Амир Темур ва Йилдирим Боязид

0
2595
марта кўрилган.

Кириш

Жаҳон тарихининг, турк оламининг икки машҳур намояндаси ўртасидаги муносабатлар фақат икки шахсгагина ёки икки мамлакатгагина тегишли эмас. Улар умумжаҳон тарихига тааллуқли бўлиб, ҳар бир шахсга тўғри ва одилона баҳо бериш жуда-жуда муҳимдир. Турон султони билан Рум императори ўртасида йигирма тўрт ёш фарқ бор. Амир Темур милодий 1336 йилда таваллуд топган, Йилдирим Боязид эса милодий 1360 йилда туғилган.

 

1

Қудратли икки туркий давлатнинг бир-бирлари билан тўқнашмасликлари мумкинмиди? – дея кўпинча ўзимизга ўзимиз афсусланиб савол берамиз. Албатта, мумкин эди! – деб жавоб қайтарадилар идроки тиниқ инсонлар. Чунки бунга жуда ишонарли сабаблар ҳам бор эди. Замон ва вазият ҳақида яхшироқ тасаввур ҳосил қилиш, икки ҳукмдор, икки давлат орасидаги муносабатларни тиниқлаштириш учун, ўша пайтда ёзилган ва бизгача етиб келган манбалар асосида сўз юритиш мақсадга мувофиқдир. Бундай манбаларга Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат (1403–1406)”, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” сингари асарлар киради.

Икки тарихчи – бири бевосита Амир Темурнинг топшириғи ва тавсиялари асосида китоб ёзган, шу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган Низомиддин Шомий (1404), иккинчиси – Амир Темур набираси Шероз ҳокими Иброҳим Султон назорати остида, қаттиқ текширилган далилларга суяниб тарих битган Шарафиддин Али Яздий (1425) – ўз китобларида бир хил ҳақиқатларни келтириб ўтадилар. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар икки китоб, айниқса, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си жаҳон темуршунослари томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳақида битилган энг ҳаққоний ва энг мукаммал асар сифатида тан олинган. Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си Амир Темурнинг 1360–1404 йил июлигача бўлган ҳаёти инъикосидир. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сининг қамрови эса кенг, у турк хонларининг шажараси ва Чингизхон тарихини ёритган “Муқаддима” билан бошланади. “Бу асарга асос бўлган илк нусхани (Амир) Темурнинг сарой кундаликлари ва бошқа манбалар (уларга Ғиёсиддин Алининг “Ҳиндистон ғазовоти кундалиги”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, балки Муъиниддин Натанзийнинг “Мунтахаби таворихи Муъиний” асари, ва албатта, Амир Темур қаламига мансуб “Тузуклар” кирган деган фикрдамиз. – М. А.) асосида ва сарой котибларининг ёрдамида Иброҳим Султон ёзган. Бу нусхани қайта ишлаб ва яна бошқа манбалардан фойдаланиб Шарафиддин ўз “Зафарнома”сини яратган.”[1]

Амир Темур билан Йилдирим Боязид ўртасида бевосита алоқалар, бошланар экан, Низомиддин Шомий ўз асарида замонанинг кўпчиб турган воқеаларини қаламга олади, жуда ишончли фактларни келтиради.

“Рум аҳолиси… – деб ёзади муаррих. – Соҳибқирон ҳазратнинг қудрату ҳайбатини кўрган ва уларнинг лашкарлари, ғалаба ёр аскарларнинг шавкату шижоатини мушоҳада қилган эдилар. Улар амир Боязидни сулҳ қилишга ундадилар. Самимий насиҳатгўйлар турли иборалар билан: “Шундай бир соҳиби давлатга қарши мухолифат изҳор қилишнинг хосияти бўлмайди, маслаҳат сулҳу иттифоқлиқдадир”, деб тушунтирдилар. Амир Боязид ушбу дилдан айтилган насиҳатларга қулоқ солиб, ислом дини қозиларидан бирини улуғ амирлардан бирига қўшиб, элчилик тариқасида Амир Соҳибқирон ҳазратга юборди…”[2]

