Кавардонликлар қадрдони

0
389
марта кўрилган.
Ғафур Ғулом

Азиз асримизнинг азиз онлари,

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла,

Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

(Ғафур Ғулом)

 

Туртки

 

Ёз кунларининг бирида ҳовлимиздаги ишком тагидаги супада “Шум бола”ни ўқиб ўтирардим. Мансур бобом ҳассасини дўқиллатганича эшикдан кириб келди. Китобдан аранг узилиб, бобом билан кўришдим.

– Кўп яша, ўғлим, кўп яша, хўш, қанақа китоб ўқияпсан? – сўради бобом.

– “Шум бола”ни…

– “Шум бола”… Ҳа, ўзимизни Ғафуржоннинг китобими?

– Ие, ўзимизнинг Ғафуржон деганингиз нимаси? У одам академик Ғафур Ғулом-ку, бобо!

– Ҳа, ўша академик деганинг ўзимизнинг Ғафуржон-да, – дедилар бобом кулиб.

– Қанақасига?

– Ўша, сен айтаётган академик шоир қишлоғимизга узоқ йиллар келиб-кетиб юриб қадрдон бўлиб қолган. У киши қишлоққа келибгина қолмай, ҳатто бир неча ойлаб яшаган, ижод қилган. Пўлатхўжа Сиддиқхўжаев деган акамиз Ғафуржон билан жуда қалин дўст эди. Пўлатхўжа ака “Сувчи” тахаллуси билан шеърлар ёзарди. Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат, Элбеклар билан ҳам яқин дўст бўлиб, борди-келди қилиб турарди.

– Бобо, Пўлатхўжа бува ҳозир ҳаётмилар?

Бу саволимдан бобом бирдан маъюс тортди.

– Эй, болам, Пўлатхўжа акага ўхшаган қанчадан-қанча яхши одамлар ғаламислар туҳматига учрамади дейсан. 1933 йил уни қамоққа олишди. Шу кетганича қишлоққа қайтиб келмади. Ўғлим, ана шу сен ўқиётган “Шум бола”ни менга ҳар гал Соҳиба амманг ўқиб берганида, қишлоғимиз одамлари кўз олдимга келади. Китобнинг айрим жойлари қишлоғимизда ёзилмаганмикан, деб ўйлаб қоламан…

Қиссани неча қайта ўқиганимни эслолмайман. Киносини-ку, ҳозир ҳам телевизорда бериб қолишса, албатта, киприк қоқмай кўраман. Болалик кезларимда бобом билан кечган суҳбат хаёлимга келади. Қишлоқдаги ёши улуғлар, машҳур шоирни кўриб, гаплашганлар билан учрашдим. Уларнинг ҳикояларини тингладим.

 

Танишув

 

Ўтган асрнинг йигирманчи, ўттизинчи йилларида кавардонлик Пўлатхўжа Сиддиқхўжа ўғли Сувчи республиканинг энг кўзга кўринган ишчи-деҳқон мухбирларидан бўлган. “Қизил Ўзбекистон”, “Камбағал деҳқон”, “Батрак” газеталари, “Муштум” журналида унинг мақолалари босилиб турган.

…Бир куни Пўлатхўжа ака “Муштум” журналига бориб, Абдулла Қодирий ўтирган хона эшигини аста тақиллатади.

Ичкаридан: “Кираверинг!” деган овоз эшитилади.

– Ассалому алайкум, домла, – дея хонага бошига дўппи, эгнига ола чопон кийган Пўлатхўжа киради.

– Ва алайкум ассалом, келсинлар, мавлоно Сувчи, қадамларига ҳасанот,  – дея Қодирий домла ярим ҳазил билан самимий кутиб олади.

Қодирий домланинг ёнида эса қотмадан келган, қадди-қомати келишган ёш йигит ўтирарди. Абдулла Қодирий салом-аликдан сўнг:

– Пўлатхўжа, танишинг бу йигит шоир укамиз Ғaфyp Fyлoм бўлади, – дейди.

Бу танишув Пўлатхўжа акани Ғафур Ғулом билан бир умрга боғлайди.

 

Кавардонга илк ташриф

 

1928 йил ёзида Пўлатхўжа дўсти Ғафур Fyломни она қишлоғи Кавардонга таклиф қилади. Ғафур Ғулом бир неча қаламкаш дўстлари билан чанг ва ўнқир-чўнқир йўллардан ўтиб Кавардонга боради. Қишлоқнинг сўлим табиати, мусаффо ҳавоси, шоиртабиат одамлари Ғафур Ғуломни бутунлай ўзига мафтун қилади ва шундан сўнг қачон шаҳарга сиғмай қолса, Кавардон қайдасан, деб йўлга тушадиган одат чиқаради. У ҳар гал Кавардонга келганда қишлоқ ёнидан ўтадиган Қорасув дарёси соҳилида ҳордиқ чиқарар, Хонтепа ва Хонимтепаларга чиқиб сайр қиларди. Қишлоқ кишилари билан узоқ-узоқ суҳбатлашарди.

