Азалий ҳикматни излаб…

0
802
марта кўрилган.

Қўнғироқ бўлди.

– Эркин ака боряптилар…

“Эркин ака, қайси Эркин ака?

Эркин Маликми, Эркин Аъзам, Эркин Усмон, Эркин Абдураҳмондир?”

– Воҳидов! – “Шарқ”қа, – шиддатли аниқлик киритилади.

Бирдан руҳиятим ўзгаради. Кўнглим оёққа туради. Руҳиятим ажиб бир шоирона насимдан парвозланиб, борлиғимга буюради: “Уйғон! Шарққа шоир ташриф буюряпти”. Беихтиёр айтаман:

– Ўзим кутиб оламан, Мирзо ака!

Муждани етказганимда таҳририятдаги ҳамманинг шоирлик армони эсига тушиб, шу чўққига чиққан, юксак бир зотни зиёрат қилиш имконидан кўнгиллар масрур бўлади.

Зиналардан тушиб борар эканман, шеър тоқига кўтарилган шоир “Нидо”лари хотирам осмонида жаранглайди.

 

Бекорга ХХ аср ўзбек шеъриятининг улуғ вакили ҳавасланиб шундай ёзмаган-да:

 

“Уфқларда ёниқ афсона,

Олгин Эркин Воҳид шеърларин.”

(Рауф Парфи)

 

Мустамлака даврида, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирлар қатағонга учраганида зулмдан қочиб, хорижда жон сақлаган ватандошлар кейинчалик шоир сифатида Эркин Воҳидни эътироф этишган экан. Ҳақли эътироф. Зеро, етмишинчи йиллар бошидаги “Ўзбегим” қасидаси шоирнингина эмас, ўзбек шеъриятининг ютуғи эканини, миллатнинг ўзлигини баралла тарона қилганини, ўзбекона кўнгилни кўтарганини унутиб бўладими?! Ўшанда ҳофиз бу шеърга куй топиб, ёниб куйлаганда, катта-ю кичик юракдан унга жўр бўлиб юрганмиз.

Эркин Воҳидов узилган бадиий анъаналаримизни баҳоли қудрат келажакка улади. Мукаммал шеърий илм – арузда ёзишга, тенгдошлари орасида мавлоно Лутфий, ҳазрат Навоий анъаналарини давом эттиришга журъат топди. “Ёшлик” девони майли ҳавас, изланиш пиллапоясида турса ҳам, “Инсон қасидаси” каби ҳам фикри, ҳам ифодаси гўзал ғазаллар яратилишига сабаб бўлди. Мумтоз шеърий услуб замоннинг энг мураккаб руҳий жараёнларини юксак бадиий тарзда кўрсата олишга яроқли эканини исботлаб, шеъриятимиз сарҳадларини ҳимоя қилди. Санъатнинг, истеъдоднинг ҳамма қаламкашга ҳам насиб қилмайдиган авж мақоми бор эканлигини кўрсатди. Шунинг учун ҳам “Инсон қасидаси” деҳқондан тортиб зиёлиларимизгача, миллий руҳиятни ёлқинлаштириб, тафаккурга бошлайдиган қўшиқ сифатида меҳримиз уфқида ҳилпиради.

Эркин Воҳидов шеърияти шарқона, шу билан бирга дунё назмининг энг янги поэтик тафаккуридан сув ичган узоқ умр кўрадиган сўзлардан тикланган қасрдир. “Руҳлар исёни” ўтган асрнинг етмишинчи йилларигача бўлган достончилигимизнинг фавқулодда янги, чуқур психологик намунаси. Қизиғи, Эркин Воҳидовда уч-тўрт йўналиш, бир-бирига ўхшамас шоирона ботиний феъл ўқувчини ҳайратга солади. “Донишқишлоқ латифалари”даги ўткир ҳажв, самимий кулги, афандиёна кескир ақлни “Руҳлар исёни”даги чуқур руҳий талқинга солиштириб бўладими? “Ўзбегим”даги наъра билан “Ёшлик девони”даги дилбар лирикани-чи? Бир шоир оламида қандай қилиб еру осмондай узоқ руҳий услублар: фожиа ва кўтаринкилик муҳити уйғун бўлиши мумкин? Шоир қисмати, дунёнинг ўзгарувчан жараёнини ўз борлиғида яшайдиган актёр. Унинг ботини ҳаёт саҳнаси… Бу саҳна шунчалик кенг ва ҳар хилки, шоир иқтидори қадар масъулиятни ҳис қилиб, навбатдаги асарида аввалгисини қайтармайди, янгиланади. Мавзу ва услуб жиҳатидан ҳам бошқа оламда, бошқа шеърий қиёфада намоён бўлади…

