Мени мутолаа улғайтирган

0
80
марта кўрилган.

1

“Болалар бахтли ёхуд бахтсиз эканини билмайди. Чунки уларда ҳаётий тажриба йўқ”, деб ёзади Анна Ахматова.

Бу сатрларни ёзган шоира ҳам, албатта, ўз тажрибасидан келиб чиққан. Чунки унинг болалиги ниҳоятда “силлиқ” – фожеалар кўлкасидан йироқда ўтган.

Мен эса бахтсизликни эсимни билгандан буён танийман. Чунки, атрофимдаги ҳаёт (энди англасам) ниҳоятда бешафқат эди.

Ахматова ҳаётнинг бешафқатлигини кейин – улғайганида – бошига минг савдолар тушганида англади.

 

Кеча Алишер Навоий ҳазратларининг бир сатрига кўзим тушиб, ҳаяжонланиб кетдим. Ҳазрат “Маҳбуб ул-қулуб”да “турк болалари”нинг “оқсуяк” ўйнагани ҳақида ёзиб ўтганлар.

Шунга шунчами дерсиз?

Гап шундаки, мен ҳам болалигимда оқсуяк ўйнаганман. Кечалари ўйналадиган бу ўйин менга жуда сеҳрли ва завқли туюлган. Кейинчалик ҳам бу ўйинни негадир кўп эслаганман…

Энди тасаввур қилинг, Ҳиротда Алишер деган “атрок” боласи ўйнаган ўйинни беш юз йилдан сўнг Бойсуннинг бир четида Усмон деган болакай ҳам ўйнаган.

Нақадар яқинлик, нақадар бир илдизмиз…

Бир халқнинг фарзандларимиз-да!

Аммо ҳозир бу ўйинлар унут бўлган.

Болалар “оқсуяк”нинг нималигини ҳам билмайди.

Вақт тезлашди…

Нима ҳам дердик!

Аммо Навоий ҳазратларидан кейин ҳам беш юз йил умр сақлаган ўйин, биргина менинг умрим давомида изсиз кетиши жуда ачинарли.

Кетаётган нимагаки ачинсанг, ўша йўқотишдир.

 

Эсимни таниганимдан буён китоб менга жуда сеҳрли таъсир ўтказишини ҳис қиламан. Китобдаги саф-саф тизилган ҳарфларни катталар мукка тушиб мутолаа этиши; уйимиздаги удум бўйича, кечқурун чироқ атрофига тўпланиб китобхонлик қилиш; халқ достонларини жамоат жамлигида қироат билан ўқиш – мени мудом ҳайратга солган. Қоғоздаги аллақандай қатор-қатор белгилар сўзга, ёхуд қироатга кўчиб жаранглаши, одамларга, воқеаларга айланиши менга жуда ғайритабиий туюлган. Китобни шариллатиб ўқийдиган одамларга сеҳргарга қарагандай ҳавас билан қараганман. Ичимдан зимиллаб кўтарилган чидаб бўлмас бир бетоқатлик мени китоб ўқишга, уларда ҳикоя қилинадиган – кўрмаганим дунёларни кўришга, англашга тинмай чорлаган. Ҳали ҳарфларни билмасам-да, ҳеч ким йўғида, китобларни олиб варақларканман, менга сирини очгиси келмаётган нотаниш ҳарфларга соатлаб тикилганман.

У пайтларда ҳаёт жуда оғир эди. Урушдан очу яланғоч чиққан одамлар кун кўриш учун ўзини минг тарафга урган кезлар. Эрталаб ҳамма ўқишга, ишга кетади. Бўш вақт топилдими, кун ўтказиш учун ҳамма ўлиб-тирилиб меҳнат қилади.

Менга ҳарф ўргатишга эса ҳеч кимнинг вақти бўлмаган.

Шу сабабданми, мени мактабга эртароқ юборишга ҳаракат қилишган. Биринчи бор мактабга беш ёшимда борганман. Назаримда, бу боришим “қани, бир бориб кўрсин-чи” қабилида кечган бўлса керак. Чунки, эслашимча, мактабга борганим кун, эрта тийрамоҳ бўлса ҳам, биринчи сентябр эмас, оддий ўқув куни эди. Жуда гўдак кўринган бўлсам керак, Асқаров домла учинчи синфда ўқийдиган Саида опамни чақириб, “янаги йил олиб келинглар” деб жўнатиб юборган.

Олти ёшдан эса ўқиб кетдим.

Ҳар қандай ҳолатда китоб ўқирдим: дарслар оралиғидаги танаффус пайтларида, овқат еяётганда, меҳмонга борганда, тўй бўлаётганда (томнинг устига чиқиб ўқийверасан – сен билан бировнинг иши йўқ!)… Ҳатто юриб кетаётганда ҳам, урилиб-суриниб ўқийвердим.

Мол боқишга чиққанда ҳам, албатта, китоб кўтариб олардим.

Мол боқиб, китоб ўқиш энг қийин иш эди.

Экинзорлар орасидаги парча-пурча бўш жойларда қўй-эчкиларни боқардим. Ем бўлавериб, бу жойлардаги кўкатлардан ҳеч вақо қолмаган. Жониворлар кўм-кўк бўлиб, яшнаб ётган экинга интилади. Уларни қайтариб, китобга кўз тикаман. Бирпасдан сўнг китобдан бош кўтариб қарасанг, улар пайкалнинг ўртасида экинни иштаҳа билан еяётган бўлади. Югургилаб бориб қайтарасан, яна ўқишга тутинасан. Бир қарасанг яна… Бу ҳол тўхтовсиз такрорланади.

Ўша пайтдаёқ яхши китоб билан учрашув мен учун байрам бўлган.

Учинчи синфда ўқиб юрганимда, бир қариндошимизникига меҳмонга бордик. Кўк рангли муқовасига ғалати кийимли, елкасига милтиқ осиб олган одамнинг сурати ишланган: “Робинзон Крузо”. Токчада кўриб қолдим. Дарҳол олдим-да, бир бурчакка ўтириб ўқишга тутиндим. Кетадиган вақт етганда, китобдан қандай ажралишни билмай, қўлимда ушлаб туравердим. Беришмади. Кутубхонаники экан, бунинг устига хонадон соҳибаси ўқиётган экан…

Бошлаб ўттиз-қирқ бет ўқиганим китоб юрсам ҳам, турсам ҳам хаёлимдан кетмайдиган бўлиб қолди. Охири китобни излаб, қариндошларимизникига бордим.

– Э… – афсусланди улар, – кутубхонага топшириб юборибмиз-ку!

У пайтлар расмана кутубхонани кўрмаган эдим.

