Уста Гулмат ғазалларидан

0
450
марта кўрилган.

САРТАРОШЛИКДАН – ГАПТАРОШЛИККА

ёки олимликка ишқибоз, ашаддий Гулматшунос

 Бурундор Тусмолийнинг ҳали тасдиқланмаган илмий иши

 

Ҳаммомда лунгисиз юрган сўтакни кўрганмисиз? Кам бўлмасинлар! Чинданам кўрган бўлсангиз, демак мушкулимиз анча осонлашибди, яъни одамизод ибтидоий даврда қўшнилар ёнидан қай аҳволда ўтиб борганлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат қолмабди.

Хўш, одам боласи ўшандай беҳаё шаклу шамойилдан қутулиш учун белдан пастроқ жойни барг билан тўсмоқлик кифоялигига қатъий ишонган пайтда, даставвал, гаплашишга интилганми ёки хатлашишга? Биламан, сиз ер юзидаги манаман деган олимларнинг тап-тайёр фикрларига таяниб, оғзаки муносабатлар ёзма алоқалардан бир неча юз йиллар олдин пайдо бўлган демоқликдан нарига ўтолмайсиз. Мен эсам, дунёда биринчи бўлиб, бу фикрнинг аксини айтмоқчиман. Талвасага тушманг, далил-исботларим етарли.

Масалан, ҳали сўзлашиш уёқда турсин, ҳатто «мў» дейишни ҳам билмаган ибтидоий одам тирикчилик тақозоси билан чакалакзорларда изғишга, шох-шаббаларни синдириб, ўт-ўланларни тепалаб ўтишга мажбур бўлгани аниқ. Пайҳон қилинган жойлар эса ўз навбатида бошқа бир нафс бандаси учун: «Тўхта! Бу ер ўзга гўштхўрнинг томорқаси!» – деган огоҳлантирувчи шиор вазифасини ўтаган. Бу – гаплашувми? Йўқ, хатлашув! Ишоравий, нопўчтавий хатлашув!

Ёки бошқа бир мисолни олайлик: маймунларча худбинликдан халос бўла бориб[1], одамийликка хос кенгбағирлилик хислатларини ўзида анча мужассамлаштиришга улгурган бир овчи нотаниш дарада кийиклар тўдасига дуч келиб қолади. Маймунсимонлар бу тўғрида бошқаларга гуллаб ўтирмай, катта миқдордаги ана шу асранғилардан узоқ муддатга мўлжалланган шахсий манфаати йўлида фойдаланган бўларди. Аммо, ҳали ўзига кўп жафолар келтиргувчи одамийлик ва виждонлилик жараёнини бошдан кечираётган овчимиз жониворлардан бирини апил-тапил хомталаш қилиб бўлгач, кутилмаганда ўзгаларнинг қорни масаласини ҳам ўйлади: қимматли вақтини аяб ўтирмай, баҳайбат тошлардан бирига кийикнинг суратини ўйиб чиза бошлади. Овчидан бир неча кун кейин бу дарага инқиллаб-синқиллаб кириб келган санғилар галаси эса, кийикнинг тошдаги тасқара  суратига боқиб эстетик завқ олмадилар, балки: «Оч-яланғоч қондошларим, шу атрофда мириқиб кийикхўрлик қилинг!» – деган мазмундадаги тилсимланган мактубни ўқиб, қувончдан бир-бирининг тишини синдиришга тушдилар.

Айни чоғда, шу дамгача ибтидоий санъат асари сифатида нотўғри талқин этиб келинган ўша сирли мактубни:

 

Шу атрофда кийик бордур,

Интилганга толе ёрдур!..

 

шаклидаги шеърга айлантириб идрок этишимиз ва унинг аҳамиятини оддий хабардан нафис бадиий ифода даражасига кўтаришимиз ҳам мумкин.

Кўриниб турибдики, «оғзаки нутқ ёзувдан илгарироқ пайдо бўлган», деб кўкрак керишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буни дунёда биринчи бўлиб мен айтяпман!

Тошга чизилган кийик расми оддий ёзувгина эмас, балки маълум даражада бадиий тўқима ҳам экан, унинг қайси жанрга тааллуқли эканини билсак бўладими, дея ёввойиларча луқма ташланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Марҳамат, истасангиз, жанриниям белгилаб берақоламиз.

Эсингизда бўлса, кийикнинг шакли тасқара кўринишда чизилганини юқорида писанда қилиб ўтгандик. Кийикдек хушбичим ҳайвонни тасқаралаштиришга мойиллик сезилган экан, шак-шубҳа йўқки, бу сатиранинг ўзгинасидир. Демакким, бугунги кунда назаримизга кирмай, чапроқдаги бурчакка қисиб қўйганимиз сатира – аслида бадиий адабиётимизнинг жабрдийда бобокалони экан…

 

Мана энди асосий мавзуда йўрғалаш, яъни сатира ҳақидаги суҳбатимизни бошлаш учун қулай вазият юзага келди.