Худди шу ҳодисани Шарафиддин Али Яздий бундай тасвирлайди: “… Рум вилоятининг акобиру аозим ва уламоу сулаҳо барча Йилдирим Боязидқа келиб насиҳатлар қилдиларким ва дедиларким: “Бу подшоҳким, бери мутаважжиҳ бўлиб турур, давлати асру қавий турур ва бу чоққача ҳар ким анинг била мухолифат қилиб турур, мақҳур бўлиб турур (яъни таҳқирланди, хор бўлди)… Ва бу ишлар бир абас эрмас ва мундин ҳазрат Субҳоннинг инояти маълум турур. Мундоқ киши била мухолифат қилмагил ва мувофиқ бўлмоқ керак, то вилоят амонда бўлғай…” Йилдирим Боязидқа бу сўзлар маъқул тушуб, ўзи тақи қўрқуб эрди, Ислом қозиларидин ва бир беги била бир хатким битти, мазмуни итоат ва инқиёд (бўйсуниш) турур, Соҳибқиронга йибарди…”[3]

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”да Рум қайсари мактуби мазмунини ҳам келтириб ўтиши жуда эътиборлидир: “Чун инобати Ҳазрат Ҳаққ хизонасидинки, “тувта ал-мулка ман ташаъа”[4], подшоҳлик хилъати била ул Ҳазратнинг иқбол қоматини ораста қилиб турур – деб ёзади Йилдирим Боязид. – Биз ҳам тобиъ ва мутиъдурбиз. Агар мундин бурун хилофи қоъида биздин баъзи нималар воқиъ бўлди, эмди мундин нари итоат ва инқиёддин ўзга ишимиз бўлмағусидур.” [5]

1401 йилда Қорабоғда қишлоқ солиб турган Амир Темур мактуб билан танишиб, сулҳ тилаб, яхшиликни кўзлаб келган Йилдирим Боязид элчиларини очиқчеҳралик билан қарши олади ва дейди: “Мен табиатан у томонга юзланиш ва у мамлакатга лашкар суришни хоҳламаймен(яъни, буни кўнглим истаб тургани йўқ). Амир Боязид доимо фарангларга қарши ғазот қилаётганлиги сабабли, мен фарангликлар қувватланиб, аҳли исломнинг кучсизланишини истамаймен.”[6]

Бу ерда чуқур мантиқ бор. Амир Темур Йилдирим Боязиднинг фарангларга ғазот қилмоқчи эканидан хабардор, бундай қадамларни у ҳамиша қўллаб келади, шу сабабдан Румга юриш нияти йўқ.

Демак, Рум қайсари Йилдирим Боязидда даставвал Турон салтанати билан урушга юз буриш мақсади бўлган эмас. Биринчидан, у олис Турондан чиққан Амир Темурга оддий амирнинг ўғли сифатида қараган (фикримизча, у Амир Темурнинг қудратли, буюк саркарда экани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасди, балки унга бу ҳақда атайлаб айтишмаган ёки ўзи ҳам тузукроқ сўраб-суриштирмаган), унчалар писанд қилмаган ва шундай амирнинг жаҳонни титратиб турган императорга қарши журъат этиб майдонга чиқишини хаёлига ҳам келтирмаган. Бу ерда бундай дейишга асос ҳам етарлидек: бу пайтда ҳеч қаерда оти қоқилмас, ҳамиша ғалаба ёр Усмонли император 1396 йилда Никополь ёнида Европадан ёпирилган салибчилар қўшинини мағлубиятга учратиб довруқ таратган, Болқон яриморолида янги ҳарбий юришларни бошлаб юборган, Юнонистон ҳудудига Аттика билан Пелопоннесга бостириб кирган, айни пайтда Европага катта ҳарбий сафар уюштириш тадорики билан қаттиқ банд эди, иккинчи томондан кўп йиллардан бери Истанбул муҳосараси ҳам унинг қўл-оёғини боғлаб турарди. Рум қайсари Йилдирим Боязид “… етти йил давомида Константинополни қамал қилди ва шаҳар аҳлининг тинкасини қуритиб, тиз чўктиришни ўйларди. Шаҳарда қаҳатчилик бошланиб, ҳеч қандай “егулик ва ўргулик” қолмади. Қишда иситиш учун, уйларни бузиб, ёғочларини ўтин қилдилар…”[7]

Йилдирим Боязиднинг икки давлат ўртасида яхшилик алоқаларини ўрнатиш борасида Соҳибқиронга уч марта элчи юборгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Чунончи, у Арзинжон ҳокими Таҳуртанга киши жўнатиб, дейди: “Мени Соҳибқирон била яраштургил… Агар мени Соҳибқирон била яраштурсанг, мен сенинг ўғлон-ушоғингниким, навоҳаи Бурсага йибарибмен, сенга йибарайим. Албатта андоқ қилғилким, ароларимизда дўстлуқ бўлиб, бориш-келиш (Таъкид бизники – М. А.) бўлғай, то мусулмонларга ташвиш бўлмағай.”[8]