Мактабимизда кутубхона йўқ, улар айтаётган кутубхона эса туман марказида – мен учун қўл етмас бир манзилда эди. Кутубхонага кириб, китоб олишимни тасаввур ҳам қилолмас эдим. Ахир, кўчадан кирган одамнинг қўлига китоб тутқазиб жўнатавермасалар керак.

Бешинчи синфда ўқиб юрганимда, мактабимизда ҳам кутубхона ташкил этиладиган бўлиб, бир юк машинада анчагина китоб олиб келинди.

Мана, зиммасига кутубхоначи вазифаси ҳам юкланган Тилаков муаллим кутубхона учун ажратилган хонада китобларни эски шкафларга, столлар устига саришталаяпти. Мен очиқ деразадан китоблардан кўзимни узолмай томоша қиляпман. Бирдан кўзим “Робинзон Крузо”га тушади. Ўша – кўк муқовасида милтиқли одамнинг расми солинган китобнинг ўзи!

Мен жуда бетоқатланаман.

Буни Тилаков сезади.

– Қайси китобга тикилаяпсан?

“Робинзон Крузо”га имо қиламан.

У китобни қўлига олиб, менга қарайди:

– Ўқийсанми?

– Ҳа, – дейман кутилмаган бахтдан шошиб. Вужудим бир онда фарахбахш қувончга тўлганини туяман: – Ҳа, ўқийман!

Домла китобни варақлайди.

– Ўрисча экан… Ўрисча биласанми?

Мен ўрисча билмайман.

Бирдан бахтим қора бўлади.

Бир онда юрагимни тўлдирган бахт шу заҳотиёқ қовжираётганини ҳис қиламан. Аммо нимадандир умидворман.

Домла буни англайди. У китобни “адашмадиммикан?” дегандай, яна бир бор варақлайди.

– Мана, ўзинг қара… Ўрисча.

Мен ҳам варақлайман. Кўз югуртираман. Нотаниш сўзлар…

Ҳафсалам пир бўлиб, китобни қайтараман.

– Фақат ўрисча китобларни юборишибди, – дейди бошқа бир-икки китобни варақлаб домла. – Битта ҳам ўзбекча китоб йўғ-а…

У бу нодонларча ишни ўзи қилгандай жим қолади. Энди ўйлайман: бизни кимдир масхара қилган. Бўлмаса, бу ташвишга не ҳожат эди? Ёки тасодифан мансаб теккан бирор амалдор тепадан келган буйруқни шу тариқа – “Бажардимми? Бажардим!” қабилида амалга оширганмикан? Кутубхона борми, бор! Тамом-вассалом!

Ҳозиргача ўз халқига бепарво мансабдорларни кўрсам, ўша ҳолат эсимга тушади.

Тилаков домла яхши одам эди. Бизга дарс бермаган бўлса ҳам, мени яхши танир: Нормурод тоғам билан жуда яқин – тез-тез ҳовлимизга бориб турар, айтишларича, урушда изсиз йўқолиб кетган Норбой тоғам билан мактабда бирга ўқиган экан.

Менинг – ногаҳон бегона юртда чўнтаги кесиб кетилган кимсадай – ночор туриб қолганимни кўриб, Тилаков домланинг раҳми келади:

– Раёндаги болалар кутубхонасида шу китоб бор, – дейди у киши. – Сен ўша кутубхонага аъзо бўлишинг керак.

У киши йўл-йўриқ кўрсатадилар.

Бор йўғи, мактабдан “фалон жойдаги фалон синфда ўқийди” деган маълумотнома керак экан.

Шу китобни ўқимасам, осмон ерга ўйилиб тушадигандай эди.

Ҳаётимда биринчи марта катта ишга қўл урдим.

Менга етиб бўлмас осмондай туюлган директор кабинетининг эшигини қоқдим.

Директор бирпасда маълумотнома ёздирди. Имзо қўйди. Муҳр босди.

Дарсдан кейин тўғри, кутубхонага қараб жўнадим.

Мана, қўлимда “Робинзон Крузо”!

Ўқишга тутиндим: Одатдагидай, танаффус пайтида, овқат еяётганда, подага чиққанда… Ҳатто юриб кетаётганда ҳам… урилиб-суриниб, ўқийвердим.

Икки кундан кейин китобни қайтариб олиб бордим.

Яна китоб олдим…

Китобни тез ўқиб, тез қайтаришимдан кутубхоначи Норбиби хола ниманидир англади.

Энди бирваракайига учта-тўртта китоб берадиган бўлди.

Бахтим чопди.

Ботир тоғам ўқишни битириб, кимсан – адабиёт муаллими бўлиб, уйга қайтди. Қайтганда ҳам, тўрт шакар халта тўла китоб билан қайтди.

Китоблар бўш хонанинг бир бурчагига вақтинча қўйилди. Мен шу заҳотиёқ китобларни бир бошдан ўқишга тутиндим.

Бу митти кутубхонада ўша пайтларда нашр қилинган деярли ҳамма китоблар: мумтоз ва замонавий шоир, ёзувчиларнинг, мунаққидларнинг; ўша пайтда “қардош халқлар” деб атайдиганимиз адабиёт вакилларининг; хорижлик муаллифларнинг асарлари бор эди.

Саноқсиз уй юмушларидан бўшаганимда, ўзимни шу хонага ураман. Шолча ҳам тўшалмаган қуруқ ерда ўтириб, ўқишга киришаман.

Дунё унутилади.

Бир вақт уйдагилардан кимдир деразаданми, эшикдан хонага бош суқади:

– Э, шу ерда экан! – дейди у ҳовлидагиларга.

Мен ўзимга келаман. Нимадир дейман. Кўп гапиролмайман. Чунки китоб ўқиганим сари ўзимнинг оғирлашиб бораётганимни, юрагимда аллақандай зил ўйлар пайдо бўлаётганини, атрофимдаги одамлар, кечаётган воқеалар бошқача туюлаётганини ҳис қиламан.

Деразада онам пайдо бўлади. У киши менга синчиклаб қарайди.

– Бирор жойинг оғримаяптими? – дейди онам аллақандай бир туманли хавотирда.

Бошимни сарак-сарак қиламан:

– Йўқ.

– Чой-пой ич, деб чақирсак, овозинг чиқмайди. Хавотир олдик. Юр, чой ичиб ол…

Мен ўқиётган китобимни олиб, онамга эргашаман.

Айвонда дастурхон ёзилган.

Дастурхонда чою нон. Қатиқ. У пайтларда бошқача дастурхон бўлиши мумкин эмас. Пишиқчиликда яна мева-чева қўйилади. Қишда майизу туршак… Ҳафтада бир марта – бозор кун иссиқ овқат қилинади. Ҳамманинг уйида шунақа.