Эрамиздан илгарироқ бандалик қилган юнон қаламкаши Аристофан ўзининг ачитқироқ асарларини «сатирик драмалар» деб атаганидан сўнг ушбу атама олам бўйлаб тарқалган бўлса-да, аммо бундан ўзбеклар кулишни юнонлардан ўрганибди, деган хулоса келиб чиқмайди. Чунончи, ўзбекона аския гулхан атрофида давра қуриб, мамонт гўштининг жизғанак бўлишини кутганларича қий-чувлашиб ўтирувчи ибтидоий одамлар маросимига жуда мос тушади. Аскиялар латифаларга, латифалар эртакларга, эртаклар достонларга айлана боргани сари оғзаки ижоднинг инқирози тобора кучайиб, яна ибтидоий даврнинг бошланғич нуқтасига қайтиш – ёзувга мурожаат этиш эҳтиёжи туғила бошлади…

Ёзувдаги соф ўзбек сатирасининг илдизи жуда чуқур. Биз уни ортиқча кавлаштириб ўтирмайлик…

 

х х х

Гулмат ким ўзи?

Гарчи у ижод гаштидан ис олиб, назм бўстонида ўралаша бошлаганидан кейин ўртамиёна исмининг ортига Шоший деган дабдабали тахаллусни тиркаб қўйган бўлса-да, аммо унинг Фарғона водийсидан келиб, Тошкентда турғунлашиб қолган кимса эканини эндиликда биз яхши биламиз. Бу фикрни айтиш учун шоирнинг рақам 1 ва рақам 49 ғазалларидаги «Олтиариқ», «Фарғона»[2] деган сўзларига таяниш билангина чегараланиб қолсак, даъвомиз пучроқ чиққан бўларди. Жавонимизда Гулматга анча йил қондошлик қилган бир шахснинг эсдаликлари сақланмоқдаки, ана буни далил дейдилар.

«Бепарҳез Гулмат туруп пулламоқ иштиёқинда водийдан Тошканга келиб, пойгакдаги ҳужрамизни ижарага олиб эрди, – деб ёзади шоирнинг собиқ қайиноғаси мулла Акобир ўз эсдаликларида. – Бул орада тўнғич опам онинг кўзига иссиқ кўринибдурми, бозорчи улфатлари воситасинда совчи қўюрға ботинибдур. Адамизнинг адаси асли қишлоқроқдин бўлғони боис шўрлик мусофирға ён босуб, они ичкуёв қилиб оладурғон бўлдилар».

Мулла Акобирнинг ёзувларига асосланиб, яна шуларни айтиш мумкинки, ота касбига кўра Бешёғочда сартарошлик қилиб кун кечира бошлаган Гулмат ора-сира ерлик деҳқонларга туруп уруғини пуллаш билан ҳам шуғулланиб турган (тошкентлик томорқачилар ўз турупларини ҳануз  олтиариқники деб сотишлари шундан қолган бўлса керак). Ҳамёни оғирлашиб, алоҳида ҳовли сотиб олгандан сўнг, унинг эски дарди қайтовланиб, яна қаламбозликка ружу қўяди.

«Гулмат хумбошнинг димоғи қўлёзмалар қаппайишиға монанд шишиб борурди, – деб ёзади мулла Акобир. – 1881 йилга келиб манманлиги он қадар газакладиким, назм нафосатларини илғай билмасликда айблаб, покдамон опамизни қуққус талоқ қилди».

Аммо, аёлпарвар шоиримиз учун бу бор-йўғи биринчи «айрилиқ» эди холос. Кейинчалик у яна уч бор никоҳ маросимларида бош қаҳрамон бўлишдек азобни тортди, чидади.

 

х х х

Уста Гулмат тирикчилик ташвишлари, хотин-халажлар иштирокидаги оилавий машмашалардан холи пайтларидагина ижод қилгани туфайли ундан бизга кўп нарса қолгани йўқ: мана, панжамизда унинг ихчамгина тўплами турибди – «Безгакшамол!»

Гарчи шоир бу мажмуанинг илк саҳифасига «девон» дея бағбақали ном қўйган бўлса-да, биз уни барибир «тўплам» деяверамиз. Чунки, унинг девонлигини исботлаш учун бизда на маънавий асос бор, на мантиқий далил. Биринчидан, тўпламдаги ғазаллар араб имлоларининг луғатдаги тартиби бўйича жойлаштирилмаган. Иккинчидан, мабодо, тартиб беришни зиммага олган тақдиримизда ҳам, луғатдаги барча ҳарфлар билан тугалланувчи ғазалларнинг ўзи йўқ. Масалан, сатрининг охири «а», «р», «и» ҳарфлари билан якунланган ғазаллар бир уюмлигига қарамай, «д»,  «п», «ж» сингари шўрпешана ҳарфларга биронтаям шеър бағишланмаган.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, уста Гулмат арузнинг нозик қонун-қоидаларини яхши билмаган, фақат ташқи кўр-кўрона  тақлидчилик,  ички  ёввойи сезги оҳангларига таяниб, маддоҳларча сўзамоллик билан ёзаверган. Ҳатто, унинг ўзи ҳам бир ғазалида арузда дурустгина саводсиз эканини мардона тан олиб, бизнинг бу масалада жанжалли баҳсларга шўнғиб кетмаганлигимизни таъминлаган:

 

Бу нечук шоир деманг, асли ман носоғроқ,

Ёзғоним шаклан ғазал, лек ўзи бармоғроқ…

 

Ҳа, шилдир-шошқалоқ Гулматнинг ашъори шаклан ғазал холос. У, ҳаттоки, Бобур, Машраб, Фурқат, Муқимий сингари донгдор устозларга битган назираларида ҳам на «рамал баҳри»га амал қилган, на «ҳазаж баҳри»га. Яъни «фо-и-ло-тўн фо-и-ло-тўн фо-и-ло-тўн фо-и-лон» ёки «ма-фо-и-лўн ма-фо-и-лўн фа-у-лўн» каби мусиқадор вазнлар мавжудлигини тасаввур ҳам қила олмаган ҳолда, халқ оғзаки ижодидан мерос бўлиб қолган «алёр-астак-густак-пистак» қабилидаги чапани айтишувлар оҳангида осонгина ёзаверган.