Арзинжон ҳокими Таҳуртан бу хушхабарни Нахичевонда турган Амир Темурга етказишга шошилади. Муаррих ёзади: “Таҳуртан келиб Ҳазратни кўрди ва Йилдирим Боязиднинг сўзларини арзадошт қилди. Соҳибқирон бу сўзларни эшитиб, қаҳр ва ғазабидин таскин топиб (Таъкид бизники – М. А.), неча кун анда ўлтурди…”[9]

Амир Темур ҳам юқоридаги мактубида Йилдирим Боязид сўзларига ҳамоҳанг тарзда фикр юритади. Амир Темур қароқчи ва йўл кесар Қора Йусуфнинг ҳажга бораётган мусулмонларга кўп ташвишлар орттираётгани, уни ҳимояга олиб жой бермаслигини, жазолашни, ҳеч бўлмаса мамлакатдан чиқариб юборишини сўрайди ва давом этади: “Ана шунда ўртамизда ота-болалик, дўстлик ва иттифоқлик барпо бўлади, қиз бериб, қиз оламиз.(Таъкид бизники – М. А.) Ҳар нимагаки қодир бўлсак, ёрдам қиламиз ва кўмаклашамиз.”[10]

Кўриниб турибдики, Соҳибқирон ҳаракатларида ҳам машъум ниятлар сезилмайди. Чунки “қиз бериб, қиз олиш, ота-бола бўлиш” – жуда ҳам яқинликни, қариндош бўлиш истагининг кучлилигини намоён этади. Дўстлик ва иттифоқликка эса ҳар қандай оқил инсоннинг интилиши табиий ҳолдир.

Хўш, икки ҳукмдор бир-бирларига яхши муносабатларда экан, у ҳолда қаттол жанг, ўша замоннинг энг катта уруши қайдан келиб чиқди? Урушнинг асосан келиб чиқиш сабабини ўртадаги одамлардан излашимиз керак, деб ҳисоблаймиз. Бу йўлда “хизмат” қилганлар қаторига бемалол Арзинжон ҳокими Таҳуртан, амир Қора Йусуф, Ироқ подшоси Султон Аҳмад жалойир, Қайсария, Тўқат ва Сивас ҳокими Қози Бурҳониддин кабиларни кирита оламиз.

Таҳуртан доим Рум салтанати томонидан сезилар-сезилмас тазйиқни ҳис қилиб келарди. Амир Темур 1386 йилда Арзирумда турганида Арзинжон ҳокими Таҳуртанга элчи юборади ва мухолиф бўлишнинг ёмон оқибатидан сақланишни маслаҳат бериб огоҳлантиради ва уни итоатга чақиради. Бир оздан кейин Арзинжон ҳокимининг элчиси “туҳфалар ва подшоҳона ҳадялар келтирди, қуллик изҳор айлаб, бўйсунди.”

Айни шу воқеа ҳақида Шарафиддин Али Яздий бундай ёзади. Амир Темур “… Арзинжонга элчи йибарди. Таҳуртанким, ул ернинг ҳокими эрди, Ҳазратнинг элчисини яхши кўриб, сийлаб кўп нима берди ва итоат йўлидин кириб, божу хирож қабул этиб, элчи билан кўп пешкашлар Ҳазратқа йибарди…”[11]

Соҳибқирон шу йилнинг ўзида Ван ва Вастон сари мутаважжиҳ бўлганда Озарбайжонда турган Таҳуртан кўп совға-саломлар ва пешкашлар жўнатаркан, мактубида Амир Темурга эҳтиромини билдириб, шундай сўзларни битади: “Банда ва хизматкор ва давлатхоҳи Ҳазрат Соҳибқирондурмен.”[12]

Ўша-ўша Таҳуртан билан Амир Темур ўртасида садоқат асосига қурилган мустаҳкам ҳамжиҳатлик пайдо бўлди. 1394 йилда Амир Темур ўғли Умаршайх Мирзонинг бевақт ўлимидан мусибат чекиб турганда Таҳуртан Рум сарҳади бўлган Арзинжондан етиб келади ва мақбул хизматлар кўрсатади. 1400 йил февралида Таҳуртан Бардаъага келиб Соҳибқиронни зиёрат қилади. Таҳуртан 1400 йил ёз ойларида Арзирумда Сивасга отланаётган Соҳибқиронни пешвоз чиқиб кутиб олади…

Бундай мулозаматлар албатта яхши самаралар бермай қолмасди. Таҳуртан шу тахлит Амир Темурнинг ишончини қозонди ва ихлос билан унга хизмат қилди. Соҳибқирон ўзига садоқат кўргизган инсонларни бағоят қадрларди. Шу сабабдан, ўзининг фуқароларига, жумладан, Таҳуртанга бирон ёқдан кўрсатилган тазйиқ Амир Темурга ҳамиша оғир ботарди.

