Топишмоқ ва тез айтишлар

0
33640
марта кўрилган.

ТОПИШМОҚЛАР

 

***

Қуёшда товланади,

Шираси тил ёради.

Ҳиди тутар фалакни,

Биз есак…

 

***

У бўлади ёнғоқли,

Мураббо ва қаймоқли.

Шоколадли, пушти оқ,

Муздеккина…

 

***

Тўни яшил, ичи қизил,

Қўлга олсанг зилу замбил.

Пишар вақти ёзу куз,

Унинг номидир…

 

***

Ўртоғим ручка, қалам,

Бир чизиқ, катак далам.

Иккичига каптарман,

Аълочига…

 

***

Қаттиқ, юмшоқдир жсмим,

Хатони ўчиргум жим.

Энг яқин дўстим чизғич,

Мени дерлар…

 

***

Кеч кузгача узилмас,

То ёзгача бузилмас.

Дерлар минг дардга даво

Унинг номидир…

 

***

Таомиман Наврўзнинг,

Умидиман ризқ-рўзнинг.

Дошқозонда пишаман,

Гоҳ кўпириб тошаман.

Ижобат бўлар тилак,

Пиширса ким…

 

***

Баргим ингичка,

Қад-бастим новча.

Ҳидлаб кўр ҳаргис,

Исмимдир…

 

***

Гуллари майда-майда,

Бўёғи сиёҳ рангда.

Соғинтириб хуш атрин,

Очилади…

 

***

Ер тагида етилар,

Кўп витаминли бўлар

Шираси бор, лек тузсиз,

Палов пишмайди усиз.

 

***

Ёғиб қолса қор, ёмғир,

Излаб қоласиз зир-зир.

Мен-ла бошингиз омон,

Мен-ла йўлингиз равон.

 

***

Югуриб етолмайсиз,

Бир зум тўхтатолмайсиз.

Ким мазмунли ўтказар,

Ким беҳуда-ю бекор.

 

***

У гилоснинг укаси,

Бироз нордон мазаси.

 

***

Ичида ғиж-ғиж билим,

Унда ҳаёт яширин.

 

***

Китоб, дафтар, қаламлар

Бир ерга тўп жамланар.

 

***

Тўрқовоқдан уйи бор,

Сайраса қўшиғи бор.

 

***

Яшаш жойи Африка,

Бўйни узун ва тикка.

 

***

Гугурт қутидек келар,

Узоқни яқин қилар.

 

***

Нинаси кўп тиколмайсан,

Копток қилиб ўйнолмайсан.

 

***

Ойларнинг энг бошиман,

Қишнинг кўзу қошиман.

Ёзаман оқ дастурхон,

Янги йил менга меҳмон.

 

***

Чимчилайди юзингни,

Ёшлатади кўзингни.

Игнасин санчиб олар,

Бурнинг қизариб қолар.

 

***

Очлик ва сувсизликни

Енгиб ўтган жонивордир,

“Чўл кемаси” аталган

Кўп машҳур номи бордир.

 

***

У баҳорнинг учоғи,

Болаларнинг ўйинчоғи.

Катта-кичик қамишлар

Бу учоқнинг белбоғи.

 

***

Текис, тўртбурчак тахта

Баҳс майдонга айланар.

Оқ ва қора рақиблар

Нақ ҳужумга шайланар.

 

***

Балиқ эмас сузади,

Боғ-далани кезади.

Чувалчанг, қурт-қумурсқа

Бўлар унга озуқа.


 

 

ТЕЗ АЙТИШЛАР

 

Музхонада музлаган муздеккина музқаймоқ.

 

***

Сожида-ю Саодат синфдош ва сирдошлар.

 

***

Чанг кўчани чангитиб чуқур сойда чўмилдим.

 

***

Ўлмас, Ўктам ўртоқлар,

Ўт ўришди ўтлоқда.

 

***

Қора, қизил қаламни қаламдонга қамадим.

 

***

Катта-катта кўзмунчоқ,

Кўйлагимга кўрк мунчоқ.

 

***

Чирқ-чирқ-чирқ, чуғурлади чуғурчуқ.

 

***

Чори чайилган чойнакка чойни чамалаб солди.

 

***

Ёзда ёққан ёз ёмғири ён атрофга ёғдек ёқди.

 

***

Талъат таътилда танловга тайёрланди.

 

***

Қаҳратон қишнинг қаҳри қарғани қувонтирди.