Қўлёзманинг аҳволига келсак, жуда ташвишли: соқол совуни билан хамир қоришмасидан тайёрланган елимлар кўчиб, саҳифалар жуда чалкашиб кетган. Кўпгина варақларга мусаллас ёки қимиз тўкилган бўлса керакким, ҳарфлар сувашиб ётибди. Айрим сўзларни ўқиб тушунишнинг буткул имкони бўлмади. Бундай ҳолларда ҳозирча сирли кўп нуқталардан фойдаланмоқни лозим топдик.

 

х х х

Гулмат Шошийнинг бир қадар саводсизлигига панжа орасида қараган ҳолда тўпламини шунчаки қизиқувимиз ҳурмати тузукроқ кузатиб чиқайлик.

Шоирнинг ишқий шеърлари анчагина. Улар кўп ҳолларда бачкана изтироб, сохта фироқ, майда-чуйда кўнгилхушликларга ташналик ҳисси билан қоришиб кетган. Айниқса, ташқи қиёфасидаги бадшакллик унинг ишқий режаларига катта путур етказганини шоир асло ҳазм қилолмайди:

 

Худо урғон эса бизни ки ёшликдин бужур айлаб,

Бу икковни ясаб силлиқ эгам ҳам қўллағон эрди…

 

дейди у, «улкан шоир»га парво қилмай кетиб бораётган икки сулув ортидан армонли боқиб.

Лекин, девонаваш Гулмат, айни пайтда, сал нарсага буткул руҳи тушиб кетадиган анойилардан ҳам эмас. Зеро, у ҳушини йиғиб олгач, «Буюк ишдир магар чархда мани шоир топилғоним» янглиғ мисралар ҳовуридан қадди ғозланиб, энди ҳаётга умид ва ишонч билан қарай бошлайди:

 

Фақат оз-моз чўтирдирман, шол эмасман, букирмасман,

Сақол оппоқ, кангул ёшдир, висолдин юз ўгирмасман…

 

Қизиқ, шу топда у қай висолни назарда тутяпти экан? Аниқроғи, нечанчи хотинга совчи қўйиш арафасида турган экан?

Йўқ, биз бу саволга ҳеч қачон  жавоб ололмаймиз. Шоир ҳам атайлаб бу тўғрида бизга маълумот бермаган. Агар у очиғини айтиб қўйса, унда ушбу мисралар фақат биргина аёлга тааллуқли бўлиб, ўзга шеърхон ожизаларга заррача қизиғи қолмасди.

«Никоҳхўр Гулмат ҳар тўкисда «ўлдим-куйдим» деб айюҳаннос солса-да, бул дил изҳори онинг бирламчи хотиниға, яъни покдамон опамизға тегишлимидур ёйинки кейинги уч ожизасидин бировиға аталғонми – бул ҳақда лом-мим демайдир, – деб зардаланади мулла Акобир. – Чамаси, ул туллак бир ўқ ила тўрт қуённи баравар урмоқни пилонлайдур».

Гулмат Шошийнинг ўқи аслида тўрт ҳам эмас, ўн ҳам эмас, юзлаб қуёнларга қаратилганини соддадил мулла Акобир қаёқдан билсин!

Уста Гулматнинг фалсафада думбуллиги, панд-насиҳат бобида галдирлиги ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмайлик, бу унинг кўпгина шеърларида «аҳмоққа тўқмоқ»дек яққол кўриниб туради. Бу хусусда тамоман бошқа нарсани айтиб ўтмоқчиман: Гулматнинг овсарлиги шу даражада бўлганки, биз бугун ҳажв ва ҳазил-мутойиба деб қабул қилаётган бу шеърларни аслида у оламшумул дардларига даво излаб, ўта жиддий кайфиятда, ёниб-куйиб ёзган. Агар уларни ҳозир биз шунчаки эрмак сифатида ўқиётганимизни кўрганида эди, бир қайнови кам муаллиф бундан юраги ёрилиб ўлган бўларди.

 

х х х

Уста Гулмат ижодидаги баъзи муҳим йўналишларга алоҳида зукколик билан назар ташлашимизга тўғри келади. Энг зарури, шоирнинг позициясини – унинг  кимларга жон тортишиб яшаганини узил-кесил белгилаб олишимиз шарт. Акс ҳолда, назмчи сартарошимизнинг  эски мухолифлари бўлган Ғишмат, Макриддин Маставо кабиларнинг ғайрли шогирдлари пистирмадан писпислаб чиқиб келса, унинг айрим сатрларига бир ёқлама қараш йўлидан бориб, мендек бик одамнинг  илмий ишини чиппакка чиқариши ҳеч гап эмас.  Чапақай-чапани  Гулматнинг ошнолари ҳар бир замонда бисёр, ғанимлари ҳам ҳамиша таппа тайёрдир.

