Тарки жамоа

0
371
марта кўрилган.

– Туманни тумандин, баргни сумандин, овулни аймоқдин, аймоқни ҳар ёқдин; ўзбекни қозоқдин, қирғизни қорақалпоқдин ажратиб, бу менинг ерим, бу сенинг элинг, бу томони туркманларнинг юрти, у томони Чоржўй чегараси, деб эчкини улоқдин, дарёни булоқдин, танни жондин, жонни ватандин айириб бўлганларидан сўнг финатдил, жинатдил, уратдил, давринг келди суратдил деган адиллар қовуннинг уруғидай кўпайгандин кўпайиб кетибди. Ҳар кент, ҳар даҳа, ҳар музофотда бўлгани сингари азал-бошдин бозорлари ҳам, авлод-аждодларининг мозорлари ҳам бир бўла келган Қорақишлоқ туманини ҳам иккига бўлибдилар: Сангзор дарёсининг Амир Темур дарвозасигача оқа келган ҳудуд Бахмал, Қут томони эса Ғаллаорол тумани. Вой десанг ҳам шу, дод десанг ҳам шу.

Бу ҳол, бу кўргилик кўпчиликка малол келиб, Гулбулоқ қишлоғида ғавғо кўтарилибди:

– Бу энани боладин, дийқонни даладин, қўзини қўйдин, бияни тойдин ажратгандай бир гап эмасма?

Ҳукумат вакилларидан бири ғавғо қўптирганларнинг бу саволига қисқагина қилиб жавоб бериб қўя қолибди:

– Бу менинг чиқазган фармоним эмас. Бу янги ҳукуматнинг янги қонун-қоидаси. Бу Ҳукумат Николай подшодан ҳам зўр. Демак, подшо фармони – амри вожиб. Гап тамом, вассалом. Подшонинг фармойишига қарши бориш – оқимга қарши бориш дегани. Оқимга қарши борган киши эса ғарқ бўлади. Тушунарлими?

Ниҳоят, янги ҳукумат қад-қовматини ростлаб олиб, қизил яловини ҳар маҳкама, ҳар ҳибсхона, телба-тентаклар даволанадиган шифохона, ҳатто қабристон пештоқларига ҳам “Ленин ҳамиша биз билан!”, “Хуш келибсиз!”, “Ҳокимият шўроларга!”, “Ер-сув – деҳқонларники!” деган шиорлар осилмаган ер қолмай, янги тузумга эт-бети билан берилган кишилар шўролардан беизн-берухсат эмин-эркин ёзилиб… келолмай, юқорида айтилган турли-туман “отдил”лар бел боғлаб ишга тушиб кетибди. Қўйдан ҳам қўйчибонлар кўпайиб, қўра-қўтонлардан қут-барака кўтарилиб, тиниб-тиниқиб оқа келган дарёлар лойқаланиб, ҳалол ҳаромга, ҳаром иҳтишомга[1] айлана борибди.

Янги очилган мактабларнинг бебисмиллоҳ битилган янги китоблари увол нимаю савоб нима? Гуноҳ нимаю гумроҳлик нима? деган сўзлардан холи бўлиб, така сасиб қолган йигитчалар билан, эр-хотинликнинг маънисига элас-элас тушуниб қолган қизалоқлар жуфт-жуфт бўлиб бир партада ўтиришиб, сонлари сонларига тегиб – “шарму ҳаёли” бўлиб… Бетайинлар беклашиб, бек бўла келганлар бетайинлашиб, бойтеватлар бўрига, лайчалар ундан ҳам зўрига, тўғрилар ўғрига, эгрилар отасининг гўрига айлана борибди. Қўйинг-чи, бояги айтган финатдил деган отдилнинг солиқчилари янги тузумнинг янги тузукларини амалга оширишда, бойнинг ўзидан унинг бойтевати хавфли дегандай, жонини жабборга бериб… Борингки, наликчининг нопок қадами етган ер азага, муҳр босилган патталари меҳнат аҳли учун жазога айлана борибди.

