Сўзлар кўпайгайдир сўз сарфимиздан

0
233
марта кўрилган.

Беҳзод Бийболаев 1986 йили Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган. 2013 йили Тошкент Молия институтини тамомлаган. Ҳозир “Китоб дунёси” газетасида ишлайди. Шеърлари марказий нашрларда чоп этилган.

 

 

Ҳаёт

 

Дафтар юзин чанг босиб қолган,

Илҳом бермай қўйган баҳорлар.

Бу хонада недир йўқолган,

Чалинмаган бу фасл торлар.

 

Ўқилмаган эски хатлар ҳам

Бир бурчакда ётибди ана.

Темир тили занглаган қалам

Ғаладондан топган бошпана.

 

Бир-бирини босган бағрига

Жавондаги уч-тўртта лаган…

Деразанинг кўз ёшларидан

Токча юзин сепкил қоплаган.

 

Икки сурат боқар бир ерга,

Иккиси ҳам қошини керган.

Пишиқ, лекин майда занжирга

Ўзин осиб соат жон берган.

 

Хона узра сукунат дайдиб,

Бор овозда қилади хитоб.

Бир-бирини зўрға суяйди

Жавондаги уч-тўртта китоб…

 

Ҳамма мотам тутади унга.

Шаббодалар майин елмайди.

Ҳаммасидан ёмони – бунга

Шоир бошқа қайтиб келмайди…

 

 

Парадокс

 

Йигирманчи аср – ғалати аср –

Икки бор дунёни қоплади тутун.

Икки бетамизнинг тегдию касри

Йигирманчи аср йиғлар бағри хун.

 

Йигирманчи аср – арзирли сабоқ,

Қалқийди тарихнинг силсиласида.

Бугун эркин учар самода учоқ

Бахт ўйнар қизларнинг кокиласида…

 

Кўҳна адоватни йўқотиб секин,

Қинга яширдилар одамлар тиғни.

“Энди жанг қилмаймиз!” – деди-ю, лекин

Ўқи билан сақлаб қўйди милтиқни…

 

 

Кўнгил соҳили

 

Кўнгил соҳилига еткунча, эй дил,

Ҳали кўп юргаймиз, юз йилми, минг йил.

 

Ҳар бир жафолардан наво олурмиз,

Қайтган вафолардан сафо олурмиз.

 

Олис манзил сари шайланажакмиз,

Парқу булутларга айланажакмиз.

 

Кимдир босиб ўтган сариқ майсадан

Биз даво олурмиз қайта-қайтадан.

 

Манзилга етмоққа етмаса умр,

Биздан сўнг шу қалам-қоғоз юргайдир.

 

Сўзлар кўпайгайдир сўз сарфимиздан,

Манзил яқинлашгай ҳар ҳарфимиздан.

 

Ўтинчим, юракни қувватлаб тургил,

Кўнгил соҳилига еткунча, эй дил.

 

 

БАЛКИ…

 

Балки сиз ҳеч қачон мени севмассиз,

Лекин узоқлашиб қайга кетаман?!

Бугун орзуларнинг бўйидан мастсиз,

Мен эса севишда давом этаман!

 

Синиқ ой ҳар тунда тиғини чархлаб,

Нур учун жонимни қилганда тама

Олис-олислардан туриб, эркалаб

Мен сизни севишда давом этаман…

 

Қуёш – ер юзининг мусаввиридир,

Уни деб бўй чўзар дунёи чаман.

Номимни топтаса қачондир, кимдир,

Шунда ҳам севишда давом этаман!

 

Совуқ қиш ортимдан этганда таъқиб,

Сув бўлиб тоғларга сингиб кетаман.

Бир кун пойингизда жилғадек оқиб –

Мен сизни севишда давом этаман!

 

Дўсту душманимга билдирмайман-у,

Сизнинг қошингизда бошим эгаман.

Сизни севмоқлик бу – энг ажиб туйғу,

Сиз борсиз – севишда давом этаман!

 

Балки сиз ҳеч қачон севмайсиз мени,

Сиздан кўнгил узиб қайга кетаман?!

Тақдир келтирса ҳам бошимга нени

Мен сизни севишда давом этаман!

 

 

Ой етди адоққа…

 

Ой етди адоққа осмонни сузиб,

Сўнг юлдузни олди битталаб узиб.

Менинг-чи, юрагим қушдай потирлар –

Тушимга кирганди Муҳаммад Юсуф…

 

Жилмайиб турарди, кўзларда меҳр,

Уларда йўқ эди заррача алдоқ.

Ястаниб ётарди пойимизда қир,

Атроф алвон эди – лолақизғалдоқ…

 

Дерди: гул сўзларни беҳуда тўкма,

Ҳикмат дурларин туз ҳар бир ёзишда.

Гар ёза олмасанг илҳомни сўкма,

У менинг қалбимни олган фаришта…

 

Елкамни босади сўзларин юки,

Бир юкки, салмоқдан оёғим титрар.

Бир юкки, гар уни кўкка кўтарсам,

Чокидан сўкилиб кетар булутлар…

 

Устоз! Кунда мени бўйи маст қилар

Кўксимда барқ урган – сиз эккан райҳон.

Юрагим остида қумрилар йиғлар,

Сиз йўқсиз, атрофга боқарлар ҳайрон…

 

Ҳар тонг райҳон иси ҳовлимни тутар,

Ғафлат деворини киради бузиб.