Шоирнинг эговларидан бири уни хотин-халажни хуш кўрмасликда, бири майпарастлик ёки бангироқликда, бошқаси эътиқоди сустроқликда айблашга тиришади. Очиғи, каллам ниҳоятда зўр ишлашига қарамай, бу борада ўзимда ҳам айрим иккиланишлар мавжуд эди. Аммо, ақлни аҳмоқдан ўрган, деганларидек, Гулматнинг баъзи ғазалларини ўзича лапарга айлантириб,  майда-чуйда чалпакбазмларда мушукмиёвлаш тарзида хиргойилаб юргувчи Бағамшо ғижжакчи учирмалаган бир гапдан сўнг, тўсатдан кўзим ярқираб, фикримга қозиқ қоқдим.

– Пичоқни ўзингга ур, оғримаса – бировга, деб қўйибди ўзбек,- деганича ғижжагини созлай бошлаганди ўшанда Бағамшо.- Гулмат бўлса, олдин ўзингни эрмакла, чидай олсанг – бировни,  дейдиган жўмардлар тоифасидан.

Тузукроқ одам қуриб кетгандек, келиб-келиб, шу топда Бағамшо ғижжакчига ҳасадим қўзиди, қаёқдаги кигизқалпоқ яллачи билган гап нечун мендек бахмалдўппининг эсига келмабди, деб ғижиндим. Биламиз, кўриб юрганмиз – туғма  босиқфеъл кимсалар бор,  даврада ўтирган бирон-бир кишининг камчилигини айтиб қўйиш зарур бўлса, менда анамундоқ-манамундоқ айблар мавжуд, улардан тезроқ қутулай дейман-у, яна чатоқ иш қилиб қўйганимни билмай қолавераман, деб қусурларни ўзиники қилиб гапиради. Бировнинг кўнглини оғритмасдан тарбиялаш дейдилар буни. Гулмат ҳам айнан шу усулни танлаб, кимларнидир шапатилашга қўли бормаса, ўзини дўппослайверганмикан? Дарвоқе, мундоқ қараганда, “Туним ўтғай эзиб ёстиқ, тошар икки кўзимдин ёш, бири – Анҳор, бири – Бўзсув, келинг, қизлар, чўмилмакка” дея бабоқланган шоирнинг аёлларга беписандлигига Ғишматваччалардан бўлак ким ишонсин? Ёки “Ич яна, Гулмат, тугал одам сафиндин ўчгали” деб безанглаган банда майхўрлик қилишдан ўзини ҳуркитмоқчими, бизними? Гулматнинг чиндан ҳам шундоқ йўлдан боришга эси етган бўлса, отангга балли, деб қўйишга мажбурмиз.

Мулла Акобирнинг эсдаликларида қайд этилишича,  аҳли донишмандга мавҳум туюлувчи бир сўзни Гулмат кўп қайтариқлаб юргучи экан – яхши одам яхши мусулмондир, деб. Бу эътиқодни тарозига солмоқ вазифаси ҳозирча зиммангизда турсин. Фикр баҳсдан бўғозланиб, ҳақиқат туғилади.

Ёзганларини ўқиб, Гулматни тўпори ва даллироққа йўйишимиз табиий. Бироқ, инсоф юзасидан айтиш лозимки, уни ғирт аҳмоқ дейишга-да тил бормайди.              Атрофда юз бераётган воқеалар моҳиятини шоир  баҳоли қудрат идрок эта олган,  уларга қўлдан келганича муносабат билдириб, ёзармонлик бурчини оқлаб келган.

Бу ўринда, энг аввало, оддий турупфуруш деҳқон ва кўчманчи сартарош, кейинчалик майда савдогар ва ҳардамхаёл носкаш бир кимсанинг эзувчи ким-у, эзилувчи кимлигини илғаб олиб, уларни синфларга бўлишда янглишмаганига қойил қолмоқ керак. Қолаверса, бу бадиий меросни бугунги кунда бизга истарали қилган омил шуки, уста Гулмат доимо эзилувчи меҳнат аҳли тарафда туриб сўз айтади. «Азимбойнинг уйи, ҳай-ҳай, қасри султонни эслатғай», деб бошланувчи ғазалининг охирги байтини олайлик:

 

Йиғиб қиммат матоҳларни давр сургинг келур, Гулмат,

Вале киссангдаги аҳвол санга арзонни эслатғай.

 

Кўриниб турибдики, топганини рўзғорга учма-уч етказиб, ночоргина кун кечираётган ўн минглаб оддий меҳнатчиларга шоиримиз дарддош ва фикрдош. Чунки, унинг ўзи асли шулар орасидан келиб чиққан, эндиликда унинг ҳақиқий шеърхонлари ҳам ўшалар.

Мулла Акобир бу ҳолни шундай изоҳлаган эди: «Бизларга маълум ва машҳур шоири калонлар кўпроқ гул ила булбул ҳақинда роҳатланиб ёзар эрдилар. Гулмат баччағарни кўрингки, у бедаво ҳар икки гапнинг бирисида носкашликни пеш қиладир. Ушбу ҳолат онинг паст табақа оросидин чиққан анди эконини тасдиқламайдурми?»

Бизга маълум сабабларга кўра, андак ғаразгўйлик билан айтилган бўлса-да, мулла Акобирнинг бу сўзларига қўшилмасдан иложимиз йўқ. Гулмат Шоший она қорнидан йўқсилпарвар бўлиб туғилган. Ушбу омил уни жайдарфеъл қилди, чапанилар галасига қўшди, очиқюзларнинг даврадошига, адолатталабларнинг қайроқсўз бахшисига айлантирди.

