Вақт шамоли

0
112
марта кўрилган.

Ватан асли

 

Ватан дедим, шу тупроққа бериб бағир,

Илдизларим унга чуқур сингиб кетган.

Ҳар гардини кўзларимга суртдим, ахир,

Бу заминда, ахир, етти пуштим ўтган.

 

Номим ўзбек, Одам Ато наслиданман,

Жайҳун, Сайҳун орасини тутдим макон.

Куброларнинг зурёдиман, аслида, мен,

Ватан учун жанггоҳларда берганман жон.

 

Румо, Париж, Қоҳираю Афиналар,

Ким-кимларнинг оширади ихлосини.

Кезиб, кўриб бу дунёда мадиналар,

Тополмадим Ватанимнинг қиёсини.

 

Икки олам узра сенинг таърифинг йўқ,

Ягонам деб, сени суйсам, хато бўлмас.

Келажагинг бугунингдан азиз, буюк,

Кўнглимдагин айтаверсам, адо бўлмас.

 

Онам каби меҳрибоним, суянч тоғим,

Курраи арз ичра танҳо, ягонамсан.

Обиҳаёт кўкартирган меҳр боғим,

Ўзбекистон – тақдиримсан, пешонамсан.

 

Азиздир бу саҳроларим, тоғу далам,

Меҳнаткаш эл, қадрдонлар, ёр-жўралар.

Ватан асли, фарзандларим, гулу лолам,

Кўпайишар йилдан-йилга набиралар.

 

Ватан дедим, кўзим очган бу қўрғонни,

Болаликда униб-ўсган кенг сайҳонни,

Ўзбекистон, гуллар очган боғ-бўстонни,

Неки бўстон, балки менга жон-жаҳонни.

 

Менга Ватан киндик қоним томган макон,

Ҳовлидаги райҳонларнинг ажиб бўйи.

Лойсувоқ уй, ўчоқ, тандир, қора қумғон,

Ватан асли, мени кутган ота уйим.

 

Ўша азиз масканларни соғинаман,

Чопгим келар кўчаларга солиб сурон.

Бу дунёда битта сенга сиғинаман,

Онажоним, меҳрибоним – Ўзбекистон!

 

 

Болалик армонлари

 

Болаликнинг шўхликлари баҳорларда

Зувиллатиб чиллик ўйнар ангорларда.

Балиқ каби сувда сузиб анҳорларда,

Улғайибман меҳрлару озорлардан.

Бола эдим, пишиққина зуваласи,

Югурардим жилғалар-ла қувалашиб.

Кўкка туташ дарахтларни кўзга илмай

Шохдан-шохга сакрар эдим ҳадик билмай.

Гўдакликнинг ифорлари ўткир исли,

Онам – булут, отам – шамол эди мисли.

Хаёлимни ўғирлама, ай, қизғалдоқ,

Ўйнашайин қуёш билан қувлашмачоқ.

Вақт шамоли олис-олис кетди бошлаб,

Энди Сурхон боғларига бегонамиз.

Ёбонларга болаликни етим ташлаб,

Сулувларнинг тушларида афсонамиз.

Томлар узра ял-ял ёнган қизғалдоғим,

Олов каби ловуллаган ёшлик чоғим.

Бир зум яшнаб, очилиб у кулган лола,

Қумқўрғонда қолиб кетган ўша бола.

Хазонларни бир-бир босиб афтодаҳол,

Кузги боғда тентирайман хазон мисол.

Болаликнинг шўхликлари келар эсга,

“Севдим” дея, хат битганим қўшни қизга.

Ёшлик – ларзон. Севги – армон. Умр – ҳайрон,

Мени кутиб сарғайдингми Сурхондарё?

Қайлардасан, болалигим, зангор осмон,

Ўксик кўнглим улғайтирган армон дунё?

Чанг тупроқли кўчаларим тунлар уйғоқ,

Келарми деб, йўлим пойлар неча замон.

Ўтмишдаги қайсар бола – пок, бегуноҳ,

Араз ила тутқич бермас менга ҳамон.

 

 

Ой юзингни

 

Ой юзингни кўрсат ой, десам,

Кўкда ойга ишора қилдинг.

Юлдуз кўзинг соғиндим, десам,

Юлдуздайин чарақлаб кулдинг.

 

Ҳузуримга чорласам, келсанг,

Таъзим этиб, энкайса осмон.

Яноғингга хол бўлиб қўнсам,

Менда асло қолмасди армон.

 

Дилим этмоқ илинжида сайд,

Қошларингни камон айладинг.

Не бераҳм жаллоддирсан, айт,

Аҳволимни ёмон айладинг?

 

Куйиб кетдим дун ғавғосидан,

Ишқ аҳлига қайда нажот бор?

Сочларингнинг тун дарёсига

Чўксам эди шоду бахтиёр!

 

Боғда гуллар айтади сано,

Кўриб сенинг қадду камолинг.

Сўзларингда не ажиб маъно,

Новвотмидур лаблари болинг?

 

Узоқдаман, соғинч на илож,

Кўкайларим тинмай тилади.

Сен ёқларга мисли қалдирғоч,

Учиб-учиб кетгим келади.

 

 

Ошиқ дилим

 

Ошиқ дилим аҳд қани,

Излаганим бахт қани,

Ёшлик – тилло тахт қани,

Юракдаги шахт қани?

 

Ҳей, умримнинг карвони,

Қай томонга йўртарсан?

Ковлаб дилда армоним,

Жону таним ўртарсан.

 

Ошиқ дилим яродур,

Умрим кетиб бородур.

Қувончиму ғамимни,

Ҳақ тақдири қородур.

 

Гул очилиб сўлгунча,

Булбулда ишқ савдоси.

Жоним қийнади бунча

Тақдиримнинг ғавғоси?

 

Толе излаб бир чимдим,

Куйиб-куйиб бўлдим кул.

Ким эдиму бўлдим ким,

Ўзинг айт, ай, тозагул?

 

Умрим кетиб бородур,

Ошиқ дилим яродур.

Карвонига етолмай,

Кўнгил бўзлаб бородур.

 

Абдумажид АЗИМ

 

“Шарқ юлдузи”, 2014–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.