 

…Биринчи қаватнинг остонасида ҳеч ким кўринмади. Ҳовлиққанимдан бошяланг чиқиб кетган эканман. Қишимиз ҳам ўжар феъллик. Чарслигини баҳорга яқин кўрсатади… Февралнинг ўртасида гуллаб қўйган шаҳарлик ўриклар февралнинг охирида ёпишқоқ қор аралаш ёғаётган совуқ ёмғир остида шумшайиб, эзилиб ўзи билан ўзи овора. Тан жунжикар эди. Ўзимни панага олдим. Ташқарига, бўронли ҳавога қараб турибман. Ниҳоят, шоир остонага яқин жойда кўринди. Негадир Эркин ака ичкарига киришга шошилмас, қор остида нафасини ростламоқчи, изғиринли шу соф ҳаводан кўпроқ симирмоқ энг зўр саодатдай турарди. Ичкарига ўзини ураётганларнинг қай бирига бу одам елкасидан нафас олаётгандай туюлган бўлиши ҳам мумкин. Менда эса тийрак нигоҳлари ила боққан, куз либосида шошилиб кўчага тушган йўловчи таасуротини уйғотди.

 

Меърож лаҳзада юз берадиган жараён. Руҳ ва кўнгил улғайганини жисм қаердан ҳам сезарди? Руҳ вазифасини бажариб, оламнинг навқиролигидан ажабтовур куч олиб, заковатини улғайтириб, шоирни кўнгиллар боғбонига, булбул ва гулга айлантиради. Назрул Ислом сиймосига чизгиларда буни ҳис қилиб, Яратганнинг Ўзидан Шоирга берилган инъом эканлигига иқрор бўласиз. Шоирга шу манзилдан тушиш изтироб, чинакам мусибат. Чин шоир ҳеч қачон улғайиш уфқидан тушмайди. Жисми қариган сари руҳи яна-да юксалиб, парвоз қилиб бораверади; маърифати, мутафаккирлиги Ўзига яқинлашиб, қурбат ҳосил қилади.

 

“Шарқ” таҳририяти тўртинчи қаватда. Аммо, лифтларнинг тўртдан учтаси тўртинчи қаватга тўхтаб ўтолмайди. Шунинг учун, Эркин ака билан бешдан тўртга тушишга мажбур бўламиз. Эркин ака, гўё нафас ростлаётгандай, аслида гурунг бериб жилади:

– Бундан қарийб ярим аср илгари Давлат бадиий нашриёти ҳам”Навоий-30” биносининг тўртинчи қаватида жойлашган эди. Аксарият улуғлар – Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ҳабибий домла, Қуддус Муҳаммадий каби зотлар ташриф буюришганида югуриб пастга тушардим. Кўтарилишда улар ҳеч шошилишмас, назаримда жуда имиллашиб олға босишарди. Мана…

– Қуддус Муҳаммадий лифт борида ҳам тепа қаватга пиёда кўтариларкан, – дейди Мирзо Кенжабек. Фикри охирига етмаган шоирга имкон бермай, мен ҳам “билимдон”лигимни кўрсатишга шошиламан.

– Ҳабибий домла тўқсонга киргандилар-а…

Эркин ака думбул хабаримнинг икки дами борлигини шу онда фаҳмлаб етди… ва индамасдан ҳикоясини ҳам, бу саволга аниқлик киритмоқни ҳам нигоҳи билан айтиб қўя қолди…

 

“Shаrq” нашриётида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг саккиз жилддан иборат танланган асарларини нашр қилиш тадориги икки-уч йилдан буён кўрилади. Ниҳоят, дастлабки жилдлар босмадан чиқди. Унгача хамир учидан патир деганларидек, шоирнинг кейинги йилларда битилган шеърлар тўплами ёруғлик юзини кўрди. “Янги шеърлар”. Номи мени ўйлантирди. “Ичи шеърлардан иборат бўлса яна…” Йўқ, бу номнинг икки юки, икки таъкиди бор экан. Ҳарқалай, кейинги йилларда матбуотда чиққан шеърларининг ўзидан мутаассир юрганимдан, бу учрашув шунчаки бўлмаслигини кўнглим сезгандай эди. Шоирнинг ташрифи эса юракни қизитиб, руҳимни карахтликдан уйғотиб, “Янги шеърлар” сари бошлади.