 

х х х

Гулмат Шоший ижодининг авж пардаси эл-юртда икки ёқлама зулм тобора кучайиб бораётган даврларга тўғри келди. Вазиятни бехато баҳолаган шоир ўз ғазалларидан бирида дейди:

 

Қўш елкада қўш хоқон, мани жоним биттадур,

Қай бириға берай нон,мани жоним биттадур.

 

Қаранг, ҳам миллий буржуазия, ҳам чоризм халқни икки ёқлама талаётганини биргина «қўш хоқон» сўзини ишлатиш орқали қандай қисқа ва равшан таърифлаб берган. Сўнг, зўрловни шарҳлашда давом қилиб айтади:

 

Сероб ҳар хил амалдор: миршабу шайх, пристав,

Танобчию солиқбон… мани жоним биттадур.

 

Чамаси, маҳаллий амалдорлар, чор ҳукумати айғоқчилари бир ҳангомачи шоир билан ўчакишишни ўзларига эп кўрмай, унинг олди-қочди хархашаларига тамоман бефарқ қараганлар. Бундан фойдаланган Гулмат пайт пойлаб туриб, ҳатто, оқпошшога ҳам гап отишга журъат этган. У, айниқса,  Биринчи жаҳон урушида фронт ортини мустаҳкамлаш учун Туркистондан мардикор олиш ҳақидаги фармондан қаттиқ норизо эди:

 

Мақтағон оқпошшоси лол қилди мани,

Фармони  ул қаддимни дол қилди мани…

 

Нега энди норизо бўлмасин? Ахир, мардикорликка фақат ночор камбағалларгина сафарбар этилиб, амалдор бойлар ва уларнинг арзанда фарзандлари ҳануз айш-ишрат билан машғул экани кишига алам қилмайдими?

Бундай тенгсизликдан жиддий ранжиган шоир яна бир ғазалида ўз қаҳру ғазабини шундай изҳор этади:

 

Чимилдиқдин туриб бойлар сани ҳайдар юмушларға,

Бу зўрлашнинг тузук номи гаҳи ишдир, гаҳи хизмат…

 

Энди савол туғилади: хўш, Гулмат ўзи мардикорликка борганми? Гапни чўзиб ўтирмай, яна мулла Акобирнинг эсдаликларига мурожаат этайлик: «Ҳўкиз шохида амонат турғон бухудуд заминнинг тўрт нафар бузрук ҳукмдорларидан бириси, бешак-бешубҳа, Николай пошшодир. Онингдек ҳазратнинг мардикорлик борасиндаги фармони такаббурлари уёндин эълон қилинибдурки, пихи қайрилғон Гулмат буёндин сафар ҳозирлигини кўриб, бир неча қанор туршакни поюзға босқонча мусулмониядин ғойиб бўлибдур. Локигин, сафарға айвондор шапка остинда жўнағон ул бетавфиқ Тошкан, Жиззах ҳам Марғилон музофотлариндағи қирғинбарот жанжаллар тийилғоч, эмди бошга пўлатшойи салла чандиб яна Бешёғочга кириб келди».

Бундан шуни сезиш мумкинки, оддий сартарошни эмас, балки «катта зўр шоир»ни келажак авлод учун асраб қолишга қатъий аҳд қилган Гулмат юртда то мардикорлик ғалвалари сепсилгунга қадар четроқда чакана савдо ишлари билан шуғулланиб туришга мажбур бўлган.

 

Гарчи шоир бу олатасир даврда «фақир киши – панада» шиорига кўпроқ амал қилган эса-да, лекин юртдаги улкан воқеликлардан бутунлай узилиб, бефарқликка ғарқ бўлган, дейишга ҳаққимиз йўқ. Масалан, тахтапуллик Қоравой подачининг Россияга мардикорликка боргандаги ишқий ҳангомаси, бозор қимматчилигидан озор чекаётган авом турмуши ифодаланган мухаммас, бир қатор ғазал, рубоий, фард кабилардаги кесди-чопди мисралар орасига яширилган ғалаёнчаларни искаб топиш учун каминаники даражасидаги эсга эга бўлмоқлик кифоядир. Бир қарашда, барчаси шунчаки эрмак учун ёзилгандек кўринади. Аммо, ўша қалтис даврлар руҳидан келиб чиқиб, сезгирлик, билимдонлик, ҳалоллик ила ёндошадиган бўлсак, кўп ҳазиллар замирида катта довюраклик ётганини зиппа пайқаб қоламиз.  Гулмат миллатлар  чамбараги ўртасида зўравонсизликка, гурунгдошларча меҳрга асосланган кўприк қурилишига асло қарши бўлмаган, бироқ дошқозоннинг бошида туриб олганларнинг садақасини меҳр деб билишни, уларнинг йўриғи ила гурунгдош танлашни  ўз инсоний обрўсига ярашиқли кўрмаган. Бу билан муғамбир зўравонлар-у, ғирромчи сиёсатдонлар башарасига нос аралаш тупуришга, сал бўлса-да, ҳаракат қилган.