Ишнинг нима билан бошланиб, нима билан тугашига кўзи етмаган одамлар кимга бориб, кимга арз қилишини билмай бир-бирини саволга тутган бўлади:

– Бу ҳукумат дегани, Савит дегани, Шўра дегани нима ўзи? Очкаласми, олимми, золимми, арбобми ё оч арвоҳми? Ё берганингни қолдирмай урадиган ёлмоғизми?

– Илгарилари подшолик эл-улусга раҳнамолик қилади деб эшитар эдик. Буниси илигимизни ёғини ҳам қоқиб олади, шекилли. Бора-бора қўйнимиздаги хотинларимизни ҳам олиб қўймаса бўлгани!

– Йўғ-е!

– Мана, кўрасан.

– Олиб нима қилади?

– Нима қилар эди, Сибирда ўрмон кесиб журган саноқсиз мардикорларга элтиб беради.

– Жўғ-е!

– Ҳа, де.

– Бир ҳисобдан туври айтасан. Ўзи олмаган нарсаси қолмади. Жеримизди олди. Тўрт тулигимизди олди. Энди навбат эгни-бошимизди ҳам ечиб олиб, ҳавони ҳам қоплаб-қанорлаб…

– Ҳамма балони биласан экан-ку. Нима қилар эдинг мени лақиллатиб…

Эл-улус сел урган балиқдай гангиб қолган шу йиллари Абдуғони исмли Тангатопди қишлоғининг қўйчибони қариндош-уруғларини йиғиб маслаҳат солибди:

– Бу жил кенжа улимни уйлантириб, небараларимди қўлларини ҳалоллатиб қўйсам деб эдим. Неча жиллардан бери бир жеб-жемай, бир кийиб-киймай жийиб журганларим бор. Дастурхон жазиб, мен ҳам элга ош берсам. Шунга нима дейсизлар?

Чўпоннинг қавми-қариндошлари бир оғиздан депти:

– Нима дер эдик, яхши ниятинг жўлдошинг бўлсин. Жетти жил мол боққанга дўзах ўти ҳаром эмиш. Сен эса қарийб ўттиз жилдан бери чўпонлик қилиб келажатибсан. Тўй кунини белгилаб олсак бўлди. Шу вақтгача сен бизнинг хизматимизди қилиб келдинг. Энди биз ҳам қараб турмасмиз.

– Оқилбек ота ҳақ гапди айтди. Хайрли ишга ғойибидан, деган гап ҳам бор. Унингсиз ҳам мамлакатда қимматчиликминан очарчиликдинг, қабоҳатминан қаҳатчиликдинг шарпа-шамоли кезиб турибди. Тўйди қанча тез қилсанг, шунча жахши.

Қўйчибоннинг узанги йўлдошлари гапни гапга улаб кетибди:

– Бунинг жийган дунёси кўп. Тўй баҳонасида отасидан қолган туя сандиқларди ҳам очса керагов. Топган-тутганимизди пинагинтларга қўш-қўллаб бергандан кўра қўйиндан тўкилса қўнжиға қилганимиз яхши эмасма? Сен ҳам одам бўлиб бир эригин. Бир битимиз тўкилсин.

– Эрийди. Бизлардан жийиб олганининг ўндан бирини ўртага ташлаганда ҳам, сен же, мен же, бўлиши тайин. Ўзи ҳам кўпдан бери айтиб журган эди, тўйим улоқли бўлади, қора ўчоққа осадиган қозоним қирқ қулоқли бўлади деб.

– Ўзиям Абдуғони қўйларимизни боққанидан бери бир совлиғимизни эгиз туққанини кўрмадик. Нуқул ёлқи туғади. Ўша эгизлари сегизлаб кетган бўлса керак. Бирон марта қозон осганини ҳам кўрмадик. Нуқул оши ҳалолнинг кетидан кун кўриб келди. Бунинг дунёси кўп. Ҳаммасини бир қилиб элга бир ош берса берибди-да.

