Авлодлар алмашинуви

0
177
марта кўрилган.

* Муқаррар ҳодиса

** 30 ёшли раис бормиди?

*** 10 йилда авлод алмашинади

**** Отанинг дўпписи болага тор келади

 

Ҳаётнинг, кечмишнинг, тақдирнинг тизгини сенга бўйсунмагани сингари авлодлар алмашинуви ҳақиқати ҳам муқаррардир. Қанча авайла, қанча мулойим гапир, қанча эҳтиётлаб пичирлагин, алқагин, эркалагин – бари бир нозик умрнинг ўткинчилик сиёсати жуда совуқ, бўйсунмай иложинг йўқ, сен қанчалар тайтув ўсгин, қаддинг шамшодлигидан, тилинг қиличдек кескирлигидан ойлар, борингки, йиллар мобайнида лоф ур, бир сезимсиз шамол, айтайлик, шабада ёхуд эпкин каби уриб туради бу ҳаёт сиёсати… ва, қарабсизки “шамшод”, “сарв” сўзлари қоматингга ҳечам ярашмай қолади. Тилинг-чи, тилинг?.. Балки мажнунтолнинг норасида новдасига менгзашар: жуда ҳалим сўзлайди, деб.

Ўсмирликда ўқиган китобларимизда авлодлар муносабати, оталар ва болалар келишмовчилиги хусусига (Айниқса, Тургенев, Гогол, Лев Толстой, Шолохов, Ойбек, Садриддин Айний романларида) эътибор бермаган ёхуд хис қилмаган эканмиз, бу ҳаёт тақозоси, давр одамларни ўзгартирар, эски фикрловчиларни ҳаёт сели ўзандан ташқарига чиқариб ташларкан. Шу боисдандир, рус романчилигида “ортиқча одам” деган образ учрайди, бизнинг энг “шафқатсиз” ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ўйлай-ўйлай, ниҳоят, бари бир шарқликлигига, янаям аниғи, ўзбеклигига бориб: “одамнинг чиқити бўлмайди”, деди. Одамнинг чиқити бўлмаслиги рост. Аммо авлод кетидан авлод келиши, кейинги келгани олдингисининг ўзак дунёқарашлари билан кўпда келиша олмай бошлайди – бу ҳам ҳақиқат.

Замон инсон руҳига, онгига ўз муҳрини қўяди, бусиз илож йўқ. Отангиз ёки акангиз кечаги тузум партия фаоли бўлиб ишлаган бўлса, бугун сиз билан қайси масалаларда мутлақо келиша олмаётганини ўзингиз яхши биласиз. Интизом, ахлоқ, тартибу қоидага амал қилиш бобида… кўпинча у сизни мот қилади. Сизнинг жамиятингиз шаклланиб келаётир, уники бир пайтлар шаклланиб бўлган, эрта-индин, яъни КПССнинг фалон съездидан сўнг кўп чўзиб ўтирмай коммунизмни қуриб қўя қолмоқчи эди. Маҳобатли, дабдабаси кўнгилга қутқу соларди, негаки, ён-верингда бошқачароқ, яъни илиқроқ кутиб олувчи альтернатив жамиятнинг ўзи йўқ эди.

Халқ демократик партияси энди таъсис этилган вақтларда бир совхоз директорининг унга муносабатини кўрганман. Директор “коммунист” дея аталмаётган бу янги партияга ётсираб, бегона биров эшигини қоқиб киргандай қарар эди. Боз устига қадрдон партияси бу юртда ҳам жон таслим қилган, шуни ҳеч хазм қилолмасди. Суянгувчи девори нураб битган эди. “Ҳадепе”, “эндепе” эмиш. Кўрамиз эртага бунинг шататся қилишини. Шуям партия бўптими”. Азбаройи КПССга кўнгил қўйгани оқибатида юраксанчиқ бўлган кимсаларни эшитганмиз. Директор ўшаларнинг бири эди.

Энди-энди ўйлаб юрт раҳбарининг жуда онгли тадбири туфайли бизда комфирқадан воз кечилганини, 25-26 йил нарида юз бериши мумкин бўлган талафотнинг олди олинганини сезяпмиз. Айтадилар-ку, кечувда отлар алмаштирилмайди, деб. Бизда ҳам кечувдан сўнг чиройли от алмашинув рўй берган экан ўшанда.