Дабдурустдан “Янги шеърлар”га ўтмасдан шоирнинг бунгача ҳам адо этган улуғ хизматларидан бир-иккисини эсламоқ вожиб. Ғарб мумтоз намуналаридан “Фауст” – Гёте ижодининг гултожи, олмон адабиётининг шоҳ асари ҳисобланади. Одам улғайиб, довонлар ошганидек “Фауст”даги драма, руҳият ғалаёнлари, моддий ва маънавий олам, шеърий санъатлар ифодаси жуда мураккаб. Бунга етарлича тайёргарлик кўрган ўқувчи учун ҳам мутолаа жараёни осон кечмайди. Энди, унинг таржимаси қанча муддат ва қанча заҳмат, тил билиш, илм ва шоирлик даҳосини талаб қилади? Жавоби жуда ҳам мушкул. Чунки шеър таржимасида аслиятга ҳеч қачон етиб бўлмайди, бу қарийб мумкин эмас, фақат илоҳий мўъжиза билан таржима шеърнинг шарпасинигина кўрсатадиган амал. Бу барибир бўлак тилда муқобилини топиб, бошқа бир асарнинг туғилиши бўлади… Шунинг учун бўлса керак, Гёте ўз ёзганини эмас, французчага ўгирилган вариантини мутолаа қилишга рағбати кўпроқ экан… Бунинг ўзига яраша ҳузурбахш сабаблари бўлган, албатта. Шоир Эркин Воҳидов эса олмончадан эмас рус тилидан таржима қилди ва бунга умрининг беш-олти йилини бутунлай бағишлади. “Фауст” таржимаси адабий муҳитда, таржимачиликда катта воқеа бўлган. Бундан ташқари, ғарбнинг мумтоз асари шарқ шоири ижодига ҳам ижобий таъсир қилиб, янги довонга олиб чиқди.

Эркин Воҳидовнинг хизматларидан яна бири рус шоири Сергей Есениндан қилган таржималаридир. Бизнинг авлод бу таржималарни севиб, ёддан ўқиб шаклланган. Биз учун ижодда ғайримиллат шоир йўқ. “Миллатингиз, маданиятингиз, динингиз бўлак, шунга кўра, ҳаёт тарзингиз бошқа, – деган эди менга шоир дўстим Владислав Целыев. – Қандай қилиб ўта миллий шоиримизни Ислом маданиятининг вакили, ўзбек шоири таржима қилиши мумкин? Ахир баъзи эътиқодий тушунчаларимиз бизларники сизларда, сизларники бизларда йўқ-ку!” “Владислав, – деганман мен ҳам ўз навбатида – тилимизни, умуман, билмайсизлар, лекин бизда рус тилини сув қилиб ичиб юборганлар бор. Шоир руҳиятини шоиргина таржима қила олади, аслига мос муқобил тушунчаларни топади. Ўзбекчага ўгирилган шеърни эшит!..” У сўзларига тушунмаса ҳам таржима руҳи ва оҳангидан ҳузурланаётгани чеҳрасида қалқиб чиқди.

2010 йилнинг тўртинчи октябри эди. Сергей Есенин туғилганига 115 йил тўлган кунда рус шоирлари Юрий Бондар ва Ромул Елисеевлар ҳамроҳлигида Ваганки қабристонига йўл олдик. Есенин қабри олдида бир гала мухлислар йиғилган, шоир ва волидаси хоки пойида қучоқ-қучоқ чиннигуллар, кимдир пайдар-пай шоир шеърини артистдек ижро этар, ким йиғлаган, ким шод, ким сархуш, ким ҳушёр ҳузур туярди. Тўлқинланиб кетиб, ҳеч кимдан сўроқсиз ўртага ошиқдим: “Дорогие поклонники поэзии! Если разрещите, я наизусь читаю стихи поэта “До свидания друг мой, до свидания” на узбекском языке” дея дудуқланган тилим бирдан тиниқлашди!

 

Хайр энди, хайр дўстгинам,

Бағримдасан кўнгил малҳами.

Муқаррар бу айрилиқнинг ҳам,

Висоли бор олдинда ҳали.

Хайр, дўстим, сўзга очма лаб

Қўй, мен учун ўртама бағир.

Бу ҳаётда ўлмоқ-ку бор гап,

Яшамоқ ҳам янгимас ахир.

