Бадал

0
152
марта кўрилган.

1

– Жамшид, акангни оти ким?

– Анвар (биз томонларда отани “ака” ҳам дейишади).

– Нерда яшийсан?

– Хоразмда! 

– Иношу суратда қайси фасл чизилғон? – муаллима стол устида ёйилиб ётган суратлар орасидан “Ёз” тасвирини танлаб кўрсатди. Саволларга бурро-бийрон жавоб бераётган болакай жовдираган кўйи энасига қаради:

– Жавобини биламан… Ҳозир… Биламан жавобини. Ёдимо тушмий турипти, – худди бирон нима эсига келадигандек, кўзларини юмди. Эсига келмади, чоғи, бундай деди:

– Биринчи ҳарфини ойтваринг!

Хонада гур этиб кулги қўзғалди.

– Ё…

– Ҳа-а-а, ёдима тушди. Ёз!

Муаллима ўзини кулгидан аранг тўхтатгач, навбатдаги саволга ўтди:

– Гулчийра опа бор-ку, Жамшид… Қўшнинг не?

– Ҳово. 

– Агар иношу Гулчийра опадан бир дона бонка осанг ва йўлда уни синдириб қўйсанг, нови қилиш карак? – у жавобни интиқ кутаётган кишидек рўмолини тўғрилаб, тутам сочларини қулоғи устидан ошириб, оз-моз кўмаклашмоқчи бўлди. Қўлларини қовуштириб “узр… узр сўраш…” деб бир-икки пичирлади ҳам, Жамшид “илиб” олмади. “Ҳов, сонго нови бўлди, узр сўраш карак демийсанми?” қабилида онам ич-ичига сиғмай ишоралар қилдиям, илғамади. Аммо унинг дабдурустдан берган жавоби на муаллим, на онам кутаётган жавобга ўхшар, ақалли ёнидан ўтиб ҳам кетмасди: 

– Гулчийра опага синган бонкасини тўлаб бериш карак!  

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – ўша кун онамни кулгидан тўхтатиб бўлмади. Жамшид даладан помидор узиб нонга суркаётганда, новвот солиб чой ичаётганда, укалари билан айвонда “Лайлак учди” ўйнаётганда, ёнбошлаб телевизор кўраётганда, хуллас, ногоҳ кўриниб кетса бас, бояги ҳолат онамнинг ёдига тушаверди. Ёдига тушгани сайин кулгиси келаверди. Гарчи акаларим, опамлар ва синглим воқеани ўз кўзи билан кўрмаган, бевосита гувоҳи бўлмаган бўлсалар-да, онамизнинг кулгиси “юқиб”, бу ҳолат борган сари ҳаммамизга ёқимли туюлди. Бироқ…

Бу пайтда мени кўпроқ ўйлантираётган нарса ўша жавоб эди – “синган бонкани тўлаб бериш керак”. Бундай фикр етти яшар боланинг хаёлига қайдан келиб улгурди? Ахлоқий жиҳатдан олиб қаралса, узр сўрамоқ ўринли, албатта. Одобий мезон ҳам шу, аслида. Фақат…

Жамшиднинг гапида қисман жон бордай. Узр-маъзурни соатлаб канда қилманг, синган бонкани ўз шаклига қайтариб бўлмаслиги равшан. Битта бонка экан-ку, шунга шунчами, деяётгандирсиз балки. Шугинанинг нархи минг сўм, икки минг, ана боринг уч минг турар. Қолаверса, қўшни ўзимизники. Узр сўрасанг ҳам кўнади. Икки минг ёки уч минглик шишаванд буюм ён қўшни – жон қўшниларнинг узоқ йиллик муносабатларига путур етказмас, ҳар ҳолда.

Бордию ўртадаги буюмнинг баҳоси бироз қимматроқ бўлса (келинг, нархини шартли равишда юз минг сўм дейлик), унинг ҳам тўлов-бадали шу тахлит кечармиди? Тасаввур қилинг-а, “узр қўшни, бехосдан”, дея вазмин ўтиб бораяпмиз?  