Тўй эгаси ҳам бўш келмабди:

– Қари қиз жеганини билмайди деганлари рост экан. Ҳар жили эгизлаб қўзи берган совлиқларинг бўлмай ўзини тош ойнадан олиб, тош ойнага солган бойбичаларинг эдими? Ундан кўра, биримиз чори, биримиз шишак, жуда бўлмаганда тўхли, тусоқ, ҳиммат қилганимиз ё қўзили қўй, ё тўпичоқ олиб келамиз десанглар-чи! Биров айтган экан: тўй қилишдан мақсадим – сочилган дунёларимни йиғиб олиш деб. Шу шекилли…

Маслаҳат маслаҳатга, маслаҳат оши ҳамиятга уланиб тўй ҳам бошланибди. Чавандозман деганининг бири у жилғадан, бири бу жанадин чиқиб кела берибди. От ундан, одам бундан кўп. Тўй оқсоқоллари, дуганбегилари, майдонбеги[2] солимни белгилабдилар, улоқни покка ташлаганга – гилам, зулқурс, такиямат, той, тойлоқ. Майдон – Мирзақири билан Қўштут тепалигининг оралиғи. Ораси тўрт чақирим.

Ўртага серка ташланибди. “От ўйини” бошланибди. Солим – оти югурикники! Майдон мардники! Ғирромлик қилган – бадном. Тарафкашлик қилингудай бўлса уруғ-аймоқлар орасида – қатли ом! Қор қалин – қора сондан! Майдонда беш юз арғумоқ. Қор тўзонга, отлар нафаси туманга айланибди. Майдонда отангни аяма деган гап-гап. Унингсиз ҳам чавандоз халқи қизишганидан сўнг пирини ҳам танимайди. Қолаберса, ўртада – орият. Ҳамма олсам дейди. Солим катта қўйилгандан қўйилиб боради. Ўйин ҳам қизиб боради. Сўнгги энг катта солим – бориши – тойлоқ, келиши – ҳоли гилам билан тана. Бу солим тўй эгасининг қайниси Ўрол йилқичининг жиянларига бўлган тоғалик улгуси. Энди отлар ҳам ҳориб, қора терга тушиб сараси сарага, ночори ночорга айрилиб, навбат номи Бахмал даҳасида тилга тушган хоназотларга келибди. Кейинги солим алдашмонлик Жўра полвон билан Қирғиз қишлоқлик Жуман чўянда кетгандан сўнг кўпкари ниҳоясига етибди.

Тўй тарқаб, энди тўйнинг отовнари[3] бошланибди.

Қўйчибон тўй қилиб, борлиқ топган-тутганимни ўртага ташлаб, эл-улус олдига дастурхон ёзадиган бўлсам, насиб қилса, Эргаш Жуманбулбул ўғлини олиб келаман деб ният қилиб қўйган экан. Унинг бу тилаги тўй дуганбегиларига ҳам маъқул тушиб, донғи-довруғи Турон-Туркистон мулк-мамлакатга маълум-машҳур бўлган оқинга қувса етадиган, қочса қутуладиган арғумоқ юборибдилар. Эргаш бобо ҳам:

– Айтган жердан қолиш жўқ, айтмаган жерга бориш жўқ. Суймаганга суйканиш жўқ, султон бўлса ҳам суяниш жўқ. Эр – сийлаган жерга азиз, – деб ўз иззат-ўз икромлари билан келган эканлар. Қўйчибон тўйининг тўймисан тўйдай ўтгани бир ён бўлибди-ю, шоир келганининг ўзи бир ён бўлибди. Ҳамма ёқда дув-дув гап:

– Ол, нима дейсан, Абдуғони аканинг тўйига Эргаш Жуманбулбул келибди!

