Турна кўзли булоқча

0
206
марта кўрилган.

Зағизғон

 

Нима кўрса зағизғон

Дарровда илиб кетар.

Кейин дуч келган ерга

Апил-тапил беркитар.

 

Санғиб-санғиб бир маҳал

Эсига тушгани чоғ,

Яширганин очофат

Қидиради боғма-боғ.

 

Беандиша, тополмай

Аламдан жиғибийрон.

Буюрмаган ҳеч кимга

Ўғирлик мол ҳеч қачон.

 

 

Манзара

 

Осмон – денгиз,

Ой – кема,

Енгил сузиб

Юрибди.

Маёқ бўлиб

Юлдузлар

Йўл кўрсатиб

Турибди.

 

 

Булоқ

 

Турна кўзли булоқча

Қайнаб ётар биқирлаб.

Қайнару тошиб кетмас

Кулган бўлар қиқирлаб.

 

Тарновчадай йўл очиб,

Оқиб-чопиб кетади.

Боғни қўмсаб у томон

Йўллар топиб кетади.

 

 

Ниҳолга

 

Нозик ниҳол файз қўшган

Майдончага бир дунё.

Мушук, кучук, мусича

Тунда ўйнар доимо.

Бир кун чақмоқ чақди-ю,

Қуйиб берди жалани.

Ҳўл бўлишга тоқат йўқ,

Излаш керак панани.

Кучук қочди инига

Қарамасдан суякка.

Мушук эса лип этиб,

Чиқиб кетди илгакка.

Мусича ҳам бўғотдан

Олди ёмғир тегмас жой.

Жала чиқди авжига

Ариқча ҳам худди сой.

Ўнқир-чўнқир бир зумда

Тўлди, қолди кўл бўлиб.

Ниҳол марддай турарди,

Қочмай, селда ҳўл бўлиб.

 

Ҳабиб РАҲМАТ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.