Тўғри, бундай ҳолатда узр сўрамоқ ақлли ва тадбирли иш. Лекин у зиён етган буюмнинг ўрнини қопламаслиги ҳам ёлғон эмас-ку. Демак, узр – бадал бўлолмайди! 

 

2

Тунов кун олган бир жуфт этиги мавсумга чидаб берса юраги енгил тортгувчилар бор. Йўқса, ҳадеганда яматиб, тиктириб, ҳали мих қоқтириш учун этикдўз ошнасини безовта қилгувчилар ҳам керагича топилади.

– Ишингни шу бугун қўятур, – Итолмас эшикдан кира солиб дўстини чўчитиб юборди. – Этик олмасам бўлмайди, жўра. Қара, тагининг ейилиб кетганини. Биласан-ку, яхшисини танлашга қийналаман. Юрақол энди!

Уларнинг биргаликда бозорга боришгани, Итолмас мундайроқ этикни тутганида дўсти “чидамайди” дегандек бош ирғагани, яхшироғига пули етмайроқ тургани, шунда дўсти пул бериб бироз қимматроқ, лекин чидамли этик олишгани ҳақида узоқ баён этишнинг ҳожати йўқ. Муҳими, этик олинди.

Олинганда олинди-ю…

Орадан бир ой ўтар-ўтмас Итолмас устахонага ҳовлиқиб келди:

– Ёдингдами, сен билан олувдик? – Итолмас таги нўхотдек тешик, сув шимиб шалпайган этикка қўлини бигиз қилди. – Қарагин, жўра. Чидамли девдинг!

Уста ўзини оқлай деса, этик бу аҳвол. Узр сўрай деса, рўпарасида юз-кўзини бужмайтириб турган кимса нотаниш эмас. Қолаверса, уни бугун кўраётгани йўқ, гап талашиб ўсган дўсти ахир. Яхшиси, этикни тузатиб бергани дуруст. Хизмат ҳақини олмайди. Шуниси маъқул. Ўшанда айбдорлик ҳиссидан ҳам қутулади.

Этик янгидай бўлди. Итолмас устахонани тарк этди. Ўшанда қиш тугашига ҳали яна икки ой бор экани, боз устига март ойида ҳам изғирин тарқамаслиги устанинг хаёлига ҳам келмади.  

– Ёдингдами, сен билан олувдик? – Итолмас чарм қисмидан қийилган этикка кўрсаткич бармоғини ниқтаганча кириб келди. Камига кўзлари билан имлаб ҳам қўйди. – Чидамли девдинг! Битта балиқ овига ҳам ярамади-ку бунинг!

Муз ёриб балиқ овлаш. Битта муз ёриш учун Итолмас неча марта энгашади, биласизми? Вей, этигинг темирдан бўлсаям қийилади. Биринчи, иккинчи, учинчи… энгашганида этик юзасида пайдо бўлган чизиқлар кейинги чўккалашларда қийилишгача етиб борганди.

Итолмас унутмабди. Этикни ким билан олгани (йўқ, ким танлаб бергани!) ёдида экан. Уста лом-мим демади. Минг қилсаям, этикни ўз қўллари билан танлаб берган-да! Уста бу гал ҳам ҳожатбарорлик қилди. Хизмат ҳақини олмади.

“Ёдингдами, сен билан олувдик?” дея Итолмаснинг устахонага яна икки-уч марта келиб-кетганини ҳисобга олмаганда, қиш яхши ўтди. Шундай кунларнинг бирида…

Итолмас қорасини кўрсатди:

– Ишингни қўятур, – ютуниб гапирарди у. – Онам “ўша қизга уйланасан” деб оёқ тираб олган, жўра. Анави Гулпош-чи, э-эй жин урсин, уни танимайсан-ку ахир. Қисқаси, бир соатдан кейин учрашув. Биласан-ку, жўра, “танлаш”га қийналаман.