 

Ҳеч ким “бу нима деяпти ўзи?” дея бақирмади. Балки “узбек, узбек” деган сўзлар оҳангидан бир ҳурмат, ташаккур туйдим. Бу, албатта, Эркин Воҳидовнинг улуғ таржималарига айтилган ташаккур эди. Ҳолбуки, кўпинча бундай лаҳзаларда шеър таржимони бировнинг эсига ҳам тушмайди… Очиғи, биз фидойиликни кўпинча қадрлашни билмаймиз. Эркин Воҳидовга ўхшаган шоир, таржимонлар дунёга ҳар куни ҳам келавермайди, ахир. Уларни йўқлаш, ҳар бир фикрини қадрлаш бугун учун эмас, келажак учун ҳам керак.

 

Яна бир хотира

. Адашмасам, 2003 йилнинг баҳорида “Ёшлик” журнали таҳририятида ишлаётганимда серқирра ижодкор сирини биламан, деб ўзимча саволлар тузиб, шоирни излашга тушдим. Эркин ака эса, Москвада, юраги жарроҳлик амалиётига тайёрланилаётган экан. (Балки “Амалиётдан кейин бемор” шеъри ўша кунлардан кейин ёзилгандир.) Саволларим ҳали ҳам жавобсиз, сарғайган қоғозлар ичида яшириниб ётибди… Очиғи, аслида беҳуда нарсага уринганга ўхшайман… Ахир, шеър чақмоқ янглиғ кўз очади. Қандай оламга келгани кўпинча шоирнинг ўзи учун ҳам сир, шундай экан, мухлислар ҳеч қачон бу сирни билолмаса керак. Фақат туғилган шеър билан учрашиш мумкин. Кўнгилнинг латиф оламида яшаш ҳақиқий саодат. Айниқса, янгиси бўлса, олинадиган баҳра, руҳнинг сурури бўлакча бўлади, афсуски, бунинг суратини чизолмаймиз.

Шу хонага ҳам бир киринг, Эркин ака. – Илтимос оҳанги Воҳидовни хонамга ундади. Ўтган аср руҳидаги уч стулнинг бирига чўкдилар-да, бир азиз хотира тилларига кўчди:

– Ўттиз беш, қирқ ёшлардан ошмаган эдим. Саид Аҳмад ака мени олқишлагандай лутф қилдилар: “Шеърингни ёзиб бўлдинг Эркин, энди бемалол ўлсанг ҳам бўлади!..” – Эркин ака жимиб қолдилар. Афтидан бу гап “Ўзбегим” каби шеърлар шов-шув бўлиб, эл аро шоир тилдан тушмай қолгандан кейин айтилган чиқар. Балки ўзидан беш кўйлак кўп йиртган каттанинг кичикка огоҳлантириши бўлгандир. Истеъдоди ярқ этиб, кейин… ўзи тиригу ижоди адо бўлганлар қанча. Лекин мустамлака замонида шоир бир ростини айтиб, минг чини ичида қолиб, армон билан яшарди. Шунинг учун бу гап, бу мақтов шоирга жуда ҳам қаттиқ ботади. Ҳеч унутолмайди. Эркин ака қараб турганимизни кўриб, бугунга қайтдилар-да, давом этдилар:

– Менинг яна бир ўттиз беш ёшим ўтиб кетди. Саид Аҳмад ака саксон беш ёшга кирган кунлар, мустақилликда яна ҳам очилдилар, мумтоз ҳикоялар ёзилди. “Йўқотганларим ва топганларим” юзага келиб, зиёлиларнинг қўлидан тушмай қолди. Мен ўша “тилак”ларига тилак билан жавоб берадиган фурсат етганини тушундим: “Саид Аҳмад ака, – дедим, – энди ҳақиқий ижод қилиш замони келди! Ўлманг!” – Ва тўсатдан Эркин ака менга мурожаат этиб қолдилар:

– Шеър ёзаверсам бўладими, Вафо?

“Шеър ёзаверсам бўладими?” хаёлимда бутун хонани тўлдириб акс-садо бергандай бўлди.

– Эркин ака, ахир, сизнинг шеърларингиз… – нималардир деб мулоҳаза юритган бўламан. Эркин ака эса бу сўзларга парво қилмай, вазмин, дуога қўл очдилар.

– Умрингиз узоқ бўлсин! Болаларингиз бошига омон бўлинг.

Кетаётиб таҳририятдагиларнинг ҳаммаларига эҳтиром билан илтимос қилган бўладилар: – Шу ерда хайрлашамиз. Саломат бўлинглар! Яна учрашгунча!

 

Мен эса шоирнинг чинакам ташрифи “Янги шеърлар”га юзланаман.

 

“Дўстим!