Дастурхон бошида ҳам китобни очиб қўяман. Икки кўзим унда. Онам менга аллақандай раҳми келиб, қараб-қараб қўяди.

– Нондан ол. Китобни кейин ўқирсан…

Куч билан китобдан кўз оламан.

Аммо хаёлим китобда. Хаёлимда китобдан ўсиб чиққан аллақандай фикрлар…

– Эй, эй… – Бу Саида опамнинг овози. – Мана бу қотиб қолди!.. Эй…

Ўзимга келаман. Онам билан опам жаранглаб куладилар.

– Нимани ўйлаб қолдинг? – дейди опам.

Нимани ўйлаганимни тушунтириб беролмайман. Бу ҳолнинг – ўзига “чўкиб кетиш”нинг нималигини ҳали англамайман. Бу ҳолни – бир лаҳзада ўтирган жойингдан, теварагингдаги ҳамма нарсадан ажратиб, аллақайларга оқизиб кетадиган – “илҳом” деб аталадиган беназир туйғу эканини ҳам ҳали туйганим йўқ…

Чой ичарканман, яна китоб ўқишга тутинаман. Дастурхон бошига кимдир келиб, кимдир кетаверади, қўшнилар чиқади. Аммо мен уларни ғира-шира кўраман. Уларнинг гаплари ҳам қулоғимга кирмайди…

– Ишларинг қолиб кетди, болам!

Ишим кўп. Бир бола қиладиган ишдан кўра жуда кўп.

Норозилигимни яшириб, қўзғаламан.

У йилларда ҳовлимизда кўпчилик яшардик. Аммо қизиқ бир вазият юзага келган – мол-ҳолга қарайдиган, майда-чуйда ишларни бажарадиган мендан бошқа дастёр йўқ эди. Мендан ёши катта тоғамлар ва акам шаҳарга ўқишга кетган, мендан кичикларнинг эса у-бу иш ҳали қўлидан келмасди.

Ҳаёт ҳам оғир – одамнинг умри бу қийинчиликлар билан тинимсиз курашдан иборат; ҳамма – катта-кичик тўхтовсиз меҳнат қилар: кучим етиб-этмайдиган жуда кўп юмуш менинг ҳам зиммамда эди.

Бирор юмуш вақтида бажарилмаса, рўзғорнинг ингичкаси чўзилиб, аранг уланган ипи узилиб кетгудай бўлар – ҳафтада бир қайнайдиган “қора қозон”нинг ҳам қайнамай қолиши хавфи туғилар эди.

Шу сабаб, китоб ўқишим баъзан шовқин-суронли жанжал даражасига бориб етадиган ҳолатлар билан бўлиниб туради.

– Усмон қани?! – деб қичқириб қолади кимдир.

Демак, қайсидир бир юмушни унутганман. Ё ўт ўриш эсимдан чиққан, ё тезак теришга бориш хаёлимдан кўтарилган, ё бирор топшириқ…

– Буни китобдан бошқа иши йўқми?! – ғазабга минади овоз.

Негадир хўрланиб ташқари чиқаман. Тезроқ улғайишни истайман. Ўшанда ихтиёрим ўзимда бўлади: хоҳласам китоб ўқийман, хоҳласам… хоҳласам, яна нима қиламан? Йўқ, ёзувчи, ёки шоир бўлишни орзу қилишга журъат этолмайман. Адиблар, ҳатто газеталардаги миттигина хабарнинг муаллифи менга бу дунёнинг одамларига ўхшамайдиган – аллақандай сеҳрли, олисдаги зот туюлади.

 

2

Аммо нима иш қилмайин, барибир хаёлимда китоб…

Бу орада, кутилмаганда, менинг китоб ўқишимга яна бир тўсиқ пайдо бўлади. Бу муаммони ҳовлимизга ўзларининг уйидан ҳам кўпроқ кириб-чиқадиган ҳамсоя-қариндош аёллар олиб келишади.

– Усмон қани? – деб сўраб қолади улардан бири.

– Китоб ўқиётгандир-да, – дейди онам бу мавзуда гапиришни негадир хушламай.

– Вой, худой кўрсатмасин! Ҳозир ҳам ўқияптими? – дейди иккинчиси. – Эрталаб келганимда, уйга кириб кетган эди, ҳали ҳам чиққани йўқми?

– Йўқ, – дейди онам гапни қисқа қилишга уриниб.

– Озроқ ўқисин-э, – дейди, ўзи айтаётган гапдан ўзи ваҳимага тушиб яна бир ҳамсоя. – Жинни-пинни бўлиб қолмасин!

– Ҳадеб китобдан бош кўтармаса, мияси айнийди-да! – дейди гап бошлаган аёл.

Бу энди аниқ ташхис. Аёллар гурунги чувалиб, бирпасда мени унутишади.

Бироқ онам унутмайди.

– Болам, кўп ўқимагин… – дейди у киши менга ачиниб.

Аммо мен китобдан бош кўтармайман.

– Э, сал дам олиб ўқи-э, – дейди онам ниҳоят аччиғи чиқиб.

Лекин менга ҳеч гап кор қилмайди.

Фақат онам энди аёлларнинг ваҳима гапларига муҳокамага ўрин қолдирмайдиган тарзда жавоб берадиган бўлдилар:

– Ўқийверсин-чи? Худонинг айтгани бўлар…

Қўлимга тушган китобни ўқийман.

Қайси бир китоб қаерда дуч келмасин, дарҳол ўқишга тутинаман. Опам ва акамнинг дарслик китобларини; муаллим тоғамлар олиб келадиган газета-журналларни…

Газета-журналлар нима деб ёзса – ишонаман.

Бир пайт келиб, коммунизм қурилиши эълон қилиб қолинди. Бахтиёрликлари ичларига сиғмай, бор вужудлари кулгига тўлган болаларнинг суратлари. “Бу болалар Коммунизмда яшайди!” деган тагсўзлар билан газеталарга чоп этила бошлади. Улар жуда чиройли кийинган, топ-тоза галстуклар, чиройли портфеллар… Бизда эса…

Мен атрофга қарайман.

Синфдошларимнинг оёғида эски-туски поябзаллар, устимизда ямоқ солинган қачонги чопон, қўлимизда дағал матодан оналаримиз тикиб берган “сўмка”. Қизлар қишнинг совуғида бир кўйлакда дийдираб мактабга келади. Кунлар исиши билан оёқяланг юришга ўтиб оламиз…

Юрагим сиқилади.

Коммунизм тезроқ келишини истайман.