– Манаман деган бой-бойваччаларнинг тўй-томошаларига не тавалло-тазаррулар билан борадиган шойирдинг кебанагини судраб журган бир одамнинг тўйига келганига ишонмай туриппан.

– Гаров ўйнамайсанма?

– Бу биргина қўй боқиб, қумалоқ босиб журганиминан бало экан. Агар шойирдинг келгани рост бўлса.

Отовнар-зиёфат бошланибди. Ширбозлар сўйилган. Қора қозонлар қайта бошдин осилган. Дастурхонлар шоҳона. Қимиз кетидан қимрон, қази кетидан қарта. Бўза билан шароб деганингиз серобдан сероб. Бешбармоқ билан ёнма-ён тандиркабоб.

Ўша йиллари маржаларга[4] уйланиш амалдорман деганларга катта гап саналиб, шу билан “Баланд учма эй кўнгил қуши, монанди анқодек, Баланд учган билан зоғу зағон оламда боз ўлмас”, деганларидай ҳовлиқиб-ҳаволаниб, ароқ ичганлар арғумоқ, уни оғзига олишдан ҳазар қилганлар эса қолоқ саналиб, ҳалолдин ҳаром устувор келган кезлари экан.

Меҳмонхона тўла одам. Ҳар ким ёшига (амал-тамалига қараб эмас), гапларининг қовушиб-қовушмаслигига қараб жойлашибди. Ғаллаороллик Ҳазратқул Мамадиёрип деган налогчи[5] Эргаш бобонинг рўпарасига дўниб олибди (андалибнинг ёнига олақарға қўнгандай). Унинг тўқимтабиат эканлигини, ўтирган ерини хира, ён-атрофидагиларининг кўнглини сиёҳ қилишини билганлар орасида шивир-шивир бошланибди:

– Ўлди.

– Нима ўлди? Ким ўлди? Гапларинг бунча совуқ.

– Булбулдинг жониға қора қўнғиз қўнди.

– Тушунмадим.

– Ҳадемай тушунасан.

– Энди нима бўлади?

– Қора жер, қора мозор бўлади.

– Жўғ-е?

– Мана кўрасан.

Зиёфат авжига чиқиб, гап гапга уланиб шароббозлик ҳам бошлангандан бошланиб, қўйчибон қўли очиқликда олқишланиб (берган худога ёқибди, дегандай), кимлар эса шароб тугул, гулобни ҳам оғзига олмаслик учун турли баҳона қидиришга тушиб…

Қанча жигаргўшаларидан, нори-норчаларидан, боғу боғчаларидан, гули-гулшанларидан айрилиб, бир уйда бир ўзи қолиб, жудолик ўтига қоврилиб – толиб-толиқиб, боз устига, тақводорлиги, уламолиги сабабли ҳаром-ҳариш аралашган ердан ўзини тортиб, мавриди келиб қолса маърака-маросимларда бирда барчани бирдай кулдириб, бирда йиғлатиб – ҳаммани оғзига қаратиб юрган назаркарда оқиннинг чўғ устида ўтиргандай тоқатсизланиб ўтирганини кўриб, кузатиб турган, кайфи ошишдан тошишга ўта бошлаган Мамадиёрип хушхонга гап отибди:

– Илгар-рилар-ри кем-мага, ҳиқ, туш-шганнинг, ҳиқ, жони бирр, деб эшши-таррдик. ё сиз-знинг туш-шган, ҳиқ, кемманг-из-знинг эшкаги… дан-нма?!

Бунингсиз ҳам кўнгли хаста, дили шикаста бўлиб юрган оқин қафасга тушган қушдай бўлиб, қайга учиб, қайга қўнарини билолмай тоқати тоқ бўлиб, баттар бетоқат бўла бошлабди.