Сен ўзни кўп хокисор тутма,

Ожиз бандаман деб эгиб юрма бош.

Юртнинг эгасисан, зинҳор унутма!

Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош”.

 

Инсон катта мақсадлар билан яшасагина, ортидан гуллар унади. Қайбир улуғ зот айтганидек, ўзини бир жойга жамлаган одамнинг бир ўзи, енгилмас салтанат бўлади. Бунинг мозийдаги мисоли Амир Темур ҳазратлари! Етти тўртлик, 28 қатордан иборат шеърнинг ҳар бирида зарб билан айтилган шоир фикрларининг қайси бирлари ила баҳслашиш мумкиндир, аммо озод юртнинг бўз боласи бу олов нидоларни англаб яшамоғи керак:

 

“Ғайратсиз зотларга замонлар ёмон,

Жасорат йўқ ерда ёмонлар омон,

Давлат не, мардона бўлмасанг қалқон,

Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош”.

 

Тилакнинг ёниқ, орзунинг жуда юксаклигини қаранг:

 

“Юрт фарзанди асли ўзи юрт бўлар,

Кўзи чақноқ бўлар, қалби ўт бўлар

Қаторда нори бор Ватан бут бўлар,

Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош”.

 

Чин шоир аввало девонавор ошиқдир. Эркин Воҳидов бу мартабани “Ёшлик девони” китоби билан қўлга киритган. Янги шеърлардаги “Шоирга мактуб”, “Қиз боланинг севгиси”, “Бировнинг қизи” шу жавоҳир қутичасидаги янги дурлар, ҳузурбахш сирлар бўлибди. “Шоирга мактуб” самимий битилган қисмат ҳикоясидир. Ошиққа кўнгил изҳори учун ёниқ тилли, юракнинг қонига бўялган сўз керак, шеър керак. Ҳолбуки, шундай шеър яратган шоир қисматининг аксарият таржимаси ёрга етолмаган армонли ошиқ маъносини билдиради… Лирик иқрор – шоирнинг туғилиш тарихи ҳам…

 

“Бир бевафо ишқида мен ҳам

Поёни йўқ дардга тўлганман.

Шу дард менга тутқазган қалам,

Куя-куя шоир бўлганман”.

 

“Қиз боланинг севгиси” фақат ўзбек шоири ҳис қилиб, ор-номусини ўртага қўйиб битиши мумкин бўлган шеър. У навраста қизларимизга оталарнинг ўгити ҳамдир. Адибимиз Тоғай Мурод “Муҳаббат кўнгилда бўлади, тилга чиқса ёлғон бўлади”, деган эди. “Бировнинг қизи” ўзбек хулқи ва тақдир битиги ҳақидаги замонавий ривоятдир. У “Меҳробдан чаён” қаҳрамони Анварнинг Раънога айтган ҳаётга чорловининг давомига ўхшайди. Ҳақиқат жуда талх (аччиқ) келади, уни фақат шоирнинг ёруғ тасвири тушунадиган қилади. “Ўлмас эди балки одамзот” шеърида инсоннинг ноқис феъл-атвори қалтис паллаларда очилган. Ҳар бир тўртликдан бир номукаммалликнинг ниқобланган башарасини таниб оламиз. Бу ҳақда Ғаззолий ҳазратлари буюк дастурга асосланиб жилд-жилд китоблар ёзган. Нафс хоҳишига юрадиган кимса белгиларидан хабар берган. Шеърнинг номи-ю нақорати, албатта, рамзий. Ҳақдан берилган умр зимдан ҳалокат чоҳига ташланиши киноя ва истеҳзо, изтироб билан кўрсатилади. Бу аслида ўзига хос наҳий мункар. Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида Оллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:

“Ўзларингизни ва бир-бирингизни ноҳақ ўлдирманг!”

 

“Таҳқир заҳру ханжар ила тенг,

Туҳмат ортиқ ўқдан ва дордан.

Инсон ўлмас бири бирининг

Ўлишига бермаса ёрдам”.

 

Шоир топган рамзий ифода ҳақиқатлар кўзини очаркан, инсоннинг ожизлиги, худбинлиги ҳушёр ақлни даҳшатга солади:

Инсон ўлмас ўлдирмаса ғам,

Макон қилмас қора турбатни.

Кўрса агар тиригида ҳам

Ўлигида топган ҳурматни.

 

Олам тўла фитна, адоват,

Мангу қолиб нетар одамзот?

Бир кун чарчаб, излаб фароғат

Тинч дунёга кетар одамзот”.

