Давлат одами

0
291
марта кўрилган.

Буюк Шахслар неча аср-неча замонларда пайдо бўлгани мисоли менинг туғилган йилим ҳам атоқли солномачилар томонидан алоҳида қайд қилиниб, олтин ҳарфлар билан битилган бўлиши керак (Йўғ-э!). Онам раҳматлининг айтишига қараганда, арғумоқлилар отсиз, сайидзодалар авратсиз қолган, покдомонлар хор, ҳаромзодалар бахтиёр бўлган; беклар қулга, уламолар бир пулга айланган йили дунёга келган эканман. Ўша, 1934 йили отам қулоқ бўлиб, мол-мулки тарож қилиниб, ўзи ҳибсга олиниб Жиззах турмасининг “тўри”ни эгаллайдилар. Онам шўрлик бир этак бола – Уммат, Амир, Ҳамза оғамлар, Ғайбулло укам ва мен билан зор қақшаб қолғон экан. Биргина мен эмас, ўша қирғин-қиронли йиллари туғилган бўбакларнинг кўпчилиги пешоналарига “халқ душмани”, “ёт унсур”, “бой”, “мулло”, “хўжа”, “эшон”, “тўра” деган тамға ёпиштирилган ота-оналарининг кўзларига бола эмас, бир бало бўлиб кўринганлигини айтиб ўтмасам ҳам бўлар. Дарвоқе, бола ингалаб туғилган куни-кунлари уйларига қувонч эмас, бир қоп-бир қанор қайғу бостириб киргандан сўнг гўр бўларми эди.

Қишлоғимизда мулло Худойқул (худо у кишининг руҳларини шод, охиратларини обод қилган бўлсин) исмли гапга ўта чечан бир киши бўлар эди. Баланд бўйли, кенг яғринли, буғдой рангли эканликларини элас-элас эслайман. У кишининг ҳар бир ҳикматомуз гаплари ҳали-ҳамон Сангзор-Сойбўйида яшовчи кекса-ёшнинг тилларидан тушмай келади. Шу гапларнинг бири менинг ҳақимда.

Меҳмонхона-уй тўла одамларнинг гаплари келиб-келиб отам раҳматли ҳақида кетибди:

– Бу дийман, Сулаймонқул нимага, нимасига қулоқ бўлди экан?

Бу саволга, нимага бўлар эди, ҳозир икки киши биров ҳақида гувоҳлик берса бўлди. Олди-орқасини чангаллаганича ё халқ душмани, ё бой бўлиб кетиб бораяпти, дейишнинг ўрнига мулло Худойқул уй тўла одамни оғзига қаратиб дейдилар.

– Ҳали эшитганларингизча жўқ, шекилли. Туман катталарига Исталиннан “Туркистон ўлкасининг узоқ гўшасида жойлашган Алдашмон деган қишлоқда Тўрақул исмли бола туғилди. Бу бола катта бўлса Совет ҳўкиматининг бошига битган бало бўлади. Шунинг учун дарҳол уни кучуклигида талашга киришилсин. Ишни отасини қулоқ қилишдан бошлансин” деган мазмунда кўрсатма келганмиш.

Одамлар ҳайрон қолишиб, ёқа ушлашиб:

– Масков қайда-ю Алдашмон қайда! Сулаймонқул қайда-ю Исталин қайда? – дея мулло Худойқулни саволга кўмиб ташлашади. Мулло Худойқул ҳам ёлғонни ростдай, ростни худо ургандай қилиб жавоб берган бўлади:

– Билмайсизларми давлатнинг минг бир қулоғи борлигини. Ҳозир бўлажатқан гапларимиз ҳам соат ўтмай ҳўкиматдинг қулоғига жетиб боради.

Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин, дейди деганлари рост экан. Мулло Худойқулнинг менинг ҳақимдаги гапи туманга етиб бориб, орадан икки-уч кун ўтар-ўтмас мулло Худойқулнинг ҳам оёғини ерга тагизмай бир кечада олиб кетибдилар.

Бешикли бола – бек бола. Тўрақул бешикда беклик қилиб ётибди. Тўрт томони қибла. Бешик – тож-тахти. Тувак – давлати. Сумаги – сиёсат-салтанати. Каттаю кичикнинг оғзида Тўрақул:

– Ёпирай бу бола ҳозирдан бошлаб Исталиннинг назарига тушған бўлса! Катта бўлса, бир бало бўлса кераг-ов!