Жуда кўп бўлгани йўқ. 1989 йилнинг сентябр ойи эди. Биласиз, бош газета, ўша давр ибораси билан айтганда “Отахон газета” – “Правда”да “Ленин учқуни” газетаси “урилди”. Аниқроғи газета бош муҳаррири А. Кўчимовга ҳужум уюштирилганди. Партқўмита юқори бюросида кўрилиши керак бу “жиддий” масала. Нима эмиш, газета бош муҳаррири тарихчи олим М. Ҳасанов билан Ўрта Осиё Россияга ихтиёрий қўшилган эмас, босиб, мажбурлаб қўшиб олинган, деб ёш болалар онгини бузувчи, провакацион суҳбат уюштирди.

Абдусаид Кўчимов – яхши адиб, миллион нусхада чиқадиган газетанинг муҳарири, бизга ўхшаган полапонларнинг унда-мунда ҳикоя, шеърларини чоп этиб бир кунда миллион болага таништираётган, қолаверса, кўнглида Ватан деган оғриқ туйғуси бор эдики, шу мавзуда рост суҳбат қурган эди. Бундай вазиятда инсонни ҳимоя қилиш керакми ё айтган гапи учун ҳар ким ўз боши билан жавоб бераверсинми?

Биз, бир гуруҳ ёш шоир-ёзувчилар “Правда” газетаси бош муҳарририга, СССР ёзувчилар уюшмаси раисига, СССР саркотиби М. С. Горбачев номларига мухтасар хат матни тайёрлаб, унда “Ленин учқуни” газетасида холис фикрлар баён этилгани, бундай гаплар “сиз инъом этган” ошкоралик замонасига мос келиши, бировнинг номига туҳмат қилинмагани, аксинча “Правда” мухбири “Ленин учқуни” муҳарририга бўҳтон ёғдираётганини уқтирдик.

Ўнлаб имзолар қўйилди. Қарасак, барча имзолар ёшларники. Ўйладикки, бу имзолар қаторида унвонлилар, масалан, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган ном эгалариям турса, хатнинг салмоғи ортади. Биров ўқиса бундоқ эътибор беради, деб. Аммо… биз хомтама бўлибмиз…

Ҳозир энди ўшалар мустақилликни кифтини келтириб мақташади, баъзилари пенсия ёшида, ёнига яқинлашгудай бўлсанг, қизил империя “изтиробларини” бўзлай кетишади, ҳолбуки ўшанда: “бизларни қўйинглар, тепадан сўрашса яхши фикр айтамиз”, дейишганди салобат ила. Худди бу хатни Михаил Горбачев қўлига олиб роса синчиклаб ўқийди-да, унинг уйига қўнғироқ қип қолади. “Шу арзимас хатларга қўлингни қўйиб юрибсанми, деб ёзғиради, ўпкалайди ёхуд… Ҳарқалай раҳбар-да: бир тепиб учириб юборадики, Атлантика уммонининг нариги соҳилига, Америкага – “душманлар” қўлига бориб тушасан, қузғундай ғажийди кейин улар…

Жа-а, унчалик эмасдир-ов, дейсизми?

Албатта, Горбачев уни тепиб учириб юбормаслиги аниқ эди. Сабаби ўзи бошлаб қўйган ишларнинг бирортасини саранжомлолмай гаранг бўлиб ётганди собиқ саркотиб. Газеталарда бу тугул исботи, факти суриштириб ўтирилмай Горбачевдан-да “муқаддасроқ” ўтган-кетган раҳбарларнинг оиласию тўшагида не ҳангома бўлганлиги, бўлаётгани хусусида ҳам яп-яланғоч мақолалар шувиллаб чиқиб ётарди.

Эҳтимол, ўйлайманки, ўзимиздаги бир адолатли раҳбарлик муҳитининг шабадасидандир, ўша хат беиз кетмаган эди. Аммо, эсласам, баъзан кулгим келади, баъзан жаҳлим чиқади.

Ўша оқсоқоллар ўша чоғ ўзининг тинчини ҳам ўйлагандир-ку, аммо, биринчи галда ўзларидан кейин келаётган ростгўй, ҳақиқатчи, “бетгачопар” авлодни азбаройи ёқтирмаганидан қилишганди шу ишни.

