Йўлни бурдим тоғ томон

0
239
марта кўрилган.

 Иccиқхона

 

Ташқарида қор, аёз

Ич-ичидан ғувлайди.

Ичкарида худди ёз

Помидорлар гуллайди.

 

Ташқарида болалар

Отар шодон яхмалак.

Бу ерда тугиб ётар

Бодринглар отиб палак.

 

Ташқарида оққан сув

Кечга бориб музлайди.

Ичкарида капалак

Гул аро визиллайди.

 

Ташқарида қаҳратон

Қиш ҳукмини ўтказар.

Ичкарида парча ер

Элга неъмат тутқазар.

 

Юртимиз кўп ажойиб,

Тўрт фаслга эгадир.

Деҳқон бобо қишда ҳам

Бекор ётмас негадир.

 

Ташқарида қор, аёз,

Ичкари иссиқхона.

Ям-яшилдир парча ер,

Жудаям қизиқ хона.

 

Типратикон

 

Ўт-ўлан майдонида

Пилдирайсан, чопасан.

Намунча ошиқмасанг,

Айтгин, кимдан хафасан?

 

Уйчанг қаерда, айтгин,

Ким ярайди кунингга?

Нега ўраниб олдинг

Тиканакли тўнингга?

 

Бошқа кўйлагинг йўқми,

Бу ишинг бўлмас оқлаб?

Онанг сени эркалар

Қандай ўпиб, қучоқлаб?

 

Сўқмоқ

 

Йўлни бурдим тоғ томон,

Йўламай деб ёмонга.

Буралганча эй сўқмоқ

Бошладинг қай томонга?

 

Қия чиқди олдимдан,

Қандайин тегингайман?

Отимдан тушиб секин

Ортимга чекингайман.

 

Йўлни бурдим сой томон,

Йўламай деб ёмонга.

Буралганча эй сўқмоқ

Бошладинг қай томонга?

 

Жарлик чиқди олдимдан,

Мен қандай тегингайман?

Тушиб секин отимдан,

Ортимга чекингайман.

 

Йўлни бурдим водийга,

Йўламай деб ёмонга.

Қайга йўқолдинг, сўқмоқ,

Жавоб бергин саволга?

 

Нидо келди самодан:

– Нетдинг заҳматдан қочиб?

Ахир, сен ҳам яшаб кўр,

Янги сўқмоқ – йўл очиб.

 

Ҳаёт – абадий сўқмоқ,

Синар бизни сўқмоқлар.

Ёмғирдан қочиб дўлга

Тутиларкан аҳмоқлар.

 

Қушлар тили

 

“Чирқ-чирқ” этади чумчуқ,

“Ку-ку”лайди мусича.

Шақиллаб олашақшақ

Куйларди билганича.

 

Ҳўв, теракнинг учига

Қўниб олганча майна,

Қайси қушнинг тилида

Уни қилмоқда майна.

 

Қора тўнли қарғавой

Шудгор узра “қағ-қағ”, дер.

Айни кўклам чоғида

Қайдам, қорни ёғ-ёғ, дер.

 

Қушлар кўз-кўз қилишар

Овозини, ҳуснини.

Қойил қоладир какку

Такрорлаб ўз исмини.

 

Тўрқовоқда бедана,

Зорланади:

“ – Питпилдиқ.

Яйрардик бедазорда,

Энди тўрга тутилдик!”

 

Чаманни этиб ошён

Розин айтганча гулга,

Шўх-шодон сайрар экан,

Мафтун бўлдик булбулга.

 

Бири маҳзун, бири шод

Сайрашади қушчалар.

Ўз тилида чуғурлаб

Яйрашади қушчалар.

 

Сайрашади, сайрамоқ

Ихтиёри қўлида.

Ўз фикрин айтишмоқда

Улар ўзин тилида.

 

Неъмат ДУШАЕВ

 

“Шарқ юлдузи”, 2017–1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.