 

“Янги шеърлар” тўпламидаги энг яхши шеър, назаримда, “Вафо”. Уни ўқиб туриб Есениннинг “Ит ҳақида достон”и хотирга келди. Есенинда овчининг қотиллиги боис етти боласидан ажралган ит ноласи. Воҳидовда эса инсон ҳаётдан кетганда яқинлари, болаларидан кўра кўп қайғу чеккан ит тимсоли киши меҳрини уйғотиб, юрагини қон қилади. Аслида бу миллий тушунчанинг гўзал ва ғамгин қўшиғи.

“…

Совуқ тунда қотиб, дийдираб,

Қабрга у қўйиб ётди бош.

Эриган қор каби милдираб,

Кўзларидан тинмай оқди ёш.

 

Биз инсонмиз, соҳиби дунё,

Қудратлимиз, мағрурмиз, тўқмиз.

Садоқатда, меҳрда аммо

Шу бечора бир итча йўқмиз”.

 

Чин шоирнинг ҳар бир мисраси бир фожиа, бир драма, бир роман. Шунинг учун, шеър ҳақиқатларнинг энг мардонасини айтиб, вақтни максимал даражада тежашдир. Шуни назарда тутиб, моҳир шоирлар фард, муаммо, рубоий каби ихчам жанрларни ихтиро этган. Ҳақиқатнинг гўзал, мардона тасвири, инжа руҳнинг довюраклик ва куюнчакликка эш табиий сурати сўзларга кўчади. Зеро, ҳаётнинг биринчи мезони ҳақиқат, ижодкорнинг эътиқоди эса уни англатиш. Шунинг учун ҳам одамни олға бошлайдиган ҳақиқат шеъриятнинг, адабиётнинг гултожидир. Шоирнинг мутафаккир даражасига кўтарилганига ҳавасингиз келади. Балки, ҳар бир халққа асл ҳақиқатни пардага ўраб бериш учун шоирлар берилар. Шунинг учун ҳам ҳақиқат жарчиси бўлишга имонли шоирлар маънавий ҳақдордир.

Эркин акада тасвир, маром кўпинча оддий, аммо хулоса жуда залворли.

Бахш этмоқни истаб дилларга зиё

Тунлар чироғимиз ўчмади бироқ.

Ўчмайдиган қилиб маҳшаргача то,

Биз ўз бошимизга ёқибмиз чироқ

”.

 

(“Ўчмас чироқлар”)

 

“Сўзда сеҳр, шеърда эса ҳикмат бор” (Ҳадис). Бу мартаба Шарқ шоири учун талаб ҳамдир. Ҳикматда ҳақиқат билан бирга фалсафа, орифона донолик, қайноқ афоризм сўнмас юлдуздек жимирлаб туради. Ҳушёрликнинг мастлиги ўқувчини маст қилади. “Янги шеърлар” навбатдаги ижод намуналари эканлиги билан бирга чинакамига ҳикмат бўлган. Балки ҳеч қачон ҳикматларни солиштириб бўлмас. Лекин қиёсларда аллақандай юксакларга чиқамиз. Навоий, Бедил, Ҳофиз, Гёте ҳикматлари…

Воҳидовнинг “Тўкислик” шеъридаги ҳикмат киши эътиборни тортади.

 

“Бутликка не етсин

Камликдан кўра.

Инсон тўкис бўлиб юргани яхши.

Лекин Яратгандан бир бахтни сўра,

Нимангдир етмасдан тургани яхши”.

 

Бутлик ва муҳтожлик – икки қарама-қарши қутб. Дастлабки икки мисра ниятнинг теран, содда ифодаси, учинчи қатордаги комиллик орзуси фикр учун фазилат бўлгани ҳолда, ҳатто тўртинчи сатр ҳам шу фикрнинг манбаси ва давоми бўлиб бош мақсаддай янграйди. Аммо, мулоҳазакор шоир зиддиятда дунёни бир бутун кўради ва кутилмаган ғояни ўртага ташлайди: “Нимангдир етмасдан тургани яхши…” Аслида ҳам инсоният оламини ҳаракатга келтириб турган мутаносиблик қонуни шу эмасми?

 

“Шукрона дилинга ошно бўлсуну

Армоним йўқ десанг хато бўлади.

Дунёнинг энг кўҳна фалсафаси бу

Орзу ўлса ҳаёт адо бўлади”.

 

“Орзу ўлса ҳаёт адо бўлади” – мана ҳикмат! Одамзотнинг бутун умрлик формуласи:

 

“Ҳаёт йўли надир? Қабр тошида

Икки сана аро қисқа чизиқдир”

.