Мен съездларда қандай масалалар қўйилган, кимлар сўзга чиққан, ким мақталган, ким танқид қилинган – ҳаммасини биламан. Республикадаги ҳамма министрлар, областлар ва раёнлар раҳбарларини, колхоз ва совхозларнинг кўпчилик бошлиқларини номма-ном санай оламан. Республикадаги машҳур одамларнинг – механизаторларнинг, чорвадорларнинг, пахтакорларнинг, қурувчиларнинг, чўлқуварларнинг… – “коммунистик меҳнат илғорлари”нинг исми-фамилиялари ҳам ёдимда.

Бичков деган ўрис муаллим бор эди.

У мени саволга тутишни яхши кўрарди. У ўрисчалаб гапирар, мен унинг нима деяётганини фаҳмлаб, жавоб берардим.

“Канада коммунистик партиясининг раиси ким?” “Уилям Каштан”. “Индонезия президенти ким?”. “Доктор Сукарно”… У ҳар бир жавобимдан қувонар, мени ўзича нималардир деб мақтаган бўлар эди.

Бир ёзнинг иссиғида у туман марказидан ҳовлимизга анча йўлни босиб келди. Домланинг Бойсунда ишлаш муддати тугаб, Россияга қайтиб кетаётган экан.

Мен билан хайрлашгани келибди.

Домла менга ўқишим кераклигини қайта-қайта тайинлади.

– Болшим человеком будеш, – деди у.

Бу жуда таъсирли эди.

Онам кўзига ёш олди.

Йиғламай бўладими? Чунки бечорачилик, ночорлик одамларга бўридай ёпишиб олган, унинг чангалидан қутулиш қийин эди. Аммо одамлар бу қисмат билан курашишга ўрганган, унинг кўзини шамғалат этиб, тинмай тақдирларини ўнглаш, “одам бўлишга” уринишарди.

Менинг олти тоғам бўлган. Тўнғичи урушда вафот этган. Катта икки тоғам институтни битириб, муаллимлик қилади. Бошқа тоғаларим, опам, акам, амакилару бўлалар – жуда катта оила – ўқишга бел боғлаб киришган: ўқиш – бу ночорликдан чиқиб кетиладиган ягона йўлдай эди.

Шунинг учунми, ўрис домла каби кўплар менинг берилиб ўқишимни ёқлар, онамга “тегинманг” деб тайинлар – “одам” бўлишим мумкинлигини башорат қилар – негадир қатъий ишонч билдиришарди.

Бу ишонч эса елкамга жуда залворли бир юк бўлиб тушади. Мен одам бўлиш қийин эканини ҳис қиламан. Бойсунни ўраб турган тоғлардан наридаги эшитганим, ўқиганим дунёлар билан учрашмоқ жуда мушкул кечишини англайман.

Чунки бобом ўқишга кетаётган ўғлига: “Тошкент – ота-онанг эмас. Эҳтиёт бўл!” дегани эсимда.

Ўзга дунёлар билан учрашиш учун ўқиб-ўрганмоқдан бошқа ҳам нималардир керак эканини элас-элас англайман.

Аммо менга фақат китоб ўқишнинг ўзи қизиқ эди.

Мен ўқиганим сари атрофимдаги одамлар, теваракда кечаётган воқеалар ўзгача бир суратда кўрина бошлаганини ҳис қиламан.

Ҳатто ўзим ҳам ўзимга бошқача кўрина бошлайман.

Фақат эртароқ катта бўлишни, китоб қаҳрамонларидай мард, ботир, ҳалол одам бўлишни – ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам билдирмай – орзу қиламан.

Ҳа, ҳатто ўзимга ҳам билдиргим келмайди.

Чунки бундай эмин-эркин орзу қилишга атрофдаги ҳаёт – одамларнинг яшаш учун чумолидай бетиним қилган меҳнатлари туфайли зўрғагина нафас олиб турган турмушнинг зўриқиши йўл қўймас эди. Уруш фожиалари тобора олислаб кетаётган бўлса ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳозир ҳам оёғи яланг, чопони минг ямоқ эди. Бу ночорлик, ҳатто орзуланишга ҳам халақит берарди.

 

Мен жуда инжиқ, сиркаси сув кўтармайдиган бола эдим. Катталарнинг шўхроқлари тегажоқлиқ қилишар, уларнинг бу ҳазил-ҳузуллари жонимга теккач, охири қулоқни қоматга келтириб, чапаничасига сўкинар эдим. Қишлоқнинг содда одамлари эса менинг бу беадабликларимдан негадир роҳат қилиб кулишарди.

Аммо китоб билан мулоқот, ундан туғилган ўю хаёллар мени тамоман ўзгарта бошлайди.

Бир кун аёл қариндошларимиздан бири менга қараб туради-да, ажиб бир тарзда ҳайрон қолади:

– Вой, мана бу ўзгарибди! Оғиргина бўп қолибди-я! Бекорга китоб ўқимаётган экан-да!

Айвонда ўтирган, ҳовлида ивирсиниб юрган барча менга ўгирилиб қарайди.

Мен индамайман.

Қўлимдаги китобни бир четга қўйиб, сигирларнинг тагини тозалагани оғилхонага кириб кетаман.

Шундан кейин менга негадир жиғимга тегадиган ҳазиллар камаяди.

Бировларни вақт улғайтиради.

Мени, назаримда, мутолаа улғайтирган эди.

 

Болалик – дунёнинг ва одамларнинг номукаммаллиги жуда аниқ ҳис қилади.

 

Университетга ўқишга кириш учун Эркин Аъзам билан имтиҳон топшириб юрган пайтларимиз.

У кезлар ҳозирги Амир Темир хиёбонидаги Юридика институтининг бинолари Тошкент давлат университетига тегишли ва бу ерда биз талабаси бўлишни орзу қилганимиз – ўша йил илк бор факултет мақомини олган журналистиканинг ўқув хоналари жойлашган эди.

Қабул комиссияси атрофида изғиб юрган пайтимизда Бойсундан Рўзибой Маликов деган муаллим келиб қолдилар.

Рўзибой ака биздан ўн беш ёшлар катта – чарақлаган одам. Бизни ўзидан кичик деб ўйламас, ўқувчилик пайтимиздаёқ, бошқа мактабда дарс берсалар ҳам, кўрган жойида бир далли хушфеълликда ҳол-аҳвол сўрардилар.