Айниқса, ғирт содда катта бобом (энамнинг отаси) Нурмат полвон ҳалиги тўқима гапга чиппа-чин ишониб дер эканлар:

– Сиртлон (гидик)нинг туғилган куни бўри зоти типирчилаб қолар экан. Бизнинг жовимиз-кушандамиз туғилди деб. Сўнг шу кундан бошлаб ўша гидикни ўлдиришнинг пайига тушар экан. Эгаси сиртлон-гидикни авайлаб, кўз-қулоқ бўлиб турмаса, ўлдириб ҳам кетар экан. Шу шекилли Тўрақулнинг бир хислат, бир фазилати бўлмаса Исталиндай одамга қаёқдан маълум бўла қолади?! Мана кўрасизлар, Тўрақулжон катта бўлса ё Исталинни жиғитади, ё Исталиннинг жанида (ёнида, демоқчи) турадиган давлат одами бўлади. Худо хоҳласа.

Кўрган кунларимиз, кечирган тунларимиз эса харобдан-хароб. Ота қамоқда. Уйда ҳўкизнинг шохига илинарли нарсанинг ўзи йўқ. На егулик бор, на кийгулик. Энам шўрлик биз етимчаларни чирқиратиб қўймаслик учун кимнинг кигизини билаклаб, кимнинг урчиғини йигириб, кимнинг нўхат ё кунжутини ўтаб, қора қозонни қайнатиш илинжида қилмаган иши қолмайди ҳисоб. Бизга нисбатан қулнинг куни, тулнинг тирикчилиги – шоҳона. Биз учун осмон – йироқ, ер – қаттиқ.

Ҳаш-паш дегунча орадан йиллар ўтиб Тўрақул, болалар қатори, аввал той-той бўлади. Сўнг эса расмана юра бошлаб, томоқ илинжида, қорин қайғусида Ғайбулла укачасини “шатакка олиб” уйма-уй кеза бошлайди. Тиланчилик қилиб деса ҳам бўлади. Худодан хабари борлар тайпоқ тол товоққа бир пиёла сут қуйиб, қотган-куйган нон беради. Укачаси билан паққос тушириб, “салб юришлари”ни давом эттиради. Қай бировлар эса қулоқнинг боласи, деб қувиб солади.

Давлат назоратида бўлатуриб, “давлат одами” санала туриб кишининг тутуни қуюқроқ чиққан уйларга бориб юриши қизиқ бўлар экан…

Барибир, бу давлат одами, бу давлат назоратидаги бола, деган “мартаба”-мақом менинг кетимдан яқин йилларгача соядай эргашиб келар эди.

Энди Тўрақулнинг ақл тиши чиқмай туриб кўрсатган кароматларига чек қўйиб, асосий бўладиган гапларга ўтсак. Энамнинг айтишларига қараганда, биз ва биз сингари гуноҳсиздан-гуноҳсиз кишиларнинг хонумонини барбод этиб, ёстиқларини қуритган “совет жонкуярлари” уруғ-аймоғи йўқ бўлиб, биронта зурриёди ҳам қолмабди. Бизга ўхшаб азият чекканлар эса, барибир, бора-бора ўзларини ўнглаб олишиб, униб-ўсиб, эл қаторига қўшилиб кетишибди. Шуни айтадилар-да, нони бутуннинг нонини ҳеч ким ярим; нони яримнинг нонини ҳеч ким бутун қилолмайди, деб.

Энди Мирзачўлга – Чўли Маликка қандай келиб қолганимизни қисқагина қилиб айтиб ўтмасак бўлмас. Мен туғилган қишлоқ – ҳозирги Бахмал туманининг Бахмал даҳасига қарашли, узоқ тоғ бағрида жойлашган Алдашмон қишлоғи 1933 йилдан бошлаб аввал Артел, сўнг Ўртоқ, кейин Ширкат номлари билан аталиб, алалоқибат Ворошилов номли колхозга айлантирилди. Отам турмадан чиқиб келган кунлари колхознинг умумий мажлиси бўлиб, колхозга бизнинг бошимизга не бир қаро кунларни солган Суюндиқ Қувондиқов деган ялангоёқ раис бўлиб сайланди. Мажлис бу қишлоқдан кўчиб-қочиб кутилган Қўзибой тоғамнинг ҳовлисида бўлди. Уйи колхоз идораси. Мажлисга туман марказидан келган галифе шимли, кителли; коломонко шапкали бир-икки киши қатнашди. Мажлис авжига чиққанда ўша келган катталардан бири:

