“Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!”

0
1096
марта кўрилган.

ОНАЖОН

 

Болалик чоғим ўтган кулбамга кириб борсам,

Соғинчлардан сарғайган гулларга назар солсам,

Хаёлларга эрк бериб, бир нафас ўйга толсам,

Кўнглим уйи ногаҳон бузилади, онажон,

Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

 

Бизга жаннат эди-ку – Сиз юрган чанг кўчалар,

Қани энди Сиз ёпган табаррук нон, кулчалар,

Дийдорингиз соғиниб уйқу келмас кечалар,

Кўзёшларим маржондек тизилади, онажон,

Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

 

Э воҳ, нечун бунча ҳам тез ўтди ўшал дамлар,

Сиз билан бу ҳаётда билинмас эди камлар,

Сизсиз бугун қалбимни ўртаб аччиқ аламлар,

Пешонамга ажинлар чизилади, онажон,

Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

 

Опам юзида кўргум ой каби юзингизни,

Синглимда-чи, қора қош, нур тўла кўзингизни,

Лек, излаб тополмасман, мушфиқим, ўзингизни,

Хаёлларим дарбадар кезинади, онажон,

Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

 

Кенг ҳовлида тўй бўлар, мен-чи ўйга толурман,

Бедор кезган руҳингиз ногоҳ сезиб қолурман,

Одамлардан пинҳона йиғлаб-йиғлаб олурман,

Ич-ичимда нимадир узилади, онажон,

Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

 

 

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР

 

Ҳовлимизда ҳар баҳор,

Онам райҳон экарди.

Тонгда туриб ҳар саҳар

Ҳовлига сев сепарди.

 

Шунда гўё оламни

Райҳон ҳиди тутарди.

Думоқларни чоғ қилиб,

Дилларни шод этарди.

 

Эвоҳ, энди онам йўқ,

Ўзим райҳон экарман.

Волидамни соғиниб,

Дув-дув кўз ёш тўкарман.

 

Онам эккан райҳонлар

Жаннатлар бўйи келар.

Қалбимдаги армондан

Айрилиқ куйи келар.

 

Мен учун ўз ҳовлимнинг

Баҳорлари ўзгача.

Онам эккан райҳоннинг

Ифорлари ўзгача.

 

Бу оламда Соғинч кўп,

Айрилиқ кўп, армон кўп,

Аммо онам дийдорин

Хуморлари ўзгача.

 

Дилимдаги қаламдан

Учар андуҳ, армонлар

Гар мен ўтсам оламдан

Болам экар райҳонлар.

 

 

ОНАМ ЁДИ

 

Тўлин ой-ла сўзлашдим тунда,

Нигоҳларим самода қолди.

Ой оқшомлар эртаклар айтган –

Онажоним ёдимга солди.

 

Кўкка қўлим чўздим-у бўзлаб,

Икки қўлим ҳавода қолди.

Ойдан онам сиймосин излаб,

Қалбим оҳу нидода қолди.

 

Қулоқ тутмай оҳларимга ой –

Қайларгадир аста йўл олди.

Эвоҳ, менинг ҳолим бўлиб вой,

Кўзёшларим афтода қолди.

 

Эсга олиб ёшлик сеҳрини

Кўзларимдан уйқу йўқолди,

Дилдан куйлаб онам меҳрини,

Соғинчларим садода қолди.

 

Тўлин ой-ла сўзлашдим тунда…

 

Зикрилла НЕЪМАТ

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.