Бадиий таржима – чинакам ижоддир

0
102
марта кўрилган.

Саиджалол Саидмуродовга мактуб

Ассалому алайкум, Саиджалол!

Аслида ҳозир айтмоқчи бўлган фикрларимни мақола шаклида ёзиб, кейин ўқиб кўриш учун сизга берсам ҳам бўларди. Лекин, бу ерда – “Ёшлик”нинг “Мактубот” рукнидан фойдаланиб, сиз баҳона кўнглимдагиларни тенгдошларга айтиб олсам деган бир истак бор. Келинг, ўзимиз, ён-атрофимиз ҳақида гаплашайлик. Кўнгилдан, самимий… Мулоҳазаларимизнинг тўғри-нотўғрилигини баҳолаш ўқувчига ҳавола…

Яқинда Бобур (Бобур Элмурод) бир гапни айтиб қолди: “Талабалик пайтимизда Саиджалол бир асарнинг таржимаси устида ишлаётган экан. Ўшанда мендан асардаги шеърий парчаларни таржима қилиб беришимни сўради”. Ана шу гапдан кейин сиз таржима қилган асарларни азбаройи қизиққанимдан қайта хатм қилдим. Чунки асарлардаги шеърий парчаларни ўзингиз ўгирмасдан, яхши шоирга мурожаат қилганингиз сизнинг ишга профессионал ёндошувингиздан даракдир, деб ўйладим.

Саиджалол, тан олишим керак, сизнинг фақатгина таржималарингизни ўқиганман. Гарчи ўз асарларингизни ўқимаган бўлсам-да, таржималарингизга қараб, сизни яхши ижодкор сифатида танийман.

Бундан беш ё олти йил аввал “Ёшлик”да Жек Лондоннинг “Оқсоқоллар иттифоқи” ҳикоясини ўқиб қолгандим. Бу ёзувчининг ижодига бўлган меҳрим сабаблими, шунчаки варақлаб ўтиб кетолмаганман. Кейин, таржимонни ҳам анча ёши улуғ инсон деб тасаввур қилганман. Стулнинг суянчиғига тирсакларини тираганча ўйчан нигоҳ билан қараб турган Жек Лондон ва уни ўзбек тилида “гапиртирган” таржимон битта одамдек туюлган менга негадир. Кейинчалик эса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Оила даврасида” каби газеталар, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти” каби журналлар, интернет сайтларида таржималарингизни ўқидим. Танидим, танишдим. Танишдик…

Ремарк, O‘Генри, Альфонс Доде, Владимир Набоков, Павель Басинский, Элфрида Елиник, Юрий Казаков, Ўрхон Камол каби етук адибларнинг асарларини ўзбек тилига ўгиришга етган журъатингизни ҳурмат қилиб таржимларингизни, иложи борича, ўқиб боришга ҳаракат қилдим. Эътирофларим аниқ, аммо айрим эътирозлар туғилганда бир чеккага ёзиб қўймаганимни қаранг. Шу хат баҳона уларни ҳам айтиб кетардим.

Мен, айниқса, Евгений Евтушенко ва Марио Варгас Льоса билан бўлган суҳбатларнинг таржимасини ўқиб, бир нусхадан ўзимга олиб ҳам қўйганман. Қайта-қайта ўқиб туриш учун. Варгас билан суҳбатни ўқий бошлаганимда, ёзувчининг ижодий услубига доир “магический реализм” атамасини нега “фусункор реализм” деб таржима қилди экан, деб ўйлаганим ёдимда. Кейин ҳам бир муддат хаёлимдан кетмади шу савол. “Сеҳрли реализм” ёки “Мўъжизавий реализм” деса бўлмасмикан, дердим. Шу хаёллар Варгас ижоди билан ҳам танишишга туртки берди. Катта бир оламга тушгандек бўлдим. Сиз ишлатган “фусункор” сўзи эса – ўз жойида экан…

 

* * *

Таржимонликнинг машаққатини ўзимча биламан…

Биласизми, кўпчилик адабий таржимани осон иш деб ўйлайди. Гўёки, бир асарни оласан-да, таниш сўзларни ўз тилингга ўгирасан-қўясан, тамом…

Йўқ! Ёзувчи ўзи истаган мавзуда, эмин-эркин, асарнинг воқеларию руҳиятини ўз қарашлари асосида ёзиши мумкин. Лекин таржимон бундай қилолмайди. У барибир муаллиф билан ҳисоблашишга мажбур. Асарнинг ғояси, мазмуни, мақсадидан чиқиб кетмаган ҳолда, истеъдод ва билим даражаси доирасида ўз тилида қайтадан асар яратади, десак бўлармикан… Унга икки тилни билишнинг ўзи камлик қилади. Адабий билим, бадиий дид ва Худо берган истеъдод бўлмаса, таржима қилинган асарнинг сўзма-сўз ўгирилган оддий матндан фарқи қолмайди. Оддий матн таржимасини эса, ўзингиз биласиз – озгина ҳаракат қилса, ҳамма ҳам эплай олади.