– Ўртоқлар, ҳозир сизларнинг ўрталарингизда Совет ҳукуматига қарши курашган бир тўда каллакесар йигитларни атрофига тўплаб курашган, босмачиларнинг бошлиғи Саидазим Нурматов билан, тескари ташвиқотчи Сулаймон Сарбаланд мулло Бойбек ўғли ва бошқа ёт унсурларнинг қариндош-уруғлари ўтирибди. Мажлисда иштирок этаётган колхозчи ўртоқларнинг таклифига кўра улар бу мажлисдан чиқиб кетишлари керак, – дейиши билан мажлис мотамга айланди… Сўнг қариндошларимизнинг ҳаммаси изиллаб, йиғлаб мажлисдан чиқиб кетдилар. Энди бизлар учун ернинг устидан ернинг таги афзал бўлиб қолган эди. Ўз киндик қонимиз тўкилган тупроқ ҳаромга айланган эди. Энди кўч-кўчга тушишдан бошқа чора қолмаган эди. Бир кечаси биз ҳам кўчдик. Юкимиз бир эшакка юк бўларлик эди. Ёш бўлгани учун Ғайбулла укамни эшакка миндириб, қолганларимиз уриниб-суриниб Моргузардан ошиб тонг чоғи Аччи қишлоғига келиб тушиб, бир кишининг уйида озгина тамадди қилиб яна йўлга тушдик. Кун ботар-ботмас Жиззах туманига қарашли ҳозирги Бўстон шаҳрининг қибла томонидаги Қирқсадоқ қишлоғига келиб қўндик. Ота-боболаримизнинг қишлов юрти. Ҳозир ҳам бу ерни Ёйилма дейдилар. Жиззахнинг кун чиқар томони. Бу – 1937 йилги гап. Худо бизни бу ерда ҳам кўп кўрди. Сиғмадик. Иккининг биридан, кўчманчи, мусофир, деган гапларни эшитар эдик. Ниҳоят, бизни бу ердан кўчирма хўжалик ниқоби остида Мирзачўлга сургун қилдилар. У ерда бизга, борган ерларингизда тайёр уй-жой, бир соғин сигир билан таъминлайдилар деган эди. Бизни аравада Жиззах станциясига олиб келдилар. Станция кишига рўзи маҳшарни эслатар эди. Одам деганингиз тумонат. Қий-чув. Биров йиғлаган, биров сиқтаган. Кўчувчилар поездга чиқарилди. Биз ҳам чиқдик. Станцияма-станция, разъездма-разъезд тўхтай-тўхтай уч кун деганда Велика Алексеевский (ҳозирги Бахт) станциясига келдик. Ҳаммани шу ерда туширдилар. Қатор-қатор мажор аравалар кўчманчиларнинг кўч-кўронларини ортиб хўжаликларга ҳозирги Сирдарё туманидаги “Малик” совхозининг биринчи бўлимига тушган экан. Ярим кечада қоп-қора қўнқайган нарсанинг олдига келиб туширди. Ана-мана дегунча тонг отди. Ҳалиги айтилган уйдан, соғин сигирдан дарак йўқ. Ҳалиги қора нарса қамишдан тўқилган капа-чайла экан. Капа бўлганда ҳам қатор, раста-раста капалар. Яна йиғи-сиғи. Бу ерга келганлар бир-бирларини танишмайди. Булар орасида “давлат одами” ҳам бор эди. Қаранг, “давлат одами”ни алдаб ўтирибди-я! Бу қандай даюслик! Шу йўсин “давлат одами” “Малик” савхозида ўқиди. Улғайди. Уриниб-суриниб одам сонига қўшилди. Албатта, бу ёғи ҳам сип-силлиқ, теп-текис кечган эмас. Ерлари пешонамиздай шўр. Суви, ҳавоси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тўқай ботқоқлик. Кундузи чивин. Кечалари пашша. Бунинг устига, ўзимники озмиди туйнукдан тушди бир хўжа, дегандай ўзимни ўнглаб олмай туриб Гитлер-Совет уруши бошланди. Ана энди йиғламоқни мозор бошида кўр. Қозони бошқанинг қайғуси бошқа. Қайғу ҳам, ғам ҳам кундан-кун болалагандан болалай борди. Эркак зоти урушга сафарбар қилинди. Кўпнинг куни хотин-қизлар билан “давлат одами” сингари “расмий” кишиларга қолди…

“Давлат одами”нинг ўқишлари, ишлари; йилма-йил “кўтарилишлари”; кунлардан бир кун “юқумли касал”га йўлиқишлари – шоирчилик касбига мубтало бўлишлари; китоб устига китоб чиқаришлари, қатор-қатор унвонларнинг орқасидан қувиб юриб бунга ҳам эришишлари; энди анов-манов кишилар билан от устида туриб гаплашишлари ҳақида ёзиш, бу, муҳтарам адабиётшунос ҳамда одамшуносларнинг бурчи.