Амир Темурга ғарбий юришлар чоғида қора қўюнли туркман қабиласи амири Қора Йусуфнинг Ҳижозга боргувчи ҳожилар ва бошқа савдо карвонларини талаб, қароқчиликни касб этиб олганидан хабар берадилар. Соҳибқирон ўзини ислом динининг мураввижи, яъни динга ривож бергувчиси, ҳомийси, қўлловчиси деб ҳисобларди. Бу ҳақда замон уламосининг улуғи бўлмиш машҳур файласуф олим Муҳаммад Саййид Шариф Журжоний (1330–1414) Амир Темурга мактуб йўллаб, шундай ёзади: “Илгариги ва кейинги авлод ислом олимларининг барчаси бир оғиздан иттифоқ бўлиб, Оллоҳи таоло, ҳазрати рисолатпаноҳ Муҳаммад пайғамбаримиз, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсун, динига ривож бергувчи сифатида ҳар юз йилда бир кишини ихтиёр этади… Саккизинчи юз йилликнинг бошида Амир Соҳибқирон дини мубинни ривожлантирди ва ҳар томонга ёйди. Дини ислом оламнинг турли ўлкалари ва шаҳарларида равнақ топди. Ҳақли равишда бу асрда диннинг тарқатувчиси Амир Соҳибқирон эканлиги тасдиқланди…”[13]

Табиийки, бундай ҳолатда Соҳибқирон Қора Йусуфнинг бузғунчиликларига, мусулмонларга заҳматлар етказилишига жим қараб туролмасди. Тўқнашишлардан қочиб, ҳеч бир тутқич бермайдиган Қора Йусуф Ироқ ҳокими Султон Аҳмад жалойир билан Амир Темурга қарши иттифоқ тузади… Қози Бурҳониддин эса Рум қайсари, Миср султони, Ироқ ҳукмдори ва бошқаларга Амир Темур бостириб келаётгани ҳақида ваҳимага тўла мактублар юборади…

Аммо улар Амир Темур ҳужумига дош беролмай қочиб жон сақлайдилар, қудратли Рум ва Миср султонларидан паноҳ излайдилар, тез-тез Йилдирим Боязид билан Султон Барқуқ саройларида меҳмонда бўладилар. У ердаги машваратларда ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Амир Темур ҳақида, Таҳуртан эса Йилдирим Боязид тўғрисида ҳақиқатдан йироқ нохолис сўзлар, маълумотларни айтиб, фисқу фасодлар тўқиб (ожиз одамнинг бошқа чораси йўқ!), ҳар икки ҳукмдорни ҳам чалғитганларига сира шубҳа қилмаймиз. “Бир қанча муддатдан буён мамлакат ўртасида бузуқчилик қўлини чўзиб, мусулмонларга йўлларни танг қилиб, ҳожилар карвонларига зарар-заҳмат етказиб келган Қаро Йусуф бу пайтда Рум мамлакатига паноҳ тортиб борган эди.”[14] – деб хабар беради Низомиддин Шомий ҳам.

 

II

Номлари юқорида зикр этилган одамлар туфайли замоннинг икки қудратли ҳукмдори орасида совуқ шамоллар эса бошлайди. 1403–1406 йилларда Амир Темур саройига саёҳат қилган Кастилия (Испания) элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундаликларида Рум қайсари ва Турон султони ўртасидаги муносабатлар ҳақида шундай хабар беради: “Темурбек ва турк султони Боязиднинг бир-бирларини яхши билишлари ва Темурбекнинг унга қарши уруш бошлашининг сабаблари қуйидагича: – деб ёзади у. – Арсинга (Арзинжон) шаҳарининг ҳокими Заратан (яъни Таҳуртан, испан элчиси эшитганига қараб шундай ёзган) ерлари Туркия ерлари билан туташ эди. Таҳуртан ерларини, айниқса, Камох қалъасини эгаллашга ошиққан Боязид Таҳуртандан бож тўлаш ва Камох қалъасини топширишни талаб қилди. Таҳуртан қайсарнинг ҳокимиятини тан олиши ва бож тўлашга тайёрлигини айтади, аммо қалъани топширолмаслигини билдиради. Қайсар унга одам юбориб, қалъани албатта топшириши зарурлиги, агар бундан бош тортса, бутун мулкидан айрилишини маълум қилади. Шунда Темурбекнинг бемисл қудрати ҳақида эшитган Таҳуртан, ўша кунларда Форсда турган ва жангда Форс ҳукмдорини мағлуб этган Турон султонига мактубу совғалар билан элчи юбориб, Боязиддан ҳимоя айлашини, ўзини эса Темурбекка тобе деб билишини, худди унга бир асирдай муомала қилишини ўтиниб сўрайди.”[15]

