“Васф қилай суратинг латофатини”

0
139
марта кўрилган.

* * *

 

Хати – бинафша, хади – лола, зулфи райҳондур,

Баҳори ҳуснида юзи ажаб гулистондур.

 

Ики менги, ою доғи, юзу сўзи, гулу мул,

Қади равону, тани жону ирни маржондур.

 

Қошида чину, кўзида кину ангабин лабида,

Сўзида заҳр ва лекин тилида дармондур.

 

Қошингга кўп бора олмон, нетай, аролиқда,

Ёшим тишинг дуридин айру баҳри уммондур.

 

Ўтумни тез этасен ҳар тарафға секретиб от,

Саманди ноз инонини бир бери ёндур.

 

Не навъ васф қилай суратинг латофатини –

Ки, ҳуснунга сенинг, эй, руҳ, ақл ҳайрондур.

 

Жафою жавр агар қилса, Бобуро, нетайин,

Не ихтиёр манга, ҳар не қилса, султондур?

 

* * *

 

Қўй, эй, оқил насиҳат сўзларинким, дилписанд эрмас,

Менинг девона кўнглумга насиҳат судманд эрмас.

 

Неча девона кўнглумни қилурсен нафй, эй, оқил,

Агарчи телбадур, бори сенингдек худписанд эрмас.

 

Қилурсен талх айшим комини беҳуда сўзлардин,

Саросар сўзларинг заҳредур, эй, носиҳки, панд эрмас.

 

Бўлубмен бир парининг анбарин сочиға вобаста,

Мени телбага эмди ҳожати занжиру банд эрмас.

 

Жаҳонда кўп гадо гарчи лавандатворлиқ бордур,

Ва лекин, Бобуро, ҳаргиз сенингдек шаҳлаванд эрмас.

 

* * *

 

Сенинг ишқингда, эй, номеҳрибон, бехонумон бўлдум,

Демон бехонумон, оввораи икки жаҳон бўлдум.

 

Лабинг гар бермаса бўса, нечук жон элта олғайман,

Бу йўлдаким, адам саҳросиға эмди равон бўлдум.

 

Сўруб ул ой лабидин, оғзининг рамзини англадим,

Бир оғиз сўз била, кўрунгки, бунча хурдадон бўлдум.

 

Нечаким, қоши ёлар ишқида тузлукни кўрсаттим,

Вале, охир маломат ўқлариға – ўқ нишон бўлдум.

 

Кулар эрдим бурун Фарҳоди мискин достониға,

Бу Шириндурки, онинг бирла – ўқ ҳамдостон бўлдум.

 

Висолинг давлатиға етмасам Бобур киби, не тонг –

Ки, ҳажринг меҳнатида асру, зору нотавон бўлдум.

 

* * *

 

Олди кўнглумни, соғиндимким, манга дилдор эмиш,

Билмадим, бу навъ мендин ул пари безор эмиш.

 

Ошиқ ўлғоч, кўрдум ул шамшод қаддин юз бало,

Оллоҳ-Оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш!

 

Илтифот этмаслигин бозий хаёл айлар эдим,

Эмди билдимким, анга мендин бу янглиғ ор эмиш.

Ул пари ишқида йўқ ўлмоқдин ўзга чорае,

Чун ўзи – қотил, сўзи – муҳлик, кўзи – хунхор эмиш.

 

Ҳусн аҳли, эй, кўнгул, олам аро ишқ аҳлининг

Кўнглуни сохлар эмиш, ҳар кимгаким, дилдор эмиш.

 

Ул вафосиз ёрдин чекмак не, яъни, мунча ғам,

Ҳусн аҳли, чунки, Бобур, дунёда бисёр эмиш?

 

* * *

 

Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шоду хуррамлар,

Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

 

Менинг бу тори мў(й) янглиғ танимға тоблар солди

Ул ойнинг юзида сунбул киби зулфидағи хамлар.

 

Ҳавоға дуди оҳин тутратур ишқ аҳли ғайратдин,

Сабо таҳрикидин ҳар гаҳ паришон бўлса парчамлар.

 

Очилди зулфию хайлар намудор ўлди юзида,

Гул узра чун бўлур пайдо кеча очилса шабнамлар.

 

Мену кунжи ғаму, оҳу, фиғону ашки хунолуд,

Не хушдур гўшаи холи, майи софию ҳамдамлар.

 

Кўнгулни ишқ бузди, не асиғ панду насиҳатдин,

Менинг мажруҳ кўнглумга ярашмас ушбу марҳамлар.

 

Юзи Наврўзи, васли ийдини, Бобур, ғанимат тут –

Ки, мундин яхши бўлмас, бўлса юз Наврўзи байрамлар.

 

* * *

 

Ғунчадек кўнглум менинг гулзор майли қилмағай,

Ғам била бутган кўнгул гулгашт ила очилмағай.

 

Ранга-ранга гулларингни, боғбон, арз этмаким,

Таҳ-батаҳ қонлиғ кўнгул гул орзусин қилмағай.

 

Йўқтур улким, гул юзунгдин айру боқсам гул сари,

Ғунча янглиғ кўнглума юз хори ғам санчилмағай.

 

Оразу қаддингни таъриф этсалар юз йил, ҳануз,

Эй, юзи гул, сарвқад, юздин бири айтилмағай.

 

Сендин айрилдим эса бўлдим насибим хори ғам,

Сендин, эй, гул, эмди Бобур бир замон айрилмағай.

 

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.