Эртакларнинг қандай фойдаси бор?

0
255
марта кўрилган.

Дунёда миллий эртаги бўлмаган халқ-элатнинг ўзи бўлмаса керак. Деярли ҳаммамиз бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз, ака-опаларимиз ёки ўқитувчиларимиздан эртак эшитиб улғайганмиз. Ҳеч бўлмаганда китоблардан ўқиганмиз.

Аниқ эсимда. Уч-тўрт ёшларимда дадам расмли эртак китоб олиб келиб берган эди. Ёзуви йўқ, фақат расм. Аям ундан эртак тўқиб берган, мен эса ундаги воқеалар ва қаҳрамонларни ўзимча тасаввур қилардим. Ўша эртаклар дунёсида яшардим. Яқинда интернетда эртакнинг фойдалари ҳақидаги кичкина мақолага кўзим тушиб қолди. Ўйлаб қарасам, унда айтилган хулосалар, умумлашмалар менда ҳам бор экан. Мақоладаги фикрлар билан танишиб, балки сиз ҳам шундай тўхтамга келарсиз. Хўш, эртакнинг бола руҳиятига, унинг тарбиясига қандай таъсири бор?

Эртак фақат ўқиш-ўрганиш воситасигина эмас, даволаш воситаси ҳамдир. Масалан, ота-онасини йўқотган болага ота-она образи қатнашган эртакларни айтиш ёки бевосита унинг ўзига шундай эртакларни тўқитиш катта руҳий далда беради. Бу эртак ёрдамида у ўзи билан ўзи юзлашади, ўзини яхши, одобли ва бахтли қиёфада кўради. Яхши тасаввур ва фикрлар унга катта ёрдам кўрсатади.

Жамоа бўлиб эртак тўқишнинг ҳам фойдаси катта. Бу ўсмир (ўн-ўн икки) ёшдаги болалар учун ўзини ва тенгдошларини англашга йўл очади. Ёш болаларда эса бошқалар билан ўзаро алоқага киришиш қобилиятини шакллантиради.

Боласи билан бирга эртак тузадиган ота-она фарзандининг бошқа пайтларда очиқ айтмайдиган фикрларини, хоҳиш-истакларини билиб олади ва у билан ўзи тушунадиган тилда сўзлашиш имконига эга бўлади.

Эртак ёрдамида ота-оналар ва болалар ўзларида мутойиба ва сўзни ҳис қилиш қобилиятини ривожлантиради, ижодий фикрлаш имкониятларини кенгайтиради. Бола эртак қаҳрамонлари тимсолида ўзини кўради, воқеаларда “қатнашади”. Натижада унда тасаввур қобилияти ривожланади. Бу эса муҳим фазилат – ижодий фикрлашнинг асосидир.

Эртаклар яхши нимаю ёмон нималигини англатишда ҳам беқиёс кўмакчидир. Эртак қаҳрамонлари ҳамиша яхшилар ва ёмонларга бўлинади. Эртак таъсирида болада яхшиларга меҳр, хайрихоҳлик ва ёмонларни ёмон кўриш ҳисси шаклланади. У ёвузлик ва эзгуликни ажрата бошлайди.

Албатта, эртакларни боланинг ёшига қараб танлаш зарур. Нисбатан кичик ёшдаги болаларга воқеалари мураккаб бўлмаган, тушунилиши осон чўпчакларни айтиш керак. Бунда рангли расмлардан ёки қўғирчоқлардан фойдаланиш эртакнинг англанишини енгиллаштиради. Фарзандингиз улғайгани сари эртаклар ҳам “каттариб боради”. Айниқса, ўзи мустақил ўқишни бошлаганидан кейин ҳажми катта, сюжети бир неча воқеалардан иборат эртакларни тавсия этишингиз мумкин.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.