Шоир, асосан, аввал ўқувчини тайёрлаб, сўнг залворли фикрни эҳсон каби ҳавола этади. “Кексалик илтижоси”, “Соя”, “Қудуқ”, “Ақл топмадинг” каби мутафаккирона шеърларни йўлчи маёқ қилиб яшаса арзийди. Шу силсиладаги икки шеърни ўзимча тушунишдан ўзимни тиёлмадим. Аслида шеърни ҳеч қачон охиригача шарҳлаб бўлмайди. Ҳар бир сатрдаги фикр ёхуд жами ҳислар жилоси тасаввур қудуғининг олис бир бурчагидаги ойдан тушган шуъла. Ботин кўзи билан кўриб турасиз. Шарҳлашга, тушунтиришга эса ақл ҳам, тил ҳам қийналади. Қуёшнинг заррасини қўл билан ушлаб бўлмайди-да.

 

“Бодом одамга ўхшар

Навбаҳорни суяди.

Одам бодомга ўхшар

Эрта гуллаб қўяди”.

(“Бодом ва Одам”)

 

Дарахтнинг эрта уйғониши кўнгилнинг тебранишига назира. Одам бодомга ўхшатиларкан, тўсатдан бесабрлик, тоқатсизлик иллатининг сурати берилади. Бор-йўғи сўзлар ўрни алмаштирилиб, жуда осон сўз қатори тизилгандай бўлгани билан янги маънонинг кўзи очилган. Рамзлиги боис бодомга қилинган “адолатсизлик”ни ҳам оқлаш мумкин…

Ҳикмат фақат мозийдан мисол келтириб сабоқ бермоққина эмас. Бугуннинг эврилишини ҳам фаҳмлатмоқ.

 

“Топишмоқ айтади менга набирам –

“К”дан бошланади, ҳар уйда бор, – дер, –

Содда иш асбоби…

Мен кетмон, десам

Набирам кулади: – Йўқ, бу – компьютер!”

 

Кетмон ва компьютер. Булар одамзотнинг ақли кашф қилган иш қуроллари. Бугун ҳам кетмонсиз ризқимиз бут бўлмаганидек, энди компьютер мурватини ўйнатиб, чобуксуворлик қилмасдан тирикчилигимиз олдга босмайди. Шу бешликда ақл тадрижи, бобо ва набира оралиғидаги масофани ҳам ҳис қиласиз. Назаримда, бу шеърий “топишмоқ” замонавий ҳикматдир. Уни фақат ақл кўра билади.

“Донишқишлоқ латифалари” аллақачон шеърхону ҳажвсеварларга ёд бўлиб кетган. Аммо, булар шунчаки, ичакузди ривоятларнинг шеърга солинган шакли эмас. Балки унда истибдод ҳукмрон, даҳрийлик мафкураси тўрда, миллий қадриятлар четга сурилган даврда кўнгил кўтариш, тақиқдаги ҳақиқатларни айтиш, шу билан бирга феъл-атворимиздаги иллат ва нуқсонларни кулги, киноя, ҳажв, ишора воситасида муолажа қилиш бор. Шунинг учун, душманни кулдириб, дўстни йиғлатган, эзилиб кетган қалбга ним табассум ҳадя этиб эркин нафас олдирилган. “Янги шеърлар”да ана шу мотив чуқурлашган.

“Ҳазил тўғрисида жиддий шеър”, “Ўғрига насиҳат”, “Бизнинг мотам”, “Нарх-наво”, “Муштлашганлар”, “Тангрига илтижо”, “Бизнинг қишлоқ одати” сатирик йўналишдаги шеърлар ва Абдулла Қодирий, Таваллолар ижодининг ўзига хос давоми ҳамдир. Воҳидовнинг зоҳири ҳазил, ботини зил шеърлари нотўғри қарашни синдириш, ичига назар солишга ишоралар қилишдир. Бежизга шоир шахматда гроссмейстерлар билан дуранг натижага эришмаган. Бу ўткир, кучли ақл соҳиби эканлигидан далолат. Ҳазилнинг маъносини ҳар ким ҳар хил – ақлининг даражасига қараб тушунади. Мана “Дангасалар” шеърини кўрайлик:

 

“Ғайратлилар елиб-югуриб,

Меҳнат билан мудом овора.

Дангасалар эса ўй суриб

Ётиш учун ўйлашар чора.