Сўнгги пайтларда “Ёшлик”да берилаётган хатларни ўқиган бўлсангиз керак. Мен ҳам бир-иккита таржималарингиз ҳақида гапириб, сизнинг ижодингиз билан чекланиб, хатни якунламоқчи эдим, аслида. Лекин, бир тенгдошга, бир дўстга айтмасам кимга айтаман, дея ўйлаб юрган бошқа мулоҳазаларим ҳам бор. Таржимон бўлганингиз учун ҳам сизга айтаман…

Вилоят ва туманлардаги газета-журналлар қошида, олийгоҳларда таржима тўгараклари бор. Ана шу тўгаракларда иштирок этаётган ёшларнинг кўпчилигини олий таълим муассалаларининг чет тили факультетлари талабалари, тил ўрганишга қизиқадиган ёшлар ташкил қилади. Уларнинг бир-бири билан турли чет тилларда гаплашишларини кўриб ҳавас қиласиз. Лекин чет тилини билиш – бу адабий таржима қила олиш, дегани эмас. Мен ана шу тўгаракларга фақатгина чет тилини биладиган ёшлар эмас, чет тилини билмаса ҳам кўпроқ истеъдодли ижодкор ёшлар жалб қилинса яхши бўларди, деб ўйлайман.

Ижодкорга таржима назариясини ўргатиш икки томондан фойдали, менимча: биринчидан, яхши шоир ёки носир бирор асарни ўзбек тилига ўгирса, ўзбек адабиёти яхши асар билан бойийди. Иккинчидан, ўша ёш таржимон чет тилидан асарни таржима қилар экан, ўзга менталитет, ўзга қарашлар билан билими, руҳияти очилиб, истеъдоди чархланиб бораверади. Натижада, келажакда ҳозиргидан ҳам яхшироқ асарлар ёзишга руҳий ва маънавий қувват олади.

Ахир, биз “Жаҳон адабиёти дурдоналари” дея севиб ўқийдиган шеърларни ўзбекнинг энг яхши шоирлари таржима қилган-ку. Энг яхши насрни бизнинг қўлимизга ўзбекча қилиб “тутқазган”лар ҳам шунчаки чет тилини билган ҳаваскор қаламкашлар эмас, катта-катта ёзувчи, ё бўлмаса адабий билими ва диди жуда юқори бўлган ижодкорлардир.

Менга таржимонларнинг айнан ана шу жиҳати – ижодкорлиги жуда ёқади. Мисол учун, ўзим таниганим ва билганим учун, Шаҳноза Раҳмонова ҳамда Ҳилола Рўзиевалар ҳақида гапирсам. Шаҳноза опа ҳам, Ҳилола ҳам адабиётни яхши тушунади, ўзлари ҳам ижод қилишади. Шаҳноза опанинг рус, инглиз тилларидан қилган насрий таржималарида бир умумийлик, Ҳилоланинг испан тилидан ўгирган шеърларида алоҳида бир ўзига хослик бор – ушбу асарларда шунчаки чет тили билимдони эмас, юраги уйғоқ ижодкор нафаси сезилиб туради. Таржима қилинган асарлари ўзбек тилида ёзилгандек гўё… Бундан ташқари, Қандилат Юсупова, Муслим Мусаллам, Рафиқ Сайдулло ва бошқа, биздан бир неча ёш катта ва кичик, тенгдош ижодкорлар ҳам айнан ўзлари ижод билан шуғулланганлари учун таржималари ҳам яхши чиқяпти деб ўйлайман.

Сўник, руҳсиз, қуруқ таржималар қалбни ўзига ром этолмайди. Таржималардан ижодий руҳ, қувват талаб қилганимиз боис бугун ҳар қандай хорижлик ёзувчининг асарини ҳам ўқийвермаймиз. Ноқобил таржимон ҳатто энг зўр ёзувчининг асарини ҳам нобоп ҳолга келтириши мумкин.