Онаси “ўша қизга уйланасан” деётган бўлса, Гулпош ёмон қиз эмас. Қайтанга, дўсти билан боргани ёмон! Борди-ю дўсти Гулпошга уйланиб, эр-хотин икков гап талашиб қолишса борми. Э йўқ, шундоғам бир марта этик танлашиб оғзи куйган. Этикни-ку тикиб, ямаб, янгилаб эпақага келтириб берувди (бадал!). Аммо хотин масаласи…

Устанинг юраги орқага тортиб кетди. Сочлари тўзғиб, йиғламсираб турган Гулпошни билагидан тутиб, судраб, ғазабнок ҳолатда сўкиниб бораётган Итолмас кўз олига келди-ю, дўстининг айнан нима дейиши устани совуқ терга ботирди:  

– Ёдингдами, сен билан борувдик?

 

3

– Жааа-сур, Жааа-ҳоон-гир, Ююл-дуз, Диии-лоо-бар… Бошланғич таълим ўқитувчимиз парталарни оралаб, исмларимизни чўзиқ бўғинлаб бораркан, ҳар битта бўғинда енгилроқ қарсак чалар, “энди биргаликда” дегандек бизни ҳам ундарди.

Ўшанда ҳаммаси нақадар оддий эди. Содда ва равон.

Ёшимиз, синфимиз ошди. Мавзулар кўлами ҳам кенгайгандан кенгайди. Фонетика. Унли ва ундош товушлар. Сўз ясовчи қўшимчалар. Мустақил сўз туркумлари. От. Сифат. Сон. Равиш. Феъл… Тиниш белгилари: нуқта, вергул, тире, икки нуқта, қўштирноқ, эҳ-ҳе… Дарснинг шиддати ошгани сайин сўзларни бўғинлаб ўқиш шунчалар осон кўриниб кетди.

– Бугун пунктуациянинг давомини ўтамиз, – шундай деди-ю, она тили ўқитувчимиз доскага мавзуни ёзди: “Кўп нуқта”.

Сўнгра устозимиз кўп нуқтанинг гап таркибида қай ўринларда қўлланилиши, дейлик, унинг мазмунан тугалланмай қолган гаплар охирида келиши, сўзловчининг чексиз ҳис-ҳаяжони, беқиёс табиат манзараларини ифодалаши, оғзаки нутқда бўлиб-бўлиб ёки дудуқланиб айтилган фикр ёзма нутқда кўп нуқта шаклида акс этиши ҳақида мулоҳазаларини баён этгач, ноўрин қўлланилган тиниш белгиларининг бадиий асар моҳиятига салбий таъсири ҳақида куйиниб гапирар экан, таъкидлади:

– Кўп нуқта – адабиётнинг иффати!

Очиғи, бундай фикр (айнан шу шаклда) ҳеч бир дарсликда учрамайди. Аммо ушбу фикрни изоҳловчи, унинг моҳияти аслида нима эканига ишора қилувчи мисоллар адабий хазинамизда жуда кўп.

– Алоҳида ажратиб ёзинглар, токи эртага сўрасам, нима экан бу деб лаллайиб-анқовсираб ўтирманглар! – устозимиз мисолни “Алпомиш” достонидан келтирди:  

“Бийлар ҳар кайсилари ўз тўшагида, ўз уйларида хотинларига қараб: – Кел-чи, – деяпти, бойбичалар: – Кун совуқ, қўй-чи, – деяпти… Шунда бийлар қўлини узатди, бойбичаларнинг қўлидан ушлаб, шундай бағрига тортди. Кўринг дарвешди, ёйди қулочди, бийлар билан бойбичалар топишди…” 

Ўзбек адабиётида одоб сақланиб, юксак тавозе билан ёзилган бу сингари хокисор ва камтарин ифодалар бисёр. Бундай ўринларда кўп нуқта асов кўнгилнинг жилови, юракдан тошиб келаётган ҳисларнинг таржимони бўлиши билан бирга ибо ва ҳаё, ор-номус ва иффат мисоли.

Десангиз, китобхонлигим тутди. Дўкон расталарини кўздан кечирар эканман, сотувчи қизга “кутилмаган воқеаларга бой асар ўқигим келаётгани” ҳақида айтдим.