Мана, давр эврилди. Шоир айтганидек, “келди ўзга замонлар, кўринди бошқа номлар”. Одамнинг хатоси шундаки, у қўлига пул кирса, мутлоқ қўлимда турсин, яна кўпайсин, дейди. Аллоҳ дейдики, бир водийни берсам, иккинчисини дейсиз, иккинчисини берсам, учинчи водий меники бўлсин, дейсиз. Одамзотнинг тўймаслигига бу бир исбот.

Шу сингари биз бугун қўлга кирган пулни, бошга қўнган давлат қушини илоҳийлаштириб юбормаслигимиз керак, чунки хато қиламиз, бундай хатоларнинг кўпи бошимиздан кечди.

Коммунистик партия ҳам бир неча авлодни қаритиб улгурди. У ҳозирги каби кунларни кўришни истаганмиди. Дилда бошқа гап, тилда бошқа гап эди. Шу сабаб бугун не бир улуғ зотлар гўридан тик тургиси келаётир-а! Хом сут эмган бандалар шошқалоқлигимиз туфайли Оллоҳ берган ризққа, қўлга кирган давлатга қаноат қилмаймиз, тезроқ бировнинг бошини уриб ёриш пайидан бўламиз.

Йў-ўқ, дейди “отажоним Шарқ”. Бирни кўриб фикр қил, кўпни кўриб шукр қил. Демак, сендан аъло ҳам, сендан харобиям ёнингда бақамти яшаётир. Қара ва хулоса қил.

Шукрки, ўзбек коммунистик партия учун туғилмаган. Бу партия эл қатори ўзбеккаям солинган қурбонлик эди. Оққан қону кўздаги нолалари зора гуноҳларини ювган бўлса. Шу туфайлидир, бизда Зюганов издошлари кўринмайди.

Бағрикенглик мудом худбинлик устидан ғалаба қилиб келган.

Агар Ўзбекистонда давлат раҳбарининг феъли дарёлиги бўлмаганида эди, албатта авлодлар ўртасида тафовут содир бўларди. Оталик, оналик, болалик, оқсоқоллик, кайвонилик, камтарлик маънавиятига алоҳида урғу берилмоқда. Бу ўз-ўзидан туғилаётган, шунчаки гапирилаётган, йўлига қилинаётган ишлар эмас. Чуқур маъно-моҳияти бор.

Совет заминида 35 ёшли райкомни сира кўрганмидингиз. Ҳозир 25 ёшли вазир ўринбосари, 30 ёшли Олий Мажлис депутатини ҳам кўриб турибмиз. Аввалги даврда 30 ёшли ҳатто калхўз раиси бўлмаганини назарда тутсак, бу худди бир тушга ўхшайди.

Ёш бир укамизни кўзда тутиб гапиряпман. Президент уни бутун бошли вилоятга раҳбар этиб қўйишда оддий таваккал йўлини тутмагандир. Бир муддат туман ҳокими бўлганида, ундан аввал вилоят ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаганида у нечоғли халқ билан ишлай олиши, тил топа билиши, иқтисодий ислоҳотларни эпчиллик ва қатъият, қолаверса, чуқур билим билан амалга ошира олишини кўрсатади. Тез кўзга кўринди, халқ унга ишонди, эргашди. Олий Мажлисга депутат қилиб сайлади. Кўп ўтмай Сирдарё вилоятига… Ҳа, барча чигил, мураккаб масалаларни, айниқса кўплаб миллатлар, турли жойлардан ҳар хил вақтларда келиб бугун бирга яшаётганини ҳисобга олиб, улар билан бевосита тил топиша олишига ва яхши ишларга йўналтира билишига, шунингдек, оғир шароитда муносиб ислоҳотлар ўтказа олишига ишонди Президент. Ўйлаймизки, у бу ишончга зинҳор путур етказмайди ва бу туйғу унинг шахт ва ирода билан олиб бораётган ишларида, сўзларида, фикрларида, ўй-кечинмаларида яққол сезилиб турибди.

Ўзбекнинг алами, қасос олиш ҳис-туйғулари нақадар кучли бўлса, унинг кечиримлилик фазилати бундан кам эмас. Бу фазилат инсонни қанчалар улуғвор кўрсатади.

Истиқлолга ўзимизда тиш-тирноғи билан қарши ҳаракат қилганларни кўрмаган бўлсак-да, довдираган, иккиланганларни кўрдик.