Таҳуртандан Рум қайсарининг талаби ҳақида эшитган Соҳибқирон ғазабга келади. У дарҳол мактуб ёздириб, Йилдирим Боязидга жўнатади. Амир Темур мактубида писандсизлик оҳанглари кўриниб турарди: “… Бугун, худога шукрки, рубъи маскун мамлакатлари бизнинг тасарруфимиз ва фармонимиз остидадур, атрофу жавониб маликлари бизга мутиъ ва фармонбардордурлар… – дейилади мактубда. – Агар ўз ҳаддингни сақлаб, ўз қадринг палоси ўлчамидан ташқарига қадам босмасанг, – бу сенинг учун яхшидир. Яна билгинки, сен фаранг лашкари билан ғазот ва жанг қилаётганингни эшитиб, то ҳозиргача сенинг диёрингга дахл қилмадук ва у мамлакатга бизнинг нусратли аскарларимиздан бирор зарар етишини хоҳламадук, чунки бу мусулмонларнинг тинчлик-фаровонлиги ва бединларнинг шикасту бахтсизлигига сабаб бўлғай… Ҳозир сен мағрурлик мақомига қадам қўйиб, ўз ҳаддингдан ташқари сўзларни айтаяпсан, сенга бориб етмайдиган нарсани истаяпсан, балони зўрлаб ўзингга тортаяпсан, тинчлик ва саломатликнинг қадрини билмаяпсан… Ақлни ишлат, фитнаю бало эшигини ўз юзингга очма!..”[16]

Амир Темур ҳақида аввал ҳеч эшитмаган Йилдирим Боязид, дунёда ўзидан кучлироқ кимдир бўлишини хаёлига ҳам сиғдиролмасди, мактубни ўқиб қаттиқ жаҳл отига минди ва деди: “Кўп муддатда унга қарши чиқиб жанг қилишни кўнглимга тугиб қўйганман, ҳозир эса бунга жазм қилдим ва у томонга юзланяпман, агар у келмаса, мен Табриз ва Султония томонига бораман.”[17]

Шуниси эътиборлики, бу воқеа 1404 йилда ёзилган Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”сида ҳам, 1406–1412 йилларда қоғозга тушган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо кундаликларида ҳам, 1425 йилда битирилган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида ҳам айнан юқоридагидек даражада ёритилган. Воқеанинг интиҳоси Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи”[18] асарида тасвирланган.

Шарафиддин Али Яздий “Ҳазрат Соҳибқирон (нинг) Рум сори таважжуҳ қилғонин сабаби”ни Қора Йусуф қилмишлари билан боғлайди. 1401 йилда яхши ниятлар этагини тутиб келган Рум элчиларига: “Биз ҳам сизлар билан дўст турурбиз ва кўнглимизда ул андиша йўқ турурким, ул сори черик элитгайбиз…” деган Соҳибқирон, Йилдирим Боязид олдига шундай шарт қўяди: “Аммо Қора Йусуф Туркмонким, мусулмонлар ичида кириб турур, ё улдурким ани ўлдуруб мусулмонларнинг хотирини андин жам этсун, ё улким ани банд қилиб, бизга йиборсун. Бу ишдин бирини қилса аромизда дўстлиқ бўлғуси турур…”[19]

Кейин Ҳумоюн ўрду, аъёну акобирлар, аҳли лашкар Ара(к)с дарёсидан ўтиб Оқтом мавзеига йўл олади, бу ерда саҳро ва тоғларда катта ов уюштирилади. Ҳурмат кўргизиб, Румдан келган элчиларни овга таклиф этадилар. Ов бир неча кун давом қилади. Овдан кейин бўлган суҳбат яна қизғин кечади. Рум элчиларига тўнлар кийдириб, олтин камарлар тақадилар. Соҳибқирон яна таъкидлайди: “Биз бу қиш (1401–1402) мунда (яъни Қорабоғда – М. А.) турурбиз. Аввал баҳорда Румға яқин борурбиз, кўрарбизким, қайсардан бизга не жавоб келур. Агар яхши жавоб келса, фа ҳува ал-мурод[20], йўқ эса кўрали, то не бўлғуси турур”[21]. Амир Темурнинг элчиси Чимбой Элчикдай ҳам Рум элчиларига қўшилиб жўнаб кетади.

