Яйраб ўйнанг қўшиғимга, куйимга

0
134
марта кўрилган.

Сўроқ

 

Шу йўл азим тоғларга элтадими, билмайман,

Покиза тупроқларга элтадими, билмайман,

Ё мевазор боғларга элтадими, билмайман,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Бу дарёнинг солланиб оқишини бир кўргин,

Ербобога оймомо боқишини бир кўргин,

Юрагимни бир армон ёқишини бир кўргин,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Сен танҳосан, дил ичра манам ёлғизман, тоқман,

Биттагина хушхабар, бир муждага муштоқман,

Энг сўлим манзилларни орзулаган учоқман,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Гул нафасин келтирган шамолнинг ҳабибиман,

Ойга сабоқ берган ойжамолнинг ҳабибиман,

Жавобин излаганим саволнинг ҳабибиман,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Лола истаб тоғ борсам, тошлар йўлимни тўсди,

Яна чимрилган қабоқ, қошлар йўлимни тўсди,

Юрагимда зўр ҳадик лоладек яшнаб ўсди,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Метин эрур бардошим сингани йўқ, синмайди,

Кўнглимнинг тупроғида умидсизлик унмайди,

Мақсудга етмагунча юрак урар, тинмайди,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Шу йўл азим тоғларга элтадими, билмайман,

Покиза тупроқларга элтадими, билмайман,

Ё мевазор боғларга элтадими, билмайман,

Умрим ўтиб боряпти,

Мен сенга боряпманми?!

 

Яйраб ўйнанг

 

Шалолалар ўйнаб оқар тоғлардан,

Гуллолалар ўйнаб оқар тоғлардан,

Сизга айтсам дилни ўртар чоғлардан,

Парво қилманг ғамларимга, ўйимга,

Яйраб ўйнанг қўшиғимга, куйимга.

 

Гоҳо дилни ғанимларим шоналар,

Тоқат билан тўлмишдир дил – хоналар,

Тугамаса кўнглимдаги нолалар

Парво қилманг ғамларимга, ўйимга,

Яйраб ўйнанг қўшиғимга, куйимга.

 

Қайда бўлмай, ердаманми ойдаман,

Кўнглим ичра андуҳларга бой-да ман.

Билганим шу, ишқ бирла бир жойдаман,

Парво қилманг ғамларимга, ўйимга,

Яйраб ўйнанг қўшиғимга, куйимга.

 

Майса

 

Тонгда ажиб кулади майса,

Товонимни тилади майса.

Қанча азоб берса ҳам дунё,

Мени ёлғиз билади майса.

 

Шивирларинг оҳингми, майса,

Сарғайибсан, доғингми, майса.

Ҳу, кўкларга узанган яшил

Қўлинг – илҳақ шохингми, майса.

 

Садоқатли ёримсан, майса,

Ҳам покиза оримсан, майса.

Сенга жуда ўхшагим келар,

Менинг танҳо зоримсан, майса.

 

Юракда бир ўй содир, майса

Мен ҳам адир, мен ҳам қир, майса.

Дунёсидан кетарман бир кун,

Ҳам болишим, кўрпамдир майса.

 

Тўртликлар

 

Кўнглимга ҳамиша кўз бер, Худойим,

Пок, ҳалол насиба, туз бер, Худойим.

Дилларни зиёга элтмоғи учун

Фақат даргоҳингдан сўз бер, Худойим.

 

***

Диллар малҳамидир покиза бир ун,

Унга эҳтиёжинг борми, айт, очун?

Ҳазрат олисда деб чекма изтироб,

Навоий ўтмишмас, Навоий – бугун.

 

***

Эй ёр, маним сарварим, ҳабибимга саломлар,

Дардли дилимга малҳам, табибимга саломлар.

Юрагимга муҳаббат уруғларини сочган,

Кўзларимнинг зиёси – маҳбубимга саломлар.

 

***

Поклар ҳузурига учгил, деб айтдим,

Кўккамас, тупроққа тушгил, деб айтдим.

Раҳмат назари-ла боқмаса Холиқ,

Аҳволимиз жуда мушкул, деб айтдим.

 

***

Замон не, сен дилнинг замонида бўл,

Забон не, сен дилнинг забонида бўл.

Бошингга қисматнинг тоши ёғса ҳам,

Ҳамиша яхшилик томонида бўл.

 

***

Дейсан, қачон ақли расо топилгай,

Эгилган қад учун асо топилгай.

Бир пок қудрат билан яралганки чарх,

Ҳар бир Фиръавн учун Мусо топилгай.

 

***

Умринг узоқ бўлсин, эй опажоним,

Қалбинг оппоқ бўлсин, эй опажоним.

Ғаму кулфатлари кўп бу оламда

Бахтинг кўпроқ бўлсин, эй опажоним.

 

Ғайрат МАЖИД

 

Yoshlik”, 2017–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.