У кишининг ўсмирлиги Бойсундаги болалар уйида ўтган. Айтишларича, бу даргоҳда тарбия топиб, “одам” бўлиб қолганларга бош-қош – собиқ тарбиячилардан ойма-ой сармоя йиғиб, “детдом”чиларнинг уйланадиганининг уйланишига, ўқийдиганининг ўқишига кўмак берадиган шу домла экан. Ҳисса қўшишдан бош тортиб, қашшанглик қиладиганларнинг жазосини бериш ҳам қўлидан келар экан.

Биз домла билан университет биноси олдида учрашиб қолдик. Домла ўша – одатий хушфеълликда, юзу кўзи самимий табассумдан ёришиб, имтиҳонларни қандай топшираётганимиз, қаерда яшаётганимизни суриштирди, жиддий синовлар олдидан ҳадиксираб турган кўнглимизга далда берган бўлди. Сўнг оддийгина сўраб қолдилар:

– Шукурни кўрдиларингми?

Биз гап ким ҳақида кетаётганини сезиб турган бўлсак ҳам, барибир саволни тушунмагандай анграйиб қолдик. Ахир, у одамнинг исми, назаримизда, бундай оддийгина тарзда айтилмаслиги керак эди-да. Савол ҳам негадир ножоиздек туюлди бизга. Ахир, уни қандай қилиб кўрамиз? Одам қуригандай, бизга дуч келиб қоладими? Наҳотки, у ҳам эл қатори мана шу чанг кўчаларни босиб юрса? Наҳотки, у етти қават фалакда эмас, Тошкентда – яқинда “шўлп” этиб тушиб, қозонида қайнай бошлаганимиз мана шу ғулғулада яшаса?..

Гарчи бундай эмаслигини ҳис қилиб турсак ҳам, барибир у одам билан учрашувни тасаввур қила олмас эдик.

Ахир, гап кимсан Шукур Холмирзаев – ёзувчи Шукур Холмирзаев ҳақида кетаётган эди-да!

Бу гапларим тушунарли бўлиши учун Эркин ва менинг адабиётни қандай мақомда яхши кўришимизни ва шу туфайли, шоиру ёзувчиларга бўлган чексиз ҳурматимизни мухтасар айтиб ўтишимга тўғри келади.

 

Куни кеча вилоят газетасида илк шеърим босилган, шеърнинг тагида эса қайси мактабда ўқишим ҳам ёзиб қўйилган, натижада, бирпасда мактаб миқёсидаги машҳур ўқувчилардан бирига айланган эдим.

Ростини айтсам, биринчи шеъринг чоп этилганда, чиндан бахтиёр бўласан. Ногоҳ мўъжиза рўй берганини – олисларда шарпадай элас-эласликда юрган тақдиринг, рўпарангга келиб, сенга кулибгина қараб турганини ҳис қиласан. Аллақандай туманли тушларга ўхшаган орзу-умидлар йўли аввалгидан кўра ёрқинроқ кўринаётгандай туюлади тасаввурингда. Сен бу йўлнинг машаққатларини аниқ тушунмасанг-да, қаёққа кетиш кераклигини; болалигингдан буён шеър пичирлатиб, ҳанузгача жону жаҳонингни ўртаб юрган куч қаёққа бошлаётганини фахмлаганга ўхшайсан. Энг муҳими, энди бу кучнинг қаромоғида “жон-жон” деб яшашга мингдан-минг рози эканингни англайсан.

Ана шундай ғалати кайфиятга кўмилиб яшаётган кунларимда, дафъатан Эркин пайдо бўлди.

Мен Эркинни узоқдан кўриб юрган бўлсам ҳам, у билан саккизинчи синфни битириш арафасидагина танишганман. Математикадан имтиҳонга тайёрланиш баҳонасида синфдошимиз Тилло Тошнинг уйига борганимизда, Эркин қўшни сифатида суҳбатга чиққан ва бир дам қуюқ гурунглашган эдик. Аммо гап адабиётдан айланмаган. Эркиннинг кейинчалик айтишича, синфдошларим мени “математикани зўр билади” деб таништиришган экан.

У билан қайта танишувимиз эса келгуси йилнинг апрел ойларида кечди.

Мактаб ҳовлисидаги спорт майдонида, тўп тепишдан чарчаб, бироз тин олиб турсам, Эркин велосипедда келиб қолди. У велигини тўғри ёнимда тўхтатди-да, менга кулиб қаради. Қаердандир қўлида газета пайдо бўлди. О! Газетани шу заҳотиёқ танидим! Нега танимай? Унда шеърим чиққан-ку!

– Бу шеърни сиз ёзганмисиз? – деди газетага имо қилиб.

Мен тасдиқладим.

Кўришдик…

…ва назаримда, ўша заҳотиёқ дўстлашдик.

Бу ўсмир – Эркин – бўлғуси машҳур адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси ёзувчи Эркин Аъзам эди.

 

3

Ҳаётим шу кундан ўзгарди.

Гапнинг индаллосига кўчсам, ўша кун Адабиётни мен каби бутун борлиғини бағишлаб яхши кўрадиган, у ҳақида эртаю кеч тинмай мулоҳаза қилишга тайёр, китобхўр, атрофда кечаётган воқеаларга, ҳатто дунёга ҳам ўзича муносабатга эга – ўзимга ўхшаган одамни – яқин дўстни учратгандим. Рости, ўша кунгача ичимда якка-ёлғиздек эдим. Эркин билан танишган кунимдан бошлаб эса, ҳамфикр тенгдош, юракдош дўст ва, айтиш мумкинки, туппа-тузук адабий давра топдим. Такрор айтаман, ўша пайт биз бир-биримиз учун бемалол адабий давра вазифасини ўтар эдик…

Ёшлигингда ўзингга тенг – шамоллари ҳозирданоқ кўнглингда ҳилпиратиб турган олисга елкама-элка боришга тайёр инсон билан учрашувинг, энди билсам, жуда муҳим экан.

Эркин билан узундан узун суҳбатларимиз бошланиб кетди.

Бу суҳбатлар мавзуси ўқилган китоблар ва китоблар етаклаб кетаётган сирли олам – адабиёт эди. Шукур Холмирзаев ҳақида ҳам кўп гаплашар эдик.

Нега Шукур ака ҳақида?

Чунки адабиётга довруғ солиб кириб келаётган – ўзгача нафасли, ўзгача овозли; инсоний муносабатлар ва турфа феъл-атворлар манзараларини ажабтовур аниқ тасвирда қоғозга тушира оладиган сеҳргар Шукур Холмирзаев ҳам Эркин иккаламиз ҳовлисида турган мактабда ўн йиллар аввал ўқиган, яъни бизга мактабдош эди.