 

***

Чумчуқ, читтак чуғурлашиб

Чумолини чўқир шошиб.

 

***

Толиб тўпни топиб тепди,

Ғолиб тўпни толиб тепди.

 

***

Игнадирман ингичка,

Белларим ип-ингичка.

 

***

Ширинннинг ширчойига ширингина ширмойнон.

 

***

Қайиқ қирғоқда қимирлаб турибдими,

Айиқ қирғоқда ғимирлаб юрибдими?

 

***

Ўйинни ўйлаб ўйнадим,

Ўйинни ўйнаб ўйнадим.

 

***

Шавкат шарбатни Шарифга тутдими,

Шариф Шавкатга шарини тутдими?

 

***

Мастура ва Мастона мактабда маҳмадона.

 

***

Гунафшанинг гуллари гуриллабди, гуллабди.

 

***

Пиёлалик эй бола,

Пиёланг гули лола.

 

***

Қумрининг қўғирчоғи қимирласа қиқирлар.

 

***

Қарға қағиллар қар-қар,

Қирни қалин қор қоплар.

 

***

Қобил, Қўчқор ва Қурбон

Қордан қурдилар қўрғон.

 

***

Қопин қўйиб қорбобо

Қўлқопини қидирди.

Қорқиз қалин қалпоғин

Қулоғига қўндирди.

 

***

Саватдаги сариқ сабзи

Сарғайибди, сўлибди.

Саодат-чи сабзиларни

Сувга солиб қўйибди.

 

***

Менинг митти мушукчам

Митти муштларин муштлар.

 

***

Туфлининг таги тупроқ,

Тозала Толиб тезроқ.

 

***

Доногина Дурдона Диёрага дугона.

 

***

Раъно расмларига ранг-баранг ранг танлади.

 

***

Қора қоғознинг қаттиқ қирраси қўлимни қирқди.

 

***

Булут булутга, бургут бургутга эргашади.

 

***

Қора-қура қўзилар

Қирда қувониб ўтлар.

 

***

Катакдаги какликка Карим кафтини тутди.

 

***

Ўроқ ўхшар сўроққа,

Сўроқ ўхшар ўроққа.

 

***

Чувалчанг чувалашиб чирмовиқа чирмашди.

 

***

Сумалакнинг сим-сим сири сайёҳларга сўроқ бўлди.

 

***

Темур турникда турибдими,

Турғун тепада юрибдими?

 

***

Эркин эккан экинлар

Далани эркин энлар.

 

***

Собирнинг сози созли,

Саҳнада соф овозли.

 

***

Ёрмат ёзда ўтин ёрди,

Ёрқин ёрдамга борди.

 

***

У ён-бу ён юрар қуён,

Ёв ёвласа югурар қуён.

 

***

Мард майдонда мардона,

Номард мардга бегона.

 

***

Белбоғини белга боғлаб,

Боғбон бобо боққа борди.

 

***

Доривор дарахт дўлана

Меваси дона-дона.

 

***

Кўк коптокни кафтда тутиб,

Кўкка отдим керилиб.

 

***

Қора қарға қорга қўнди,

Қорни чўқиб, “қар” деб қўйди.

 

***

Қорбобонинг қўлида қоп,

Қопида қат-қат ўйинчоқ.

 

***

Ана алпдек асил арча,

Айиқ, арслон илди зарча.

 

***

Бобо, бобо қорбобо,

Боғ-роғларга боқ бобо.

 

***

Таом таъмин туй ўртоқ,

Тур ўрнингдан, тур тезроқ.

 

***

Жамол, Жалол жўралар,

Боқди жажжи жўжалар.

 

***

Тўртта топқир топалоқ,

Топишмоқ топар қувноқ.

 

***

Кўм-кўк куртак, кўкатлар

Кўкламга кўрк кўрсатар.

 

***

Ботир, Боир, Баҳодир,

Билаги зўр баҳодир.

 

 

ТОПИШМОҚЛАРНИНГ ЖАВОБЛАРИ

 

Хандалак, музқаймоқ, тарвуз, дафтар, ўчирғич, қовоқ, сумалак, наргис, настарин, сабзи, соябон, вақт, олча, китоб, папка, бедана, жирафа, телефон, типратикан, январ ойи, аёз, туя, варрак, шахмат, ўрдак.

 

Заҳро ҲАСАНОВА

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.