Кўп ҳолларда гоҳ қандайдир сирли рамзга эга бўлган саёқ тўнғиз полиздаги қовунларни пачоқлаб, палакларни пайҳон қилиб кетгани,  гоҳ қайсидир киссавур ундан йўл сўраган бўлиб, ҳамёнини ўмариб қочгани каби аҳамиятсиз кўрингучи дардларни айтишдан нарига ўта олмаган Гулмат, айрим вақтларда, ХIХ аср чор эксплуататорлари ҳамда уларнинг таянчи бўлган маҳаллий арбоб-уламоларнинг   найрангларини, эл-юрт ташвишидан паққос бегоналигини, сохта художўйлигини, дўзахиларча иккиюзламачилигини фош этиш, улар билан гап талашиш, ХХ аср бошидаги янгича мўлтониликларни писмиқона мазахлаш даражасига бориб етганлиги кишини ҳайратга солади. Бундай пайтда камбағалбоп шоирнинг елкасига дўстона қоқиб, «оббо, Гулмат хумпар-ей», дегинг келади. Шоир эса: «Ҳа, аканг қарағай Гулмат ана шунақа ажабтовур кимарса эди», дея олис-олис йиллар қаъридан  пўмпайиб жавоб қилаётгандек туюлади.



[1] Бу билан мен Дарвин укамизнинг одам маймундан тарқаган деган гапига қўшилмоқчи эмасман.

[2] Қаралсин:  Гулмат.  “Безгакшамол”  девони.

 

УСТА ГУЛМАТНИНГ ЖУМБОҒИ

 

Шоирликдан илкис кўнглум совуб, баайни назм мушук, ман ит бўлибдурман. Мундоғ кескинлик кўрсатурға тўрт сабаб топдим.

Сабаб рақам бир: белимдан қувват, турқимдан истара чекинғоч, ҳатто носқовоғимга алоҳинда қош учириб юрғон аҳли нозанин дафъатан юзсизликка ўтиб, пуч савлатимни бир имога олмайдургон бўлди. Бегоналар ордона қолсун, кенжа хотунчам ҳам гоҳ соқолимни пахмоқ, гоҳ қорнимни дўмпоқ деб қарғанадур.

Сабаб рақам икки: дўст-аҳбобдин ҳануз оқибат кутуб, хумбошлиғимча қолмакни ўзимга эп кўрмадим. Зеро, ман мудом имонга эргашдим, алар эҳсонга тирмашдилар. Аларга шакар тутдим, алардин заҳар ютдим.

Сабаб рақам уч: оллои каримнинг табаррук исмини махфий шўъбадин чўзилғон яширин маошга пуллаб, очиқ кўрлар жамоасини милтиқбоз зўрлар думасиға чандиб берғон айрим саватсаллаларни мазангламоқдин ҳам толиқдим. Жамоа кўзини очмак истадим, кўр бўмағоним учун жамоа мандин ҳамдард топмади.

Сабаб рақам тўрт: ва ниҳоят, улкан бир салтанат ила олишмоққа барҳам еткаруб, ҳокиму арбобларга омонлиқ бердим. Фаҳмладимки, бир мансабдорни ағдарсам, жойини иккинчи олғир фойдасиға бўшатғоним қолур.

Алқисса, шоирлик ила орони очиқ қилғоч, хаёл уммонига ғаввос ўлуб, маҳоватимга лойиқ касб қидирдим. Уммон тубиға етиб билдимки, банда учун энг қутлуғ саодат – ҳар нарсадин сир-асрор ахтариб, оламни равшан англамоқ эркан. Шу асно ўзимни илмға урдим.

Алломаликка илк қадамни Беруний сумалак тошини чақиб кўрмакдин, ибн Сино қовурилғон бўйракни идроклаб чайнамакдин, Мирзо Улуғбек сарой шифтиндаги жинчироқларнинг жойлашув тартибини жадвалга тушурмакдин бошлағон бўлса, ажаб эрмас. Буюк аждодларимдин фарқим – фақирнинг илк назари қабоқарига тушуб, кўнглумда ул махлуқни болари ила чоғиштирмоқ ҳаваси уйғонди. Авомга маълум ва мақбулким, болари бош суққон туйнукнинг хотимаси текин асал йиғиндисига бориб тақалгай. Вале, ман қабоқарилар масканига жиддий ҳужум уюштириб, ҳужрамнинг ён деворини вайронлаб кўрсам-да, гувалалар оросиндан лоақал чирик туршак топмадим. Бул заҳматли чоғиштирув ниҳоясинда дилимда башоратталаб бир сўроғ зоҳир ўлуб: «Боларига нисбат айласак, қабоқарининг боши уч чандон, кети беш чандон катта бўлғони ҳолда, нечук бизга етадурғон даромад ҳечдур?»- дедим. Сўғин кўнглима ваҳий келиб, каромат ёғдирдим: «Жонзот нечоғлик бесўнақайдур – наф шунча камдур», деб. Эмди Юсуф Хос Ҳожибдек жумбоқдин ечим, ечимдин фалсафа излаб, қатъий хулоса қилдим ва ёшларға мундоғ насиҳат битдим: «Танлағон ёринг қанчаки хипча эрса, рўзиғорга шунча барака киритғай. Хотуннинг қўполи бунинг аксидур».