Менинг адиб ижодини бугунги кун таассуроти билан таърифлаганимни, албатта, сездингиз. Аммо ёзувчи услубидаги тасвирнинг аниқлиги ўша пайтдаёқ мени ҳайратга солгани эсимда. Гап шундаки, унинг асарларида тасвирланаётган воқеалар ҳам, жойлар ҳам бизга таниш, қаҳрамонлар эса кўча-кўйда учратиб юрганимиз одамлар эди. Айниқса, “Ўн саккизга кирмаган ким бор” қиссаси нашр этилгач, жуда ҳайратланганман. Қиссада Бойсун ҳам, мактабимиз ҳам, кўча-кўй ҳам бор; қаҳрамонлар ҳам шу атрофда айланиб юришибди, аммо барчаси аллақандай ўзгача – ажиб бир нурланишда – юракка кўчадиган тарзда эди.

Шукур аканинг асарларида кечган воқеалар, тасвирлар, қаҳрамонлар кўриб юрганим ҳаёт билан бу қадар ўхшашлиги мени жуда ҳайрон қолдирган. Ўша пайтгача ўқиганим китоблардаги қаҳрамонлар бу атрофдаги одамлар эмас, балки бизга ҳеч ҳам алоқаси йўқ – аллақандай фантастик дунёдаги каслар бўлиб туюларди. Уларнинг теварагимиздаги одамларга ўхшамаслиги эса табиийдай, чунки Бойсунда учратиб юрган одамларимиз китоб саҳифаларига тушиши мумкин эмасдай эди. Шукур ака севиб тасвирлаган даштларимиз, қирларимиз ва тоғларимиз ҳам у пайтларда мен учун, назаримда, қоғозга тушмайдиган бир тилсим эди.

“Ёзиб бўлмайдиганга менгзар воқелик”ни қоғозга тушириш – ҳаётнинг маълум бир қатламини, Ватаннинг бир бўлагини, маълум бир одамлар тоифасининг адабиёт томонидан ўзлаштирилиши, демакдир. Бу эса миллат умумтафаккурида Ватан тушунчаси маъносининг кенгайишига олиб келади. Ўзимизга муқояса қилиб айтсам, Ўзбекистоннинг ва ўзбекнинг бир тан, бир жон бўлиб жипслашувида муҳим рол ўйнайди. Бу тарзда ёзилган асарларимизни авайлаб жаҳонга олиб чиқолсак, бошқаларнинг ҳам бизни тушунишига ёрдам беради.

Қолаверса, бундай йўлдан бориш адабиётнинг ривожи учун ҳам жуда зарурдир. У бизни такрордан ва бировларга эргашиб ёзишдан асрайди. Адабиётимизни янги босқичга кўтаради. Материалнинг янгилиги ва унинг оҳорини тўкмай ёза билиш шунинг учун ҳам қадрлидир.

Энди ўйласам, ўшанда биринчи адабий сабоқни олган эканман. Яъни ҳар бир одамнинг умри – орттирган тажрибаси, бошдан кечирганлари, дунёни кўра билиши жуда ноёб – бетакрорлигини билиб-билмай англаган эканман. Истеъдодли одам эса бу дунёни ўзига хос теранликда қайта кашф этадиким, дунё китобхон кўзига ўзгача бир қиёфада кўринади. Бўлмаса, ана, ҳар кун кўриб юрадиганинг ўша тоғу даштлар, ўша кўчалар, кўча-кўйда учратадиганинг ўша одамлар; сен ҳам, Шукур ака ҳам ўқиган мактаб…

Шукур аканинг китоблари менга адабиётнинг энг бош сеҳру мўъжизасидан – ҳаётнинг қай тарзда адабиётга айланишидан илк сабоқ берган эди.

Маликов домла бизни эргаштириб, Шукур аканинг идорасига йўл бошлайди. Шукур ака хизмат қиладиган “Гулистон” журнали икки қадам нарида – ҳозирги Адлия вазирлиги биносида экан.

Адиб бизни ниҳоят очиқ чеҳра билан қарши олади. Домла ёзувчи билан қалин экан, шекилли, ҳеч бир тортинмай кўришади. Бизнинг адабиётга қизиқишимизни, яхши йигитлар эканимизни, журналистикага – Шукур ака таълим олган ўқишга – кириш имтиҳони топшириб юрганимизни айтиб, таништиради.

– Ҳа-а!.. Шундайми? – дейди Шукур ака ёқимли жилмайиб. Мен унинг хурсанд бўлганини сезаман.

Шукур ака сўрашиб, ўтиришга таклиф қилади ва кейинчалик англасам, у киши билан муносабатимизни белгилаб берувчи бош саволни беради:

– Бойсунни соғиняпсизларми?

Ў! Бойсунни соғинмай бўладими! Албатта, соғиняпмиз-да! Бойсун!.. Ў!..

Биз соғинчимизга мос сўз тополмай, яна нималардир деймиз. Бу савол “синов” эканини эса фаҳмлаганимиз йўқ. Киндик қони тўкилган жойга садоқат, уни ўртаниб соғиниш акамиз учун жуда муҳим эканини кейин биламиз.

Бизнинг ҳовлиқма жавобимиздан кўнгли тўлди, шекилли, Шукур ака бирдан “ўзимизники” бўлди-қолди.

Ана энди Шукур ака биз билан гурунгни бошлайди.

У гапдан гап чиқариб, бизларга савол берар – масалан, нимани ўқияпмиз, қайси ёзувчию шоирнинг китобини яхши кўрамиз, нима учун бу китоблар бизга маъқул – биз эса “ўқимишлигимиз”ни кўрсатиб, жон куйдирганча, жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ишонинг-ишонманг, ўша пайтлар Эркин иккаламиз – ўзбек тилида чоп этилган жами китобни ўқиган болалар – ўзимизча адабиётни ҳаммадан кўра яхши биламиз, деб ўйлар эдик! Эй, нодонлар, дейдиганнинг ўзи йўқ!

Аммо жавобларимиз Шукур акага маъқул келади, шекилли, биз билан анчагина гаплашади. Энди ёзувчиларнинг ижоди ҳақида сўрайди.

Биз ўзимизга ёқадиганларнинг мақтовини келтирамиз, ёқмаганларига ҳам ҳалол баҳо берган бўламиз. Бу мулоҳазаларимиз ҳам адибнинг ўша ёзувчи шоирлар ҳақидаги фикрларига мос тушганини сезамиз. Айниқса, Абдулла Ориповнинг шеърлари ҳақида ҳаяжонланиб айтган гапларимиздан кейин юзи ёришиб кетади. “Абдуллажон” ҳақида кулиб, аллақандай азиз тутиб сўзлайди.