Авник мавзеига келган Соҳибқирон икки ой Румдан элчилар йўлига кўз тикиб кун ўтказди, аммо улардан, афсуски, дарак бўлмади…

Бу орада Амир Темур вақтни беҳуда ўтказмай, Камох қалъасини фатҳ этишга фармон берди, бу ишни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Султон амалга оширди. Худди шу паллада Рум элчилари Чимбой Элчикдай билан бирга келиб қолдилар. “Аммо қазодин муқаррар бўлғон эрмишким, Румни Ҳазрат Соҳибқирон мусаххар қилғай. Йилдирим Боязидни шайтон васваса қилиб, савоб йўлидин чиқордиким, инқиёд ва итоатдин сўнг яна мухолифат изҳорини қилди…”[22]

Шарафиддин Али Яздий Йилдирим Боязиднинг жавоб мактубида”номаъқул сўзлар” борлигидан хабар беради, аммо одоб юзасидан келтириб ўтирмайди. Низомиддин Шомий ҳам бу ҳақда ёзганда, тафсилотларга берилмай, Боязиднинг “бемаза мактублар”, “нотўғри хабарлар” юборганинигина айтиш билан чекланади.

Руи Гонсалес де Клавихо Йилдирим Боязиднинг Амир Темурга таҳдидли мактуби ҳақида ёзаркан: “… агар Соҳибқирон чекиниб кетмаса, уни албатта асир олиши ва катта хотинига сўзсиз уйланишга қасам ичгани” ини[23] эътироф этади. Ибн Арабшоҳ эса ўз китобида бу ҳақда очиқроқ ёзишдан тортинмай, Рум қайсарининг изтиробли сўзларини келтириб ўтади, жумладан, мактуб охирида шундай сўзларни ўқиймиз: “Мен биламанки, – дейди Йилдирим Боязид. – бу сўзлар сени ҳеч тўхтатмасдан бизнинг мамлакатимизга томон отлантиради. Агар сен келмасанг, сенинг хотинларинг уч талоқ бўлсин. Агар сен келсангу мен сенга қарши қатъий уруш қилмай қочсам, у вақтда менинг хотинларим узил-кесил уч талоқ бўлсин!”[24]

Бу жуда ҳам чидаш мушкул бўлган азиятли ҳақорат эди. Соҳибқиронга хос кенгфеъллик, кечиримлилик каби туғма хислатлар шу ерда яққол намоён бўлди, Турон султони дарҳол қарор чиқармади, яна сабр этагини тутди. Аввал кўрикда лашкар ҳайбатини Рум элчиларга намойиш этдилар, кейин – одат-да! – яна элчиларга тўнлар кийдирдилар. Кузатаркан, Соҳибқирон шу сўзларни Йилдирим Боязидга етказинглар, деб тайинлади: “… Ҳануз таҳаммул[25] қилурмен, то Таҳуртаннинг кишиларини йибаргайсен ва ўғлонларингдин бирини бизга йибаргайсенким, биздин анча марҳамат ва шафқат кўргайким, сенким атосисен, кўрмағон бўлғай. То мамлакати Рум сенга мусаллам бўлғай ва сен фароғат била тахт устида қарор тобқайсен ва андағи эл-улус фароғатда бўлғай, вассалом!”[26]

Аммо бу талаблар ҳам адо этилмади…

Шу ерда Ғарб олимларининг икки ҳукмдор муносабатлари ҳақидаги дунёда кенг тарқалган нохолис ёндошишлари ҳақида икки оғиз сўз. Гўё уларнинг фикрича, Йилдирим Боязид Амир Темур томонидан хўрланган, қафасга солинган(!), заҳар ичиб ўлган ва ҳоказо. Ҳолбуки, биз мурожаат этган манбаларда бундай гаплар йўқ. Ибн Арабшоҳ бундан мустасно, чунки у ўз китоби ҳақида шундай дейди: “Мен бу қиссадан ўзим кўрганларимни эслаб, бу тўғрида бошқалардан ривоят топганларимни (Таъкид бизники – М. А.) баён қилишга иродат этдим”.[27]

Шуни айтиш керакки, мазкур китоб тасвирланаётган воқеалардан ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтиб, милодий 1436 йилда қоғозга туширилган. Шу сабабдан, унга танқидий кўз билан ёндошмоқ талаб этилади. Умуман олганда, юқоридагидек ассоссиз гапларга ишониб, уни ёзиб, тарқатиб юрганларга ажабланасан киши.