Шу йўсин, бу чалкаш дунёда шоир бўлмакдин чойхона чойнагини ўғирлаб кун кўрмак мақбул деб, ўзни батамом илмға кишанладим. Авлиёлик хислатимдин яралғон нодир фикрларни абадийлаштирув йўлинда қирқ дафтарни нобуд этиб, рисолалар ёзмоқдин ҳануз тийилмағонимга не ҳайрат? Чунончи, олам жумбоқлари бисёр эркан, мутафаккир таажжуби ҳам бениҳоядир.

Узоқ кетмай, куни кеча юз берган ғалат ишдин келай. Кўрсам, бир мусофир дала йўлини қазиб, дўппи кўмаётир. Сўрдим: «Бу не аҳмоқлик?» Ул безот деди: «Туғма сеҳргардурман, битта дўппи эксам, бир ракаат намозни тушургунимга довур тўртта сувсар қалпоқ униб чиқадур». Ҳосилни тенг тақсимлаш юзасидан дарҳол шартнома тузилиб, беқасам чопонлар етиштирмак умидида ман яктагимни экдим. Мусофир одобини намойишлаб айтдики: «Ёшингиз улуғ эркан, имом бўлинг», деб. Қиблани меҳроб этиб, олдинга ўтдим. Намозни битирғоч, ортга ўгрулиб «ассалому алайкум», десам, мусофир гижонда? Аллақачон ҳосилни ўриб, қочиб қолибдур. Жумбоқдин ечим, ечимдин фалсафа излаб, қатъий хулоса қилдим ва ёшларга мундоғ насиҳат битдим: «Шерикчиликка ҳатто калиш экма – фойдани келгинди кўрадур».

Бу кун пешинда янги бир чагалнинг гувоҳи ўлиб, тағин яқо ушладим. Тўйдан қайтаётиб қарасам, гузарда оломон тирбанд. Айноқ жинни кўчани тўсиб олиб, «буёққа фақат жиннилар юрсин», деб турибдур. Биров ўзини телбаликка солиб «қумғонда арслон қовуриб едим», деса, бошқаси «айрипилонға эшак қўшиб, тўғри Қашғарга учдим», деди, лек афсус, бирон-бир фойда чиқмади. Бир кимарса эса унга тўқнош бориб, чўнтагидин танга олиб кўрсатди ва нимадир деб шивирлағон бўлди. Шунда Айноқ жинни бехос қаҳ-қаҳ отиб, кутилмағонда унга йўл бўшатди. Данакдек қулоғим супра бўлғунча яшаб, бу янглиғ улкан жумбоқни кўрмаган эрдимки, ондин на ечим, на фалсафа, на хулоса, на ибрат топа билдим.

Балким айтгандур:

– Кеча энг яхши дўстни мана мунақа темирчаларга алмашладим.

Ёки:

– Мана, шу нарса мани жинни қилди.

Ёки:

– Ма, окоси. Бу сабилға хоҳласанг сабзини сотиб олурсан, хоҳласанг қозини.

Агар кимда олимликка даъво бордур, ушбу чигални ўринлатуб ечсун, биз тиззалаб таъзим қилайлук.

 

1988 йил


 

***

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ 2

 

Аёғинг тортмоғон ерга айланиб бормоғон яхши,

Дилинг тортса, балодин ҳам бенасиб қолмоғон яхши.

 

Чиқимға дуч келар эрсанг эртани тез рўкач қилғил,

Бугунги ул текин ошни кейинга сурмоғон яхши.

 

Зиёфатлар эса хил-хил, иштаҳангким эса карнай,

Ўзинг ялғон сипо айлаб, тортиниб турмоғон яхши.

 

Кўп ўйланма бу неъматлар ҳалолданму ҳаромдан деб,

Узумни жимгина кавшаб, боғини сўрмоғон яхши.

 

Вале як бор бериб авқот, сани ду бор талар бўлса,

Онингдек сулланинг афтин умрбод кўрмоғон яхши.

 

Фикр бирла яшаб Гулмат ўта ноёб ўгит айтмиш:

Бировдин олғонинг мақбул, бировға бермоғон яхши.

 

1979 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ 3

 

Бешяғоч бозорида юрғон эдим тинглаб ғовур,

Бир мусофир сўрдиким қайда деб Шайхонтовур.

 

Ман дедим: шундин юриб, шунғо бориб, шундоғ бурил,

Учрағай бир тўп бақа булбул бўлиб турғон зовур.

 

Кўфригин таслим этиб ўтғоч зовурдин нарига,

Тўғри юр ҳуштакфуруш аттори бор жойга довур.

 

Сўнг бурил чапроқ яна сертошу туфроғ кўчадин,

Тўхтама келгунча дуч лағмон чўзиб турғон повур.

 

Сан онинг лағмонидин уч-тўрт қулоч ютқон бўл-у,

Аста йўл сўрсанг кейин сўйлайди ростин, ҳайтовур…

 

Кетди ул қуллуқ ила, боқсамки – чўнтак қуп-қуруқ,

Вайсатиб Гулматни, ваҳ, картмонни урди киссавур.

 

1981 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  5

 

Фақат оз-моз чўтирдурман, шол эмасман, букирмасман,

Сақол оппоқ, кангул ёшдир, висолдин юз ўгирмасман.

 

Кечиб гоҳо саждалардан, ичиб обдастадан майни,

Санғигум ёр уйин излаб ки  меҳробга югурмасман.

 

Азал мағрур туғилғонман, мани шердек саботим бор,

Жафо кўрсам урурман оҳ вале молдек бўкирмасман.