 

“Ғaфуp уканг бир келмади”

 

(Пўлатхўжанинг синглиси Умринисо ая ҳикояси)

 

Мен ўша кезларда Ўрта Осиё бюроси қошида очилган хотин-қизлар курсида ўқир эдим. Ғафур Ғулом қаламкаш дўстлари Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳорлар билан тез-тез Кавардонга келишиб, уйимизда меҳмон бўлишарди. 1929 йилнинг февраль ойида Ўрта Осиё давлат университети қошида очилган икки йиллик курсга ўқишга кирдим. Турли хабар ва мақолаларим республика радиосида ўқиб эшиттирилар, газеталарда босилиб турарди.

Бир куни ўқишдан уйга келсам, Пўлатхўжа акам касал ётган экан. Дўсти Faфур Ғулом, бехабар бўлсак керак, акамни кўргани келмабди. Ўшанда Пўлатхўжа акам онамиз Савринисо номидан дўсти Faфур Ғуломга ҳазил тариқасида шеърий мактуб йўллаб, уни мендан бериб юборган эди:

 

Ёру дўст келди ҳамон Ғафур уканг бир келмади,

Дард чекиб бўлдинг ёмон, Ғафур уканг бир келмади,

Сен деган эрдинг укам Аҳрор ила бўлди икков,

Бўлмади сен ўйлаган Ғафур уканг бир келмади.

Келмаса ҳам бўлсин омон дўстларингнинг барчаси,

Энг қадрли ҳам жонажон Faфур уканг бир келмади,

Ўйлама қилди ҳазар деб, балким қўли тегмагандир,

Қиш ҳавоси йўл ёмон, Ғафур уканг бир келмади.

 

Мен шеърни олиб борган кунимнинг эртасигаёқ домла Ғафур Ғулом: “А-а, ойи, қиш ҳавоси йўл ёмон-а”, – деганча онамиз Савринисо ая олдига кулиб кириб келган эди.

Ҳа, домла Ғафур Ғулом ана шунақа хушчақчақ ва оқибатли инсон эди.

 

Сoвғa

 

1930 йилнинг ёзи. Пўлатхўжа ака ҳамқишлоқлари Ўрмон тегирмончи, Шертой фирқа, Нормат бригадир, Нўъмонхўжа ҳисобчи, Иван Бондаренко, Тўлаган Рўзиев сингари ёшлар билан Кавардон қишлоғида колхоз тузишади. “Меҳнат бирлик” деб ном қўйилган бу хўжаликка Пўлатхўжа ака раис бўлади.

Ғафур Ғулом Пўлатхўжа ака хонадонига тез-тез келиб, янги тузилган “Меҳнат-бирлик” хўжалиги далаларига чиқиб, одамлар билан суҳбатлар қурарди. Бундай суҳбатлар Ғафур Ғуломга ижодий кайфият берган бўлса ажабмас.

Ана шундай кунларнинг бирида Пўлатхўжа аканинг аёли Пайзинисо опа ҳовлидаги супада рўмолча тўқиб ўтирарди.

– Пўлатхўжа ака, ҳо Пўлатхўжа ака, – деганча Ғафур Ғулом дафтар-китобини қўлтиқлаб эшикдан кириб келади.

– Қайним, келинг-келинг, қайси шамол учирди? Боягина Мунисхон йўл қараётган эди… Бугун меҳмон келар-ов десам, акангиз Ғафуржон келса керак, деган эди. Билмадим, сизни келишингизни қаёқдан биларкин.

– Ҳорманг, янга, ҳорманг. Бу Пўлатхўжа акам мени меҳмонга келишимни туш кўрадилар ёки фол очиб билсалар керак-да… Бу дейман, Пўлатхўжа акамнинг ўзлари кўринмайди. Ёки яна қимиз-пимиз ичгани кетдиларми?

– Эй, Ғафуржон, қайним, ана шундай иш қизиган кунларда акангиз қимизхўрлик қилиб юрармиди? Ҳатто бир пиёла чой ҳам ичмасдан каллайи саҳар чиқиб кетган эдилар. Ҳадемай келиб қолсалар керак.

– Пўлатхўжа акам раис бўлганидан бери ижодни ҳам йиғиштириб қўйдими, дейман. “Муштум”, “Қизил Ўзбекистон”да кўринмай қолдилар.