Бу суҳбат асносида хонага ингичка мўйловли, сермулозамат бир йигит кириб-чиқиб туради. У гурунгимизни ажабсингандай бир дам эшитади-да, сўнг – иши бўлса керак – ташқарига чиқиб кетади. Бироздан кейин яна киради. Бу ҳол икки-уч бор такрорланади.

Суҳбатимиз охирига етади.

Биз зиналардан тушиб, эшикка етганда, ортимиздан “Эй болалар!”, деб кимдир чақираётганини эшитиб, қайрилиб қараймиз. Зинадан юзига табассум қўндириб, тушиб келётган ҳалиги мўйловли йигитни кўрамиз. Қўлида қоғоз жилдли папка.

– Болалар, – дейди у йигит, – мен нақа… Дадахон Нурийман.

– О! – дейди Эркин. – “Оқшом қўшиқлари!”

Дадахон аканинг бу китобини иккаламиз ҳам ўқиганмиз. Ўша пайт бу китоб бизга маъқул келган.

Биз китоб ҳақида ҳовлиқиб гапира кетамиз. Ўзимизча рост гапларни айтган бўламиз! Қани энди, бир жўмард бўлсаю “Эй, Бойсуннинг мақтанчоқ жигитлари! Сенларга ҳали ростни айтишни ким қўйибди”, деса! Аммо бундай одам йўқ. Кейинчалик, йиллар ўтиб, бу жўмард кўриниш беради. У китобларга, ёзувчиларга берадиган баҳоларимизни тамоман ўзгартиради. Унинг исмини ҳам аниқ билиб оламиз – адабий дид!..

Чалғидим.

Мана шунақа чалғийдиган одатим бор. Лекин баъзан чалғиганимдан хурсанд бўлиб кетаман! Чунки кетаётганинг катта йўлдан кўра, адашиб кириб қолганинг тор кўча қизиқроқ эканини баъзан тушуниб қоласан-да!

Яна чалғидим…

Хуллас, ёзувчи беҳад хурсанд бўлади.

– Сизлар нақани… адабиётни яхши биладиган нақа… болалар экансизлар, – дейди у. – Мен бир қисса нақа қилган эдим. Нақа қилиб… ўқиб бермайсизларми?

Биз ўша пайтлар бу дунёдан ҳамма нарсани кутганмиз, аммо Дадахон Нурийдай ёзувчи бизга қўлёзмасини ўқишга бериши тушимизга ҳам кирмаган. Ичимизда бироз каловланиб тургач, “Албатта!” деймиз, “Албатта ўқиймиз!”. Дадахон ака китобини бизга тутқазади. Телефон рақамларини ёзиб оламиз. Ўқиб бўлган заҳотиёқ қўнғироқ қилишга ваъда бериб, хайрлашамиз.

Имтиҳон топшириш ташвишларини бир четга йиғиштириб қўйиб, ижарахонага борганимизданоқ қўлёзмани ўқишга тутинамиз. “Бегона” деб номланган бу қисса бизга ёқади. Дадахон акага эртаси қўнғироқ қиламиз. У киши бизни уйига талиф қилади.

Дадахон ака мақтовларни эшита-эшита ош дамлайди. Ош ейилиб, кетишга рухсат сўраш пайти етганда, тўсатдан савол бериб қоладилар:

– Болалар, шуни нақага… Абдулла акага кўрсатсам, бўладими?

Биз унга ҳайрон бўлиб қараймиз. Абдулла акаси ким?

– Нақа-да… Абдулла Қаҳҳор!

Абдулла Қаҳҳор! Ёзувчилар бир оғиз мақтовини эшитсам, деб орзу қиладиган адиб!

Аммо Эркин билан иккаламиз машҳур адибнинг довруғи олдида зинҳор-базинҳор карахтланиб қолмаймиз.

– Бўлади, – деймиз ишонч билан. – Бўлади!

Дадахон ака билан яна кўришдик. Биздан қувват олган ёш ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг Дўрмондаги дачасига борибди. Улуғ адиб қиссани ўқиб чиқибди. Қисса унга ёқибди.

Биз акамизни чин юракдан қутлаймиз.

Бирор ўн кундан кейин Дадахон Нурий бизни яна излаб топади.

– Сизларни нақа… Абдулла ака сўраяпти!

Оғзимиз ҳақиқатан очилиб қолади.

Бизни? Бизни нега сўрайди? Бу дунёни ларзага соладиган бирор нарса ёзмаган бўлсак! Довруғимиз оламни тутмаган бўлса… Ўқишга кирармиканмиз, деб минг хавотирда кириш имтиҳони топшириб юрган абитуриентлар бўлсак… Эҳтимол, акамиз адашаётгандир?

– Йўқ, сўраяпти, – дейди қатъият билан Дадахон ака.

У бизга бўлган воқеани сўзлаб беради.

– Бу қиссани менга тавсия қилишни ким маслаҳат берди? – деб сўраб қолади бир кун Абдулла Қаҳҳор уйида аллақачон эл бўлиб кетган Дадахон Нурийдан.

– Болалар… Нақа… Сурхондарёлик иккита бола.

Абдулла Қаҳҳор ўйланиб қолади. Улуғ адиб унга асар тавсия этадиган болаларни тасаввур қилолмайди. Дейлик, Саид Аҳмад кимнингдир асарига бир кўз югуртириб беришни илтимос қилган, Матёқуб Қўшжонов бировнинг номини тилга олган, баъзан нашриётлар кучи етмаганлари муаллифларнинг қўлёзмаларини жўнатиб туради. Аммо болалар…

– Шу болаларни кўрсам бўладими?

– Нақа… Улар университетга нақа… кириш имтиҳони топширяпти.

– Кириш имтиҳони?

Абдулла Қаҳҳорнинг қизиқиши янада ортади.

– Шу болаларни топмайсизми? Бир келишсин…

Ўша пайтлар устознинг топшириғи Дадахон ака учун муқаддас вазифа эди. У киши дарров бизни излашга тушади.

Сурхондарёлик болаларни эса ваҳима босади. Йўқ, ваҳима эмас, аллақандай каттакон – ҳурмат аралаш улкан ташвиш. Ахир, сурати дарсликлардан қараб турадиган Абдулла Қаҳҳор уларни суриштираётган эди-да! Нима деб борамиз? Ёзганларингни кўрсатинглар-чи, деса нима бўлади? Ёзганларимиз – уч-тўрт варақ нарса сариқ чақага ҳам арзимаслигини ўзимиз ҳам биламиз-ку! “Қани, муллаваччалар…” деб бир қийин саволлар бериб қолса-чи?.. Э, худо! Мушкул савдога қолдик!