“Давлат одами”нинг эса бундай “простой” ишлар билан шуғулланишга вақти қайда. Унинг асосий вазифаси – сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ишлар билан шуғулланиш.

Эллик саккизинчи йиллари “Муштум” журнали энг яхши ҳажвий ва сатирик асарлар учун танлов эълон қилди. “Отдан қолма…” дегандай, мен ҳам танловга “Оқпадар” номли шеърим билан қатнашиб, ғолиблик шоҳсупасидан (камтарликни қаранг) жой олган эдим. Шунда ичимда бўладиган бола, бошидан маълум, деганлари рост бўладиган бўлса, кейинчалик бир бало бўлсам кераг-ов, деб қўйган эдим. Анча вақтгача анов-манов деган одамга гап бермай юрганлигим ҳам рост. Кейинчалик бу шеър машҳур санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, раҳматли Нарзулло Ёқубов томонидан ижро этила бошланди. Шеър ҳақиқатан ҳам оммалашиб кетди. Энди унча-мунча одамни писанд қилмайдиган бўлиб қолдим. Бу ёғини айтсам мақтангандай бўламан…

Орадан қарийб қирқ йил ўтгач… Ҳали юқорида бўладиган бола… деган гапим ўз йўлига. Баъзи кишилар ёши бир жойга бориб қолганда очилади, деган гап менга қарата айтилгандай ўхшайди. Ё қудратингдан! Бўлмасам, бир саҳройи одам академик Бўрибой Аҳмедов (раҳматли) билан ёнма-ён туриб Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасининг мукофотини олармиди! Бир ўсиш бўлса, шунчалик бўлади-да!

Шу ўринда аррани тенг, тарозуни тўғри тортганлари учун Ҳакамлар ҳайъатига саҳройича самимий саломларим, Мирзайи Азимдай кўламсиз миннатдорчиликларим!

Энг қизиғи, Қодир Мирашуров айтаётган “Сарвиноз” ашуласи ҳам танловда ғолиб деб топилган “Ёвқочди”дан. Бу ашула ёшу кекса томонидан яхши кутиб олинди. Маънавий мулкимизга айланди… Биз томонларга бориб, ҳозирги обрўмни бир кўрсангиз эди! Э-ҳа! Бировлар тўн кийгизган, бировлар совға-салом келтирган. Биласиз, қуллуқ бўлсиннинг ўзи бўлмайди. Бой бўлиб кетиш хавфим ҳам йўқ эмас. Қўй етаклаб келаётганларнинг, қўл узатаётганларнинг саноғи йўқ. Бир кўчада чанг ютиб, чангга ботиб, тепишиб катта бўлган жон аямас жўраларим, қачон ювамиз, деб тиқилинч қилгани-қилган. Буни “ювиш”ни ҳозирча пайсалга солиб турибман. Аввал мукофотни, унинг шаҳодатномасини олволай, кейин бир гап бўлар, деб. Энг қизиғи, қариялар: “Тўрақул давлат мукофотини олибди. Энди у давлат одами бўлиб кетади!” деб юришибди. Бу менга ҳам ёқиб тушаяпти. Иш шу йўсинда кетадиган бўлса… Бойлиги ошиб-тошиб кетган бир тижоратчи оғайнимиз, шундай обрў-эътиборга эришган одамнинг пиёда юриши бизларга эриш туюлаяпти, деб қолди. Унинг нима ниятда айтганини мен дарҳол тушуна қолдим. Бундай гапнинг маънисини мен тугул, ҳар қандай гўл ҳам дарҳол илғаб олиши турган гап. Ҳали ким билади, Худо берса шу мукофотнинг шарофати билан “отлиқ” бўлиб қолишимиз (булутдай-сутдай ГАЗ-31 кўзда тутилмоқда) ҳам мумкин. Ўзи бир берса бераверади. Бир келса келаверади. Умуман, одам, бир-икки мукофот олганидан сўнг яна мукофот устига мукофот берилиб туришига умид боғлаб қоларкан, худди ҳар куни ем берилиб турилган арғумоққа бирдан ем берилмай қолганидай…

Шу кечаю кундузларда тушимга Нобел мукофоти кўп кирадиган бўлиб қолди. Биласиз, шайтоний тушга мукофот кирмайди. Мукофотга ўхшаш кишига обрў келтирадиган тушлар фақат раҳмоний бўлади. Ана шунақа гаплар. Алалхусус, эндиги навбат ҳозиргина айтганимдай…

 

Тўра СУЛАЙМОН

 

2004

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.