Менинг тоғларим

0
110
марта кўрилган.

“Икки ҳафта узлуксиз урушдик. Тинка мадоримиз қуриган. Дийдамиз қотиб кетган. Орзу-умидлар сароб, кўнгил ёзиб ҳасратлашмаймиз ҳам. Энг ёмони йиғламай қўйдик.

Кечаси бир йигит қўшиқ айтди. Тилини тушунмайман. Бироқ ноласи таниш. У узоқ ҳиргойи қилди ва кутилмаганда йиғлаб юборди. Кейин ҳаммамиз унга қўшилиб йиғладик.

Ўша оқшом бир-биримизни қучоқлаб табриклаган эдик. Билмадим, нима учун.

Собиқ жангчининг эсталик гурунглари”дан

 

***

Кўҳна китобларда ёзилишича, қадимда икки томон урушса оналар бошидаги рўмолини ерга ташларкан. Шунда рақиблар келишиб, низоларга чек қўйишаркан. Ўтмишда аёлларнинг юзини бегоналар кўрмаган. Юзни кўрсатиш аёллар учун ор саналган. Эҳтимол, онанинг рўмолини-да ташлашга мажбур қилган вазиятни бир-бирига душман тарафлар тушунишган. Бироқ йигирманчи асрда рўй берган урушда оналар рўмолини ташламади ё урушни бошлаганлар онасини танимас, яхши кўрмас…

Сурхон воҳасининг шимолий томонида Сангардак қишлоғи бор. Шу қишлоқдан ҳам юз нафардан ортиқ йигит урушга кетган. Қайтиб келганлари ўн икки нафар. Улардан биттаси ҳозир ҳаёт, тўқсон уч ёшда. Ўн бир жангчидан еттитасини танирдим. Байрам кунлари уйларига борардик. Урушда кўрган-кечирганларини гапириб беришарди. Уларнинг жасоратидан завқланиб, “уруш-уруш” ўйнардик.

Яқинда қишлоғимиздан қанча йигит урушга кетганини аниқламоқчи бўлдим. Афсуски, имкони бўлмади. Ҳужжатлар топилмади. Йўқолиб кетганмиш.

Дилгир, паришон бўлиб қолдим.

Шартли равишда уларни юз йигит, деб ўйладим. Юз – бўз йигит, дедим.

Улар қандай йигитлар эди? Уларни кўрганлар борми?

 

***

Баҳор такрор келади. Баҳор бетакрор келади. Осмонни тўлдириб қалдирғочу турналар учади, олис-олис учади. Булутларга елкадош бўлиб бургутлар учади.

Ерни ёриб бойчечаклар чиқади. Қир-адирларда алвон-алвон қизғалдоқлар очилади. Капалаклар момоқаймоқларга қўниб-қўниб учади. Тол шохида қушлар ғужурлашади, сирлашади. Тилла қўнғизлар ялпизларга қўниб тириклик тотини тотади.

Шамоллар эсади. Тоғдан боққа, боғдан адирларга қараб эрка шамоллар эсаверади. Дов-дарахтларни тебратиб, уйларга гулларни сочиб эсаверади. Терак барглари бўса берган ўн етти ёшли қиздай титрайди.

Чўққидаги қорлар жилғага айланиб оқаверади. Ариқларни, зовурларни, ирмоқларни тўлдириб оқади. Боғлар энди тили чиққан бола сингари барг ёзади, куртак очади, мева тугади… дарахтларнинг деворлардан ошиб ўтган шохларидаги мевалар йўлларга тўкилади. Йўллар эса…

Йўллар қадамларни елкалаган улкан карвондир.

…Улар мана шу йўллардан юриб кетишган. Ватан учун, болаларининг – бизларнинг бахтимиз учун жангга кетишган. Уйланмаган йигитлар, бўз йигитлар. Менинг тоғларим душман йўлига ғов солган. Улар жанг қилдилар, қайтмадилар…

Кетгани икки юзта из…

Қайтган из – йигирма тўртта.

Айтишларича, юрилмаган сўқмоқлар беркилиб қоларкан. Айниқса, тоғ томонларда. Дейдиларки, йўллар чангиб тургани яхши, қанча кўп одам юрса йўл янгиланармиш.

Йўллар эса жим. Йўлларнинг тили йўқ, лафзу забони йўқ, гапирмайди, гапиролмайди…

Бу боғлардан қушлар кетмайди. Баҳору ёз, кузу қиш боғларни тарк этмайди улар. Учиб юраверади, қўниб тураверади. Гала-гала бўлиб гоҳ жанубга, гоҳи шарққа парвоз қилади, боғлардан боғларга салом етказади.