Кўп ўтмай, хушхабар элтадиган элчилар ўрнига, Рум қайсари Йилдирим Боязиднинг беадад қўшини Сивасда турган Турон лашкари билан саваш қургани Тўқатга етиб келгани, қўшиннинг сув бошини эгаллаб олгани, шаҳар атрофларидаги чангалзор ва тор йўлларни тутиб кетгани ҳақида нохуш хабар келади. “Кишигаким саодат ёри қилмағай, насиҳат ва некхоҳлуқ фойда қилмас… – алам билан дейди Соҳибқирон хунук хабарга муносабат билдириб. – Ҳар неча дедимким, ул мамлакатда бизнинг черикдин ташвиш тегмагай. Аммо бўлмас ва Йилдирим Боязид ҳар кун бир сўзни айтиб йибарур ва бир сўз устида эрмас. Агар ул Қаро Йусуфни йибарса эрди ва Камох қалъасини бизга берса эрди, ўзи ва ҳам мамлакати саломат қолур эрди. Биҳамдиллоҳким, Камох қалъаси миннатсиз муяссар бўлди. Эмди анга айтинг: чун сўзимизни эшитмадинг, урушмақ учун мардона бўлғил!..”

Бу сўзларда Амир Темурнинг сабру тоқати ҳам, ҳиммати ҳам, қавмдош ва диндош Йилдирим Боязидга бўлган дўстона, хайрихоҳларча муносабати ҳам равшан кўриниб турибди. Буни Амир Темурнинг асирга тушган Йилдирим Боязидга кўргизган жаъми меҳрибончиликлари ҳам исбот этади. Асир тушган Рум қайсарига иззат-икром билан оёқларига боғланган занжирдан халос қилиб, шоҳона (душманига!) либос кийдириб, унга атаб оқ чодир тикдириб, ўғли Мусо Чалабийни топдириб, отасига ҳамроҳ қилиб қўйиши замон кишиларини ҳайратларга солган, олқишларга сазовор қадамлардир. Кейинроқ Йангишаҳрда асир тушган, бировнинг уйида яширинган қайсарнинг хотини Деспина хоним ва икки қизини Соҳибқирон ҳузурига олиб келадилар. “Ҳазрат Соҳибқирон Йилдирим Боязиднинг хотунини ва қизларини киши-қаролари била Йилдирим Боязидқа йибарди. Ва Соҳибқирон давлатидин ул хотунким, бу чоққача кофир эрди, мусулмон бўлди.” Амир Темурнинг бу тутуми инсонийликка ёрқин мисолдир.

Ўртада гарчи катта, кейинчалик турк оламининг фожиаси деб баҳоланган муҳораба кечган бўлса ҳам, Амир Темур ўз сўзида қатъий турадиган сиймо эканини намоён қилди. У қайсарга юборган бир мактубида: “Ўртамизда ота-болалик, дўстлик ва иттифоқлик барпо бўлади, қиз бериб, қиз оламиз”, (Таъкид бизники – М. А.) деб ёзганди. Бу сўзлар узоқни кўзлаб айтилгани кундай равшан. Ростдан ҳам, номдор набира амирзода Абубакр ибн Мироншоҳ Соҳибқирон ижозатига биноан Рум қайсарининг катта қизига уйланади, Амир Темур билан Йилдирим Боязид бир-бирларига қуда бўлишиб, қариндошчиликни бошлаб юборадилар…

