 йил 21-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.