Қушлар такрор учади. Бетакрор учади. Тоққа қараб парвоз қилади улар.

Жонажон тоғ, бургутларинг қаён кетди? Сор-лочинларингсиз ҳувиллаб қолмадингми? Бола эдим, ёнигга бир кун келмасам, ўша тун уйқум келмасди. Сени “учар гиламлар”га менгзаб сайр этардим. Хаёлимда жилваланган сеҳрли томонларга кетардим. Сен гоҳи Бойчибор, гоҳи Ғиркўк бўлиб мени достонлар оламига олиб кетардинг. Қўй боққанимда, от минганимда сен томон ошиқардим. Сен баланд, пурвиқор эдинг.

Бундан роппа-роса етмиш йил олдин, худди менга ўхшаб бўз йигитлар, ўспиринлар келишгандир пойингга. Уларни эслайсанми? Улар ҳам менга ўхшаб сени яхши кўрармиди? Мен сингари сенга орзуларини сўзлармидилар? Улар нечов эди? Мен юз киши дедим…

Замин минг бора айлансин, замон минг тусда турланмасин гап – шу гап: уруш, йигирманчи аср сендан саксон саккиз чўққи ва шунча бургут қарздор. Менинг тоғларимнинг ярми йўқ, бургутларимнинг ярми йўқ. Қайтариб бер уларни. Улар – қўл ушлашиб, елкалашиб, бир-бирига суяниб, эмаклаб кириб келсаям майли… Фақат тоғларига қайтсин бургутларим…

Тоғлар кўз ёшини дарёларга оқизади…

Улар сенинг ирмоқларингда ёз адоғигача чўмилишган. Сен уларни танийсан. Ҳа, уларнинг шодликлари, қувончу ташвишлари, биринчи муҳаббат ҳаяжонларига сен гувоҳсан. Тубингга шўнғиб оқтошларингни топишган, қумларингга беланиб ётишган. Қўлларингдан ушлаб боғларга, чаманларга, гулзорларга олиб кетишган-ку. Бир эслаб кўр, улар сенинг қошингга келганида нима ҳақида гаплашарди? Уларнинг орзулари қанақа эди? Менга шуларни айтиб бер…

Дарёлар – менинг қўлимдан тутиб боғларга етаклаб кетади.

Ҳаёт аввал қандай бўлса ҳозир ҳам ўша маромда – гоҳ шиддат билан, гоҳи сокин ўтиб бормоқда. Тириклик ҳикмати, ҳаётга муҳаббат ҳар бир инсонни ўз тақдири кўчаларига олиб кирмоқда. Шундай кунларда хотиралар кишини хавотирга солади. Улар қандай йигитлар эдилар? Агар шу уруш бўлмаганида улар ҳам фарзандли, набирали бўлишарди. Қайси бирининг набираси менинг энг яқин дўстим бўларди, эҳтимол. Балки полвон бўлиб донг таратармиди? Ё чавандоз бўлиб шамолдай елармиди? Туғилмаган орзулар, туғилмаган ниятлар, туғилмаган эзгуликлар…

Мен эса саволимга жавоб излаб толмайман…

Сангардакка кираверишда, тоғнинг чўққсига яқин жойда олча дарахти бор. Унга минг тусли латта-лутта илинган. Олисдан қаралса ажиб манзара касб этади. Яқинроқ борганда, дарахтнинг айрим шохлари қуриган, синган – хастаҳол.

Одамлар шу дарахт олдидан ўтганда юзларига фотиҳа тортадилар, тиловат қиладилар. Айтишларича, улуғ бир инсоннинг қабри шу ерда экан. Бироқ, менимча, бу ерда минглаб орзу, минглаб умиду илтижолар, соғинчлару армонлар қўним топган. Мана, бу қизил рўмол парчаси жангчининг онасидандир. Бу эса – ўғил боланинг тўнининг этагидан йиртиб олинган. Мана, бу дастрўмолча кўнгли хушлаган йигитини соғинган ўн саккиз-ўн тўққиз яшар қизники. Хаёлимда бари тикланади. Барчаси. Ҳа, улар эрта ё кеч, кундуз ёки қоронғуда йигитларимиз қайтишса кўрсин, билсин, биз сизни соғиндик, сизсиз қийналганимизни билишсин, деганлар.

Она боласини унутиши мумкинми?