Соҳибқирон билан Рум қайсари ўртасидаги, балки тарихимиздаги кенгфеъллик ва кечиримлиликка улуғ мисол бўла оладиган энг таъсирли воқеа ҳақида айтмай ўтиш мумкин эмас. Гап милодий 1402 йил ёз охирларида хушманзара Олтунтош жилғасида юз берган суҳбат ҳақида боради. Бу ерда дилкаш ва оромбахш суҳбат кечди. “Ул суҳбатда Ҳазрат Соҳибқирон Йилдирим Боязидни чорладиким, кўнглини олиб, ани хушҳол қилдургай. Йилдирим Боязид мажлисда кириб ўлтурди. Соҳибқирон ани иззат тутуб, кўп ваъдалар қилди ва ул жумладин бири бу эрдиким, Рум вилоятини бурунғидек яна анга бағишлади. (Таъкид бизники – М. А.) Ва ул суҳбатда Йилдирим Боязидни асру хушҳол қилди…”[28]

Шарафиддин Али Яздий ўз китобида Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга Румни яна топшириб қайтмоқчи бўлгани ҳақида такрор тўхталган. 1403 йил 9 мартда Амир Темурга Рум қайсари вафоти ҳақида хабар етди. “Йилдирим Боязид заййиқи нафас (нафас қисиши) ва хунок марази (қон босими) била кетиб турур. Соҳибқироннинг муборак кўнгли бу жиҳатдин кўб мутаалам бўлди ва муборак кўзидин ёш чиқиб йиғлаб: “Инна ли-ллаҳи ва инна илайҳи рожиъуна”[29], ўқуди. Ҳазратнинг ҳимматида бу эрдиким, Рум мамоликини тамом забт қилғондин сўнг Йилдирим Боязидқа бериб, йана ани тахти давлатқа ўлтурғузуб, қайтқай. Аммо тақдир хилоф этиб, Йилдирим Боязидни ўзга оламга элтти… Ва Йилдирим Боязиднинг кишиларига азза эткуруб, йахши сўруб, тўнлар кийурди. Ва ўғли Мусо Чалабийни хосса тўн ва олтин камар берди ва юз от барчаси эгар-юганлик берди. Ва Бурсаким, Рум вилоятининг пойтахти турур, анга берди ва ижозат бериб, Бурсаға йибарди. Ва Йилдирим Боязиднинг сўнгакини подшоҳлар тартиби билан Бурсага элтиб, ўзи ясаған иморатига қўйдилар…”[30]

Буларнинг бари Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга инсоний ҳурмати баландлигини кўрсатади. Рум қайсари вафоти хабарини эшитиб, “муборак кўзидин ёш чиқиб йиғлаган” Соҳибқироннинг қандай инсон эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Амир Темур ўзининг жўшқин ҳаёти, қизғин фаолияти, кўп ибратли фазилатлари билан комил инсон даражасидаги сиймо эканини намойиш этди ва жаҳон тарихида мангуликка муҳрланиб қолди.

 

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти совриндори,

филология фанлари номзоди

 

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–4


 

[1] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 4-бет.     

[2] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Т., 1996. 322-323-бетлар.       

[3] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 253-бет. 

[4] Қуръони карим. Оли Имрон сураси, 26-оят. Мазмуни: “Сен истаган кишингга мулк ато қилурсан”.

[5] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 253-бет.

[6] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Т., 1996.. 323-бет.       

[7] Ф.И.Успенский. История Византийской империи XI-XV вв. М., 1997. Стр.607.         

[8] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 249-бет. 

[9] Ўша манба. 250-бет.

[10] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Т., 1996. 323-бет.      

[11] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 111-бет.

[12] Ўша манба. 112-бет.

[13] “Темур тузуклари”. Т., 2011. 81-бет.        

[14] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Т., 1996. 322-бет.      

[15] Руи Гонсалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Темура(1403-1406). М., 1990. стр.66.

[16] Низомиддин Шомий. Зафарнома. Т., 1996.  284-бет.     

[17] Ўша манба. 285-бет.

[18] Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. Т., 1992. 1-китоб. 193-бет.

[19] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 253-бет.

[20] Арабча:  айни муддао, маъносида.

[21] Ўша манба. 253-бет.

[22] Ўша манба. 256-бет.

[23] Руи Гонсалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Темура(1403-1406). М., 1990. стр.67.  

[24] Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. Т., 1992. 1 китоб. 258-259-бетлар.           

[25] Таҳаммул – сабр, тоқат, чидам.    

[26] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 257-бет.

[27] Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. Т., 1992. 1-китоб. 67-бет. 

[28] Ўша манба. 264-265-бетлар.          

[29] Қуръон. Бақара сураси. 156-оят. Мазмуни: “Биз Оллоҳ бандаларимиз ва Оллоҳга қайтгувчилармиз”.   

[30] Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Т., 1997. 270-бет

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.