Иккиланган одам беқарор бўлади. Беқарор одам дўст бўлмайди. Дўст бўлмагандан садоқат кутиш мумкинми? Ишониш мумкинми унга?

Шарқда авлод билан авлоднинг ўртасига чиройли кўприк қуришган. Бу – устоз-шогирдчилик кўпригидир.

Устоз ҳам, шогирд ҳам шу кўприк олдида қадим анъаналарга асосан эҳтиромли бўлишга мажбурдир. Устоз-шогирдчиликни ҳамма соҳада кўриш мумкин, айтайлик, сиёсатдан тортиб миробчиликкача.

Бу анъана ҳам, илойим, ўлмагай!

Одамни яхши сўз тарбия қилади. яхши сўз эса яхши кўнгилдан чиқади. Зеро яхши кўнгил эгалари яхши тарбиячилардир.

Устоз Абдулла Ориф марҳум шогирди Равшан Файз ҳақида китобига сўнгсўз ёзаётиб дейди: “Равшан Файз истеъдодли шоир, оқибатли дўст, меҳрибон ўғил, оқибатли ота, энг муҳими, куюнчак ва дилкаш инсон эди…

…У мени ўзига устоз санаганидан ва шундай такрорланмас шогирдим борлигидан қувониб юрардим ҳамиша…”

Бир гал Ойбек домла Саид Аҳмад домлага рўпара келиб айтган экан:

“… Сиз Ғафур домла билан жуда узоқ вақт бирга бўлгансиз. Ёзинг! Нимаики билсангиз ҳаммасини ёзинг. Шеърларининг маъносини чақаман, деб уринманг. Бу гапларни адабиётшуносликка қўйиб беринг. Ғафурнинг қанақалигини ёзинг. Гапи қанақа, юриши қанақа, қилиғи қанақа, шуларни ёзинг. Агар Ибн Сино, Рудакий, Беруний каби алломаларнинг ёнида юрган дўстлари хотиралар ёзишганида, тарихчилар қийналиб ўтиришмасди. Бизда ҳатто кечагина ўтган Муқимийнинг сурати ҳам йўқ. Агар бу ишни қилсангиз, Ғафур тўғрисида ёзилган асарлар қаторига яхши бир хайрли иш қўшган бўласиз. Ёзинг. Албатта ёзинг!”

Абдулла аканинг укаларига меҳрини, Ойбекнинг келажак авлодлар учун буюк тенгқурининг гўзал хотира китоб бўлишини орзу қилиб ёзувчи укасига маслаҳат берганини англаб олиш қийин эмас.

Бу авлоднинг авлодга қилган яхшилиги, меҳр-оқибатидир.

Абдулла Орипов, анча йиллар бўлди, бир шогирдидан (кимлиги эсимда йўқ – бирор мансаб эгаси бўлса керак) ёзғирган эди.

– Фалончининг бошини силайман, деб қўл чўзган эдим, бармоғимни тишлаб олди!

Жуда образли сўз. Кўз ўнгимга лоп этиб апчарка кучук келган эди. Аввал роса кулиб, кейин устозларни қопиш даражасига етган шогирдлар ҳақида ўйлаган эдим.

Чамаси, ўн йиллик тафовутлар авлодлар чегарасини белгилар. Лекин буям қатъий чегара эмас. Тушунча ва дунёқарашлар, замонавий қабул қилиш, атрофни тушуна олиш қобилияти кўпинча тафовут келтириб чиқаради.

Шу маънода 26 йиллик мустақиллик тарихимиз ҳам, таъбир жоиз бўлса, мустақиллик даври авлодини яратиб улгуряпти, бу авлоднинг аниқ белгиланган ёшини айтиш қийиндир, аммо суяги қота бошлаган ёш-ялангдан то фикри қотиб қолмаган, юраги ҳам тафаккури жўшиб турганларни мазкур авлод вакиллари дегим келади.

Бу авлод юртнинг келажагини, бўлажагини ҳал этади.

Бу – кўзлари ёниб, қалб шиддати кўпириб, мудом ишонч ила буюк истиқболга интилаётган, истиқболга бошлаётган авлоднинг бақувват қўлини маҳкам сиқиб қўйинг, биродар!

 

Собир ЎНАР

 

“Ижод олами”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.