Бугун ҳаммамиз кўриб, кўникиб турган бораётган бир жиҳат ҳам бор. Кўплаб газета журналларимизда ёш йигит-қизларнинг инглиз, немис, корейс, япон ва бошқа тиллардан ўгирган таржималари чоп этиляпти. Ёшларнинг тил билгани яхши, лекин таржималардаги услубий хатолар, ғализликлардан сезиладики, айрим навқирон мутаржимларимиз чет тилини билгани ҳолда ўзбек тилининг бой имкониятларидан етарли фойдалана олмаяпти. Бироқ, ажабланарлиси шуки, уларнинг ҳеч бири ўзининг таржимасини ёмон демайди. Худди ҳеч бир ижодкор ўзини ёмон шоир, ёмон рассом ёки ёмон режиссёрман, демагани каби… Чет тилини билган ёш ижодкорларга таржима назариясини ўргатиш керак, адабий таржимани ижодий руҳи, кайфияти бор киши қилиши керак, деганимнинг сабаби ҳам шунда.

Бугун устоз таржимонларимиз, айтайлик, Иброҳим Ғафуровнинг Эрнест Хемингуэй, Габриэл Гарсиа Маркесдан қилган таржималарини мароқ билан ўқиймиз. Ҳолбуки, бу асарлар инглиз ёки испан тилидан эмас, рус тили орқали таржима қилинган. Яъни, таржимонга боғлиқ бўлмаган ҳолда, аслиятдан рус тилига ва рус тилидан ўзбек тилига ўтаётган чоғида қайсидир ифодалар беихтиёр ўзгариб кетган бўлиши мумкин. Аммо, ишонаманки, уларда энг муҳим нарса, яъни муаллифнинг руҳий қуввати, тасаввур ва тафаккур кучи сақланиб қолган. Бугун “Мен оригиналдан таржима қиляпман, шу боис ифодаларим аслиятга тўғри”, деб даъво қилаётган баъзи таржимонларимиз ана шу муҳим вазифани бажаришда – матннинг ботинидаги руҳиятни бор кўлами ва салмоғи билан етказишда нўноқлик қилмоқда, фақат сўзларнинг зоҳирий қисмини ўгириш билан чекланмоқда, холос.

Саиджалол, модомики, таржимонлик ҳақида гаплашаётган эканмиз, яна бир жиҳатни айтиб ўтмасам бўлмайди. Охирги пайтларда ўзбек тилидаги асарлар, хусусан, шеърларни чет тилига таржима қилиш ҳажми сезиларли кўпайди. Бу яхши, албатта. Чунки спортчиларимиз каби шоиру-ёзувчиларимизнинг ҳам жаҳон саҳнасига кўпроқ чиқадиган пайти келди. Аммо шу ўринда савол туғилади: таржимонларимизнинг ҳаммаси ҳам ўзлари ўрганган чет тилларнинг маъно нозикликларини, ифода имкониятларини тўла ўзлаштирганми? Ўзбек тилидаги асарни бошқа тилга ўгириш чоғида фақат ўзлари билган, тор доирадаги ифодалар билан чекланиб қолмаяптими? Агар шундай бўлса, ўзбек адабиётининг энг сара асарлари ҳақида бошқа миллат вакилларида хато тасаввур уйғониб қолмайдими? Эҳтимол, ўзбекча асарларни чет тилига ўгириш учун хорижлик уста таржимонларни жалб қилсак тўғрироқ бўлар! Ахир, ҳар бир тилнинг нозик жиҳатлари, ранг-баранг имкониятларини ўша тилни она тили деб билувчи ижодкордан яхшироқ ҳис қиладиган таржимон бормикан?!

“Улар бу асарларни қачон топиб ўқийди-ю, қачон таржима қилади?” деган эътироз туғилиши мумкин. Бунинг учун биз, биринчи галда чет тилини биладиган ижодкорлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа йўллар билан танишган хорижлик ижодкор дўстларимизга энг яхши асарларимизни тавсия қилишимиз даркор. Майли, биргаликда, ўзаро ҳамкорликда таржима қилайлик. Токи таржимага ўша тилга мансуб ижодкорнинг ҳам кўзи тушсин, қалами тегсин.

Гапларим ҳам пойинтар-сойинтар бўлиб, бироз чўзилиб кетмадимикан, Саиджалол? Хат сўнгида бир хулоса ва тилак (аслида истак) айтай.

Юқорида ўзингизнинг ижод намуналарингизни ўқимаганимни айтдим. Бу менинг камчилигим, албатта. Нима бўлганда ҳам, сизда яхши асарлар яратиш учун бой ижодий захира йиғилиб бораётгани шубҳасиз. Маънавий ва руҳий қувватингиз ана шу йўсинда, яъни бугунгидай ўқишли таржималарингиз билан бойиб борар экан, келажакда сиздан, ўз қаламингиздан ҳам пишиқ-пухта асарлар кутсак бўлади. Ажаб эмас, бир куни хорижлик таржимонлар ҳам сизнинг, Саиджалол Саидмуродовнинг асарларини ўз тилларига таржима қилсалар! Орзуга айб йўқ, дейдилар, ахир.

 

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ

1989 йили туғилган.

Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси.

 

“Ёшлик”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.