 

Ишчан азал тинмай ер чопган,

Ўғир туйган, совурган сомон.

Ялқов ўйлаб чархпалак топган,

Ижод қилган шамол тегирмон”.

 

Меҳнаткашни ким ёзғирарди? Аммо қуруқ ҳаракат билан инсон довонлардан оша олмаслиги борасида ҳамма ҳам ўйлаб кўрмайди. Кейин тиниб-тинчимаган баъзи бировлар жабрдийдаларнинг насибасини туя қилиб, шерик бўлиб юради. Шоир эса фикрсиз, қотган қараш асосида яшайдиган омманинг устидан киноя қилиб, бугунги тараққиётга йўл очган “дангасалар”ни кашф қилган. Уларнинг буюклигини “танқид” ниқобида эътироф этади.

 

“Парвоз этсам юксак самода

Замонавий лайнерда букун

Раҳмат дейман ёруғ дунёда

Дангасалар борлиги учун.

 

Йўқса юрар эдик ҳойнаҳой,

Ҳануз яёв чангитиб тупроқ.

Хўб юртим бор, хаёлкашга бой,

Ишчанидан ўйчани кўпроқ”.

 

Фикр чархпалагини тез айлантирган шоир қарашлар ҳар хиллигини кўзгуга солади. “Хўб юртим бор, хаёлкашга бой” бир мисрада ижод ва илм аҳлининг сиймоларини жамлайди. Аммо “Ишчанидан ўйчани кўпроқ” сиртқи ва ички маъноларга эга. Шоир ўзидан “нолиш” баҳонасида гоҳ сўз қадри арзон бўлиб, унинг фавқулодда соҳиблари “дангаса”, “ношуд” деб қаралишига киноя қилади.

 

“Рост айтсам бу менинг ҳам дардим,

Холимасман бу касалликдан.

Ғайрат қилсам бир касб топардим,

Шоир бўлдим дангасаликдан.

 

…Бизнинг меҳнат шундоқ,

Нима бор –

Дабдабаю асасаларга.

Сизлар тинманг, ишланг фидокор,

Халал берманг дангасаларга”.

 

“Дўстлик шарти”да эса риёкорликни билса ҳазил, билмаса чин нақлига кўра, ҳазил пардасига ўраб аёвсиз фош этади. Иллатларни чуқур истеҳзо билан юзидан ниқобини тортади.

Шоир инсонга яхшилик соғинувчиларнинг илгариги қаторида истиқомат қилади. Воҳидов ҳам ўйлатиб, кўзни теранроқ очишга ўргатади, ақлни эзгуликка сафарбар қилади:

 

“Енгил иш қидирма,

Енгил иш йўқдир.

Жон чексанг енгиш бор,

Енгилиш йўқдир”.

 

Инсон ҳамиша ҳам оқ-қорани танишга қийналади. Режаларининг охирига етмайди. Ҳолбуки, қалби ардоғидаги амалини майли уни танимаса ҳам, ўша ғойибдаги дўсти борлиги учун адо этади. Шоир шундай дўстликнинг қанчалик улуғворлигини билади.

 

“Биркам дунё.

Сен ҳам бир банда.

Майли, каму кўстларинг бўлсин.

Лек кўрганда шод, кўрмаганингда

Соғингувчи дўстларинг бўлсин”.

 

Дўстликни қадрлаганлар қадр топади.

 

“Уларга дил тўла ҳимматинг,

Меҳр тўла кўзларинг бўлсин.

“Қайдасан?”, деб бузиб хилватинг,

Босиб келар дўстларинг бўлсин.

 

Севин, улар тегса жонингга,

Ишдан қўйса кул, яйра, кулдир.

Келмай қўйса биров ёнингга

Дунё охир бўлгани шулдир”.

 

Омон бўлинг, Эркин ака, кўнгилни шарафладингиз. Сизни Ўзи шарафласин. Бир инсон, бир шоир сифатида Ўзининг наздида мартабангиз улуғ бўлсин. Устоз, мана бу тилагингизни ҳар бир шоир ўзининг юраги уфқида бош маслак янглиғ ёзиб қўйиши керак!

Шундоқ сўз айт, шоир укажон,

Сўзинг қалблар тубига борсин.

Бахтни ёзсанг яйрасин жаҳон,

Ғамни ёзсанг додлаб юборсин.

 

Шундоқ сўз айт,

Кўкка сол жаранг,

Ер юзини ҳайратларга сол.

Шундоқ сўзни топа олмасанг,

Укажон, шеър ёзмай қўяқол”.

 

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.