 

Фалак посангиси – танда: бу ёнда дард, у ёнда шавқ,

Бул тарафга қўшмағайман, ул тарафдин  ўпирмасман.

 

Бўлойин мард, келиб жоно мани ўлдирса ўлдирсун,

Севгидан чанг юқибдир, бас, они дилдан супурмасман.

 

Буюк ишқингга, э Гулмат, у танноз туфлади кетди,

Оғизда – пулга келғон нос, шу боис ман тупурмасман.

 

1984 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  7

 

Қоқ пешин чоғида ман саллона келдим Ўрдага,

Забт этиб ошхонани, ёлчай дедим мошхўрдага.

 

Нозланиб, авқот ичиб ўлтирур бир сарвиноз,

Ёнида ўйноши ҳам турғонди ўхшаб мурдага.

 

Бордиму одоб ила дамаға бердим салом,

Турткилаб ўйношини, жуссамни суқдим ўртага.

 

Чарх урур икки қошуқ, ўртада ёғлуқ патир,

Таклифи бўлмай туриб қўлни узотдим бурдага.

 

Иккови боққон эди ҳайратни жамлаб афтиға,

Ўзни ман телба-тезик аҳволға солдим жўрттага.

 

Кулчадин меъдам қонуб, ақчани айлаб тежам,

Гулмато кетдим жадал фотиҳа тортиб сурпага.

 

1981 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  12

 

Келур икки сулув, аҳ-аҳ, нозлари мўллағон эрди,

Бири ғунча эди паққос, бири сал гуллағон эрди.

 

Худо урғон эса бизни ки ёшликдин бужур айлаб,

Бу икковни ясаб силлиқ эгам ҳам қўллағон эрди.

 

Ҳайит айёмида адрас аларни зап очибдурки,

Кўзим ўйнаб, ёниб ўпкам, тамоғим чўллағон эрди.

 

Табассум қилса деб зора ҳайитлик берсам олмайлар,

Алар балки табассумин тонгдаёқ пуллағон эрди.

 

Кетлариға тикилсам лол деди ақлим қидир иймон,

Бузуқ ўйларни лек шайтон бошимға дўллағон эрди.

 

Алар юлдуз ахир, Гулмат, на қўл етғай, на пул етғай,

Сани тақдир тамошшога шунчаки йўллағон эрди.

 

1984 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  13

 

Э сабо, айт бориб арзим ўша қози калонимға,

Жавоб қайтармаса ……………………………………….[1]

 

Сафарбар айлабон бизға юборсин зўр табибларни,

Баччағар ишқ босиб келмиш човут солғонча жонимға.

 

Кўзим тунлар – очиқ дарча, юрак – ёнғиндаги ҳужра,

Азоб мундин эди камроқ пучак чиққанда сонимға.

 

Туртиниб от-эшакларга гаҳи йўлда гаранг юрдим,

Мани извош эзиб кетса уволим ул жувонимға.

 

Келмади ёр кеча кутдим, қолиб бир коса ош фойда,

Бор-е, мардлик қилай, майли, бу кун келсун зиёнимға.

 

Аёл зотин азал, Гулмат, жиним суймас эди, аммо –

Алар гоҳи қилиб сурлик кириб олғай девонимға.

 

1983 йилда тикланди.



[1] Кўпнуқталар ўрнидаги сатрлар асл нусхада ўчиб кетгани учун ҳозирча тиклай олмадик.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  14

 

Бу нечук шоир деманг, асли ман носоғроқ,

Ёзғоним шаклан ғазал, лек ўзи бармоғроқ.

 

Ҳарқалай шеъримда бор маъни-ю, оз-моз фикр,

Кўп ахир аҳли қалам мандинам маймоғроқ.

 

Кимса дер:  “Қилсанг ҳажв, бекнимас пастроқни ур,

Тинчгина авқот еюр бўлса ким қўрқоғроқ”.

 

Асли чин ашъорнавис ёзмағай оддий баён,

Барчани ўйлантирур гап отиб илмоғроқ.

 

Дард чекиб битсам ғазал босмағай туркий газет,

Ўлтирур унда биров фаҳми сал тарқоғроқ.

 

Ул деди:  “Гулмат, жўна, пайтава қилмам шеъринг”,

Лек ўзин ёзғонлари бундинам пайпоғроқ.

 

1979 йилда тикланди.

 

 

ҒАЗАЛ, РАҚАМ  15

 

Аё шоир, ёзувни бас қилмағонингга қарсаклар,

Даҳолардин ўзингни паст билмағонингга қарсаклар.

 

Бировлар тўрт қилиб кўзни висол оқшомини кутғай,

Аёл зотин назарға кўп илмағонингга қарсаклар.

 

Текин майлар симирдинг гоҳ ўқиб майхонада ашъор,

Кўп ўқиб, кўп ичиб қўйғоч ўлмағонингга қарсаклар.

 

Боқиб оламга сўнг сархуш билмадинг тўйми бу, аза,

Офаринким тўкмадинг ёш, кулмағонингга қарсаклар.

 

Элинг сандин кўрмади наф, зиён ҳам етмағай асло,

Экмағонингга афсус, лек юлмағонингга қарсаклар.

 

Замонсозлиғ демай, Гулмат, амалдорларни ҳажв этдинг,

Авомдин жирканиб бағрин тилмағонингга қарсаклар.

 

1980 йилда тикланди.

 Анвар Обиджон. 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.