Ота зурриёдини соғинмайдими?

Ватан – фарзандларини, айниқса қаҳрамонларни унутмайди. Улар қаҳрамонлар эди. Нечи кишилиги муҳим эмас, буюк жасорат кўрсатиб энди руҳлари тоғлар чўқққисидан озод ва обод диёрга тикилиб турган азаматлар улар.

Сизни унутмаймиз…

Ҳеч қачон!!!

 

***

Май ойида Сангардак тоғларида бургутлар баланд-баланд учади. Дарёлар тўлғониб оқади. Осмон кўз ёш тўкиб йиғлайди. Боғлари маҳзун-маҳзун тебрангандай бўлади. Олча дарахтининг эса қуриган шохлари узоқ чайқалади. Шамоллар эпчил қиздай гоҳ унисига, гоҳ бунисига югуради. Улар – ўн саккиз-ўн тўққиз ёшли йигитларни, болаларини, кўзининг қорасини шундай хотирлайдилар. Тоғлар қайтмаган бургутларини соғиниб мунғайиб туради. Уларни юпатиб бўлармиди?

Бобоми, момоми, ёши катта кишими оғир бетоб бўлиб ёки бошқа сабабданми қийналиб жон берса, уни танимасак ҳам қазосини эшитганда баданимизда чумоли ўрмалагандай бўлади. Ўлим – барибир даҳшат. Пичирлаб дуолар ўқиймиз, марҳумга Яратгандан марҳамат сўраймиз, юзимизга фотиҳа тортамиз. Лекин йигирмага кириб-кирмай, бир қизнинг сочин силаб-силамай, севиб-севилмай, ўғил бўлиб онасига битта рўмол, отасига махси-калиш олиб беролмай, ака бўлиб укага тиргак, ука бўлиб акага қувват бўлмай, опа-сингилларнинг тўйини кўролмай, айни йигирма, йигирма беш ёшли йигитлар ўлиб кетса, бундан ортиқ даҳшат борми? Ким уларга дуо ўқийди? Яратгандан марҳамат сўрайди? Ким? Қишлоқда келин қиламан деб, бир қанча қизларни кўз остига олиб, келиб қолса тўй қиламан, мана бу томонда аёллар, бу ёқда эркаклар ўтиради, дея орзуланиб юрган она, ўғлининг ўққа учганини, танк остида қолганини, мина билан қўшилиб портлаб кетганини қаердан билсин? Бу йил далада иш кўпайди, болам тезроқ кела қолсайди, деб йўл қараган ота боласини энди ҳеч қачон қайтмаслигини билармиди? Қиз боши билан от миниб, этик кийиб, адирда буғдой ўрган опа-сингил жигарининг қайси бир жанг майдонида қолиб кетганини туш кўрибдими?

Биз – ўша бемаҳал завол топган авлоднинг бахтиёр фарзандларимиз. Болам мендан бахтли бўлсин, деган ҳайқириқларнинг акс-садоларимиз. Бугунги тинч замон, тўкин-сочинлик учун уларни ҳар кун, ҳар лаҳза қадрлаб, пок номларни қалбимизда сақлаш, қаҳрамонликлари олдида бош эгиш барчамизнинг бурчимиз, қарзимиздир…

Биз уларнинг орзулари, мақсадлари, ушалмаган армонларимиз.

 

***

Урушдан қайтганимда қишлоғимиз ҳувиллаб қолганди. Бўйиндошларимнинг бари юртдан олисда, қон кечиб юрарди. Мен битта оёғимни душман тупроғига ташлаб юртимга қайтиб келдим. Далада кетмон чопдим. Тариқ қўриқладим. Аравада буғдой ташидим. Бир кун раис ёнига чақириб:

– Сенга бошқа иш бор. Далама дала юришни йиғиштир – деди.

Почталён бўлиб ишлаб юрдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай аёллар мени кўрса ғижиниб юзини беркитадиган бўлишди…

“Почтачи эсдаликлари” дан

 

У ўлгандан кейин сандиғидан юздан ортиқ мактуб чиқди.

Уларнинг ҳаммаси “қора хат”лар экан…

Улар омонсиз урушдан она юртига, юксак тоғларига қайтиб кела олмаган қишлоғимиз бургутлари ҳақидаги сўнгги муждалар эди.

Ўша бургутларнинг руҳлари Осмонталош чўққилар узра абадий кезиб юрибди. Менинг ёвқур бургутларим!..

 

Санжар ТУРСУНОВ

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.