– Ҳа, рост айтасиз, бош қашишгаям қўллари тегмай қолди.

– Янгажон, рўмолча тўқишга жуда уста экансиз-ку.

Пайзинисо опа эндигина тўқиб бўлган рўмолчани Ғафур Ғуломга узатар экан: “Олинг, қайним, бу сизга мендан coвғa”, – деди.

 

Олмосхоннинг дугонасимисан?

 

(Пўлатхўжа аканинг қизи Мунисхон ая ҳикояси)

 

Ғафур Ғулом 1931 йилнинг ёзида Хонимтепа ёнидаги эски уйда истиқомат қилганди. У киши табиатан қувноқ, дилкаш инсон эди. Айниқса, ёш болаларни жуда яхши кўрарди. Ўша кезларда 3-4 ёшли қизалоқ бўлганлигим учун Ғафур амаким билан кечган учрашув ва суҳбатларнинг баъзилари хотирамда қолган.

Кейинчалик мен Ғафур амаким билан 1954 йилнинг жазирама ёзида учрашдим. Ўшанда мактабни тугаллаб, Тошкентдаги педагогика билим юртига ўқишга кириш учун борган эдим. Кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, синов комиссиясидан эса ўтолмай қолдим-да, Ғафур амакимнинг Бешёғочдаги уйига бордим. Ғафур амакимнинг ўзи кутиб олди. Аввалига танимади шекилли, ичкарига таклиф қила туриб:

– Сен Олмосхоннинг дугонасимисан? – деди.

– Йўқ, дўстингиз Пўлатхўжа Сиддиқхўжа ўғли Сувчининг қизи Мунисхон бўламан, – дедим.

– Э, кавардонлик Пўлатхўжа аканинг қизиман дегин, бўлди-бўлди, танидим. Мен сизларни уйингизга борган кезларимда сен 3-4 ёшлардаги қизалоқ эдинг. Аттанг, шеърга жуда уста одам эди, раҳматли. Иғвогарларнинг туҳматига учраб кетди-да, – дея афсус билан бош чайқади.

Ўша куни амаким мени педагогика билим юртига етаклаб бориб: “Бу қишлоқдан пахта териб келган қиз, албатта, шу ерда ўқиши керак”, – деди.

Ғафур амакимнинг ана шу ёрдами билан мен педагог бўлиб етишдим, қарийб ўттиз йил ёшларга дарс бердим.

 

Кавардонга сўнгги ташриф

 

Ғафур Ғулом билан ҳамқишлоқларим энг сўнгги бор 1964 йилнинг ёзида, Кавардонда учрашган экан. Ўшанда Ғафур Ғулом ўзи билан бирга ёзувчи Ойбекни, адабиётшунос олим Ҳомил Ёқубовни ҳам олиб келган экан. Ўша куни ижодкорлар Қорақалпоқ анҳори ёнидаги чойхонада шеърият кечаси ўтказишибди. Faфур Ғулом ўзининг “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” деган шеърини ўқиб берибди:

 

…Шеър ўқийлик Лутфийдан, Навоийдан,

Бедил, Фурқат, Пушкин ила Жомийдан.

Кейин қолмай замона айёмидан,

Дил ёрисин мисралар илҳомидан.

Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим…

 

Сўнгра улар Қорасув дарёси бўйидаги тўқайзорга тушишиб, ҳордиқ чиқаришибди.

Кечга яқин домла Ғафур Fyлом қаламкаш дўстлари билан қишлоқнинг тор кўчаларидан аста ортга қайтар экан, қишлоқ узра қуйидаги сатрлари жаранглар эди:

 

Кекса шоир тилидан овозимиз,

Шундай ўтсин ҳар баҳору ёзимиз.

Кўп кўринсин сизга қўйган озимиз,

Дўстлар учун жонимиз, ниёзимиз.

Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим!

 

Кавардонлик ҳамқишлоқларим домла Ғафур Ғулом билан қишлоқда сўнгги бор учрашаётганликларини ва унинг хушчақчақ қиёфасини бошқа кўрмасликларини, албатта, хаёлларига ҳам келтирмаганлар.

Икки йил ўтгандан сўнг радио машъум хабарни эълон қилганида, минглаб мухлислар қатори кавардонликларнинг ҳам вужуди ларзага тушди…

…Юқоридаги ҳикояларни тинглаб, ҳақиқатдан ҳам улуғ шоир қишлоғимизга кўп келган ва кавардонликларга қадрдон бўлиб қолганини билиб олдим.

Шунда бобомнинг сўзлари қулоқларим остида яна такрор янгради: “Ўзимизнинг Ғафуржонми?..”

 

Латифжон МАНСУРОВ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–4

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.