Йўлим қуёш томондир

0
259
марта кўрилган.

Истиқлол болалари

 

Истиқлолдан баҳра олган,

Юрт меҳрини дилга солган,

Шодлик куйин баланд чалган,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.

Чақин чақнар кўзимизда,

Олов борда кўксимизда,

Ёлғон йўқдир сўзимизда,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.

Ватан – озод, Ватан – обод,

Келажакка борамиз шод,

Шодон авлод – соғлом авлод,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.

Аъло ўқиш – чин онтимиз,

Ўзбек элин қувончимиз,

Буюк Ватан ишончимиз,

Биз болалар, биз болалар –

Қувноқ ўғил-қиз болалар.

 

Юрт байроғи

 

Элнинг эрку ғурурин –

Рамзи, бахт чароғи бу!

Озод юрт байроғи бу,

Обод юрт байроғи бу!

 

Улуғ боболар руҳи

Шахди мужассам унда.

Элим деган мардларнинг

Аҳди мужассам унда.

 

Мустақиллик шукуҳи,

Қадри мужассам унда.

Кўзимиз қароғи бу,

Озод юрт байроғи бу!

 

Юксакларда ҳилпираб –

Порлаб турар ҳамиша.

Буюк ғалабаларга

Чорлаб турар ҳамиша.

Эзгулик маёғи бу,

Озод юрт байроғи бу!

 

Тонг

 

Эшитишиб тонг хабарин

Шартта-шартта барчалари –

Ёпиб олар юлдузхонлар

Нур порлаган дарчаларин.

 

Ҳамма танбал уйқучининг

Қочирворар уйқусини,

Эрта турган тўполончи

Хўрозларнинг қичқириғи.

 

Нима гап, деб, ер юзида

Пусиб пойлаган кишидай,

Мўралайди қуёш секин

Осмоннинг бир тирқишидан.

 

Қўшиқчи

 

Қачон қўшиқ айт дея,

Қистасангиз Салимни,

Рубобин олиб қўлга

Айтар: “Жўжаларим”ни.

 

Бир куни ҳазиллашиб,

Дер унга дўсти Содиқ:

“Ахир, у жўжаларинг

Бўлмасми сира товуқ?”

 

Тошбақа

 

– Оғирмасми, Тошбақа

Доим елкангда тошинг?

– Бу тош қанча офатдан

Омон сақлайди бошим.

 

Тўғри айтган одамлар,

(Тўғри сўз ҳеч ўлмайди.)

Дўстим, керакли тошнинг

Оғирлиги бўлмайди.

 

Пуфак

 

Сал мақтовга

Учаверар,

Пуф десанг, бас,

Шишаверар.

 

Копток

 

Тинмагур

Жуда шўх-да.

Ерга урсанг,

Сапчир кўкка.

 

Наврўзи олам келди

 

Эй, бахтиёр болалар,

Қалби ёниқ лолалар,

Сиз учундир қаймоқдай

Қувноқ қўшиқ-яллалар.

 

Қўлга олиб торимни,

Айтай дилда боримни.

Нур сочган баҳориму

Гул очган диёримни.

 

Ватан – обод макондир,

Эркин, озод замондир.

Элим омон-омондир,

Йўлим қуёш томондир.

 

Яхшиликни ўйлайин,

Яхшиликни сўйлайин.

Ёмонларни қўяйин,

Айёмларни куйлайин.

 

Наврўз келди оламга,

Юрт тўйин тўй-тўйлайин.

 

Қатъият

 

Мен бир сўзли соатман:

“Чиқ” – дедимми, тамом, бил!

Ўтса ҳамки, ой, йиллар,

Гапирмайман икки хил.

Сўзим бир: “Чиқ-чиқ-чиқ-чиқ!”

 

Қийнарсан, осиб қўйиб,

Қулоғимни бурарсан.

Барибир, фойдаси йўқ,

Ўз сўзимда тураман.

Сўзим шу: “Чиқ-чиқ-чиқ-чиқ!”

 

Дилшод РАЖАБ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–4

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.