– “Саргузашт адабиётлар” бўлимимизга ўтинг!

Ўтдим. Кўрдим. Кузатдим. Ҳақиқатан ҳам, “кутилмаган” воқеаларга бой туюлди: “Хазон бўлган келинчак”, “Мен ва қотил”, “Жаҳаннам поезди”…

Очиғи, саргузашт адабиёт дейилганда устозлар ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони ёки замонавий адабиётдан “Ўн беш ёшли капитан” (Жюл Верн), “Гулливернинг саёҳатлари” (Жонатан Свифт), “Робинзон Крузо” (Даниэл Дефо), “Сариқ девни миниб” (Худойберди Тўхтабоев) сингари асарларни ўқишни тавсия этишарди. Ҳай майли, шунчаки чиқиб кетишни ўзимга эп кўрмадим. Ақалли битта китоб сотиб олай. Бу растани тўлдириб турган китоблар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган ахир. Уларни қоралагунча муаллифлар озмунча тер тўкишганми?! Мутолаага ўтирдим. Ўқидим-у…

– Мана, Гавҳарни ҳам ўзимники қилиб олдим, бундан буён у меники. Лекин ажойиб нарса экан-да ўзиям.

…Гавҳар тонг отиб, деразадан хобгоҳга ёруғ тушганда ўзига келиб уйғонди. Уйғонди-ю, сапчип туриб, дераза олдига келди. Кейин қайтиб ўрнига қаради, оппоқ чойшабдаги қизил доғларга кўзи тушиб қўрқувдан тош қотди… (Носир Зоҳид, “Шаҳар кўрган қиз”, 60-бет);

– Сизга ҳақиқат керакми? Ростини айтсам, қўрқиб кетмайсизми?.. Мен ор-номуси поймол бўлган, қорнида икки ойлик ҳомиласи бор бахтиқаро бир қизман… сиз билан ўша биринчи марта учрашганимиздаям, ундан кейин иккинчи марта кафеда ўтирганимиздаям, ҳақиқатан ҳам ор-номусли, бокира қиз эдим. Очиғи, ишонсангиз, ўшанда мен ҳам сизга кўнгил қўйгандим. Кейин кутилмаганда… – Гавҳар у ёғини айтмай овози бўғилди.

– Зўрлашдими? – Ботирнинг юраги зардобга тўлди. – Ким ўзи у? (Носир Зоҳид, “Шаҳар кўрган қиз”, 94-бет).

Хуллас, “Саргузашт адабиётлар” бўлими юқоридаги каби “саргузаштлар”ни бошдан кечирган қизлар тақдиридан сўз юритувчи мундарижага ўхшаб кетди. Кўзимиз билан кўрган ҳамма гапни айтиб бўлмаганидек, бошдан кечирган воқеаларнинг ҳаммасини ҳам тилга келтириш тўғримикин? Аммо айтиш билан айтишда фарқ бор. Зотан, ҳазрат Навоий деганларидек, “Сўзни кўнглунгда пишқормагунча тилга келтурма, ҳар наким кўнглунгда бўлса тилга сурма”.

Қисқаси, бадал турли шамойилга эга бўларкан. Жамшиднинг ўрнида Сизми ёки мен, ким бўлмасин, қўшнининг бонкасини синдириб қўйсак, узр сўрашимиз, тўлаб беришимиз қийин эмас. Бонкани бехосдан бўлса ҳам синдирган ўзимиз ахир!

Этикдўз ва Итолмаснинг ўрнида ким қандай йўл тутади, ҳар кимнинг ўзига аён. Ҳар ҳолда унинг ҳам бадали қимматга тушмайди. Бироқ…

Саҳифалари тобора очиқ саҳналар билан “бойиб” бораётган, таъбир жоиз бўлса, керакли ўринларда кўп нуқталари тушиб қолаётган китоблар… Энди бу анча жиддий масала. Демак, бадали ҳам шунга яраша!

 

 Акмал Мурод

 

“Hurriyat” газетаси,

2014 йил 6 август

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.