Пойгаҳ томонда мардош қуриб ўтирган алп йигитлардан бири, шиддат билан ўрнидан туриб ҳалиги қора қўнғизни (тўнғиз деб бўлмайди, албатта) оёғини ерга тагизмасдан ташқарига олиб чиқиб кетишга чоғланган экан, ёнидаги шериги унинг ўнгиридан тутиб қулоғига шивирлабди:

– Бундай қилсанг оқиннинг кўнгли баттар оғрийди. Яхшиси, анови қўлансанинг гапини эшитиб-эшитмасликка олганимиз маъқул. Бу гап шу хонада қолиб, шу жерда қолгани яхши.

Жўрасининг бу ўйи ҳалиги чапани йигитга маъқул туюлибди.

Ҳушёр, хушхулқ, хушзабон косагул йигит ҳам қора қўнғизнинг гапини эшитса ҳам эшитмасликка олиб гапни бошқа ёққа қараб бурибди:

– Катта кўприклардан маст ҳам ўтади, наҳс ҳам ўтади, эсипаст ҳам ўтади. Кўприк эса кўприклигича елка тутиб тура беради. Тўй эгаси ҳам шу мисоли. Манаман деган бойлар ҳам қирқ кечаю қирқ кундуз элга ош бериб кўпни қойил қолдира олган эмас. Қолаберса, тўйга айтилган ҳам келади, бирда-ярим бетайин, бепадар ҳам келади. Хайрият, бугун Абдуғони аканинг тўйига тамоми тайинли кишилар келишибди. Тўйни гап-сўзсиз, эсон-омон ўтказиб олдик. Бу – қўйчибон бобомизнинг нияти холислигидан. Энг муҳими, ўлкамизда донг қозонган оқинимиз, дилимизга яқинимиз бўлмиш Эргаш бобомизнинг катта бошларини кичик қилиб қишлоғимизга келгани. Бу ҳаммамизнинг обрўйимиз. Энди жўн гапимизга чек қўйиб, гапни ўз дарёи азимимиздан эшитсак.

Бу гап барчага бирдай маъқул тушиб, ҳамма бирдай депти:

– Шойиримиздинг таърифини жуда кўп эшитиб журганмиз. Бугун ўзлари билан кўришиб, ўзларини ўз кўзимизминан кўриб ўтирганимиз айта-айта жургулик гап бўлди.

Бу пайтда солиқчининг кайфи ошиб, алмайи-жилмайи бўлиб, яхши-ёмон гапнинг маънисига тушунмайдиган бир ҳолга келиб, тўрт оёқли итдан фарқи қолмай қолган экан.

Унингсиз ҳам Эргаш бобо кўпни кўрган, эл кезган, паст-баланд гапларни кўнглига олишдан безган, барча бирдай бўлганда – бу дунёнинг қизиғи ҳам бўлмаслигини неча бор кўнглидан ўтказган достонсаро эмасми, ўзи сўзласа сўзлайдиган, бўзласа бўзлайдиган отамерос, бобомерос созини қўлга олиб, аввал ўтган-кетгандин, ниятига етиб-етмаётгандин, зонгдин-замондин, жаҳонгирдин, жаҳондин, дорус-салхдин[6], салтанатдин, сиёсатдин сўйлаб, даврабоп бир терма айтишни ўйлаб, жунбушга келиб, ҳўйлашдан куйлашга ўтибди:

 

Бу даврадай даврани кам кўргандин кам кўрдим,

Тўйхонада бир умр ўчмайдиган шам кўрдим,

Тўқсон тўққиз бовли эл – барин бирдай жам кўрдим.

Лек биргина безотни беор, бекарам кўрдим.

Эл кезиб қай бирларнинг хотинин талоқ кўрдим,

Бирларни умр бўйи тирноққа зор – тоқ кўрдим.

Кимларни эл-улусдин йироқдин йироқ кўрдим.

Кимни тилсиз ҳайвондин минг бор батарроқ кўрдим.