Оҳулар эркалаб оҳиста туртар,

Тушимга киради Муҳаммад Юсуф…

 

 

Дарё

 

Дарёга тикилдим, гўзал дарёга,

Энг тоза ҳисларим қўзғолди бир зум.

Энг нафис мавжини пойимга тўшаб,

Дарё шивирлади: кўзларингни юм…

 

Киприк қоқмоққа вақт топмадим бир он,

Дарё сулув қиздай этарди араз.

Сен мени тушунгин, ахир, дарёжон,

Бундай гўзалликдан кўз юмиб бўлмас…

 

Ўйноқи тўлқинлар дилим дилбари,

Қанийди, бағрида қолсайдим мангу.

Юзимни ювардим, ювганим сари

Қитиғи келгандай қиқирларди сув…

 

 

Истак

 

Шамол келди елиб-югуриб,

Ерни очди хазонни суриб,

Кўҳна чинор остида туриб,

Яна сени ўйлагим келди.

 

Қилолмайди келганим идрок,

Собиқ соқчи – Олапар мудроқ.

Титраб турар дарчангда чироқ,

Деворингдан бўйлагим келди.

 

Рўмолингни ташлаб елкага,

Дердинг: “Келасизми, эртага?”

Тошни ёриб чиққан майсага

Сен ҳақингда сўйлагим келди.

 

Юрагимни еган емириб,

Армонларим шундан семириб,

Сенинг бирлан булоқ симириб,

Яшил ялпиз чайнагим келди.

 

Кулманг букун ошиқ ҳолига,

Ошиқ тўймас ёр жамолига.

Бекободнинг зўр шамолига

Девонадек ўйнагим келди…

 

Ёдинг бирла ўйнагим келди…

 

 

Қиш

 

Бўшаб қолди лайлаклар ини,

Қиш-қишлигин энди бошлади.

Кўнглидаги бор ниятини,

Ер юзига сепиб ташлади.

 

Йўл бўйида ўтириб тошга,

Қор парчалар ёруғ куй чалар.

Оқ дўпписин бостириб бошга,

Кўчаларга боқар уйчалар.

 

Далаларни безаб чиннидай,

Тўлдиради кўнглининг ярмин.

Оқ либосли янги келиндай

Бир энтикиб олади замин…

 

 

Муҳаббат

 

Деразамни тирмалар шамол,

Ёлворади бошини қўйиб:

Даричангни очгин, очақол,

Мен ҳам унга боқайин тўйиб.

 

Титраб кетар қўлдаги сурат

(О, бу ҳолат менга эмас хос.)

Ва сўзлашга топади журъат:

Шамолларга берма, илтимос…

 

Ҳамон тирнар ойнани шамол…

Ёлворади сурат жим туриб…

Менинг ярмим шу шамол мисол,

Ярмим қолган суратга кириб…

 

Куз кечаси айвонда туриб

Ой билан кўз уриштирдим мен.

Ой кўзида ўзимни кўриб

Сўнг ўзимни суриштирдим мен.

 

Томирда қон дарёдай оқди,

Ҳижрон танни оловдай ёқди.

Суратини йиртганим – бир қиз

Юрагимдан жилмайиб боқди.

 

Мен дунёни мот этай десам,

Яшил дил бунёд этай десам,

Ўзгаларни тинч қўйиб, бу кеч

Ўз руҳимни шод этай десам –

 

Овутмоққа на сабаб чиқди,

На бирор сўз, на бир гап чиқди.

Саҳаргача жилмайиб бир қиз

Юрагимни чимчилаб чиқди.

 

 

***

 

Р.га

 

Тошкан боғларида сайр этади куз,

Мухлис дарахтларга имзосин чекиб.

Чарчаса ўтириб дам олар, махсус

Ўриндиқ пойига сочлари тегиб.

 

Ҳавода боради ҳаводай оқб,

Чинорлар шохида оловдай ёнар.

Анҳорнинг ям-яшил сувига боқиб

Унда ҳам ўз аксин кўриб қувонар…

 

Кузак чиройлидир доимо – шеърда.

Қолгани шунчаки… шунчаки гап-сўз…

 

Қара, биз баҳорда учрашган ерда

Фақат куз қолибди…

Фақат куз…

Афсус…

 

 

Маслаҳат

 

Болангизга шеър ўқиб беринг,

Ҳақ йўлида, халқона йўлда.

Ахир, Тангри назари тушган

Юрт иқболи унинг қўлида.

 

Ширингина бўлиб юрганда,

Неларнидир хаёл сурганда,

Сиздан меҳр кутиб турганда,

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Гуллаётган гул, шона ҳақда,

Ватан ҳақда, ё она хақда,

Ё Машраби девона ҳақда

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Тилагингиз бажо этганда,

Бахтнинг бўйи кўкка етганда.

Меҳрингиз бир жўшиб кетганда,

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Ёв кўксига ғулғула солсин,

Олим бўлиб дунёни олсин.

Бир умрга ёдида қолсин

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Гар қучсангиз кўксингиз тўлар,

Қаранг, кўзи юлдуздек кулар.

Ҳақ истаса Навоий бўлар…

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Ботирларнинг сафида юр деб,

Шу элнинг кўз ўнгида тур деб,

Бобонг соҳибқирон Темур деб,

Болангизга шеър ўқиб беринг.

 

Шу диёрнинг яшнаши учун,

Буюк ишлар бошлаши учун,

Тил ва миллат яшаши учун

Болангизга шеър ўқиб беринг!

 

 

Беҳзод Бийболаев

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.