Бу орада кириш имтиҳонлари тугади. Ёш биродарлар, сиз нимани ҳам кўрибсиз! Тест-пест дейсиз – одамнинг кўзига тик қараб, бериладиган саволга жавоб беришни билмайсиз… Баҳонгизни… йўқ, нима эди, ҳа, балингизни темир компютер чиқариб беради. Бизнинг замонларда имтиҳон пайти қаршимизда оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас – бир бутун одам ўтирарди. Ҳурматли одам! Домла! Кўзига қараб, илмингни кўрсатиб баҳонгни олар эдинг.

Хуллас, шундай имтиҳонлардан ўтганмиз! Энди “мандат комиссияси”ни кутиб юрибмиз. “Мандат”нинг ҳам нималигини билмайсиз! Тушунтирай: охирги довон – шу комиссия. Сени хонасига таклиф этса, ўқишга кирдинг; таклиф этмаса, уйга бош эгиб, жўнайверасан.

Энди бу дилтанг кутишнинг ёнига Абдулла Қаҳҳорнинг уйига қандай бориш азоби қўшилди.

Ўйлаб-ўйлаб борадиган бўлдик. Дадахон ака манзилни тушунтирди. Тошкентдан фалон автобусга чиқасизлар, Дўрмонга етганда, Ёзувчилар боғи бекатида тушасизлар. Ундан тепага йўл кетади. Пиёдалаб йўл юриб, йўл юрсаларинг ҳам мўл юриб, ижод боғига кирасизлар. Кирган жойларингда темир панжара бошланади. Панжаранинг ортидаги чорбоғ – Абдулла Қаҳҳорники!

Жўнадик. Далда бўлар, деб ўзимиздай яна бир абитуриент Муҳаммад Раҳмонни ҳам эргаштирдик. Ҳамма ишни Дадахон ака айтганидай бажардик. Панжара тугаб, узунгина йўлак кўринди. Йўлакнинг ўнг томонида қатор токлар. Баланд сўриларда навдалари осилган. Узумлар пишай-пишай деб қолган. Кимдир шоти қўйиб, хомток қиляпти. Йўлакнинг шундай ёнида – боғнинг четида… Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи турибди! У киши аллақандай жиддийлик билан бизга қарайди.

Сочлари оппоқ. Кўзимизга ниҳоятда кекса кўринди.

Ичкаридан Кибриё опа чиқади. Назаримда, Дадахон ака қўнғироқ қилган бўлса керак, опа бизни очиқ қаршилайди.

– Келинглар, болалар, келинглар.

Йўлкага қадам ташлаймиз. Абдулла Қаҳҳор ҳам биз томонга юра бошлайди. Имиллабгина юриб, йўлакка чиқади. Кўришади. Ишкомнинг сояси қуюқроқ жойида стол устига дастурхон тузалган. Мева-чева, қанд-қурс.

Сўрашамиз. Домла бизни суриштирган бўладилар. Жавобларимизни эшитиб, бир дам хаёлланиб қоладилар. Биздан Тошкентга қандай келганимизни суриштирадилар. Поездда икки кеча йўл юриб, етганимизни айтганимизда, ҳайрон қолганларини сезамиз.

– Шукурлар, – дейди у киши Шукур Холмирзаевни кўзда тутиб, – ўша ёқлардан ўқишга келганда, а?

Биз Сурхондарё у кишига жуда олис бир манзил туюлаётганини англаймиз.

Суҳбат тобора қизийди.

Усмон Носир ҳақида сўраймиз. Домла аллақандай ростгўйлик билан қатағон ҳақида сўзлай бошлайди. Қатағонга “хизмат қилганлар”нинг номини чўчимай тилга оладилар. У одамлар ҳали тирик, ҳатто ҳукуматнинг эъзози эди. Мактабда – адабиёт дарсида ўқитилган улар.

Домланинг китобларини ҳам мақташга киришамиз. Эркин Аъзамнинг ҳалоллиги тутиб кетиб, “Сароб” романидаги “айрим камчилик”лар ҳақида гапиради. Домла, худди бировнинг асари ҳақида гап кетаётгандек, “бўлса, бордир” қабилида жавоб беради.

Шу пайт йўлакда янги меҳмон кўриниш беради. Абдулла Қаҳҳор у кишини дастурхонга таклиф қилади. Оқсоқол бу меҳмонни бизга таништирадилар. Меҳмон асарлари бизга ёқмайдиган – кейин билишимизча, ҳеч кимнинг ҳам кўнглига ўтирмайдиган – ёзувчи бўлиб чиқади. Меҳмон Абдулла Қаҳҳор билан “сен-сен”лашиб гаплашади. Унинг бу тарздаги муомаласи менга ғалати туюлади. Назаримда, бу одам Абдулла Қаҳҳорнинг соясига ҳам салом бериши керакдай эди.

Ош келади. Домла олдига эса алоҳида таом қўйилади – тарелкада икки сосиска, ёнида яшил нўхат.

– Ошдан олинглар, – дейди домла. – Менинг парҳезим бор. Овқатим – шу…

Кетадиган бўламиз. Абдулла Қаҳҳор китобларига дастхат ёзиб, бизга тортиқ қила бошлайди. Кимгадир дастхат ёзаётганларида, ёзишдан тўхтаб, ўйланиб қолади.

– Тошкент, водий, – дейди у киши ҳар бир сўзни аниқ-аниқ айтиб, – адабиётимизга жуда буюк адибларни берди. Тегирмон навбати билан деганларидай, энди навбат Сурхондарё, Қашқадарёники экан-да!

Биз бу гапдан анграйиб қоламиз. Эҳтимол, бахшилари ғайғайлаб от суриб юрган бу икки воҳа бир кунмас бир кун дардини қоғозга ҳам туширади-да, деган ўй домланинг хаёлидан ўтгандир. Эҳтимол, асарлари билан эндигина танилиб келаётган Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаевнинг истеъдоди қамровини даҳоларга хос сезгирлик билан ҳис қилгандир. Балки келажакни – фақат ўзи тушуниб етадиган – алоҳида бир ҳисоб-китоб мантиғида кўргандир…

Ким билсин!

Домланинг чорбоғидан чиқиб жўнарканмиз фақат Устоз ҳақида гаплашамиз. Бу суҳбатимиз ҳафталаб, ойлаб давом этади. Ҳозир ҳам баъзан Эркин билан ўша суҳбатни эслаб қоламиз.

Шу одам авлиё экан, деб қўяман баъзан.

Абдулла Қаҳҳорнинг чорбоғига августнинг бошларида борган эдик.

Бир неча кундан кейин Эркин билан мен навбатма-навбат ўн еттига тўлдик.

 

uzhurriyat.uz

1, 2, 3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.