 

Кимки ҳамнафас бўлса нокас, нафси ғор билан,

Насаб-насли тайинсиз, беномус, беор билан,

Эл назаридин қолган – қисмати душвор билан,

Баъдфеъл, бадкор, беҳаё – қўш оёқли мор билан,

 

Ситам чекиб дам-бадам, кўнгли хуфтон, ғаш бўлгай,

Жигар-бағри хун бўлиб, кулфатга туташ бўлгай,

Беоқибат, бетайин, меҳри қаттиқ – тош бўлгай,

Оқибат элдин айри – кўзларида ёш бўлгай.

 

Ёмондин қочиб қутул ё ундин тониб қутул,

У қирда бўлса магар, сен пастга эниб қутул,

Тақдири-толеингга иложсиз кўниб қутул,

Қочиб қутулолмасанг ўртаниб, ёниб қутул.

 

Сор қўнган ерга зоғнинг қўнганини ким кўрган?

Элбезор каснинг униб-ўсганини ким кўрган?

Карвон йўлини калхат тўсганини ким кўрган?

Шер зотини лайчанинг енгганини ким кўрган?

 

Не бўлса ҳам итминан[7] ҳамтовоқ бўла кўрма,

Шеригинг миршаб бўлса беяроқ бўла кўрма,

Кўргансизнинг уйига ҳеч қўноқ бўла кўрма,

Яхшиларга ёндашиб юр – йироқ бўла кўрма,

 

Ичиб тўйни бузганнинг ичгани ароқ бўлсин,

Пушти куйиб тамоми насли тумтароқ бўлсин.

Оҳлар уриб армонли, қўли қалтироқ бўлсин.

Ичгани ароқ бўлсин, ичгани ароқ бўлсин…

 

Оллоҳга илтижо қиб энди сўзни бас қилсам,

Бир ўзига сиғиниб ибодат, ихлос қилсам.

Тўйхонага ҳасадмас, чин дилдан ҳавас қилсам,

Униб-ўсишин тилаб, бир яхши нафас қилсам.

 

Оқин тўлиб-тошиб, сал қизишиб айтгани ўзига ярашиб созини ёнбошига қўйиши билан меҳмонхонадаги ёшу кекса қўлларини кўксига қўйиб, Эргаш бобога таъзим-тавозе қилибдилар.

Ўттиз тишдан чиққан гап ўттиз уруққа тарқалар, деганларидай, юрган, ўтирган ерида қўланса ҳид чиқазиб юрадиган қора қўнғизнинг бир гап билан бахшнинг дилини оғритгани, Эргаш бобонинг ҳам унга айтар гапини топиб айтгани ҳадемай Сангзор – Сойбўйига тарқалиб, тилдан-тилга ўтибди.

– Минг қарғага бир кесак, минг қўнғизга бир тезак. Бундайчақа садақафурушларнинг мингтаси шойирдинг бир мўйига арзимайди.

– Кўрасан, энди бунинг косаси оқармайди. Ё бетидан бузилади, ё кетидан!

Карвон-карвон зардан қолсанг қол, маҳалла-гузардан қолма. Бозордан қолсанг қол, дилёзардан қолма. Лўкча билан нордан қолсанг қол, гулзордан қолма. Етиб бўлмас, чиқиб бўлмас тоғларни нима қиласан, оби-ҳаволаридан баҳраманд бўлиб турган тоғинг – Моргузардан қолма. Ҳаммасидан қолсанг қол, назардан қолма, деганларидай, шу-шу Мамадиёрип кўпнинг назаридан қолиб, элга қўшила олмай – тарки жамоа бўлиб қолган экан.

 

Тўра СУЛАЙМОН

 

“Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумидан.

 


[1] Ҳашамат

[2] Чавандозларни изма-из кузатиб борувчи ҳакам.

[3] Тўй қилган кишининг тўйда бел боғлаб хизмат қилган дўсту қадрдонларига берадиган зиёфати.

[4] Ўрис хотунларга.

[5] Солиқчи.

[6] Кушхона

[7] Ит билан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.